Озод Шарафиддинов. Абдурауф Фитрат

Абдурауф Фитрат ўзбек ва тожик халқларининг маданий ривожида салмоқли ўрин тутувчи ёрқин сиймолардан биридир. Унинг тақдири ҳам ғоят фожеали бўлган — у айни бой ҳаётий тажриба орттириб, қалами қайралиб, илҳоми тўлишиб турган бир чоқда Сталин истибдодининг қурбони бўлди. Оқлангандан кейин ҳам кўп йиллар мобайнида унинг асарлари нашр қилинмади, номи қора рўйхатлардан чиқмай келди. Сўнгги йиллардагина қайта қуриш шарофати билан, ошкоралик ва демократиянинг қанот ёза бошлагани туфайли Чўлпон, Элбек ва бошқалар қатори Фитратнинг ҳам баъзи бир асарлари дунё юзини кўрди, адабиётшунослар улар тўғрисида мақолалар эълон қила бошлашди. Булар, албатта, Фитратни адабиётимиз тарихидаги ўзининг қонуний ўрнига қайтариш борасида бошлаган ишларимизнинг дебочаси, холос.

Фитрат курашларга, изланишларга, алданишлар ва кашфиётларга тўла ҳаётий йўлини босиб ўтди. У 1884 йилда Бухорода туғилди, эски мактабда ўқиди, тарих, фалсафа ва адабиётдан чуқур билим олди, араб, форс, турк тилларини мукаммал ўрганди. Айни чоқда, эски мактаб таҳсилини кўрган Фитрат ўзининг таъбири билан айтганда, «мутаассиб руҳоний» бўлиб етишган эди.

XX аср бошида бутун Шарқда бўлгани каби Бухорода ҳам ижтимоий фикрда жиддий уйғониш бошланиб, жадидчилик ҳаракати кучайди. Фитрат ҳам, «ёш бухороликлар» деб ном олган жадидларнинг сўл қанотига қўшилади ва орадан кўп ўтмай — 25 ёшида Туркияга ўқишга кетади. Истамбулда ўтказилган тўрт йиллик ҳаёт, турк маърифатпарварлари, адиб ва шоирларининг ижоди билан танишиш, европача фалсафа ва ижтимоий таълимотлардан ўрганиш Фитратнинг қарашларида кескин бурилиш ясайди — энди у Бухоро ҳаётидаги, Туркистон ҳаётидаги қолоқликларни, бидъат ва хурофатни аниқроқ кўради, жамият ривожига тўсиқ бўлиб ётган кучлар ҳақида теранроқ ўйлай бошлайди. Бу изланишлар Фитратни ислоҳотчилик йўлига олиб келади — у дин билан илмни бирга қўшишга интилади ва ижтимоий тузумни янгилаш ғояларини ўртага ташлайди. Бунда у, айниқса, феодал психологиянинг кўринишларига, диндаги, яшаш тарзидаги маҳдудликка қарши чиқади. Фитратнинг жамиятни ислоҳ этиш ҳақидаги ғоялари «Мунозара» ва «Баёнати сайёҳи ҳинди» деган публицистик рисолаларида ифодаланган. Бу китобнинг иккови ҳам биринчи марта форс тилида Истамбулда нашр қилинган эди. Кейинроқ эса (1913) Самарқандда Маҳмудхўжа Беҳбудий нашриётида А. Н. Кондратьев деган одам таржимасида рус тилида босиб чиқарилади. Бу икки рисола Бухорода ҳам, Туркистонда ҳам ижтимоий фикрнинг ўсишига кучли таъсир қилди.

Фитрат 1913 йилда Бухорога қайтиб, ёш бухороликлар ҳаракатида фаол қатнаша бошлайди ва кейинроқ ошкора тарзда амир Олимхонга қарши кураш йўлига киради. Айни чоқда, у ҳам шоир, ҳам адиб, ҳам адабиётшунос, ҳам муаррих, ҳам тилшунос, ҳам публицист сифатида қалам тебрата бошлайди ва тез орада жамоатчилик ўртасида катта обрў қозонади. 1920 йилда Бухоро халқ республикаси тузилгач, Фитрат янги ҳокимият таркибида бир неча йил маориф ишлари бўйича вазирлик вазифасини бажаради.

Абдурауф Фитратдан бой ва ранг-баранг мерос қолган. Кичкина бир муқаддимада унинг ижодий меросининг ҳамма қирраларини батафсил ёритиш бир ёқда турсин, ҳатто шунчаки санаб чиқиш ҳам амри маҳол. Шунинг учун мен фақат икки масала устидагина тўхтаб ўтаман.

Абдурауф Фитрат ўзига хос, юксак маҳоратли драматург эди. 20-йилларда у ўнга яқин драматик асарлар яратди ва уларнинг ҳаммаси ўша пайтда саҳналаштирилди. Буларнинг маданий ҳаётда катта роль ўйнаганини шундан ҳам кўрса бўладики, ҳар бир асар катта- катта мунозараларга сабаб бўларди ва ҳар гал бу асарлар муносабати билан тарихимиз ҳақида ҳам, адабий мерос ҳақида ҳам, кундалик ишлар тўғрисида ҳам жиддий мулоҳазалар айтиларди. Фитратнинг кўп асарлари тарихий воқеаларга бағишланган бўлиб, уларда тожик ва ўзбек халқларининг қаҳрамонлик анъаналари, чет эл босқинчиларига қарши кураши, эрксеварлиги, адолат ва ҳақиқатга ташналиги тасвирланган. Масалан, Фитратнинг Фирдавсий «Шоҳномаси» асосида ёзилган «Зоҳҳоки морон» фожеаси 1919 йилдаёқ саҳнага қўйилганди. Шундан кейин 1920 йилда унинг «Бегижон», «Чин севиш» каби пьесалари қўйилади. «Чин севиш» ҳинд ҳаётидан олинган бўлиб, унда тараққийпарвар ҳинд ёшларининг ўз ватанларининг мустақиллиги учун кураши, инглиз мустамлакачиларига қарши фаолияти ҳикоя қилинган. Кейинроқ эса бу мавзуда Фитрат яна «Ҳинд ихтилолчилари» драмасини ҳам ёзди. Унинг тарихий драмалари ҳақида гапирганда «Темур соғанаси», «Абулфайзхон», «Арслон» каби асарларини ҳам санаш керак. 20-йилларда ва айниқса, 30-йилларда бу асарларни ғоявий жиҳатдан айблаган мақолалар кўп ёзилди. Уларда муаллиф ўтмишни идеаллаштиришда, миллатчилик ғояларини тарғиб қилишда айбланди. Ҳатто «Ҳинд ихтилолчилари»дан айрим парчалар келтириб инглиз мустамлакачилари ҳақидаги гапни «бу руслар ҳақида айтилган» дейишдан ҳам тоймаган одамлар бўлди. Кейин эса бу мулоҳазаларнинг ҳаммаси Фитратни халқ душмани деб аташга, унинг қатл қилинишини оқлашга хизмат қилди. Мен бу мулоҳазаларни айтар эканман, албатта, бу билан Фитратнинг драмалари ҳар қандай камчиликлардан холи эди демоқчи эмасман. Уларнинг мазмунида ҳам баҳсли ўринлар бўлганидек, бадиий шаклида ҳам муайян нуқсонлар бор. Улар ҳақида истаганча гапириш, танқидий мулоҳаза юритиш мумкин, аммо уларнинг ҳеч қайсиси Фитратга қўрқинчли сиёсий айблар тақашга, унга дўқ қилишга, уни репрессия қилишга асос бермайди. Фитрат санъаткор сифатида ўзи тасвирлаётган воқелик парчаларига мустақил қарашга ҳам, ҳатто адашишга, хато қилишга ҳам ҳаққи бор.

Энди икки оғиз гап унинг илмий асарлари ҳақида. Фитрат ўзбек адабиётшунослигининг отаси бўлган. У классик адабиётимиздаги кўпгина сиймолар ҳақида қўлёзма манбалар асосида биринчи мақолаларни ёзган эди. Масалан, у Бедил, Яссавий, Турди, Машраб ҳақида биринчи мақолаларни эълон қилган, биринчи бўлиб, «Ўзбек адабиётидан намуналар» деган китобни ёзган. Бу китоб 1927 йилда Москвада нашр этилган бўлиб, ўзбек адабиёти ҳақида озми-кўпми системали тасаввур берадиган хрестоматия эди. Бу китоб 20-йилларда Ўзбекистондадам жуда машҳур бўлган, ҳозир ҳам ўзининг илмий қимматини мутлақо йўқотмаган атоқли турк олими Исмоил Ҳикматнинг тўрт жилдлик «Турк адабиёти тарихи» китобидан андоза олиб яратилган. Фитрат мақолалари учун ҳам жуда кўп дакки еган, боши маломатдан чиқмаган эди. Умуман, ўша кезларда, шунингдек, 30-йилларда Чўлпону Фитратларни бир тепиб ўтиш, ўринли-ўринсиз бўлса-да, бир-икки жумла билан ҳақоратлаб, камситиб кетиш «яхши тарбия кўрган» одамлар учун ҳам фарз, ҳам қарз ҳисобланарди. Бунда таъналар асослими-йўқми, мунаққид ҳақиқатан хатога йўл қўйганми-йўқми — бунинг аҳамияти йўқ эди. Жумладан, Яссавий ҳақидаги мақола атрофида шундай бўлган эди. Фитрат бу мақолада ҳам гўё Яссавийни идеаллаштирган, унинг дунёқарашидаги мистикани ва бошқа жиҳатларни кўрмаган ёхуд атайин хаспўшлаган, уни йўқсуллар адабиётининг, яъни янги совет адабиётининг асосчиси деб атаган ва бу билан пролетар адабиётининг ривожига зарба бермоқчи бўлган. Шуниси қизиқки, мақола билан танишсангиз, бу айбларнинг ҳаммаси пуч эканини кўрасиз — Фитрат Яссавийнинг ўзини ҳам, ижодини ҳам жуда яхши билади ва илмий жиҳатдан тўғри очиб беради, унинг зиддиятларини ҳам яхши кўрсатади. Фақат биргина шу мақола эмас, ёхуд фақат адабиёт масалаларига бағишланган тадқиқотлари эмас, Фитратнинг умуммаданият муаммолари ҳақидаги, жумладан,шарқ музикаси тарихига оид ишлари ҳам жуда катта илмий қимматга эга эди ва шарқшунос олимлар доирасида жуда юксак баҳоланарди. Шунинг учун ҳам Ленинград университети Ўрта Осиё олимлари ичида биринчи бўлиб Фитратга профессорлик унвонини берган эди.

Ҳозир эътиборингизга ҳавола қилинаётган икки мақола Фитратнинг илмий меросида марказий ўрин тутмаса-да, унинг услуби ҳақида, Фитрат шахсиятининг баъзи бир қирралари тўғрисида яхши тасаввур беради.

«Тилимиз» деб аталган мақола 1919 йилда «Иштирокиюн» газетасида босилган. У пайтларда Фитрат «Чиғатой гурунги» ташкилотининг етакчиларидан бири эди. Бу ташкилот ҳам сўнгги йилларга қадар ашаддий аксилинқилобчи ташкилот деб баҳоланиб келинди, унинг аъзолари ҳам шунга кўра қўпорувчи, миллатчи, душман одамлар эди. Ҳолбуки, буларнинг бари бекор, «Чиғатой гурунги» ўша даврнинг етук олимларини уюштирган бўлиб, ўзбек тили ва ўзбек адабиётининг ривожи учун қайғурадиган маданий-маърифий тўгарак эди. Кейинги мақоласида Фитрат «Чиғатой гурунги» учун «миллатчилик» хос эди, дейди. Бундаги «миллатчилик» сизни чалғитмай қўя қолсин — 1919 йилда «Миллатчилик» деган сўз 1927 йилдаги ёхуд 1937 йилдаги ва ҳаттоки,ҳозирги пайтдаги «миллатчилик» деган сўздан осмон билан ерча фарқ қиларди. У пайтларда бу сўзга сиёсий тус берилмас, у бор-йўғи халқпарварлик, миллатпарастлик маъносида ишлатиларди. Фитратнинг мақоласи ўзбек тилининг равнақини ўйлаб ёзилган. Ўша вақтда бундай мақола ғоят муҳим қимматга эга эди. Чунки адабий тилимиз жуда ғариблашиб қолган, бошқа чет тиллардан кирган сўзлар ҳисобига анча бузилиш даражасига бориб етган эди. Бунга амин бўлиш учун профессор Боровковнинг кейинроқ ёзилган «1905— 1907 йилларда ўзбек адабий тили» деган китобини эслаш кифоя. Унда конкрет мисоллар билан, газета ва китоблардан олинган беҳисоб намуналар билан тилнинг ночор аҳволи аён кўрсатиб берилган. Шунинг учун 1918—19 йилларда ўзбек тилини софлаштириш, татбиқ кўламини кенгайтириш, унинг ҳамма ички имкониятларини рўёбга чиқариш ғоят муҳим эди. Айтганча, бу вазифа бугун ҳам ўзининг актуаллигини йўқотгани йўқ. Бугун ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши муносабати билан баъзи бир ўртоқлар орқа-олдиларига қарамай тилдаги мавжуд луғатларни бошқалари билан алмаштириш кўйига тушиб қолдилар. Буни билимдонлик билан қилинса — яхши, лекин билиб-билмай қилинадиган бўлса, фойдадан кўра зарари кўп бўлиши мумкин. Мен журналистика факультетида бир эълон ўқидим — «куллиётимиз касаба ташкилоти» деб ёзилипти. Бунда «куллиёт» сўзи «факультет» маъносида қўлланипти. Ҳолбуки, «кулли»нинг маъноси «ҳамма, ҳаммаси» дегани, «куллиёт» эса «тўла асарлар мажмуаси» деган маънони билдиради. «Жомий куллиёти», «Навоий куллиёти» дейиш мумкин, «куллиёт жилдлари» деса бўлади, аммо «куллиёт касаба ташкилоти» деб бўлмайди.

Фитратнинг мақоласига қайтайлик. Унинг биринчи жумласиёқ мақоланинг чуқур бир дард билан ёзилганидан далолат беради.

«Дунёнинг энг бой, энг бахтсиз тили қандай тилдир? Туркча.» Кейин эса муаллиф жуда кўп мисоллар билан, Алишер Навоийнинг «Муҳокаматул луғатайн» каби асарига таяниб туриб, турк тилининг бойлигини далиллаб беради. Кейин эса нима учун бу тилнинг «бахтсизлиги»ни очади. Энг муҳими, бу тилнинг истиқболи ҳақида Фитрат умид ва ишонч билан қалам тебратади, тилга ғамхўрликни элу юртни севиш билан, ватанпарварлик билан боғлайди: «Турк улусини севамиз, лекин тили қабодир, мусиқаси тотсиздир, тарихи қоронғудир деганларнинг ҳам бир-икки таёқ еб қувилмоқлари керакдир».

Энди икки-уч оғиз гап «Ёпишмаган гажжаклар» мақоласи ҳақида. 1929 йилда «Қизил Ўзбекистон» газетасида эълон қилинган бу мақола Бойбўлатовнинг «Ўзбек адабиёти намуналари» китоби тақризига жавоб тарзида ёзилган. Бойбўлатов 20-йилларнинг иккинчи яримида республика матбуотида анча фаол иштирок этган одам. Аммо унинг мақолалари кўпинча шунақа аччиқ- тирсиқ оҳангда ёзилардики, гўё муаллиф уни бутун дунёга зарда қилиб ёзгандай туюларди. Унинг деярлик ҳамма мақолалари фош қилувчилик руҳи билан суғорилган. Бойбўлатов айниқса, адабий мерос масалалари ҳақида кўп ёзган ва бу мақолаларнинг ҳаммасида ўта нигилистик позицияда турган. Фитратнинг мақоласида айтилганидек, у жамики ўтмиш адабиётни «ахлатдан иборат» деб даъво қилган. Бойбўлатовнинг бундай қараши фақат бир-икки мақолада тасодифан кўриниб қолган хато фикрлар эмас, балки унинг дунёқараши, эътиқодининг моҳиятини ташкил қиладиган туб фикр эди. Бунга амин бўлиш учун унинг 30-йилларнинг бошида ёзилган ва рус ҳамда ўзбек тилларида эълон қилинган «Чиғатойизмми ёки пантуркизмми?» деган рисоласини эслаш мумкин. Унда муаллиф узундан-узоқ чалкаш мулоҳазалардан кейин Алишер Навоийни мистик шоир деб, унинг ижодини зарарли деб эълон қилади ва ўтмиш адабиёт ҳақида илиқ гап айтган олимки бор, ҳаммасини пантуркизмда айблайди.Хуллас, Фитрат ана шу сохта олимнинг сохта қарашларини рад қилади ва унинг фикрларининг асоссиз эканини тавозеъ билан, сира қизишмай исботлаб беради. Албатта, бу мақолада олдинга сурилган фикрларнинг баъзи-бирлари бугун эскириб қолган. Жумладан, адабиёт тарихини даврлаштиришга оид фикрлар, ёхуд, «темурийлар савдо сармоясининг манфаатини ифодалаган» деганига ўхшаш тезислар шулар жумласидандир. Шунингдек, мақоланинг айрим жойлари Фитратнинг узлуксиз танқид таъсирида жиндай бўлса-да, муросасозлик йўлига кира бошлаганидан далолат беради. Бунинг учун бу муҳтарам зотни ҳовлиқиб қоралашга ошиқмайлик. У пайтларда фақат Фитрат эмас, бошқа ҳар қандай ижодкорнинг ҳам бундан ўзга иложи йўқ эди. Айтганча, кўп ҳолларда замонга мослашиш ҳам уларни фожеадан асраб қололган эмас.

«Ёпишмаган гажжаклар»нинг яна бир, эҳтимолки, яна бир эмас, асосий қимматли томони шундаки, у Фитратнинг ҳаёт йўли ҳақида, қарашларининг ўзгариши тўғрисида жуда қимматли маълумотлар беради. Жумладан, «Чиғатой гурунги» ҳақидаги маълумотлар ғоят қимматли. Фақат бунда ҳам муаллифнинг «миллатчилик» ҳақидаги мулоҳазаларига бироз танқидий муносабатда бўлмоқ керак.

Ўйлаймизки, бу икки мақола билан танишган журналхон адабиётимиз ва маданиятимизнинг бу улуғ сиймосининг бошқа асарларини ҳам топиб ўқишга ўзида иштиёқ ва рағбат сезар. Ҳар ҳолда, нима бўлганда ҳам бу икки мақола бугунги китобхоннинг адабиётимиз босиб ўтган мушкул ва чигал йўллар ҳақидаги тасаввурини бир даража бўлса-да бойитади.