Жаҳондаги эллар ва элатлар сингари қримтатар халқининг ҳам қадимий маданий ва адабий мероси, нафис санъат намуналари мавжуд. Қримтатар шеъриятининг оламга машҳур намояндаси — Ошиқ Умар (Умар Абдулла ўғли) адабий мероси асрлар билан бўйлашиб, бу адабиётни оламга кўз-кўз қилиб келаяпти.
Оврупо ва Осиёда бирдай ном қозонган Ошиқ Умар халқлар орасида миллий, диний зиддиятлар авж олган, бунинг устига буюк жуғрофий тадқиқотлар мутлақо таъқиқлаб қўйилган бир даврда — XVII асрда яшади ва ижод этди.
Ўша даврларда дунё миқёсида туркий халқлар адабиёти ва маданияти юксалиш сари юз тутганди. Яқин Шарқ мамлакатларининг халқ оғзаки ижодида яратилган «Асли ва Карам», «Ошиқ Ғариб», «Лайли ва Мажнун», «Гўрўғли» каби қаҳрамонлик достонлари ўша даврдаги эзувчи синф сиёсатига қарши нафрат тимсоли бўлиб майдонга чиқди.
Қримтатар ёзма адабиёти у пайтларда феодал-клерикал ва дунёвий адабиётлар таъсирида бўлиб, мавжуд жамият ҳаётини бадиий тасвирлар орқали акс эттирди. Афсуски, тараққийпарвар адибларнинг кўплаб асарлари бизгача етиб келмаган. Мавжуд адабий ва ноёб маданий мерос намуналарини эса муҳитнинг адолатсизлиги туфайли етарли даражада ўрганишнинг иложи бўлмади.
Қримтатар ёзма адабиётининг кўплаб дурдона асарлари, нафис қўлёзма намуналари хорижий мамлакатларнинг китобхонларига яхши таниш. Масалан, XIV — XVII асрларда ижод этган шоирлардан Абдулмажид афанди шеърларининг ёзма намунаси Голландияда, Лейден университетининг кутубхонасида, қримтатар ва украинларнинг биргаликда Польша қироллигига қарши курашига бағишланган Эдип афандининг «Сафарнома» ва Жонмуҳаммаднинг «Тоғайбей» достонлари Овруподаги хорижий кутубхона ларда сақланмоқда. Қримтатар адабиётининг асосчиларидан бири Ошиқ Умарнинг ҳам бебаҳо асарлари ўша даврларда ёзилгандир. Унинг достон ва термалари, ғазаллари халқ орасида кенг тарқалган бўлиб, вақт ўтган сари ўз сеҳри ва таровати билан кўнгилларга завқ бағишлашда давом этмоқда. Ошиқ Умар асарлари XVII асрнинг ўрталаридан то бугунги кунгача нафақат қримтатар халқи, балки бутун Яқин Шарқ халқлари орасида, жумладан Туркия ва Булғорияда кенг тарқалган.
У 1621 йили (ҳижрий ҳисоб билан 1030 йили) Қримда Кўзлаве шаҳри (қадимги Евпатория)да Абдулла Кенжа ўғли деган кўнчи хонадонида дунёга келди ва умрининг асосий қисмини шу ерда кечирди.
Кентим Кўзлаведир, Умардир исмим.
Бир кичик заррадан бор бўлди жисмим, —
деган эди шоир шеърларидан бирида. У мадрасада таҳсил олганидан сўнг ҳудудсиз сафарга отланди. Туркияда, Эронда, Озарбойжонда, Доғистонда дарбадарликда кун кечирди. Шоир ўзи туғилиб ўсган элини соғинганидан шеърларини куйга солиб хониш қилди. У шарқ мамлакатларининг номдор шоирлари асарларидаги халқчил хусусиятларни ўрганди ва ўзи ҳам уларга жўр бўлди. Шуниси қадрлики, у қаерда бўлмасин, миллий шеърият анъаналарини сақлай билди. Ошиқ Умарнинг бундан 300 йил муқаддам ёзган ғазалларини, мураббалари, мухаммаслари ва мусаддасларини бугунги кунда ҳам ҳеч қийналмай мутолаа қилиш мумкин.
Она халқининг бу фидойи фарзанди 1701 йилда (ҳижрий ҳисоб билан 1119 йил) Кўзлаве шаҳрида саксон олти ёшида вафот этди.
Қримтатар маданияти равнақига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган шоирнинг бой адабий мероси бизнинг замонамизда узоқ йиллар давомида назардан четда қолиб келди. Унинг Яқин Шарқ мамлакатларида сочилиб ётган ва оммага ҳали маълум бўлмаган асарларининг тақдири бизга қоронғу. Шунга қарамай, Истамбулдаги Бешиктош Яҳё афанди кутубхонасида, қадимги Кўния шаҳридаги Мавлоно музейида, Лондондаги Британия музейида сақланаётган асарларининг ўзиёқ Ошиқ Умарнинг ижодий фаолиятини чуқурроқ ўрганиш, уни кенг тарғиб этиш имкониятини беради.
Шоирнинг Истамбулда сақланаётган китоби нусхаси 1728 йилда қайта кўчирилган бўлиб, илк асарларидан бири саналади. 530 саҳифадан иборат бу қўлёзмада 19 минг 970 мисрали 1242 та шеърга тартиб берилган. Кўния музейидаги китоб эса, ҳажман энг йирик бўлиб, Истамбулдагидан 56 йил кейин Ажи Ислом ўғли Ҳофиз Усен тарафидан кўчирилган ва унга шоирнинг 1500 та шеъри киритилган. Британия музейидаги нусхада арабча диний-ахлоқий асарларига тартиб берилган бўлиб, 41 саҳифалик бу дафтарга 106 та шеър киритилган.
Яқин Шарқ мамлакатларида ўз асарлари билан шуҳрат қозонган Ошиқ Умар фаолияти билан кейинчалик рус демократ шоирлари ҳам қизиқа бошлаганлар. 1847—1866 йилларда Н. А. Некрасов ва И. И. Панаевнинг нашрларида ҳамда Н. Г. Чернишевский муҳаррирлигида нашр этилган «Современник» журналининг 1848 йилги 5-сонида таниқли шарқшунос Феликс Домбровскийнинг шоир Ошиқ Умарга бағишланган катта мақоласи чоп этилган. Мақолада шоирнинг таржималари, ижодидан намуналар, унинг ҳақида ўша пайтда кенг тарқалган ривоятлар ҳақида ҳикоя қилинади.
Ошиқ Умарнинг қўлёзмалар мажмуаси — 109 шеърдан иборат тўплами 1894 йили Боғчасаройда, Исмоил Гаспринскийнинг «Таржимон» газетаси босмахонасида «Ошиқ Умар девони» номи билан босиб чиқарилди. Шуниси ачинарлики, ана шу ҳайрли иш нақ 100 йил ўтгандан сўнг давом эттирилди.
Таниқли қримтатар совет адабиётининг кўзга кўринган шоири ва олими Эшреф Шемизода етмишинчи йилларда Ошиқ Умарнинг ҳаёти ва ижодий фаолиятини ўрганишга киришди. Олимнинг талайгина ўз илмий кузатишлари матбуотда чоп этилди. Унинг бевақт вафотидан сўнг бу ишни олимнинг шогирди Ризо Фозил давом эттирди.
Ризо Фозил бу ишга кенг жамоатчиликни ҳам жалб қила олди. Тилшунослар, адабиётшуносларнинг бу борада амалга оширган ишларини умумлаштирди. Шу тариқа қримтатар адабиёти тарихини ўрганишда тажриба ҳисобланган илк қўлланма ўқувчиларга ҳавола этилди.
Шоир асарларининг тарғиботчиси шарқшунос олим Зедла Аксаков ўзининг «Халқ куйчиси» деган китобида қуйидагича ёзади:
«Ошиқ Умар ўз даврида замонасининг урф-одатларига бўйсунган ҳолда салафлари каби асарларини араб, форс, турк тилларида битди… Шунинг учун биз унинг адабий меросини имкони борича ҳозирги адабий тилимизга рус тили орқали ўгириб, ўқувчилармизга ҳавола этамиз…»
Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида 1988 йилда Ошиқ Умар асарлари тўпламининг биринчи жилди босмадан чиқди. Вақтли матбуот ва адабий-бадиий журналлар саҳифаларида, ўқув қўлланмаларида шоирнинг асарларидан намуналар чоп этилмоқда.
Шундай қилиб, Ошиқ Умар 367 йилдан сўнг ўз халқи бағрига яна қайтиб келди. Унинг теран шеърларини, ҳароратли нафасини қримтатар халқи қониқиш билан ҳис эта бошладилар.
Эй, Умар, мажнун Умар,
ҳасрат Умар, Ошиқ Умар,
Бу жаҳонда ҳеч кимсани
қақшатмаган Ошиқ Умар.
Келгусида тингласин халқ ижодимни,
Билмаганлар билсинлар,
шеърларимни, отимни, —
деб ёзади ўз келажагига ишонган, она халқининг машаққатли кунларини, муҳаббатию садоқатини иншо этган шоир. Унинг шеърий тасвирларида қалб туғёнларининг тўлқинларини илгаб оламиз:
Не-не ошиқлари бор бу жаҳоннинг,
Дилга жо айланмиш шеърий бўстони,
Ҳофиз Шерозию Румий, Фузулий,
Уларнинг кўйида ёнмиш Усулий,
Асримизда бўлмиш соҳиби девон.
Шеъримиз ёд этсин жумлаи жаҳон.
Шарифий суюкли устод бўларми?
Илму ирфонимиз ёд бўларми?
Ошиқ Умар умрининг охирларида ёзган «Шоирнома» деган достонидан олинган бу эҳтиросли сатрлар улуғ шоирнинг ўз юртига бўлган меҳр-муҳаббати нақадар беқиёс бўлганлигини кўрсатади. Унинг девонидан олинган қуйидаги лирик шеъри мусиқийлиги билан ўқувчининг қалбидан ўрин олади:
Бунда бир дилдорга кўнгилни бердим.
Ҳушим олди қошларининг ораси.
Гул юзини кўрдим, ақлим шоширдим.
Оралиқда қолдим лолу чорасиз.
Ошиқ Умар дейди: ишқдан ёнарман.
Бунда ишқ шаробин татиб қонарман.
Қиблам йўқдир, сенга юзим тутарман,
Меҳробимдир икки қошинг ораси…
Феодаллар, мустабид шоҳлар, жоҳил руҳонийлар ҳукмронлик қилган бир даврда бундай ўтли сатрларни битиш учун шоир ўта жасоратли ёки буюк исёнкор бўлиши керак. Доимо халқ орасида бўлган, унинг ташвишига, дардига шерик шоиргина мухлислари қалбида ўчмас из қолдиради. Ошиқ Умар ана шундайлар тоифасидан эди. У зулмдан азият чеккан замондошлари ҳаётини шундай тасвирлайди:
Уламолар не сўз деса,
Тинглаюрлар, тўғри дерлар.
Фуқарога кўз тушса гар.
Ана, ана, ўғри дерлар.
Қаён борсанг либосингга
Қараб муомала этгайлар,
Йўқсул бўлсанг, қараб сенга
Масхаралашиб ўтгайлар.
Қримтатар халқининг фарзанди, улуг шоир Ошиқ Умарнинг дурдона асарлари жаҳон маданиятининг хазинасига қўшилган бебаҳо хазинадир.
Сафтер Нагаев, қримтатар ёзувчиси
«Гулистон» журнали, 1990 йил, 4-сон