Қозоқбой Йўлдош. Ижодкор оламига сафар (2018 йилда чоп этилган шеърий тўпламлар тўғрисида)

2018 йилда босиб чиқарилган китоблардаги шеър­лар тўғрисида умумлаштириб айтганда, уларни шоирлар­нинг ўз ички оламига қилган сафарлари маҳсули дейиш мумкин. Олдинлари шоирларимиз кўпроқ ташқарига қарар, ундан таъсирланар ва битикларида ҳам уни акс эттирарди. Эндиликда шоирларнинг поэтик назари ўзига, ўзининг ҳам ички дунёсига қаратилмоқда. Ижодкорнинг ичидаги микродунёси ташқаридаги макродунёдан кўра бепоён ва чексизроқ экани шеърларига кўчмоқда.
Маълумки, шеърга безовта юракнинг маҳсули деб қаралади. Бултурги шеърий китоблардаги битикларга эса безовталик эмас, қандайдир хотиржамлик хос. Шоирлар ўзларини ҳар сари уравермайди, нима қилмоқчили­гини яхши биладиган одамлардай тутади ўзини. Улар инсондай яшаш учун йўл излаш лозимлигини, бу йўл ҳар кимнинг нақ ўз юрагидан ўтишини яхши билади ва юракка йўл солишга хотиржам тадорик кўришади. Бундай хотиржамлик тақдирга тан берган, тасодиф йўқлигию, ягона Ёр ҳамиша йўлдошлигига ишонган кишида бўлади.
Бултур чиққан шеър китоблар орасида машҳур шоир Усмон Азимнинг «Коллаж» тарзида номланган асари алоҳида ўрин тутади. «Коллаж» дегани турли сув­ратларни ёпиштириш орқали янги бир сувратли манзарани юзага келтиришдир. Уни мозаиканинг фото кўриниши деса бўлади. Азалдан фавқулодда образлар, кутилмаган ташбиҳлар, чийратма ифодалар устаси бўлган Усмон бу китобидаги шеърларида тириклик, кечирилган умр мазмуни ҳақида чу­қур ўйга толган мутафаккир сифатида намоён бўлган. Айни вақтда у битикларида акс этган фикр ва туйғуларнинг ифода йўсинини сезиларли янгилаётир. Шоир «Чақалоқ заминни кечага ўраб, беланчак шамолда тебратади куз» сатрлари билан бошланган шеърида умр кузидаги ҳолатини шундай акс эттиради:

Кузлигим муборак ўзимга! Ёнди
Эту суягимнинг ҳар бир зарраси!
Кулларим соврилди, фақат руҳ қолди,
Узун бу умримдан узун «уҳ» қолди –
Қайнаган онгимнинг пинҳон наъраси.
Куз аро бораман. Тақдир дастида
Ҳаёту ўлимга бош эгмиш юрак.
Ёмон ўтмагандай умрим аслида:
Ярашиб яшадим ернинг устида,
Ернинг тагига ҳам ярашсам керак.

Шеърдаги парадоксал мантиқ ва фавқулодда ифодадан ташқари, товушлар такроридан жуда ўринли фойдаланилгани битикка ўзгача жозиба берган.
Усмоннинг китобдаги шеърлари тўғрисида сўз­лаш қийин. Уларни фақат ўқиш керакдай. Чунки одатий мантиққина сўзга кўчади. Кутилмаган қарашлар кутилмаган ифодани тақозо қилади. «Бир ҳодиса ва бир тахмин» шеъри ана шундай битиклардан:

Кичкина идоранинг кичкина ходими
Маҳмуд вафот этганда, роса эркалатишди.
Ювиб-тарашди аввал
(бундай эъзоздан марҳум роса уялди!)
Йиғлаб ҳам туришди бошида
(ўзининг ҳам йиғлагиси келди Маҳмуднинг),
Худди байрамлардагидек оппоқ матоларга ўрашди
Барча сукутда, қўллар қовуштирилган…
Сўнг (ишонасизми!)
Елкаларида кўтариб кетишди уни
Жуда таъсирланди Маҳмуд,
қайта яшагиси келди:
– Ўлим керак эмас, сиз билан яшайман дегиси келди
Маҳмуднинг.
Аммо ҳеч нарса демади,
Миқ этмасдан кетаверди
Чунки Маҳмуд жуда тажрибали,
Жуда ақлли (бекорга ўлмаган!):
У жуда яхши билади – бундай бахтли кун
Инсонга бир бор насиб этгусидир.

Бу шеър кишини чуқур ўйга толдиради. Пичинг, изтироб, рамз ва ишора уйғун акс этган бу шеърда одатдаги тасвирий унсурлар йўқлигига қарамай, ўзгача поэтик руҳ борлиги кишини ҳайратга солади.
Бошқа бир шеърида ҳам шоир кўрилган нарсадан кўрилмаган хулоса чиқаради:

Уй бахт билан тўла
Бахтга ҳеч ким эътибор ҳам бермайди,
Бу эътиборсизликдан негадир каттарар бахт.
Бу эътиборсизликдан негадир яна чарақлар.
Хуллас, уй бахт билан тўла
Аммо уни ҳеч ким кўрмайди.
Худди шундай! Бахт йўқлигида кўринади, холос.

Айтилганидай, шоир қофия, туроқ сингари тасвирий унсурларга эътибор қилмайди. Худди ҳаётий эътиборсизлик бахтни каттартгани каби поэтик эътиборсизлик ҳам шеърга жозиба беради.
Шарифа Салимованинг «Бедор тун томчилари» китобига кирган шеърларда ўз кўнгли билан сирлашаётган аёл ўй-хаёллари, туйғулари акс этган. Шоира табиатни одам, одамни табиат орқали кўрсатишга интилади. «Кузак титроғини сезади гуллар» шеъридаги

Куз сувлари оқар. Хаёлчан, хомуш,
Интизор қирғоққа ташламай назар.
Хазонли йўлакда бўлиб фаромуш,
Куз қадам ташлайди маъюс, саросар.

Шеърдаги маъюс оҳанг тасвирга самимият ва жозиба бағишлаган. Куз сувларининг хаёлчан, хомуш оқиши тасвири ҳам ҳаққонийлиги, ҳам мусиқийлиги билан шеърхонни ром этади. Шарифа шеърий экспериментларга ўч эмас, у анъаналар бағрида янгиликлар яратишга уринади. Тасвирдаги самимият, кўнгил ҳолатининг чин манзараси унинг шеърларига жон бағишлайди:

Бир кунгина мени оташ бўлиб сев,
Бир кунгина мени кўкларга кўтар.
Мен тутун қайтарган кунлардан бездим,
Миннату хўрликлар жонимдан ўтар.

Бу нидоларда кўнгил мамлакатини обод, осмонини юксак кўришни истаган шоирона қалб титроқлари ўз аксини топган.
Азим Суюннинг «Эй дўст ёхуд Азимнома» китоби 1077 шеърий ва икки юздан ошиқ насрий қайирмаларни ўз ичига олади. «Қайирма» сўзи обдон етилган, тобига келган нарса, иш, ҳаракат, амал маъноларини англатади. Қайирма­нинг ўзагида «қайиш»лик, яъни пишиқлик, пухталик маъноси ҳам бор. Шоирнинг шеърий қайирмалари ҳикматларга ўхшаб кетади. Чунки улар – ет­мишдан ошган оқсоқолнинг фикру туйғулари маҳсули. Азим Суюн ўқирманга ақл ўргатмайди, уни кўнглига юзлаштиради. Қайирмаларда баъзан катта ҳаёт йўлини босиб ўтган кишининг тўхтамлари ифодаланса, гоҳида борлиқнинг турфа ҳолатидан ҳайратлари муҳрланади:

Эй дўст!
Оқ бўйнига қора сочи ўралган,
Бир ўрами оқ тўшида таралган.
Бир хилқатким мармар ҳовуз бўйида
Ҳовуз бўйни унга қараб буралган.

Бу сатрларда ҳолатнинг турғун сурати эмас, балки шоир кечинмалари динамикаси акс этган. Унда ахборот эмас, жараён акс этган. Чинакам гўзалликка лол бўлиб, қарайверганидан бўйни буралган ҳовуз ҳолати ифодаси ўқирманни руҳий мувозанатдан чиқаради.
Ижодда бир хиллик ва такрор таназзулга элтади. Бутун бошли китобнинг фақат «қайирма»лардан иборатлиги ўқирманни зериктириб қўйиши мумкин эди. Шоирнинг сўзни «қайирма» қилиб қўллай олиш маҳорати сиртдан бир хил кўринган шеърларнинг ички қурилиши, поэтик мазмунида қайтариқ бўлмаслигини таъминлаган. Шоир ҳар бир шеърда янгидан-янги руҳий ҳолатларни сувратлантирган. У қайирманинг торгина майдонида эркин ҳаракатланиб, ранг-баранг сезимларни жилолантирган:

Эй дўст!
Саркаш кўклам эди, мен ва ёр икков,
Бир қирда турардик елвагай, лов-лов.
Ёмғир ёғиб берди, ёрга қарадим,
Ёмғирда ёнарди гулбадан олов.

Ёмғирда лов-лов ёнаётган гулбадан ёғ­дусидан кўзлари қамашсада, руҳи тиниқ ошиқ ҳолати акс этган ушбу қайирмага берилган ҳар қандай изоҳ мўъжизавий бу ҳолатнинг гўзал поэтик тасвирини фақат хиралаштиради.
Некбин туйғулар эгаси Азим Суюннинг эзгулик тантанасига ишончи қайирмаларда ҳам ёрқин акс этган:

Эй дўст!
Бир назардан эр тузалар,
Шаррос тинар – сел тузалар.
Битта ҳикмат менга аён:
Сўз тузалса, эл тузалар.

Шоир фақат ўз менининг тафтишчиси эмас, амал одами ҳам бўлгани учун қайирмаларга фақат дил изҳори деб қарамайди. Шу боис қайирмаларига эзгуликка иш­онч ва умидбахшлик хос: «Эй дўст! Мен ҳикмат айтаман, арава жилар, Деҳқон кетмонини елкага илар. Тушиб кетар жаллод қўлидан болта, Ҳукмдор адолат либосин кияр».
Абдумажид Азимнинг «Қадр кечаси» китобидаги бир шеърда покиза туйғуларга тўла болалик чоғи қўмсалган: ўн бандлик шеърнинг биринчи тўртлигида юртидан, болалигидан узоқлашган киши туйғулари: «Шопирганча хас-хазонни, қилиб нола, Урилади шамол ойна тўшларига. Адирларда сурув қувлаб юрган бола, Кечалари кириб чиқар тушларига», йўсинида акс этади. Қўмсаш руҳи сўнгги ўнинчи бандда ҳам пасаймайди:

Бир кимсани қидиргандай чекиб нола,
Шошқин шамол увуллайди кечалари.
Шудгорларда қўй излайди ўша бола,
Лойга ботиб этигининг ўкчалари.

Бу сатрларда қайтиб келмас покиза болаликни со­ғиниб ичиккан одам туйғулари акс этган.
Шоирнинг бошқа бир шеърида босиб ўтган умр йўли тўғрисида ўйга ботган одам ҳолати ўзгача шаклда ифода этилади:

Фалакларга нигоҳимни тиккан эдим,
Юракларга армонларни эккан эдим,
Ажриқдай тошни ёриб чиққан эдим,
Кунларимни сомон каби йиққан эдим,
Йиғиб барин битта қопга тиққан эдим,
Эккан эдим, йиққан эдим, тиққан эдим.

Шеър мисраларида акс этган асосий ҳолатни ифодаловчи сўзларнинг сўнгги сатрга йиғилгани битикка ўзгача оҳанг ва оҳор бахш этиб, тасвирдан келиб чиқадиган поэтик маънони кучайтирган.
Сермаҳсул ижодкор Замира Рўзиеванинг «Рўш­нолик» китобининг номидаёқ шукроналик бор. «Севсанг, жонинг арзон бўлар ишқингдан, Руҳингда райҳонлар унар ашкингдан» сатрларида каттагина ёшда, ҳатто ҳаж амалларини ҳам ўтаб келган Замиранинг ижодидаги руҳ навқиронлиги сезилади. Шоиранинг номсиз бир шеърида висолсиз севги фожиаси ўта таъсирли акс этган:

Сизни топиб, Сизга етмаган
Туйғуларга жоним талошдир.
Шабнам эмас баргда титраган,
Кўзларимдан тўкилган ёшдир.
Оғриқ оққан томирим ёнар,
Куюк исда сирларим фошдир.
Чалкаш чизиқ пешонам қонар,
Ишқ деб уриб олганим тошдир.
Ва…
Сиз…
Бу бор дарддан бехабар
Кўнглингизда қай қаламқошдир.
Бизни авраб айирган шаҳар –
Бири Анжан… ва бири Шошдир.

Битикда севгувчи кўнгилнинг самимий туй­ғулари бетакрор ва табиий ифодаланган. Шеърда тасвирлана­ётган андуҳларнинг аёлга хослиги сезилиб тургани муаллиф маҳорати белгиси. «Кўзларимдан тўкилган ёшдир», «Куюк исда сирларим фошдир» сингари мисралар аёл кўнгли нолалари экани сабаб таъсирлидир.
Ёш шоир Жўрабек Жаҳоннинг «Кўнгил пойтахти» китобидаги шеърларида ўзига хос поэтик нигоҳ сезилиб турибди. «Туғилиш» шеърида тасвир ўқирманлар кўниккан йўналишдан ўзгача тус олган:

Бугун охирги кун,
Барига шайман.
Фариштам, видонинг тотини туйгин.
Энди кўкда эмас, ерда яшайман,
Қалбимни тўлдириб ишқингдан қуйгин.
Мана фурсат етди,
Мана, вақт етди,
Кўксимда нимадир ураётир ниш.
Кўзимга кўп нарса кўриниб кетди,
Бунча азоб экан, азоб –
ТУҒИЛИШ.

Жўрабек табиат ҳодисаларини жонлантириб ва шахс­лантириб таъсирли бадиий ҳолат яратади. Унинг «Тун. Тиқ-тиқ. Деразамни чертиб йиғлайди ёмғир» тарзида бошланадиган шеъридаги ўзгаришлар динамикаси ошиқ фожиаси даражасига мувозий тасвирланади: «Ёмғир ўгит қилди айланиб қорга: Ишонма, ишонма, сен у дилдорга» «Энди бошим узра ёғар эди дўл: Баттар бўл! Баттар бўл! Баттар бўл!» тўпламдаги кўпчилик шеърлар шоирнинг шаклий-ифодавий изланишлари мевасидир.
Шоир Муҳиддин Омоннинг етти фаслдан иборат «Ўртамизда ишқнинг гулхани» китобига кирган шеърларнинг кўпчилигида ўзи, атрофидаги одамлар ва олам ҳақида ўйлаётган киши ҳолати акс этган. Шоир «Ҳар нарса фонийдир…» деб бошланадиган шеърида ёзади:

Ҳар нарса фонийдир, йўқликнинг хасми,
Ям-яшил япроқнинг қисмати хазон.
Гар бугун тилимда висолнинг васфи,
Эртага умримда ҳокимдир ҳижрон.
Келганлар кетажак, кетганлар қайтмас,
Умр дарёсининг ўзани нишаб.
Ажабки, ҳеч кимса тўйдим, деб айтмас,
Ҳаттоки, қўйсада юз йилни яшаб.
Мен ҳам бир дарёдек оқиб ўтарман,
Баҳоримда тошиб, кузларда сокин.
Бахт сўраб кўкларга боқиб ўтарман,
Кун келиб тўлдиргум аждодлар хокин.
Балки кимдир йўқлар, кимдир сўрагай:
«Қандай яшаб ўтди Муҳиддин Омон?»
Шунда айтаверинг хижолат бўлмай:
Унинг ҳар сатрида умри намоён.
Шоир ҳам биз каби туғилди, ўсди,
Унга ҳам инсоний барча қусур хос.
Фақат ҲАҚИҚАТнинг эди чин дўсти,
Фақат у ОШИҚдек яшади, холос.

Китобдан жой олган деярли барча шеърлар – ошиқона дил изҳорлари. Муҳиддин севгига кўнгилни уйғотиб, ошиқни юксалтирадиган қудрат сифатида қарайди.
Таниқли шоир Сирожиддин Рауфнинг «Муаллақ чексизлик» китобидаги «Бугуннинг одами» шеърида давр одамларига хос ўртоқ сифат жуда топиб тасвирланган:

Бугуннинг одами вазмин ва ўйчан,
Кўпнинг бахти учун Ҳаққа юкинган.

Тўпламдаги кўпчилик шеърларда шоирнинг «Бу қандай ишқ, билмадим, ё Раб, Оташидан кўзимда ёшлар. Узоқлашсам қоламан музлаб, Яқинлашсам куйдириб ташлар» тўртлигидаги моҳият акс этган. Уларда севги қудрати, унинг яшатиш, яшнатиш ва яшартириш қуввати тасвирига кўп ўрин берилган. Бу жиҳатдан «Севги» шеъридаги қуйидаги мисралар диққатни тортади:

Кўнглингнинг тўлмоғи мушкул тобора,
Олақуроқ туйғу, ҳислар, сезгилар
Кўнгил оромига бўлолмас чора!
Севгингни майдалар майда севгилар…

Севгидай буюк ва муқаддас тушунчанинг майдаланмаслиги, улуғ тушунчаларга улкан ёндашув­лар бўлишини шоир орзулайди.
С. Рауфнинг «Ҳасби ҳол» шеърида шоирнинг босиб ўтган йўли, ҳаётдаги ўрни ҳақидаги ҳаққоний ўйлари ифода этилади: «Баҳорни англамай ёзга етибман, Умрим боғларида ғимирлар кузак. Ўзимдан шунчалар олис кетибман, Бамисли ҳавога тўйинган пуфак. Осмоннинг четида шафақлар саржин, Кунга қўл силкитиб тун оғаётир. Қалбимда бир ҳадик, хавотир парчин, Тун менинг наздимда тунд оғаётир».
Мураккаб тимсоллар, серқатлам рамзлар билан фикрлашга мойил Гўзал Бегимнинг «Ёки» тарзида ғалати номланган тўпламидан шоиранинг оламни ўзига хос кўриши натижаси бўлган шеърлари ўрин олган. Ҳар кимнинг ҳам хаёлига келмайдиган ташбиҳлар, фав­қулодда образлар, кутилмаган ифодалар ҳар бир шеърда кўзга ташланади. Тўққиз шеърни ўз ичига олган «Ҳали бу ҳаммаси эмас» туркумидаги битиклар тасвирнинг инжалиги билан ажралиб туради:

Қўлдан тушиб кетди юрагим,
Думалади яқин-узоққа.
Келаяпти киприк тирагим
Қароғимга сиғмаган боққа.
Бармоғимни гар қисирлатсам,
Бўшатади япроқлар ерни.
Ипак кўнглим бир қиқирласа,
Титратади шу ярим шарни.
Ҳали ҳаммасимас, кетмайман,
Юрагингда ер қимирлатмай.
Соялар жарангин элтгайман,
Сирқирайди қалбимда шу най.

Бу сатрлардаги образлар кўлами ва шоира­нинг ўз туйғулари қудратига ишончи мустаҳкамлиги сабаб ўқирманни ҳайратга солади. Лирик қаҳрамоннинг кипригини боғдаги оғочларга тиргович қилмоқчи, кўнглининг қиқирлаши билан ярим шарга титроқ солмоқчи, ошиқ ю­рагида зилзила қўптирмоқчи ва соялар жарангини элтмоқчи бўлгани тасвирларидаги поэтик ғулу битик жозибадорлигини оширган.
Гўзал – поэтик тажрибаларга ўч шоира. У айрим шеърларидаги барча мисраларни «қанийди», «ёки» сўзлари билан бошлайди. Бундай шеърла­рида ҳам у фақат шаклга маҳлиё, такрорлар мусиқасига андармон бўлиб қолмайди. Битикларига бадиий юк орта билади: «Қанийди юрагингдаги олмаларга қурт тушмаган бўлса, Қанийди юрагимдаги олма тишланмаган бўлса», – деб ёзади. Китобга номи чиқарилган шеъридаги

Ёки сув
ёки сувдаги жароҳат
ёки сувга чўкиб кетган туйғулар
ёки денгизнинг денгиз ҳақидаги ўйи
ёки бармоқ изи кул остидаги

сатрлари ўқирманни ўйлантиради. Бири ўн икки бири йигирма қаторли бу икки шеърнинг бирор ўрнида тиниш белгиси ишлатилмаган. Бу ҳол уларни ҳар бир шеърхон ўз оҳангига солиб ўқий олишига имкон беради.
Самарқандлик шоир Хуршид Нурулланинг «Беш фасл ва юрт васфи» китоби композицион тузилишига кўра ўзига хос: ундаги шеърлар тўпламнинг номига мувофиқ равишда табиатнинг тўрт фасли ҳамда «Ошиқлар дунёда битта қабила» ва «Ўзбекистон – мукаммал диёр» сингари икки бўлимдан жой олган. Хуршид кўкламни ғоят севади ва жуда чиройли тасвирлайди. Уни­нг «Кўклам ташбиҳлари» шеърида бу гўзал фаслга хос хусусиятлар ғоят оригинал акс эттирилган:

Қуёш мағлубиятни тан олмаган ҳеч,
Уч кунлик қамалдан туман кўрмас наф.
Секин тарк этаркан борлиқни илинж,
Уфқда алп тоғлар торта бошлар саф.
Қўрқувдан дарахтни босган совуқ тер,
Балдоққа ўхшайди бутоқда томчи.

Кўклам манзарасининг маҳорат билан тасвирланиши ўз ҳолича гўзаллик яратади ва ўқирман кўнглига завқ бағишлайди. Лекин шоир бу билан кифояланмайди, балки ундан қўшимча поэтик маъно чиқаришга уринади ва «Муҳаббатга ўхшар баҳор деган сўз» мисраси орқали бунга эришади ҳам.
Хуршид Нурилла фақат табиат кўринишлари тасвирида эмас, балки ижтимоий муносабатлар ифодасида ҳам ўзига хос йўлдан боради. Жумладан, «Хижолатпазлик» деб номланган шеърда ватан ҳақидаги ўйларини бирор ижодкорга ўхшамаган йўсинда ифода этади:

Ватан ҳақида шеър ёзгим келса,
Аввал,
Хаёлим кўкида қуёшдек порлар
…Бир кун кўрмаса, мени соғинадиган онам,
Янгам чизган чизиқдан чиқмаган акам,
Бойлик сўқир қилган укам,
Ва кундан кунга онамга ўхшаб бораётган синглим.
Сўнг ўзимни ўйлаб хижолат чекаман.
Кундан бир сонияни онамга бағишламаганимдан,
Фарзандимни олий маълумотли қилолмаганимдан,
Даволатмаганимдан укам кўзини.
Жавоб беришга тайёр эмаслигимдан
Ватан учун нима қилдинг деган сўроққа.

Ватанни улуғлашга доир бирорта кўтаринки сўз айтмай, биронта чақириқ қилмай, ғоят маиший-рўзғорий тасвирлар орқали ота юрт олдидаги мангу қарз­дорликни бир қадар прозаизм аралаш йўл билан ифодалаш шеърият тажрибасида кўп учрамайдиган ҳодиса.
Саломат Дадаеванинг «Саодат» номли китобидаги шеърлар орасидаги:

Уфқнинг юракдай чегараси йўқ,
Англаб ололмайсан уни дафъатан.
Сўлим табиатнинг ҳар заррасида,
Ўзлигин эслатиб туради Ватан

сингари ўзига хос сатрлар эътиборни тортади. Шоира ча­қириғу ундовларсиз ҳам ватан тўғрисида жуда кўримли кўркам сўз битган. Саломатнинг: «Ҳавода учади нафис мезонлар, Армондай ила­шиб қошу киприкка. Қуёшнинг юзини тўсади булут, Соғинчлар ўхшайди узун кўприкка» тарзидаги мисралари ҳам таъсирчанлиги билан диққатга лойиқдир.
Ўз ижодий кредосини «Мен танлаган йўлим – буюк ғам» деб белгилаган шоира Алиянинг «Мактуб» номли китоби кўнгил пучмоқларидаги энг нафис, энг яширин туйғулар ифодаси бўлган шеърларни ўз ичига олган. Шоира Аллоҳ унинг тилига «қуёш бағрида оловларни ёқишга қодир» сўз берганидан ифтихор туяди ва ана шу сўз билан би­тилган мактубни ёр бугуноқ ўқишини истайди:

Гулдан тўкиб субҳий ғуборни
Гул умрим шу соатларида
Юрагимни сизга юбордим
Капалакнинг қанотларида…
Бугун ўқинг…

Бу илтижо – бежизга эмас: хат капалак қанотига ёзилган. Капалак эса бир кунгина яшайди. Демак, унинг қанотидаги мактуб умри жуда қисқа. Севгида пайсалга солиб бўлмайди.
Алия шеърий экспериментларга қизиқади. Нимани ёзиш эмас, қандай ёзишни ҳам кўп ўйлайди. Унинг «Сенсиз кунлар» деб аталган йигирма олти қаторлик шеърининг ярмидан кўпи фақат атов гаплардан иборат. Телеграмма усулида битилган бу шеърда одатдаги мусиқийлик йўқ. Ўқирман ҳар сўзда бир тўхталишга мажбур. Бир тўхталиш бир ўйланиш демакдир. Ўйланиш эса моҳиятни анг­лаш йўли:

Тонг. Уйғониш. Нонушта. Ишга.
Кундуз. Уйга. Тушлик ва қайтув.
Оқшом. Уйга. Дастурхон. Кино.
Тун. Минг ўйга уланган уйқу.

Тўқиниб-тўқиниб ўқиладиган бу шеър севгисиз кунларнинг ғариблигини кўрсатишга хизмат қилади.
Шунга ўхшаш иқрор бухоролик ёш шоира Мадина Бахшиллоеванинг «Ишқ нури» китобидаги «Сенинг юрагингда…» шеърида ҳам учрайди:

Сенинг юрагингда яшаш бахт ахир,
Кўнглингга яширган энг хуш мавоман.
Эй, ишқнинг сарвари, бил, менинг учун
Сен Одам Атосан, Одам Атосан!

Бу ҳол қавариқ туйғулар ўхшашлиги қавариқ ифодалар ўхшашлигини ҳам келтириб чиқариши мумкин эканлигини кўрсатади.
Мадина – ишқ билан оғриган юраклар куйчиси. У ошиқ дардини теран ҳис қилгани учун дардманни эмламоқ истайди: «Кўксингда осмоннинг гули бор, Осмонлар нақадар бетакрор. Кўксимда кўнглингнинг изи бор, Юрагим бахтиёр. Бахтиёр! Қорларнинг ҳиди бор дардингда, Дардларинг қорданда беғубор. Азизим, хаёлим – ха­ёлинг, Жимгина ўйлайди беозор». Бу мисраларда дардкашлик туйғуси устувор.
Зилола Яхшиеванинг «Севги соҳили» деб номланган тўпламидаги шеърлар, ўзига хос сами­мий ифода йўсини билан эътиборни тортади. Зилола ишқ оловида ёнмоқдан озорланмайди, йирик туйғуларни бўртиқ ифодалайди:

Кўздай яқин эдик бир-биримизга,
Мен ерга эгилдим, сен кўкка етдинг.
Кутдим қўнғироғинг дақиқа сайин,
Ўн етти ёшимдай олислаб кетдинг.
Кўзимда ҳовучлаб юрганим соғинч,
Ғурурни парчалаб ҳолинг сўраман.
Барча ёзганларим ўзинг ҳақдадир,
Наҳотки, мен сени яхши кўраман?!

Ишқ йўлининг тиканзор экани, севгининг адоқсиз синовлари шоирани изтиробга солади: «Мен кўнглимга юлдузлар экдим, Дедим: «Шеърга овунсин жоним». Гоҳо бўлдим ҳажрдан адо, Гоҳ кўлмакда қолди осмоним». Шоира фожиа замирида кулги кўра билади.
Баъзан Зилоланинг шеърларида тоғларни ўрнидан қўзғатгувчи исён забти акс этади. Шоира «Кетаман» шеърида ёзади: «Ғамларнинг бағридан юлқиниб, Худога ишқдан арз этаман. Истасанг, сувданми, ўтдан топ, Кўнглимни отаман, кетаман. Мен суйсам, мен куйсам, кимга наф? Жонингдан садақа бало даф. Номингга бир дунё шеър атаб, Кўнглимни отаман, кетаман.
Ёш шоира Зарнигор Турсунованинг «Ошуфта гуллар» китобидаги шеърларда унинг ёшидаги одамларга хос йўсинда севги изтироблари куйланган. Шеърлари орасида лирик қаҳрамони ҳолатини табиат манзарасига уйғунлаштира билган, одам руҳияти товланишларини ишонарли акс эттирган ўринлар бор. У «Йиғлолмадим» шеърида ёзади:
Йиғлолмадим аламимдан ҳеч,
Мен учун ҳам йиғлади осмон.
Ғам кўзидан тўкилган ёшлар,
Юрагимга ёғмоқда ҳамон.

«Осмон кўрпаси» деб номланган китоб муаллифи Мукаррама Хушмуродова – ўн саккиз ёшда. Унинг китобидаги айрим шеърларда анча залворли туйғулар акс этган. У «Интизор» шеърида ёзади:

Бошим бориб осмонга тегди,
Дунё сенга етмади бўйим.
Мени телба қилмоқчимисан,
Ҳаловатим ўйлаган ўйим.

«Иккимиздан қолсин аланга» китоби ёзари Нас­рулла Эргаш – кўнглига сафар қилишни, ола­му одамлардан кўра, ўз руҳиятини текширишни ёқ­тирадиган ижодкор. Шеърларининг бирида инсонлик ва шоирлик қисмати борасида чиқарган поэтик тўхтам чинакам ижод фожиага эшлиги ва чинакам одам мангу синовлар оғушида эканини мутлақо ўзгача йўсинда ифода қилади:

Рауф «уф» тортади,
«воҳ» дейди Э. Воҳ.
Сўнгра қобирғамнинг остида
оҳ чекар бир шоир,
чекар Насрул Оҳ…

Асл шеър йўқотишлар эвазига топилишини яхши анг­лаган Насрулла оҳ чекишга руҳан тайёр. Қуйидаги шеърда шоирнинг йўқотишлар эвазига қўлга киритган топилдиғи кўлами акс этади:

ДЎСТИМ МЕНГА ҚИЛАР ХИЁНАТ,
ташлаб кетар содиқ севгилим
ёки халқим тушунмас мени…
Энг гўзал шеър ёзмоғим учун.

Қоидага мувофиқ бултур босилиб чиққан китоб­ларга кирган шеърлардаги камчиликлар ҳақида ҳам бир неча оғиз тўхталиш керак эди. Лекин ҳар бири неча ўнлаб шеърларни ўз ичига олган эллик беш шеърий китобдаги камчиликларни тадқиқ этиш учун алоҳида бир китоб ёзиш керак бўлади.

«Ёшлик» журнали, 2019 йил, 3-сон