Шоир, таржимон, публицист Шавкат Раҳмоннинг дунёдан ўтганига салкам йигирма беш йил бўлди. Элда: “Ўлдинг – ўчдинг”, деган эшитилиши совуқ, аммо ҳаққоний гап бор. Лекин чинакам истеъдод, йирик шахсият кўп асрлик мақолни ҳам янгилаши мумкин экан. Асл ижодкор дунёдан ўтгач ҳам номи ўчмаслиги, унинг чин бадиий умри тана йўқликка кетгач бошланиши Ш.Раҳмон мисолида яққол кўринади. Гарчи, унинг китоблари тез-тез босилиб турмаган бўлса-да, битиклари дидли шеърхонлар томонидан энг кўп ўқиладиган поэтик асарлар сирасига киради. Умидли ёш ижодкорларнинг истисносиз барчаси шеърият майдонига Шавкат Раҳмон мактаби орқали келиши тобора аён бўлиб бормоқда.
Умр вафо қилганда, ўтюрак шоир бу йил етмишга кирган бўларди. Яшаган қирқ олти ва ёзган ўттиз йил мобайнида ўқирман ҳамда ижодкорларнинг эътибор, эътироф ва муҳаббатини қозониш учун истеъдодли бўлишнинг ўзи кифоя қилмайди. Ўзгаларни чинакамига сева билган одамгина бошқаларнинг севгисига сазовор бўлади, уларни ўзига эргаштиради. Сиртдан кўзга ташланмаса-да, Шавкат Раҳмоннинг шеъриятида одамга чексиз муҳаббат ёлқинланиб турарди. У, умуман, одамни, хусусан, миллатдошларини юксак инсоний фазилатлар эгаси бўлган шахс сифатида кўрмоқ истайди. Лекин уни ўраб турганлар истаганидай кимсалар эмаслиги шоирда адоқсиз изтироб уйғотади. Шавкат шеъриятида кўп учрайдиган нафрат ифодаси аслида оташин муҳаббат берган мевалардир.
* * *
Ижод тажрибасидан маълумки, асл шеърият муҳаббат ёки нафратдан туғилади. Шавкат Раҳмон битиклари аксар ҳолларда адолатсизлик, ёвузлик, олчоқлик ва хиёнатга адоқсиз нафрат туфайли пайдо бўлган. Шу боисдан улар – жисмни тобловчи оғриққа, пўртанавор руҳий тўлғоқлар ва шамширдай кескир фикрлар ифодасига тўла. Шавкатнинг шеърлари кишини ўйга толдиради, изтиробга солади, руҳий оғриқларга дучор қилади.
Зулфиқор руҳ керак,
керак чин ёғду,
чин ишқ ёлқинлари бағримга тўлсин,
жисмимни тобласин фақат чин оғриқ.
чечаклар қоп-қора бўлса-да, бўлсин…
Чин сўз, чин туйғу, чин амалларга доимий интиқлик чин шоирлик белгиларидандир. Юқоридаги мисралар Шавкат Раҳмонни бошқа минглаб дардчил шоирларга яқин қилади. Шу билан бирга, айни шу мисралар Шавкат Раҳмон деган бадиий феноменнинг бошқалардан фарқ қиладиган жиҳатларини ҳам намоён этади: шоир “зулфиқор руҳ” истайди. Унга шунчаки қониқмаслик, шунчаки норозилик, руҳнинг шунчаки инжиқлиги хос эмас. Шоир инсоний комиллик, одамий тўкислик йўлида қатъият, эркакча амаллар лозимлигини чуқур англайди. Шу боис ҳеч ким айтолмайдиган йўсинда: “Борми эр қизлар?” дея савол қўяди. Одам эр бўлгандагина ер бўлмаслиги шоирнинг барча асарлари замирига сингдирилган юксак туйғулардан биридир.
Шавкат Раҳмон шеърияти ташқи эффектларга унчалар бой эмас. Чунончи, шоир шеърларида ўзбек назми учун одатий бўлган тўқ қофия жуда кам учрайди. Бу шунчаки тасодиф эмас. Шавкат мусиқий мутаносибликдан, киши туйғуларини аллалаб чалғитадиган назмий оҳангдорликдан атай чекинади. Киши юрагига бехато етиб борадиган, кескир қиличдай теккан жойини ўйиб оладиган залворли ва қиррадор туйғуларни ўшанга монанд йўсинда ифода этади. Шеър тўқ қофиясиз бўлса, кишини аллаловчи мусиқийлик унчалар кучли бўлмайди. Шеърий сўз залвори мисралардаги умумий оҳанг оғушида йўқолиб кетмайди ва ўқувчи уни алоҳида идрок этиш имконига эга бўлади. Ш.Раҳмон битикларида товушларни ўйнатиб, ҳиссиётининг нозик қирраларини титкилаб сўздан олов чиқаришга эмас, балки ўз-ўзидан гуркираб оловланиб турган руҳнинг ҳароратини, пориллаб ёнаётган туйғуларнинг алангасини ифодалашга ярайдиган сўзларни қидиради. Шоир ҳаёти мобайнида ёниб яшади ва бундан малолланмади, аксинча: “Ёнмоқлик мунчалар ёқимли!” дея ҳузурланди.
Шавкат бир умр кескир зулфиқор руҳнинг ёрқин манзилларига етиб боришга астойдил интилиб яшади. У руҳдагина озодлик, ҳурлик бўлишини, руҳнинг фароғатсизлигигина маънавий лаззат бериши мумкинлигини чуқур англаган инсон, буни туйган ва туйдигини ифодалай билган шоир эди.
Чинакам шоир ҳамиша йўл кишиси. Фақат бу йўл жуғрофий эмас, балки руҳий манзиллардан ўтади. У гуноҳларга ботган заминдан орзудаги юрт – эзгулик тантана қилган афсонавий маскан сари отланади. Бу йўлнинг машаққати кўп, озори чексиз, фароғат эса фақат мўлжалда. Лекин уйғоқ қалб жозибадор маскан – эзгулик сари чорлайверади. Шоир бу йўлга юрмоқчи бўлган киши қалтис лаҳзаларда панд бериши мумкин бўлган энг буюк душмани – хиёнатни ўлдириши лозим деб билади. Чунки хоинлик, хиёнат, қўрқоқлик каби иллатлар билан кураш йўлига кириб бўлмайди:
Йўлдир бу,
нафснинг ботқоғи эмас,
қиличнинг дамидай чақнаган йўлдир.
Бу йўлга юзингни буришдан аввал,
ўлдир, ичингдаги хоинни ўлдир.
Адолат йўлидаги машаққатлар қанча бўлмасин, шоирни қўрқитолмайди. Уни “улкан соат ўртаси” – ўтмиш, бугун ва келажак орасида аросатда қолиб кетиш, тишлари ўткиру ҳислари тўмтоқ каслар билан яшаш хавфи чўчитади. Бундай касларни шоир “қашқирлар” деб билади. Шавкатнинг нурли манзиллар сари чинакамига отланган йўловчи экани саодат қарор топиши мумкин бўлган мангуликдан ҳам наридаги хаёлий маскан – Ўшга тийиқсиз интилишида намоён бўлади:
Улкан соат ўртасида
Мадорим йўқ юрмоққа,
Қашқирлар даврасида
Судраламан турмоққа.
Шунда қолиб кетсам гар
нетамиз?
Абадият оралаб
Ўшга қачон етамиз?
Шавкат Раҳмон: руҳи кескир шоир, шу сабаб сўзи, образлари, ташбиҳлари кескир ва қонталаш. Унинг сўрашишга узатилган қўли ҳам ўрни келса, “…тиғдай ялтираб кетиш”га қодир. У: “…тилим қонар кескир сўзлардан”, деб айтишга маҳкум ижодкорлардан. Унинг тиғли сўзларидан нафақат тили, балки дили, руҳий олами тилка-пора бўларди. Сўзки шунча оғриқли экан, бу сўзларни юзага келтирган туйғулар қанчалар азобли бўлса! Буларни туймоқ ва чўчимай, ҳеч кимни аямай айта олмоқ учун қанчалар жасорат керак бўлса! Шоирнинг: “…билмоқчи бўлсангиз агар шоирлик жасорат сўзининг таржимасидир”, деган сўзларида зарра қадар чираниш, зўриқиш йўқ. Шоир дунёни тозаламоқ, уни такомиллаштирмоқ бўлади. Асли ҳар қандай чин шоир шу ниятда қалам суради. Ана шундай улкан ва вужудга сиғмас туйғуга эгаликкина одамни илоҳий сўзга ошно этади:
Каттароқ очилсин барча дераза,
шамоллатиш керак
дунёни бир оз.
Қалби безовта, руҳи уйғоқ шоир дунёни ўзиники билади. У – дунёга ҳам хўжа, ҳам хизматкор. Шу туфайли Шавкатнинг юқоридагидай даъватлари эриш туюлмайди. Чунки очун − унинг ўз мулки. У − дунёнинг чин эгаси. Эгаси бўлгани учун ҳам унинг тозалиги ҳақида бошқалардан кўра кўпроқ қайғуришга ҳам бурчли, ҳам ҳақли.
Шавкат Раҳмон тамомила ўзига хос шахс бўлгани боис олам манзаралирини мутлақо ўзгача кўрадиган, ўзгача туядиган, кутилмаган ҳаётий ҳодисалар замиридан фожиа топа биладиган шоир эди. Унинг бахти ҳам, бахтсизлиги ҳам бошқаларникига ўхшамасди. Унинг шеърларини ўқиган кишида шоир умр бўйи ўз бахтидан хижолат чекиб, омад ва оромидан уялиб яшаган, деган ўй пайдо бўлади. Олам тартиботининг нотугаллиги, одамнинг нокомиллиги, жонини тиккани – Ватаннинг обод эмаслиги, ҳаётини бағишлагани – миллатнинг норасолиги, инсонлар руҳиятининг бу қадар чиркинлашгани шоир қалбини тиғдай яралайди. У ватани ва миллатининг аҳволи учун хижолат чекади, ўзини айбдор сезади. Шу боис у бахт ҳақида гапиришдан, енгил, роҳатбахш ҳаволарда куйлашдан оғринади. Қуйидаги сатрлар шу ҳолат ифодаси:
Ғам сўзин элимдан аввалроқ айтдим,
бахт сўзин айтаман,
элдан кейинроқ.
Шавкат миллатининг ҳозирги одамлик ва одамийлик даражаси билан келишмай яшади. Менимча, у одам сифатида ҳам, ижодкор сифатида ҳам жангари эмас, лекин муросасиз эди. Шу боис унинг битганларида чиркинликка исён, инкор, ёзғириш; ёруғлик, тозалик ва кенгликка интилиш кучли эди. Унинг зулфиқор руҳга интилиб, интиқ бўлиб яшаши шундан.
Шавкат Раҳмон излаган, қўним топган зулфиқор руҳ манзиллари ҳақида фикрлаш кишини унинг мураккаб шеъриятини бир қадар англаш имконини беради. У шеъриятга ҳеч қачон кўнгил эрмаги, руҳнинг инжаликларини намоён этиш воситаси, деб қарамаган. Унинг учун шеърият ҳаёт-мамот масаласи эди. Шоир ўзининг зулфиқор руҳи бош уриб борадиган кўнгил, миллат, ватан сингари манзиллар ҳақида ёниб ёзарди.
Шоир кўнгил ювилмагунча, покланмагунча, одам ўзгармаслигини, одам ўзгармагунча олам тароватли бўлмаслигини туйгани боис ёзади: “Бир ёмғир истарлар, ғассол истарлар…”. Ўз кўнглини поклаб юксалтиролмаган миллатнинг юксалиши мумкин эмас. Одамнинг одамлигини, элнинг эллигини кўнгил мартабаси ҳал этади. Шавкат Раҳмон кўнгилнинг ўлмаслигини, абадийлигини, яратувчилигини шундай ифодалайди:
Мендан нима қолур,
абадий нурлар
барқ уриб яшнаган дунё томонда?
Уриниб-суриниб сира тўлмаган
бир кўнгил қолади
қолса ҳам мендан.
Дунёнинг мавжуд тартиботидан шоирнинг нозик кўнгли сира тўлмайди. Чунки одамзот тўла комил бўлмаган оламда шоир кўнгли тўлиши мумкин ҳам эмас. Шу боис у ўз кўнглини қонталаш қилиб бўлса-да, ўзга кўнгилларга етиб бормоқ, уларни нафснинг исканжасидан қутқармоқ, юксак аъмоллар ҳақида ўйлашга мажбур этмоқ истайди:
Фақат ишқ…
Фақат ишқ…
Бошқаси сароб,
Бошқаси шамолнинг оний сурони, –
деб ёзади шоир “Муножот” шеърида. Чиндан-да ўзини таниган, қалбини тафтиш қила оладиган одам учун ишқдан бошқаси, кўнгилнинг юксак интилишларидан ўзгаси ўткинчи ва омонат. Аммо ҳамишалик қадриятни ўткинчи ҳавасларга алмаштиришга ҳозир бўлган каслар саноқсиз. Бундайлар ҳақида: “…тафаккур сасиган, руҳлари сўлган”, дейиш адолатдандир. Шавкат Раҳмон фақат тирикчилик кўйига тушиб, кўнглини буткул унутган инсон сезимларини уйғотишга, унинг ҳам одам эканини, аввало, унинг ўзига эслатиб қўйишга уринади: “Узоқроқ тикилгин ўзингга, одам!” “…ахир, вужуддамас, қалбдадир қувват”. Шоирнинг кўнгли – ўта нозик ва сезгир. Шу боис ҳаётдаги жиндай адолатсизлик, андаккина зуғум уни мувозанатдан чиқаради, юрагида чандиқ қолдиради:
…ҳақорат – хотирга санчилган найза.
Сезаман, поёнсиз қоронғиликда
чинқириб ўсади хўрланган майса…
Шоир истайдики, кўнгил майсаси зўрлик кўрмай, шодумон ўссин. Асли шу таъсирчан, яланғоч ва ҳимоясиз кўнгил хоссалари одамни шоирга айлантиради. Мўъжазгина кўнгилнинг дардлари, оғриқлари қанчалик улкан бўлса, шоирнинг истеъдоди ҳам шунга мутаносиб йирик бўлади. Баланд кўнгилга эга бўлгани учун ҳам Шавкат Раҳмон ғурур билан:
Маним кичик кўнглим,
ай, шоир кўнглим,
нокаслар раъйига тушмаган кўнглим!..
деб айта олганди.
Шавкат Раҳмоннинг “зулфиқор руҳ”ияти безовталаниб изарлаган иккинчи манзилдан миллат жой олган. У “Иқрор” шеърида ёзади:
Мен жангчи эмасдим,
мен шоир эдим,
ниҳоят шоирдан кўра зобитман,
ҳар нафас мусулмон миллатим дедим,
нафсига куйганлар келди оқибат.
…япроқдай сарғардим буюк урушда
мусулмон йўқ эди,
йўқ эди миллат.
Шавкат Раҳмонни шоир қилган ҳам, уни адоқсиз ғамбодалик қучоғига итқитган ҳам ўз миллатига чексиз муҳаббат туйғуси эди. Шоирнинг туйғулари – эркакча. Унинг муҳаббати чучмал навозишлардан йироқ. Тўғри, у миллатини суяди, лекин ўйсиз, кўр-кўрона, ҳисобсиз, тафтишсиз эмас. У миллатнинг хор бўлиши ҳам, юксалиши ҳам унинг ўз қўлида эканлигини англайди ва шоирнинг бу сезими, қаноати деярли барча шеърларида акс этади:
Вой, одам,
Вой, итнинг калта оёғи,
Кўзингда қайнайди ажиналаринг,
Худодан сўрайман эс-ҳушим оғиб,
Тезроқ тугасайди ганжиналаринг.
Ўзидан, кўнглидан, қадридан бехабар, умрини нафси йўлида ганжина қидириш ва йиғишга сарфлаган миллат итнинг кейинги ҳамда “калта” оёғи бўлиб қолиши, бундай каслар тўдасини нафсидан бўлак нарса қизиқтирмаслиги фожиаси шоирни ўртаб юборади. Бу ҳолат унга ўзигагина хос ўктамлик билан:
…бутун борлиғи-ла хомашё юртда
мен ҳам одамзотнинг хомашёсиман
дейиш имконини беради. Чунки тирик юришнинг ўзигина одамликни белгиламайди. Инсонлик мартабасини кўнгил билан, амал билан қозониш керак. Одам деган табаррук ном даражасига юксала олмаганлар одамликнинг хомашёси бўлиб қолаверади. Қорнидан ўзга ташвиши бўлмаган миллати ҳақида ўйга ботган шоирнинг юрагини кемирган туйғулар залвори кишини даҳшатга солади.
Шавкат Раҳмон ижтимоий лирикасининг энг сара намунаси бўлмиш “Туркийлар” шеърида асосий этник белгиси: бошсизлик ва бирикмаслик бўлган туркий халқларнинг фожиаси лахта-лахта қонга айланган шоир юрагининг аччиқ фарёди тарзида ифода этилади:
Туркда бош қолмади…
қолмади довлар…
…Туғилди,
Туғилди,
Туғилди қуллар…
Шоир бу ҳолат билан муроса қилмоқчи эмас, албатта. У миллатдошларининг қусурларини айтиш билан шоирлик миссиясини битган ҳисобламайди. Шоир миллатини чинакамига уйғотмоқ истайди. Шу сабабли ҳам:
Борми эр йигитлар,
борми эр қизлар,
борми гул бағрингда жўмард нолалар,
борми бул туфроқда ўзлигин излаб,
осмону фалакка етган болалар.
Бор бўлса,
аларга еткариб қўйинг,
бир бошга бир ўлим демаган эрмас,
шаҳидлар ўлмайди бир қараб туйинг:
ёвга терс қараган мусулмон эмас,
ёвга терс қараган мусулмон эмас,
ёвга терс қараган мусулмон эмас,
ёвга терс қараган мусулмон эмас,
ёвга терс қараган мусулмон эмас!!! –
дея ҳайқиради. Кўнгилнинг туб-тубидан руҳиятни долғалаб, вужудни қўпориб келгувчи шундай шеърни битган одамнинг узоқ яшаши қийин эди. Эътибор қилинг: “Бор бўлса, аларга еткариб қўйинг”, дейди шоир. Нега “етказиб” эмас, “еткариб?” Бу ўринда жарангли “з” товуши воситасида пайдо бўладиган оҳанг шоирга мазмуннинг залворига мос келмайдиган даражада мулойимдай туюлади ва фикр таъсирчанлигини янада оширмоқ ниятида титроқ “р” соноридан фойдаланади.
Ш.Раҳмон миллат олдига масала қўйишга, бугун ўзбекнинг аждодлар тарихига муносиб яшай олмаётганлиги сабаби ҳақида ундан сўрашга, ўринли жавоб ололмагач, эли тийнатидаги иллатларни шафқатсиз тарзда очиб ташлашга ўзида куч ва ҳақ топади:
Эй, элим,
қачондир бир гала бедил
кўксингдан дилингни суғурган маҳал
нега шол юзингни бурдинг тескари,
нега тирик қолдинг ичмасдан заҳар?!
Миллий шеъриятимиздаги халқ тасвирга тортилган битикларда омма ҳамиша жабрдийда, қурбон тарзида кўрсатилиши одат тусини олган бир вақтда, итоаткорлик, мунглилик, бечоралик, муштипарлик миллат учун фазилат эмас, балки иллат эканини фақат уни астойдил суйган ва унинг учун чинакамига куйган фарзандгина очиқ айта олади. Шавкат миллатнинг ўзини ҳам қотил, ҳам мақтул деб билади. Чунки қуллик ўлим бўлса, қулликка кўникиш ўзига нисбатан қотилликдир. Шоирнинг ўзбекларга кейинги иддаоси янада каттароқ. У “Кенглик соғинчи” шеърида ёзади:
Эй беклар,
заҳар ич – ўзбегинг қолиб,
ўзгага бўйсундинг,
ўлганинг шулдир.
Шунданми бошида теридан қолип
Саксовул сингари майишган будун…
Шавкатнинг миллат ҳақидаги шеърлари фақат мазмун кўлами билан эмас, балки ифода тарзи билан ҳам ўзига хос ва ўта таъсирлидир. Бу йўлдаги шеърларда шоир шахсиятига хос сифатлар ёрқин намоён бўлади. Туйғулар ўзининг энг мувофиқ ва энг маъқул ифода шаклини топади. Шоирнинг миллатга қарата: “…ўлар бўлсанг, озодлардай ўл, қолар бўлсанг, энди бириккин”, тарзидаги хитоби ўқувчини сескантиради, ҳаётининг маъноси ҳақида ўйлаб кўришга ундайди. Айни вақтда бу фикрларнинг ифода йўсини ҳам оригиналлиги билан эътиборни тортади.
Ш.Раҳмон олам манзараларини, тафаккур хулосаларини тамомила ўзича идрок этади. Шунинг учун ҳам:
…эгилган нарсалар тегар ғашимга…
эгилган бошларни
қиличлар кессин, –
дея ўзбекнинг кенг тарқалган машҳур эскирмас мақолини ҳам инкор қилади. У ҳар бир ўзбекнинг одамга муносиб тарзда мағрур бош кўтариб яшашини орзулайди. Шунга интилмаганларни кечиргиси келмайди.
Шавкат Раҳмоннинг зулфиқор руҳи безовта кезиб, сарсари истаган яна бир манзил ватан эди. Шоирнинг ватанга муҳаббати чегара билмайди ва у чақириғу ундовлардан иборат эмас, у ҳаракатга, амалга қобил: “…шоир юрагимни юлиб берардим, биргина Туркистон деган сўз учун”. Айни вақтда у ватан туйғусини ўз вақтида, етарли кўламда англамагани учун ўзидан ёзғиради, чуқур изтироб чекади. Шоир ватанни англаш йўлида ҳеч кимни, жумладан, ўзини ҳам аямайди. Шу боис: “Сендан-да улуғроқ нарса йўқлигин сочим оқарганда англадим, Ватан!” дейди ўкинч билан. Ватан ҳақидаги тўхтам ўз-ўзидан пайдо бўлмайди. Ҳар киши ўз ватанини яшаб ўтиши керак. Шоир ватанини ичига жойлагунча, ичдан кечиргунча, уни умри билан яшаб ўтгунча, сочи оқарди. Шавкат ватанда ватансизлик аламларини чуқур туйган ва бу сезимларини ижодига сингдирган шоир эди. Шунинг учун унинг ватаний шеърлари кутилмаган хулосалар, илмоқли саволлар, фавқулодда образлар ва одамни ҳушёр торттирадиган ташбиҳларга бой:
…ахир ўз еримда дайдиб, чанқаган
шўрлик мусофирман,
улуғ мусофир, –
деб ёзади “Бузилган деворлар” шеърида. Бу улуғ мусофирнинг андуҳлари қанчалар улуғ бўлганикин? Ўзини билган одам учун ўз юртида мусофир бўлишдан ҳам ортиқроқ азоб бормикин? Бундай каслардан иборат оломон яшаган ватаннинг йитишини шоир “Шоҳрух Мирзо суҳбати” шеърида шундай ифодалайди: “Эрк қани, эр қани, асл ер қани?” Шу белгилари бўлмаган масканнинг ватан, унда шу белгиларни бор қила олмаган қавмнинг эру, элу, миллат аталмоққа ҳаққи борми? Бундай юртда одамдай яшаш мумкинми?
Юртми бу,
ғанимдан қолган маломат
ё иғво қутиси
билмай ўтарман.
Шу ўйлар шоирни тинимсиз безовта қилади. У ватанда ватансизликка кўниккан, ўз ўрнини, ўз ҳолини билмаган миллат аҳлидан озурда бўлади. Қалби уйғоқ шоирга шонли аждодлар руҳининг безовталиги аён:
Буюк руҳ чинқирар…
Демак, бор,
баҳайбат зулм бор ҳали,
ҳали бор одамни қувган овчилар,
шундан донишлари овсару далли,
ўғрига айланган доно тожирлар
шундан чумчуқюрак пошшолари гунг,
фақирлар кўниккан бало, қаҳатга,
шундан водийларда ўсиб ётар мунг,
ҳаттоки булбуллар ўхшар калхатга.
Шавкат ватаний туйғуларини аяб-авайлаб ифода қилмайди. Чунки у холис кузатувчи ёки сермулозамат мезбон эмас. У – шу ватан фарзанди ва унинг эгаси! Чин фарзанд сифатида арзон хайрихоҳлик, чучмал муҳаббат улашувни эмас, руҳни уйғотувчи, ҳиссиётни сергаклантирувчи қиличдай кескир, қамчидай ботгувчи, қалампирдай аччиқ ҳақиқатнинг залвори билан Ватан вужуди ва ватандош руҳиятидаги зангларни кўчирмоқ истайди. Унинг муҳаббати чексиз бўлгани каби дашномлари ҳам жон олғулик:
Ватаним дейману, бағрим қон бўлар,
бу қандай ватанки,
хоки бирикмас,
буюк Турон кенгликларида
уруғлар бир-бирин еди тириклай…
Ўзини ўнгламаган, эркига эга бўлмаган, қаддини тикламаган ватан ўликдир, унинг аҳли қулдир, деган фикрга келади шоир. Буни ватаннинг забун аҳволи тасвири орқали ифода этади: “Турон кенгликлари сориғдан сориғ, Улкан бир ўлакса ётгандай гўё…” Забун ватан, аввало, содиқ фарзандларини қадрламайди, асрамайди. Қуллик қадрсизликдан бошланади. Ватан йўлида тўкилган қоннинг асл баҳосини билиб, ўлчайдиган зот йўқ. Шу боис: “Жоним жуда арзон… Жудаям арзон, Арзондир бу юртда тўкилган қонлар…” Ш.Раҳмон кўнгил, миллат ва ватан ҳақида ҳамиша андуҳли ёзарди. Аммо улар ёруғ манзилларга интилган некбин соликнинг андуҳлари эди. Шу маънода, шоир келган тўхтам айни ҳақиқатдир:
Порлар тошга дўнган сўзларим,
порлар мангу одамий руҳим,
порлар Ҳаққа ташна кўзларим,
Худо берган мангу андуҳим,
ёруғ андуҳим…
Шавкат Раҳмон шеърларини синчиклаб ўқиган одамга шоир тирик эканлигидан, бу ҳаётда яшаётганидан хижолат тортаётгандай туюлаверади. Бу ҳол унинг битганларида бот-бот бўй кўрсатади: “Кўпроқ яшаб қўйдим шекилли”, дейди бир шеърида. Шоир норасо элни, нораво ватанни ташлаб кетишга шошилиб яшагандай… Шунданмикин киши Усмон Носирни оқсоқол сифатида кўз олдига келтиролмагани каби Шавкат Раҳмонни ҳам етмиш ёшли оқсоқол сифатида тасаввур қила олмайди. Бутун бир миллату ватаннинг зил дардини ортмоқлаган мажруҳ кўнгил билан шунча йил йўл босиб бўлмайди, албатта.
Қўл урган ишига астойдил киришадиган Шавкат шоиргина эмас, ҳалол ва заҳматкаш таржимон ҳам эди. Унинг заҳматкашлиги шунчаликки, ижодига меҳр қўйган Лорканинг шеърларини олдин русчадан ўзбек тилига ўгириб кўрди. Лекин севимлиси Лоркани эмас, балки унинг таржимонларини таржима қилаётганидан қониқмай, атай испан тилини ўрганди. Натижада таржималарида испан шоири шеърларининг маъносинигина эмас, унинг оҳанги, ифода йўсини, табиий стихиясини ҳам бера олди. Шавкатнинг айнан Лорка шеърларига муҳаббат қўйиши ҳам бежизга эмас. Чунки Шавкатнинг ўзи каби Лорка учун ҳам шеърият фақат кўнгил ҳолатлари ифодаси эмас, балки озодлик, эрк, гўзаллик, бахт сингари эзгу инсоний сифатларга эга бўлиш учун курашиш воситаси эди. Лорканинг: “Зиддиятли давримизда ижодкор халқ кулса кулиб, йиғласа йиғламоғи, ўз бинафшаларидан воз кечмоғи, белигача ботқоққа ботиб бўлсаям бинафша излаётганларга кўмаклашмоғи шарт”, тарзидаги ёндашуви шоир Ш. Раҳмоннинг ҳам шахслик белгилари эди. Лорка чин ижодкор ўз бинафшаси (бахти, деб ўқинг)дан воз кечиб бўлса-да, халқ бахти учун курашаётганларга ёрдам бериши керак, деб ҳисобларди.
Шавкат испан шоирининг шеърларини ўгирибгина қолмади, балки бу шеъриятни жозибали қилган омилларни илмий тадқиқ ҳам қилди. Зеро, бу омилларни англаб олмай туриб, кўнгилдагидай таржима қилиш мумкин эмасди. У Лорка битикларига хос қирралар ҳақида: “Лорка ҳам ёзма, ҳам оғзаки маданиятнинг ижобий фазилатларини ўз ижодида омухта қилган. Ёзма маданият, яъни Сервантес, Лопе де Вега, Луис де Гонгорадан жисмлар ва туйғуларнинг тартибсиз дунёсини уйғунлашган дунё сифатида тасаввурлашни ўрганган бўлса, оғзаки маданият, яъни испан халқ қўшиқларидан табиатнинг ҳар бир унсурини жонлаштириш хусусиятини ўзлаштиргандир. Бундан ташқари испан халқ қўшиқларига хос бўлмиш яна бир хусусият – ранглар ва ўсимликлар тамсилидан жудаям унумли фойдаланган”, деб ёзади.
Лорка шеъриятида испан ёзма ва оғзаки адабиётига хос хусусиятлари уйғунлашувининг поэтик натижаларини ўзбек тилида бериш учун Ш.Раҳмон испан фольклорига тегишли жиҳатлар билан ҳам бир илмий тадқиқотчи даражасида чуқур шуғулланади. Натижада испан халқ оғзаки ижодидаги етакчи рамз ва образлар тизими ҳамда уларга юкланган маънолар қаторини аниқлаб чиқади. Ўзбек шоирининг қуйидаги тўхтами унинг испан фольклорига хос хусусиятларни нечоғлиқ теран ўргангани ва чуқур англаганидан далолат беради: “…испан халқ қўшиқларида сиёҳранг – мотам; бинафшаранг – жудолик, хотира, садоқат; кўкранг – мангулик, ҳақиқат, адолат, сабот; яшилранг – омад, ҳиссиёт; оқранг – ўлим, мангулик, эътиқод, озодлик; кулранг – қайғу; сариқранг – қуёш, буғдой, қувват, илҳом, шуҳрат; қизил – қаҳр, қон ранги, изтироб, эҳтирос, ғурур рамзидир. Ўсимликлар: заранг – соф ишқ; гулхайри – алам, маҳкумлик, хиёнат; терак – мағрурлик; бодом – назокат, бевақт ўлим; сабур – оғриқ, қизғалдоқ, таскин, оний умр, бекор тўкилган қон; қушқўнмас – азоб, сарв – қабристон дарахти, қайғу, мотам рамзи; чиннигул – завқ-шавқ; ёсмин ёки суман – садоқат, назокат рамзидир”.
Шавкат Раҳмон Лорканинг “Испан жандармлари ҳақида романс” шеъридаги эркка ташналик, зулму зўравонликка адоқсиз нафрат туйғусини испан поэзиясига хос унсурларни сақлаган ҳолда ва айни вақтда ўзбек шеърхонига ҳам таъсир қиладиган йўсинда ўгирди. Шеърда табиатнинг осуда ва гўзал манзараси чизилар экан, испан шеъриятига хос бир-икки чизги билан жандармларнинг ёвуз нияти ҳамда шафқатсизлигига ишора қилинади:
Яланғоч бод гир айланар
бир чеккада шоду мафтун:
нуқра каби оппоқ-ойдин,
чиройли тун, ажойиб тун.
Лорка туннинг ёқимли ва жонбахш манзарасини чизар экан “оппоқ-ойдин” ташбиҳи воситасида тун бағрига ўлим кириб келаётганига ишора қилади. Шеърнинг кейинги бандларидаги “Туни билан ўқ товшидан таранглашиб турди ҳаво” тарзидаги сатрлар гўзалликнинг аёвсиз топталишини англатади. Ҳолатни зидлаш шеърнинг таъсир даражасини кескин оширади. Адолат, шафқат туйғуларидан йироқ жандармларнинг ёвуз амаллари қора туннинг янада қорайишига сабаб бўлгани қуйидаги сатрларда яққол ифодаланади:
Жандармлар изғийди оч
тунга тағин экиб олов,
гулхан ичра ёнар ўсмир
ва яланғоч гўзал хаёл.
Лорканинг деярли барча шеърларига хос табиат кўриниши билан инсон руҳияти ўртасидаги қарама-қаршиликни кўрсатиш усулига хос жиҳатларни таржимон ўзбек тилига ҳам бор жозибаси билан кўчира билган. Шоирнинг “Севилла йўлида Антонито эл Камборонинг ҳибс қилиниши” шеъридаги шундай ҳолат ҳам маҳорат билан акс эттирилган:
Кифтларида шомни судраб,
уфққа аста қайтади кун
тореродай пўшин ёйиб,
қора тортар баҳрул очун.
Содир бўлажак фожиадан олдин ташқи дунёнинг гўзал, жозибали ва сокин кўриниши берилиши поэтик тасвирнинг таъсир даражасини оширишга хизмат қилади.
Лорка “Қатл” шеърида азоб рамзи бўлмиш қушқўнмас тафсилидан фойдаланиб, қатл этилган аёлнинг аянчли ҳолатини бутун даҳшати билан акс эттиради:
Қушқўнмасда қолган қушдай
чайқалади жисми дорда.
Ва кесилган бармоқлари
ўйнай бошлар тоштахтада –
сажда қилиш учун қўлга
бирикмоқчи бўлар қайта.
Кесволинган икки кўкрак
тагларидан икки хунук
кичик осмон кўринар ҳам
томчилар қон аралаш сут.
Шоир аёлнинг бунчалар шафқатсизлик билан қатл этилиши сабабини кўрсатиб ўтирмайди, қатл манзарасининг ўзи шеърхонда шу ҳолат ва уни юзага келтирган кучларга нисбатан адоқсиз нафрат уйғотадики, Шавкат Раҳмон шоирнинг айни шу бадиий ниятини таржимада ҳам юзага чиқара билган.
Испан шоирига хос бетакрорлик, образлар ва рамзларнинг мураккаб тизими, ташбиҳлар оригиналлиги Ш.Раҳмон таржималарида сақланиб қолганини “Ишқдан ўлган ўсмир” шеъридан олинган қуйидаги мисралар мисолида кўриш мумкин:
Ой – саримсоқ бўлагидай –
бўзариб марг қийноғидан,
ташлар сариқ жомминорга
сарғиш сочлар қўнғироғин.
Инсон ҳаётининг сариқ чақачалик қиммати бўлмаган шароитда ишқ домига илинган хаёлпараст ўсмирнинг фожиали қисмати чигал миллий рамзлар оғушида таъсирли акс эттирилган. Бизда гўзаллик ва эзгулик тимсоли бўлмиш ой – Лорка учун ўлим рамзи. Қаригани боис нимтага айланган ой шоирга саримсоқ бўлагини эслатади. Унинг бўзарган туси эса ўлим қийноғи натижаси. Ойнинг хира кирчимол ранги сариқ жомминорга ташланган ёқимсиз сариқ сочдай тасаввур уйғотади. Таржимон шеърда акс этган бундай фожиали ҳолат ифодасини ўзбекчада ҳам маҳорат билан бера билган.
Ш.Раҳмон Лорка шеърларининг маъно-мазмунинигина эмас, балки шоирнинг ўзигагина хос тимсоллар тизими ва жўшқин оҳангини ҳам ўзбек тилида жаранглатишга эришган. Шавкатнинг таржимонлик маҳорати, бегона тилдаги тимсоллар тизимини ўзбекчага зиён-заҳмат етказмай ўгира олиш салоҳияти испан шоирининг “Ўлимга маҳкум этилган ҳақида романс” шеъридаги қуйидаги сатрларда яққол кўзга ташланади:
Сойнинг оғир новвослари
ойнинг мавжли мугизлари
узра қувнаб чўмилётган
болаларни туртиб сузар.
Бирор ўзбек шоирининг ойли тунда тўлқинланиб оқаётган сойда чўмилаётган болаларни бундай тасвирлаши мумкин эмас. Мабодо шундай тасвир дунёга келганда ҳам бирор ўзбек ўқирмани уни кўзда тутилган маъносида қабул қилмаган бўларди. Чунки бизнинг таъсирланиш ва фикрлаш йўсинимиз бўлакча. Ш.Раҳмон испанлар ҳаёт тарзи, фикрлаш борасидаги ўзига хосликни нозик илғаб, уни ўзбекчада ҳам бера билган. Неча юзйилликлар мобайнида қутурган буқа билан одам ўртасидаги аёвсиз жанг ифодаси бўлмиш коррида томошаси руҳида ўсган, мотадорларга чексиз ҳавас билан қарайдиган испанлар учун сойдаги йирик тўлқинларнинг новвосларга, ҳар тўлқинда ўйноқлаб ётган ҳилолнинг унинг мугизларига ўхшаши, тўлқинлар оғушида қувнаб чўмилаётган болаларни “туртиб сузиши” табиий қабул қилинади. Шавкат ана шу табиийликни шеърнинг таржимасида ҳам бера билган.
Хуллас, Шавкат Раҳмоннинг таржимонлик фаолияти ҳам унинг шоирлиги каби ёниқ юрак алангаси маҳсули эди.
Ш.Раҳмон ўзини аямайдиган, зиммасидаги юкини енгиллатишни ўйламайдиган йўл аҳлидан эди. Шунгамикин, у ёлғон дунёни жуда вақтли ташлаб кетди. Аммо, яхшиямки, умр фақат яшалган йиллардан иборат эмас. Қилган амаллар ҳисоб экан. Бир вақтлар Шавкат Раҳмон элликка кирганлар ҳақида ёзганди:
Бир нечта юзи бор…
Хатар чоғида
юзин алмаштирар худди терликдай,
зиён-заҳмат кўрмай, баҳор боғидай –
бир кун кириб келди элликка.
Бу мисралар унинг элликка кирган ва ундан ошиб кетган жўраларини, эрта бир кун элликка кирадиган иниларини одам деган улуғ номга муносиброқ яшашга ундаб туради. Чинакам ижодкор башоратчи бўлади. У хоҳлаб-хоҳламай, ўз бахтини ҳам, бахтсизлигини ҳам башорат қила билади. Негаки, у ғайб олами билан сирдош, ўша ёқнинг вакили. Шу боис ҳам ернинг ташвишлари, рўзғорнинг муаммолари уларни камроқ безовта қилади. Улар ўз юксак маъволарида яшай билганликлари учун ҳам баланддирлар. Яхшиямки, оламда қалби буюрганидай яшай оладиган, тўсиқларга қарамай кўзлаган манзилига интилаверадиган ўжар зотлар бор. Бу серғавғо дунё шундайлар елкасида турибди.
Шавкат Раҳмондаги баланд руҳ, эркин кўнгил атрофга тийрак назар билан ҳушёр қараш имконини беради. Руҳ уйғоқлиги, кўнгил эркинлиги шоирга кутилмаган ташбиҳларни тақдим этади. Руҳи қолипда бўлган кишининг фикри ҳам, туйғулари ҳам бўғовда ва унинг яратиқлари эса озодликда ҳам қафасда бўлади. Чунки фикр ҳам, туйғу ҳам яратиқ сифатида яратувчисининг қандайлигига боғлиқ. Шавкат эркин руҳ кишиси ўлароқ тортган жафолари, туйган руҳий изтиробларига қарамай некбин бўлиб, эзгуликка умид билан яшай олди:
…Бироқ ерда мангу яшайдир
кўҳна юзим, ўйчан кўзларим,
демак, ўлмас бу дунёда ҳеч
Худо берган эзгу сўзларим…
Ўтюрак шоир ва дилбар шахс Шавкат Раҳмоннинг эзгу сўзлари мангу яшаш хусусиятига эга!
Қозоқбой Йўлдош, педагогика фанлари доктори, профессор
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2020 йил, 9-сон