Бегали Қосимов. Абдулҳамид Чўлпон (1897-1938)

Чўлпон портрети. «Унутилмас сиймолар» (1999) тўпламидан олинди

Чўлпон XX аср ўзбек адабиётининг энг машҳур намояндаларидандир. Унинг ҳаёти ва ижодий фаолияти адабиётимизнинг энг ёрқин саҳифаларидан бирини ташкил қилади. У бадиий ижоднинг деярли ҳамма тури билан фаол шуғулланди. Шеър, ҳикоя, роман, драма, танқид, таржима — ҳаммасида ижод этди. Лекин, биринчи навбатда, янги ўзбек шеъриятининг асосчиси бўлиб тарихга кирди. У анъанавий мумтоз шеъриятимизни ислоҳ қилди. Ундаги сирлилик, қўлетмаслик, тантанаворлик, нуктапардозлик ўрнига самимий, табиий, жонли ифода усулини олиб кирди. Маъшуқа тавсифи ва ҳол шарҳини янги асосларга кўчирди. Воқелик унинг учун ҳам асосий тасвир объекти, ҳам уни баҳолайдиган мезон эди. Шеърият ҳеч қачон кундалик халқ ҳаётига бу қадар яқин кириб бормаган эди. Халқ ҳаётида юз берган ҳар бир ҳодиса унда ўша заҳотиёқ акс садо топди. Ҳар бир ҳодиса Ватан ва Миллатнинг манфаати нуқгаи назаридан ёритилди. Замон қоришиқ эди. Бир томондан, мустабид чор ҳукумати қулаб, тарих мустамлака зулмини тортиб келган миллатларга ўз мустақилликларини ўрнатиш учун буюк бир имкон берди. Айни пайтда, шўролар ижтимоий озодликни, йўқсулпарварликни байроқ қилиб, меҳнаткаш Туркистон қалбини забт этмоқ учун курашни кучайтирдилар. Ва бунга эришдилар. Ҳокимият гарчи большевикларга 1917 йилнинг ноябрида ўтган бўлса-да, унинг ўрнатилиши, табиийки, узоқ ва шиддатли қурашлар остида кечди. Шўролар бу санани, яъни «социализм томон буюк бурилиш»ни 1929 йил деб белгилайдилар. Шунгача бўлган давр ўтиш давридир. Ўтиш даврининг ўз хусусиятлари бор, албатта. Масалан, ўзбек миллий шеърияти ифода ва тимсоллар тизимида ошкораликдан пинҳонийликка, оҳангда эса, кескинликдан муросага томон боргани кўрилади. Шунга кўра, шеъриятимизда 10-йилларда хитоб ва чақириқлар кучли бўлса, 20-йилларда рамзий тимсоллар, имо-ишоралар кўп.

Янги шеър биргина ғоя ва мазмуни эмас, нафосатига кўра ҳам миллий эди. Масалан, арабча, форсча сўзлар ўрнига туркий-ўзбек, эски ўзбек сўзларига эътибор қаратилиши, арабий аруз ўрнига қадим туркий бармоққа мурожаат қилиниши, сарбастнинг кириб келиши бунга далил. Айни пайтда, бу шеърият, шу жумладан, Чўлпон поэзияси, бир томондан, Шарқнинг бой маънавияти анъаналарига суянса, иккинчи томондан Ғарбнинг рангин фалсафасидан, оҳангларидан ҳам озиқ олди. Чўлпон шеърияти Шарқ ва Ғарбни ўзида жамулжам эта олган шеъриятдир.

Чўлпоншунослик

Чўлпон адабиёт саҳнасида кўриниши биланоқ кўзга ташланган ижодкорлардан. Бинобарин, чўлпоншунослик унинг ижоди билан бирга бошланган десак, муболаға бўлмас. Унинг матбуотда эълон килинган биринчи асари эса, мутахассисларимизнинг аниқлашларига қараганда, «Садойи Туркистон»нинг 1914 йил 18 апрель сонида «Абдулҳамид Сулаймоний» имзоси билан босилган «Туркистонли қардошларимизга» шеъридир. Гарчи «Абдулҳамид Сулаймоний» номи 10-йиллардаги матбуот саҳифаларида тез-тез учраб турса-да, у ҳақдаги дастлабки мақолалар 20-йилларнинг бошларида пайдо бўлди. Ва буларнинг биринчиси татар ёзувчиси Зариф Баширий (1888-1962)нинг 1923 йил 4 майда «Туркистон» газетасида шоирнинг илк тўплами «Уйғониш»га ёзилган тақризи эди. Шу йили мазкур газетанинг 10 декабрь сонида мунаққид Вадуд Маҳмуд(1897— 1976)нинг шоирнинг иккинчи шеърий тўплами ҳақидаги «Чўлпоннинг «Булоқлар»и» номли тақризи босилиб чиқди. 1924 йилда татар адабиётшуноси Абдураҳмон Саъдий (1889—1956), 1925 йилда машҳур Абдулла Қодирий у ҳақда ёздилар.

1927 йилда танқидчи Олим Шарафиддинов(1903—1943)нинг «Ўзбек шоирлари. (Чўлпон)» («Қизил Ўзбекистон» газетаси, 14 февраль) мақоласи билан матбуотда шоир ижоди ҳақида катта баҳс очилди. О.Шарафиддинов Чўлпон ижодини илмда эндигина шаклланиб келаётган марксча методология асосида текширади ва унинг асарларига синфий ёндашиб, «Чўлпон бойлар, миллатчи зиёлиларнинг мафкурачисидир, шуларнинг шоиридир», «Чўлпоннинг асарлари босдирилар экан, уни қаттиқ таҳлил қилиб, кучли цензурадан ўтказиб, мувофикларини босиш керак» деган хулосани беради. Унга жавобни ёш Ойбек берди. «Чўлпон шоирни қандай текшириш керак?» деган мақола билан чиқиб, унинг шеърларини мафкура эмас, санъат қонунлари асосида текшириш лозимлигини уқдирди ва русларнинг Пушкинга муносабатини ибрат қилиб келтирди. Баҳсга журналист, партия ва давлат ходимларидан Усмонхон Эшонхўжаев (1898—1938) аралашади. «Мунаққиднинг мунақ-қиди» («Қизил Ўзбекистон» г., 22, 23, 27 июнь) мақоласини ёзиб, Ойбекнинг фикрларини рад этади. Шоирга «дунёқараши йўқ», «таназзулпарвар», «хаёлпараст» деган айбларни ёпиштиради. Улардан «чўлпонизм»ни келтириб чиқаради ва бунинг ёшлар учун ғоят за-рарли эканлигини тушунтиришга тушиб кетади. Ойбек «Мунаққиднинг мунаққиди» мақоласининг эгасига» жавоб (мазкур газета, 23 август) билан чиқади. Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи котиби Акмал Икромов Республика маданият ходимларининг шу йил 4—5 октябрда бўлиб ўтган 2-қурултойидаги «Мафкуравий жабҳадаги кураш ва маданият ходимларининг вазифалари» номли маърузасида баҳсга якун ясайди. О. Шарафиддинов ва Усмонхон фикрларини қўллаш билан чекланмай, «Чўлпонни қайта тарбиялаш мумкинлиги» масаласини ҳам «баҳсли» ҳисоблайди. Шу тариқа, унинг ижоди устидан «зарарли!» деган ҳукм чиқарилади. Чўлпон қурултой ҳайъатига арзнома билан мурожаат қилади, кейинги шеърларида қисман «миллатпарастлик» кайфиятлари бўлганлигини тан олган ҳолда ўзига қўйилаётган барча сиёсий айбларни рад этади. Унга қулоқ солмайдилар ва қурултойдан қувиб чиқарадилар. Машҳур адабиётшунос Озод Шарафилдинов ушбу 1927 йил можаросини «Адабиётшунослик ва танқиднинг манқуртга айланиши» деган кўп йиллик ва кўп пардалик фожианинг биринчи пардаси» деб атайди.

Шундан кейинги ўн йил Чўлпон ва чўлпончиликка қарши кураш билан ўтди. Шўролар ҳукумати уни «фош қилиш»га ўз даврининг деярли барча ижодкор зиёлиларини жалб қилишга муваффақ бўлди. У ҳақда Москвада ўқиб келган ёш Отажон Ҳошимдан тажрибали, дунё кўрган Миёнбузрук Солиҳовгача, йўқсулпарвар танқидчи Анқабой Худойбахтовдан ёзувчи М. Шевердингача ёздилар. Абдураҳмон Саъдий 20-йиллардаги қарашларидан чекиниб, Чўлпонни «ашаддий миллатчи» қилиб кўрсатди. «Ким ўзар»лик мусобақаси шу даражага етдики, унинг ҳали нашр қилинмаган китоблари ҳақида «фош этувчи» сўз айтиб, соврин талашдилар. Ёзувчи Туйғуннинг Чўлпон қамалишидан озгина олдин 1937 йил 22 майда «Ёш ленинчи» газетасида эълон қилган мақоласи шоирнинг босилмасдан изсиз йўқолган «Жўр» номли шеърий тўплами ҳақида эди.

Шу тариқа, бу машъум фожианинг «иккинчи пардаси» (О. Ша-рафиддинов) Чўлпоннинг ҳибсга олиниб, қатл қилиниши билан якунланди.

Ниҳоят, замон айланиб, шўро тизимининг темир мурватлари бир оз дарз кетиб, 1956 йил шабадалари 30-йиллар қатағонларини юмшатгандек бўлди. Чўлпон оқланди. Тезкорлик билан унинг ижодий меросини ўрганувчи беш кишилик (Баҳром Раҳмонов -Ёзувчилар уюшмасининг биринчи котиби — раис; аъзолар: Уйғун, Мирзакалон Исмоилий, Ғулом Каримов, Озод Шарафиддинов) эътиборли ҳайъат тузилди. Лекин иш силжимади. 60-йилларнинг ўрталарида «Ўзбек тили ва адабиёти» журналида шоирнинг уч-тўрт шеъри билан «Шўро ҳукумати ва санойи нафиса» деган мақоласи чиқди-ю, яна ҳамма нарса тақа-тақ тўхтаб қолди. Аксинча, у ҳакдаги фикр ва баҳо деярли олдингидай давом эта-верди. Ҳатто бу борадаги хатти-ҳаракатлар жазолана бошлади. Масалан, 1968 йилда тузилган «Тирик сатрлар» антологияси, биринчи навбатда, Чўлпон шеърларидан намуналар киритилгани учун босмахонадан чиқмай, қатағон қилинди. Ношир ва муҳаррир Марказқўм мақомида муҳокама қилинди. 70-йилларнинг охирида эса, Чўлпон ва унинг замонаси тадқиқига қўл урган Ўзбекистон Фанлар Академияси Тил ва адабиёт институти бошида калтак синди. Ва бу ҳол қайта қуриш ва ошкоралик замонигача давом этди. Ниҳоят, 1988 йилда «Кеча ва кундуз» романи Озод Шарафиддинов сўзбошиси билан «Шарқ юлдузи» журналида эълон қилинди. Бир йил ўтар-ўтмас, «Юлдузча» нашриёти шоирнинг «Баҳорни соғиндим» номи билан мўъжазгина шеърий тўпламини чоп этди. 1991 йилда Ғафур Ғулом нашриёти адибнинг «Яна олдим созимни» номи билан салмоқли китобини босиб чиқарди. Мустақиллик Чўлпон ижодини халққа танитишни янги асосларга кўчирди. «Хазина» илмий-ижодий бирлашмаси 1993 йилдан унинг уч томлик асарлари нашрини бошлади ва шундан иккитаси 1994 йилда нашрдан чикди. «Маънавият» нашриёти шоир таваллудининг 100 йиллигига унинг «Гўзал Туркистон» номли бир шеърий тўпламини эълон қилди. Айни пайтда, у ҳакда кенг кўламда тадқиқотлар ҳам майдонга кела бошлади. Дастлабкилари истиқлолимиз билан изма-из майдонга келди. Булар Озод Шарафиддиновнинг «Чўлпон. Шоир ҳақидаги ривоятлар ва ҳақиқатлар»4, Наим Каримовнинг «Чўлпон» рисолалари эди. Шу йили 3. Эшонова «Чўлпон поэзиясининг ғоявий-бадиий хусусиятлари» мавзуида номзодлик диссертацияси ёқлади. Бир йил ўтгач, Д. Куро-нов «Чўлпоннинг «Кеча ва кундуз» романида характер психологизми» номида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди. 1998 йилда ушбу муаллифнинг «Чўлпон насри поэтикаси» мавзуидаги докторлик иши ёкданди. Шунингдек, унинг адабий-эстетик қарашлари, миллий-поэтик тафаккури, публицистик маҳорати билан боғлиқ қатор диссертациялар ёзилди ва ёзилмоқда. Айни пайтда бир қатор рисолалар, китоблар ҳам нашр қилинди. Тадқиқотчилар орасида Чўлпоннинг ҳассос ва фидойи мухлиси Озод Шарафиддиновнинг хизматларини алоҳида таъкидлаш керак. Олимнинг 1991 йилда нашр этган «Чўлпон» рисоласи у ҳақда қилинаётган ишларнинг мазмун ва йўналишини белгилаб берган китоб бўлди. «Чўлпонни англаш» эса, моҳиятан чўлпоншунослик тарихининг бугунги кун талқинидир. Ёшлардан Чўлпон насри бўйича Д. Қуронов самарали ишламоқда.

2003 йилда Н. Каримовнинг «Чўлпон» маърифий романи «Шарқ» нашриётида босилиб чиқди.

Адибнинг ҳаёти ва ижодини атрофлича ўрганиш ва ҳар томонлама баҳолаш, хусусан, янги ўзбек адабиётининг шаклланиши ва тараққиётидаги ўрнини илмий асослаб бериш ишлари энди бошланмоқда.

Ҳаёт йўли

«Чўлпон» тахаллуси билан шуҳрат топган Абдулҳамид Сулаймон 1897 йилда Андижон шаҳрининг Қатортерак маҳалласида дунёга келди. Отаси Сулаймон Мулла Муҳаммадюнус ўғли (1874—1929) баззоз эди. Баззоз — газламафуруш дегани. Тахмин қилиш мумкинки, оила ўзига тўқ бўлган. Маълумотларга қараганда, Сулаймон баззоз замонасининг кўзи очиқ зиёлиларидан бўлиб, «Расво» тахаллуси билан шеърлар ёзган, ҳатто девон тартиб қилган. Ўғли Чўлпон билан шеърий ёзишмалари бўлганини нақл қиладилар. Хонадонда замоннинг олиму фозиллари тез-тез бўлиб турганлар.

Абдулҳамид дастлаб эски мактабда, сўнг Андижон, Тошкент мадрасаларида ўқийди. Шунингдек, Андижондаги рус-тузем мактабида ҳам таҳсил олган. Ёшликдан матбуот билан танишиб борган.

Бўлажак шоирнинг шаклланишида айрича роль ўйнаган ҳодисалардан бири унинг Заки Валидий (1890-1970) билан танишуви бўлди. 1912 йилда Заки Валидийнинг «Турк ва татар тарихи» деган китоби босилади. Китоб қисқа муддатда катта шуҳрат топади. «Турк юрду» (Туркия), «Таржимон» (Қрим), «Вакт» (Оренбург) мақолалар беради. Машҳур Бартольд муаллифни Петербургга так-лиф этади. Қозон университети тарих ва археология жамиятига аъзо қилиб олади. Туркистондан таниқли маърифатчи Ашурали Зоҳирий ва Қўқон хони оғалиқзодаси Юнусҳожи Оғалиқов Заки Валидий билан яқиндан танишиш ва суҳбатлашиш учун Бошқирдистонга борадилар. Беҳбудий Туркистон тарихини ёзишни биргина унга ишониб топшириш мумкинлигини матбуотда ёзиб чиқади ва ёш олимни Самарқанд мадрасаларига таклиф этади. 15 яшар Абдулҳамид ҳам бу китобни ўқиб чиқади. Таъсирланиб, муаллифига миннатдорчилик мактуби ёзади, Андижонга таклиф этади. Тақдирнинг тақозоси билан Қозон университети Заки Валидийни 1913 йилнинг охирларида Фарғона водийсига илмий сафарга юборади. Олим Андижонда экан, Назир Тўрақул (машҳур Назир Тўрақулов, давлат ва жамоат арбоби) билан бирга Абдулҳамидлар уйида бўлади ва бу алоқа Заки Валидий яширин фаолиятга ўтган 1920 йилга қадар давом этади.

Бошқа омиллар ҳам бўлган. Ёзувчи В. Ян ўз хотираларида («Советская эндиклопедия»да Чўлпон ҳақида мақола ёзиш жараёнида у билан суҳбатлашган эди) шоирнинг отаси уни мударрис қилмоқчи бўлгани, лекин у мадрасада бир дунё кўрган зиёли билан танишиб, фикри тамом ўзгаргани, «адабий-сиёсий ишларга қизғин ҳавас уйғониб», «ўзбек миллий ўқувчиси бўлишга қарор бергани», айни пайтда, барча ёшлар сингари Фитрат таъсирида юргани ҳақида ёзган эди. МХХ архиви ҳужжатларидан ҳам унинг Абдурауф Фитратга алоҳида ихлоси борлиги маълум бўлади. Жумладан, у Фитратни 1913 йилдан ғойибона таниган. Илк бор Самарқандда Фитрат муҳаррирлик қилган «Ҳуррият» таҳририятида учрашганлар. 1919 йилдан бутун фаолиятлари ҳамкорликда, ҳамфикрликда кечган3. Хуллас, Чўлпоннинг матбуотдаги дастлабки шеър ва мақолалари 1914 йилдан кўринади. «Садойи Туркистон» газетаси 1914 йил 14 апрель сонида «15 яшар Абдулҳамид афанди»нинг «Туркистонли қардошларимизга» шеърини муштарийларига ҳавола этар экан, ўқувчиларни «ёшгина қалби ила ёруғлик ва илм-маориф йўлига бошлаган»идан мамнунлигини яширмаган ва унинг келажагига катта умид билдирган эди. Мутахассисларнинг аниқлашларича, «Садойи Туркистон»нинг 1914 йил 29 апрель сонида чоп этилган «Қурбони жаҳолат» ҳикояси Чўлпоннинг биринчи насрий асаридир. Дастлабки асарлари «Абдулҳамид Сулаймон», «Абдулҳамид Сулаймоний» имзолари билан босилди. Сўнгроқ «Қаландар», «Мирзақаландар» ва ниҳоят, «Чўлпон» тахаллуслари билан чиқди. Тарихимизга Чўлион номи билан кирди.

В. Ян юқоридаги хотирасида Чўлпон тилидан унинг мударрис бўлишдан қочиб, Тошкентга келгани ва газета-журналлар таҳририятида юргани айтилади. Ҳар ҳолда у шу йиллари газеталар билан яқин алоқада бўлганига шубҳа йўқ. Заки Валидий унинг 1917—1918 йилларда сиёсий ишлар билан ҳам шуғулланганини, жумладан, Оренбургда Бошкирдистон ҳукумати раисининг котиби лавозимида ишлаганини маълум қилади. Иккинчи бир ўринда «Туркистон ҳукумат аъзоларидан Убайдулла Хўжа ва сафдошлари Мирмуҳсин, шоир Абдулҳамид Сулаймон (Чўлпон), бухороли Абдулҳамид Ориф ўғли шу пайтларда (1918 йил ёзи кўзда тутилади) Бошқирдистонда ишладилар», деб ёзади. Бу маълумотни Бошқирдистон ҳукумати раҳбарининг ўзи келтираётган экан, у ҳар қандай шубҳадан холидир. Шоирнинг машҳур татар ҳурриятпарвари Мулланур Воҳидов (1885-1918) ўлимига бағишлаб шеър ёзиши ҳам бу фикрни тасдиқлайди. Чўлпон, юқоридаги эътирофларига қараганда, 1919 йилда Тошкентда Фитрат ёнида бўлган, «Чиғатой гурунги»да иш олиб борган. 1920 йилнинг августида Бокуда бўлиб ўтган Шарқ халқлари қурултойида иштирок этади.

Адибнинг 1927 йилда ўзбек зиёлиларининг қурултойига ёзган аризасидан шу йиллари ТуркРосТАда, «Иштирокиюн», «Қизил байроқ», «Туркистон», «Бухоро ахбори» газеталарида масъул ла-возимларда ишлагани маълум бўлади. Тахмин қилиш мумкин-ки, у Бухорода Фитрат ҳукумат таркибида ишлаб турган 1920-1923 йилларда хизмат қилган. Зиё Саид унинг бир муддат 1920-1922 йилларда чиқиб турган «Бухоро ахбори»да масъул муҳаррир бўлганини қайд этади. Заки Валидий хотиралари ҳам унинг 1921-1922 йилларда Бухорода яшаганини тасдиқлайди. 1922 йилда Тошкентда чоп этилган «Ўзбек ёш шоирлари» шеърий тўплами (антологияси)да унинг 14 шеъри босилиб чиқади. Шу йили «Уйғониш» номи билан унинг биринчи шеърий тўплами эълон қили-нади. 1923 йилнинг бошларида эса, иккинчи шеърий тўплами «Булоқлар» нашрдан чиқади.

Проф. Озод Шарафиддинов Чўлпоннинг 1924 йилда Москвада Маориф уйи қошидаги ёш ўзбек артистларининг маҳора-тини ошириш учун ташкил қилинган драматик студиянинг адабий эмақдоши ва раҳбарларидан бири бўлганини маълум қилади. Заки Валидий «…сўнг замонларда Москвада адабиёт ва санъат институти ёхуд академиясида ҳам таҳсил олган», дейдики, ҳар икки маълумот моҳиятан бир-бирига яқин. Бу йиллар, дарҳақиқат, Чўлпон учун таҳсил йиллари бўлди. Москва адабий-маданий муҳити билан яқиндан танишди. Театр ва театрчилик сирларини ўрганди. 1926 йилда учинчи шеърий тўплами «Тонг сирлари» ва «Ёрқиной» пьесаси чоп этилди. Бу даврга келиб у замонасининг энг машҳур шоири бўлиб танилди.

Шу тариқа 1927 йил кириб келди. Шўро ҳукумати ижтимоий уйғониш байроғи остида миллий уйғонишга қарши ҳал қилувчи ҳужумга ўтди. Даврнинг биринчи миллий шоири Чўлпон зиёлилар қурултойидан ҳайдаб чиқарилди. Қийин-қистов кунлар бошланди. Асарлари минг бир чиғириққа солинди. Босилган шеърлари устидаги «ур калтак» кучайгандан кучайди. Дастлаб «ғоясиз» дейиш билан чекланилган бўлса, энди уларни «зарарли», муаллифни эса, очиқдан-очиқ «душман» дея бошладилар. Шоир қанд касалига мубтало бўлди. Замон оғирлашиб борди. Боту қамадди. Мунавварқори отилди… Архив ҳужжатларидан маълум бўлишича, 1931 йилда Чўлпон Файзулла Хўжаев томонидан Москвага жўнатиб юборилади ва тадбиркор раҳбар шу йўл билан шоирни бир муддат сақлаб қолади. Чўлпон 1932—1934 йилларда Москвада яшади. СССР Марказий Ижроия Комитети аппаратида таржимон бўлиб ишлади. Бадиий таржима билан ҳам шуғулланди. Шекспирнинг «Ҳамлет», Карло Годдининг «Маликаи Турондот» асарларини таржима қилди. «Кеча ва кундуз» романини ёзди.

У Тошкентга 1935 йилда қайтиб келди. Шоир атрофидаги гап-сўзлар, таҳқир ва таъқиб ҳамон давом этарди. Шуларга қарамай, у буюк бир сабот ва ирода билан оригинал асарлар ёзар, таржималар қилар эди. У машъум 1937 йилга қадар, бор-йўғи 2 йил оралиғида «Кеча ва кундуз» романини ҳамда «Соз» шеърий тўпла-мини нашрдан чиқарди. «Жўр» шеърий тўпламини босмага топширди. Горькийнинг «Она» романини, «Егор Буличев» пьесасини, Пушкиннинг 25 шеъри ва «Дубровский», «Борис Годунов» асарларини, Лоҳутийнинг «Европа сафари»ни таржима қилди.

Чўлпон 1937 йилнинг кузида қамоққа олиниб, 1938 йил 4 октябрда отиб ташланади.

Ижодий мероси

Чўлпон бизга қолдирган адабий меросининг умумий кўлами бир қадар маълум булса-да, улар ҳали бир жойга тўпланиши у ёқда турсин, айримлари аниқланиш босқичида турибди. Шунга қарамасдан, шоир асарлари уч томлигининг нашр қилиниши ва булардан иккитасининг ўқувчилар қўлига текканлиги муҳим ҳодиса бўлиб, муаллиф ижоди ҳақида фикр юритишга бемалол имконият беради. Жумладан, 1-жилдидан шоирнинг «Ўзбек ёш шоирлари» (1922) тўпламига кирган 14 шеъри ва «Уйғониш» (1922), «Булоқлар» (1923), «Тонг сирлари» (1926), «Соз» (1935) ва турли давр матбуотида эълон қилинган шеърлар, жами — 252 шеър ўрин олган. Бу шоир шеърларининг тугал нашри эмас, албатта. Масалан, Б. Дўстқораев босмага тайёрлаган «Гўзал Туркистон» (1997) тўпламида юқоридаги нашрга кирмай қолган шеърлари бор, изоҳлар билан чоп этди. Гоҳ-гоҳ матбуотда янги топилган шеърлари эълон қилиниб турибди. Бу, табиий ҳол, албатта.

Чўлпон носир сифатида ҳам адабиётимизда салмоқли ўрин тутади. Адиб уч жиддлигининг 2-жилдига унинг машҳур «Кеча ва кундуз» романи билан биргалиқда турли даврларда ёзилиб чоп этилган 13 ҳикояси киритилган. Улар орасида 1914 йилда эълон қилинган илк ҳикоялари «Қурбони жаҳолат» ва «Дўхтур Муҳаммадёр»дан совет даврида босилган «Килеўпатра» (1923) гача бор.

«Қурбони жаҳолат»да Эшмурод деган йигитнинг фожиали тақдири ҳикоя қилинади. Эшмурод – ўқимишли йигит, лекин атроф зимистон. Ҳаммаёқда жаҳолат. Ҳатто ўз отаси уни газета ўқигани учун масхара қилади. Мактаб, илм-фан, ибрат олиш деган гапларга миллатнинг тоқати йўқ – Эшмуродга мана шу ташвишлар тинчлик бермайди. Унинг устига бир воқеа юз беради-ю Эшмуроднинг ҳаёти остин-устин бўлиб кетади. Эшмуродларникига унинг ёшликдаги танишларидан Мўминжон келган эди. Кўзини шамғалат қилиб, отасининг соатини ўмариб кетибди. Отасига эса яқин дўсти Назарали сўфи ҳадя қилган эди. Мўминжон кетиши билан изма-из улар кириб келадилар. Гап айланиб соатга келиб тақалади-ю, унинг йўқолгани маълум бўлиб қолади. Изза бўлган ота ўғлига дашном бериш билан кифояланмайди, калтаклайди. Эш-мурод номус кучидан ётиб қолади. Бир ойча ётиб, бир оз тузалгач, қўшниси мингбошининг боғчасига чиқиб, газета варақлаб ўтирганда яна шундай воқеа юз беради. Мингбоши уни газета ўқитиш учун меҳмонхонасига таклиф қилади. Ўйинқароқ ёшлардан бири келиб, бу гал мингбошининг қозиққа осиб қўйилган тилла соатини ўғирлайди ва унинг туҳмати Эшмуродга тушади. Ҳеч бир гап-сўз йўқ, миршаблар бостириб келиб, уни қамамоқчи бўладилар. Буларга чидай олмаган Эшмурод ўзини отиб, нобуд қилади. Бир-икки кундан кейин тафтишлар чоғида ўғри аниқла-нади, лекин вақт кеч эди. Шу тариқа у жаҳолат қурбони бўлади.

Асар бадиий жиҳатдан заиф, албатта: воқеалар сунъий, тил ишланмаган, драматизм ночор ва ҳоказо. Лекин дастлабки ҳикоясидаёқ воқеликни маҳзун, фажеъ идрок этиш, Туркистон муси-батини теран англашга интилиш сезилади.

«Дўхтур Муҳаммадёр»да бир оз нур бор. Муаллиф маърифатчилиги бир қадар ёруғ бўёқларда акс этган. Ҳикоя марказида Муҳаммадёр тақдири туради. У 15 ёшида отаси билан ҳажга бориб, бир дунё саргузаштни бошидан кечирган Ҳожи Аҳмаднинг ўғли. Ҳожи Аҳмад инсон саодати илм-маърифатда эканлигини яхши англайди, бир гуруҳ жоҳил қиморбозлар қўлида жон бераркан, ўғлига ўқишини тайинлайди. Муҳаммадёр отаси қотилларидан ўч олмайди. Ҳаммасига айбдор жаҳолат эканлигини тушуниб етади ва бор кучи билан ўқишга берилади. Жамияти хай-рия воситаси билан дастлаб Бокуда гимназияда, сўнг Петроград университетида, ниҳоят 7 йил Швейдарияда дорилфунуннинг тиббиёт факультетида ўқийди. Юртига қайтиб келиб, билими орқасидан обрў-эътибор топади. Хусусий шифохона очиб, камба-ғалларни текин даволайди. «Ватан» номли журнални, «Хабар» деган газетани йўлга қўяди. Оддий Муҳаммадёрдан «Дўқтур ходими миллат Муҳаммадёр»га айланади.

Муҳаммадёр дўхтургина эмас, қалам эгаси ҳамдир. Петроградда экан, азиз умрлари самарсиз кечаётган мадраса талабалари турмушидан «Умрлик шогирдлар» деган роман ёзади ва рус тилига таржима қилинади. Талабалигининг сўнгги йилида эса, Моск-ва ва Петрограддаги туркистонли масковчи бойлар ҳаётидан «Пойтахт меҳмонлари» номли бир театр китоби ёзиб, «тилсиз», илмсиз, маданиятдан узоқ боёнларимизнинг кўча-кўйда, меҳмонхо-на номерларида ажнабийлар томонидан ҳақорат қилинишларини кўрсатиб беради. Уни ўзи русчага таржима қилади. Пойтахт театрларидан бирини ижарага олиб, талаба ўртоқлари билан саҳнага қўяди. Бош роль – хўжайинни ўзи ўйнаб, олқишлар олади. Кўри-наяптики, Чўлпон XX аср бошидаги Туркистоннинг пешқадам кишиси деганда, замоннинг мана шундай ҳамма масалаларига жавоб бера оладиган, барча жабҳада элнинг корига ярайдиган шахсни тасаввур этади.

Муҳаммадёрнинг барча хатги-ҳаракатларини бошқариб турган куч унинг эл-юртига муҳаббатидир. Бир томонда, пул топиб, ақл топмаган бойларимизнинг ўз сарватларини қимор ва фаҳшга сарфлаб, мол-мулкларининг ажнабий келгиндилар қўлига ўтиб бориши, илмсиз маст-аласт бойваччаларнинг ўзаро талашиб, бурниларидан нарини кўра олмасликлари, иккинчи ёқда, таҳқирлар, ҳақоратлар Муҳаммадёрни қатгиқ изтиробга солади. Дарҳақиқат, унинг наздида миллатни маҳв этган энг буюк иллат жаҳолатдир. У поездда Ватанидан олислаб кетар экан, буюк боболарини кўрган бобо тоғларга қарата нидо қилади. Уларни кўзларини очишга у замон билан баравар қадам ташлашга чақиради:

«Эй ватандошларим! Қачонгача бу ғафлат? Нимага бунча хуш-ёқмассизлар? Ахир, сизлар ҳам одам-ку! Одамлардек ҳаракат қилингизлар! Кўз олдингизға келуб турғон илм ва маърифат мевасидан фойдаланмасдан нимага оғизларингизни очуб қараб турасизлар? Нимага бу ишларга киришмайсизлар? Уйқудан кўз очинглар! Уйқудан қўз очинглар! Урининглар! Илм, маърифат ва ҳунар изланглар! Вақт етди, балки ўтди!»

Узоқ йиллар Европада юриб, Туркистонга қайтар экан, поездда яна ўша эски манзарага дуч келади: «вагон ичида пиш-пиш ухлаган ва билет йўқотуб кандуктўрлардан таёқ еган бетартиб» миллатдошлари… Муҳаммадёр чидай олмай, танбурга чиқади. Кўзига мафтункор ватаннинг манзаралари урилади. Йўқ, булар Швейдариядан мутлақо қолишмайди. Маҳсулдор тупроқларининг эса, Американикидан ҳеч бир камлиги йўқ…

Унинг хаёлидан шулар ўтади: «Халқ ўз фойдасини англаса, миллий мактаб ва мадрасалар очса, Оврупо дорилфунунлариға болаларини юборса, дўқтур, адвокат, муҳаррир ва ҳунарманд, савдогарлар ва муҳандис(инженер)лар чиқса, бунларнинг ҳар бири ўз вазифаларида туруб ишларин тартиби ила юргузсалар ва халқимизнинг фойдасини кузатсалар, нақадар олий ва нақадар гўзал бўлур эди…» Лекин бу хаёллар шу ондаёқ шубҳага ғарқ бўлади, яна жонланади. Агар шундай фикрли одамлар ҳар шаҳарда бўлсалар, албатта, амалга ошади, деб ўйлайди. Ватанига қайтгач, ғайрат билан ишга киришади ва кўп нарсага эришади. Хусусий шифохона ва магазинларга меҳнати, тадбиркорлиги билан қонуний асосларда эришади.

Кўринганидек, ҳикоя маърифий даражада қолган, бадиийликка кўтарилган эмас. Асосий сабаби баёнчилигида. Тасвир деярли йўқ.

20-йилларда нашр этилган ҳикоялари, хусусан, ўзбек аёллари такдиридан сўз очган «Қор қўйнида лола», «Ойдин кечаларда», «Нонушта», «Гавҳарой» каби ҳикоялари бадиий савияси билан 10-йиллардаги асарларидан кескин ажралиб туради.

Чўлпоннинг энг машҳур насрий асари, шубҳасиз, «Кеча ва кундуз» романидир.

Чўлпон театрчилик билан ҳам шуғулланди. Айниқса, Бухоро ва Москвада эканлигида. Бир қатор драмалар ёзди. Мутахассислар унинг «Бой» (1914), «Халил фаранг» (1917), «Ёрқиной» (1920), «Чўпон севгиси», «Чўрининг исёни», «Муштумзўр», «Ўртоқ Қаршибоев», «Ҳужум» (В.Ян билан ҳамкорликда) каби саҳна асарлари ёзганлиги ҳақида маълумотлар берадилар. Лекин, афсуски, уларнинг аксарияти матни йўқ, тақдири номаълум. Айримларининггина мазмуни ва йўналиши ҳақида қайдлар бор. Масалан, Заки Валидий «Чўрининг исёни», «Муштумзўр», «Ўртоқ Каршибоев» ўзбек инқилобий ҳаракати тарихидан олингандир», деб ёзади. «Ҳужум» номидан кўриниб турганидек, хотин-қизлар озодлиги мавзуига бағишланган.

Чўлпон уч жилдлигининг 2-жилдига 1923 йилда чоп этилган «Гуноҳ» номли ихчам бир «кулгу томоша»си билан «Ёрқиной» киритилган. Демак, юқорида номлари келтирилган 8 асарнинг 2 тасининггина матни бор.

«Ёрқиной»нинг 3 жилдликдаги нашри 1926 йилги Москва босмаси асосида амалга оширилган. О.Шарафиддиновнинг аниқлашича, ўзбек драмтеатри репертуарида энг узоқ, салкам ўн йил сақланган асарлардан. Асарнинг марказида Ёрқиной образи туради. У хоннинг саркардаси Ўлмас ботирнинг якка-ю ягона қизи. Ўлмас ботир қизини ўғилдай тарбия қилган, ёшликдан қилич-бозлик ҳунарини ўргатган. Киз отасининг боғбони Пўлатни се-вади. Пўлатнинг ҳам унда кўнгли бор. Ўлмас ботир эса қизини хоннинг ўғлига бермоқчи. Бу орада Нишабсой ҳокими ҳам одам қўйган. Муаллиф асар воқеаларига ижтимоий (оқ-қора) бўёқ беради. Масалага шу даврда шитоб билан адабиётга ҳам кириб келаётган фақирпарварлик маслагидан ёндашади. Чунончи, қизнинг отаси билан Пўлат ўртасида ўтиб бўлмас чоҳ бор. Пўлатнинг барча қариндошлари хон ва унинг саркардаси Ўлмас ботир томонидан ўлдирилиб, ўзи хизматкорликка олинган. Хонлик салтанати билан халқ ўртасидаги низо авжда. Халқ жунбушга келиб, кўтарилган. Пўлат халқ ишончини Ёрқинойга муҳаббатидан устун қўйиб, улар билан тоғларга чиқиб кетади ва Ўлмас ботир қўшинига қарши урушга киради. «Уруш орқасида»ги воқеалар ҳам шиддатли кечади. Нишабсой ҳокими вазиятдан фойдаланиб, макр-ҳийла билан Пўлатнинг номини ўртага қўйиб, қизни қўлга туширади. Ёрқиной тадбиркорлик билан Нишабсой ҳокими қўлидан ўзини қутқаради. Бугина эмас, халқ билан хон орасидаги урушни ярашга айлантиради. Пўлат хон кўтарилади, адолат қарор топади.

О. Шарафиддинов Чўлпоннинг Ёрқиной образини яратишида «Олой маликаси» номини олган Қурбонжон додхоҳ (1811— 1907) ни кўзда тутган бўлиши эҳтимолини қайд этади. Бизга ҳам бу анча мантиқли кўринади. Бунга шуни қўшимча қилиш мумкинки, 1875 йилда Худоёрхон қочиб, Насриддинбек тахтга чиққанида халқ ғалаёнлари авж олиб, бир муддат Андижоннинг Бўтақора қишлоғидан Пўлатхон хон кўтарилган эди. Чўлпоннинг ўз қаҳрамонини яратишида бу воқеа ҳам туртки бўлган бўлиши мумкин.

Чўлпоннинг адабий-танқидий мероси ва таржималаридан ҳам намуналар чоп этилган. Масалан, 1994 йилда унинг адабий-танқидий мақолаларидан бир дастаси «Адабиёт надир?» номи остида «Чўлпон» нашриёти томонидан чоп этилди. И.С.Тургенев, Н.В.Го-голь, Л.Андреевдан қилинган айрим таржималари 3 жилдлик асарларининг 2-жилдида босилди. Умуман олганда, зиёлилар шоир таржималаридан собиқ шўро даврида ҳам хабардор эдилар. Масалан, И. А. Криловнинг:

Дарахтнинг бўшини қурт ейди доим
Тариҳда мисоллар жуда кўп бунга… —

сатрлари билан бошланадиган машҳур «Бўри билан қўзичоқ» ма-салини билмайдиган йўқ. Ёки неча ўн йиллар давомида Ҳамза театри саҳнасидан тушмай келган «Ҳамлет»ни олинг. Бу таржималар аллақачон халқ мулкига айланган эди, фақат уларнинг таржимони кўрсатилмас эди. Шунингдек, адибнинг адабий-танқидий асарлари ҳам эстетик тафаккуримиз ривожида муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Чўлпон шеърияти

Чўлпон адабиётнинг жуда кўп тур ва жанрларида самарали ижод этган бўлса-да, шоир сифатида кўпроқ шуҳрат топди. У XX аср ўзбек адабиётининг забардаст вакили, янги ўзбек шеъриятининг бонийсидир. Унинг ўз даврида тўпламларда босилиб чиққан ва бугун маълум бўлган шеърлари у қадар кўп эмас. Лекин улар ўзбек зиёлиларига чақмоқдек таъсир қилган ва бутун адабиётни ўз измига олган эди. 20-йиллар ўзбек шеъриятининг чинакам Чўлпон давридир.

У шеъриятга жуда эрта кириб келди. Илк шеърлариданоқ мил-лий шоир сифатида танилди. Масалан, бизга маълум бўлган ва матбуотда чоп этилган илк шеъри «Туркистонли қардошларимизга» ўксик Ватан — Туркистон жароҳатлари ҳақида эди. Чунончи, «маърифатсизлик балосига йўлиққан», фойдазарарини унутган, яхши-ёмонини танимайдиган, тор манфаатлари доирасида кўмилиб қолган, «топганини бошқаларга бериб», ўзи «оч-яланғоч» қолган, бир сўз билан айтганда, миллат сифатида адойи тамом бўлган «бизни халқ» ҳақида эди. Исмоилбек Гаспринский вафотига бағишлаб ёзган марсиясида буюк ислоҳотчининг «уйғотгувчи устод»лигига диққатни қаратди. 1917 йил 28 ноябрдаги «Туркистон мухторияти»ни олқишлаб чиқди, уни «озод турк байрами» сифатида қабул қилди. Унга меҳру муҳаббатини изҳор этди. Уни қўлга киритган Ватан ва халқни шарафлади:

Мухторият олинди,
Ишлар йўлга солинди.
Миллий маршлар чолинди,
Душман ўртансун энди!

Ҳуррият — байроғимиз,
Адолат – ўртоғимиз,
Хурсанд бўлган чоғимиз,
Мевалансун боғимиз!

Туркистонли — шонимиз, туронли — унвонимиз,
Ватан — бизни жонимиз, фидо ўлсун қонимиз!

Вазият мураккаб эди. Шўро мафкураси ислом дунёсининг энг нозик нуқтасидан — мусулмончиликнинг фақирпарварлигидан ғоят усталик билан фойдаланиб, Туркистоннинг зиёлилари қалбини забт эта борди. Шоирнинг 1918 йилда «Низомиддин Асомий ўртоққа» бағишланган ва ўша йили Туркистон Компартияси ва Марказий Ижроия қўмитаси органи «Иштирокиюн»да чоп этилган «Қизил байроқ» шеърини ҳамда ундаги «мазлум ишчилар» билан «қонхўр буржўйлар» муқоясасини бошқача изоҳлаш мумкин эмас. Лекин шоир кўп ўтмай, жуда кўп замондошлари сингари алданганини англаб етди. Эътироф эътирозга, у эса ўз навбатида, эътизорга айланиб борди. Бу Чўлпон ижодий тақдирига хос муҳим ва мураккаб бир ҳолдир.

Шоир совет ҳокимияти зўрайиб, эркин фикр қийин-қистовга тушаётган 1926 йилда учинчи ва «Соз»ни ҳисобга олмаганда, сўнгги шеърий китобига қуйидаги сермаъно сатрларни эпиграф қилиб келтирган эди:

Бир эсиб ўтдилар «Уйғониш» еллари,
Бир қайнаб тошдилар кўзёши — «Булоқлар».
Эй, тонгда қалтираб ўйнашган япроқлар,
Тек туринг, ёйилсин энди «Тонг сирлари».

Ҳақиқатан ҳам, 1916 йил мардикорлик воқеалари, 1917 йилда оқ подшонинг тахтдан ағдарилиши, олинган ва бой берилган ис-тиқлол, 20-йилларнинг жангу жадаллари миллатни уйғотди. Севинч ва алам ёшлари тўкилди. «Булоқлар» ўша кўз ёшлардир. Ҳаммаси ўтди. Энди ўтганни англамоқ ва англатмоқ замонидир. «Сирлар»ни очмоқ замонидир. Шоир «тонгда қалтираб ўйнашган япроқлар»ни — гофил, чорасиз авлодни тинглашга, идрок этишга ундайди.

Ҳар уч тўпламнинг бош мавзуи Ватан ва Миллат ташвишларидир, Туркистоннинг туганмас дардидир. Шоир она юртининг ажиб манзарасини чизади. Ўқувчининг кўз ўнгида «тоғлари кўкларга салом берган», «салқин сувлари учмохларнинг кавсаридек покиза», бўлиқ-маҳсулдор қир-адирлари маъсум гўдак хаёлидек кўз етмас, адо бўлмас Туркистон пайдо бўлади. Бироқ шоир — дилгир, маҳзун. Шоир эмас, тўғрироғи, у чизиб берган манзара маҳзун. Гап шундаки, жаннатдек бу ўлка ваҳшиёна топталган: «кўм-кўк гўзал ўтлоклар босилган», уларни тўлдирган пода-йилқилар йўқ, отлар кишнамайди, қўйлар маърамайди. Қизлар, келинлар тоғ-тошга беркинган. Ватан бегоналар оёғи остида. Шунинг учун ҳам сувлар тошдан-тошга урилиб, нола қилади, булоқлар инг-райди, минг битта ҳадик билан ирмоққа қуйилади. Шонли тарих, эрк ва истиқлолни ҳар нарсадан муқаддас тутган, қулликка ҳеч қачон бўйин эгмаган оталар шижоати эсга тушади. Шоир «от чопганда учар қушни тутгувчи» йигитларни, «Тоғ эгаси сор бургутлар»ни қидиради. Ўлкага хитобан, уни кўп йиллардан буён «бағрини эзиб», «эгасини бир қул каби янчиб келган» «ҳеч ҳаққи йўқ хўжалар»га «кет!» дейишини, «қўлларига эрк бер»ишини, яъни қиличини қиндан олишини истайди. Уни тинимсиз сўроққа тутади. Зулм ва хўрликка, таҳқир ва маломатларга жавобан «ўч булути»нинг «селларини ёғдир»ишини истайди.

Биз шоирнинг 1920 йилда ёзилган ва ўз даврида жуда катта муҳокамаларга сабаб бўлган «Бузилган ўлкага» деган шеърининг мазмунини келтирдик. Шоир унга «достон» деб изоҳ берган. Аслида у ҳажман унча катта эмас, 60 сатр атрофида. Лекин унинг бағ-рига Туркистондай жаҳон цивилизациясининг чорраҳасида келган бир ўлканинг фожиаси сингдирилган. Номи ҳам жуда ўринли. Дарҳақиқат, бу – бузилган ўлка! Уни буздилар. «Маданият» номи билан, «йўқсулпарварлик» шиори билан буздилар. Шеърда икки нар-сага алоҳида диққат қаратилаяпти. Бири — табиатнинг ўзидай мусаффо, гўзал, дилтортар ўлка. Иккинчиси – уни шафқатсиз пой-мол этган ваҳший куч. Агар уни жамият ҳаётига кўчирадиган бўлеак, бир тарафда қадим замонлардан буён ўз анъаналари билан тинч ва осойишта, бировга зарра малол келтирмай яшаб келаётган Туркистон ва унинг бойликларини талаб, халқини хизматкорга айлантириш истагидаги Русия. Табиийки, шоир халқи бунга чидай олмайди, айниқса, Миллат ва Ватанни ҳар нарсадан муқаддас тутган ижодкор. Гап – шунда. Бу шеър ҳали шўролар куч олмагани, эркин фикрга бир қадар йўл берилгани учун босилиб чиқди ва турли талқинларга сабаб бўлди. Шоир Ғайратий ҳатто унга жавобан «Тузалган ўлкага» деган шеър ҳам ёзди. Лекин шеър ўз ишини қилди. Миллатнинг воқеа-ҳодисаларга муносабатини шакллантириб борди. 20-йиллардаги авж олган миллий истиқлолчилик ҳара-катида, тахмин қилиш мумкинки, Чўлпоннинг ҳам маълум хизмати бор.

Шоир шеъриятини кузатишда давом этамиз. Юқоридаги шеър эътироз шеъридир. Эътироз Чўлпоннинг замон воқеаларига, биринчи навбатда, шўро тузумига ва умуман, рус истибдодига муносабатидир. Унингча, шўро тузуми ва рус истибдоди бошқа-бошқа нарсалар эмас. Бири иккинчисининг бевосита давомидир. Шакли ва воситалари ўзгарган, холос. Бу – муҳим нуқта,

«Қўзғалиш» шеърида ёзади:

Эй! Сен мени ҳақир кўрган, тубан деган афанди!
Эй! Устимда бир умрга хўжа бўлмоқ истаган.
Эй! Бўйнимга кишан солиб, ҳалокатга судраган,
Кўзларингни заҳарлатиб ўйнатмагил, бас энди!

Кишанларинг занг босгандир, сергак бўлким, узилур,
Томиримда қўзғалишнинг ваҳший қони гупурди.
Эски фикр, анъаналар энди буткул узилди.
Ё битарман, ёки сенинг салтанатинг бузилур!

Эй! Сен мени қул ўрнида ишлатгувчи афанди,
Титра, қўрқким, боғлиқ қулинг бош кўтарган куч энди!

Бу фикр-туйғулар, шоирдаги эҳтирос тўла ғазаб ва нафрат шўролар даврида тарбия топган ўқувчи учун шамол тегирмонларга дағдаға қилаётган Дон Кихотнинг жазаваси бўлиб туюлиши мумкин. Лекин, аслида, шоир вазиятни жуда теран англаган эди.

«Ўзбекистоннинг янги тарихи»да қуйидаги маълумотларни ўқиймиз: «Туркистоннинг биринчи генерал губернатори фон Ка-уфман 1868 йил 22 январда Тошкент шаҳри аҳолиси билан бўлган учрашувда сўзлаган дастурий нутқида… русларни Ўрта Осиё халқларининг катта оғаси деб атаб, Туркистонда рус ҳокимиятининг қатъий ва доимий ўрнашганлигини алоҳида уқтирганди…»

«Санкт-Петербург «сартлар ҳали ўз-ўзини бошқаришга тайёр эмас», деган фикрда иш кўрди…»

«…маҳаллий аҳоли ерларини рус мужиклари учун тортиб олиб бериш режали тус олди. Туркистон аҳолисининг атиги 5 фойизини ташкил этувчи рус мустамлакачилари қўлига экин экиладиган ҳосилдор ерларнинг 60 фойизи бериб қўйилган эди…»

Энди Ленин билан бирга ишлашган ва совет мустамлакачилик сиёсатининг моҳиятини англаб, у билан чиқишолмай четга кетишга мажбур бўлган машҳур олим ва сиёсий арбоб Заки Валидийнинг китобидан бир-икки кўчирма келтирамиз:

«Рус истилолари бошдан-охир янги-янга ўлкаларни ишгол этиш ва у ердаги халқларни маданият ва иқтисод қонунлари асосида ўзига сингдириб олиб, улар ҳисобига улғайиб бориш ғоясига суянади…»

«Лениннинг ўнг қўли Артем 1920 йилнинг мартида: «Биз (руслар) бошқирд, қозоқ ва ўзбек чўлларини Америкага айлантирамиз. Биз бўлмасак, бу ерларда темир йўллар, Оренбург, Семипалат, Алмати каби шаҳарлар бўлар эдими?» деган ва бу ердаги тубжой халқнинг тақдирини Америкадаги қизилтанлиларнинг аҳволига ўхшатишини очиқ айтишдан ўзини тия олмаган эди…»

«… проф. Трубедкой …Осиёда фақатгина уч буюк миллатнинг тил ва маданияти яшаб қолишини гапиради. Булар рус, хитой, ҳинд миллатлари эмиш…».

Юқоридаги факт ва маълумотлар Русия мисолидаги оқ ва қизил империянинг моҳиятан бир бўлганлигини таъкидлайди. Ҳар икки салтанатда ҳам ҳукмрон Русия маҳаллий халқни, бу ўринда туркистонликларни ҳеч қачон ўзига тенг кўрган эмас. Ўзини бу юртнинг якка-ю ёлғиз хўжаси деб билган, унинг халқини хизматкори ҳисоблаган. Ҳатто шўролар ҳукумати ҳокимиятпарастликда оқ под-шодан ўтиб кетган. Ленинчи Артемнинг иштаҳасига қараганда, улар Туркистонни туркистонликлардан олиб, жаннатмакон Америкага, унинг тубжой халқини эса, қирилиб битишга маҳкум қилинган қизилтанлилар — Америка ҳиндуларига айлантирмоқчи бўлганлар. Демак, Чўлпоннинг изтироб тўла фарёдлари бежиз эмас.

Дарҳақиқат, шўролар ўз ҳаёт фалсафалари билан Туркистон ҳаётини алғов-далғов қилиб юбордилар. Синфий кураш деган гап ўзбек жамиятини қоқ иккига бўлиб ташлади. Отани болага, акани укага душман қилиб қўйди. Мана бу сатрларга эътибор қилайлик:

Бир юртким, беш йилдир қонларга беланган,
Отаси ўғлини «душман» деб бўғадир.
Сўнг бурда нони ҳам қолмасдан таланган,
Ёш гўдак боласи: «Бир бурда нон!» дейдир.
Очлик ҳам ҳар куни «қурбонлик» сўрайдир,
Ҳар куни унга ҳам юзларча қурбонлар.
Қирилиб туталиш даҳшати ўрайдир,
Янами беҳуда гуноҳсиз, соф қонлар?

(«Қурбон»)

Ёки:

Қип-қизил қон бўлиб
Кунлар ботадир…
Ёмон ҳидга тўлиб,
Тонглар отадир…
Оғир кунлар тушди меним бошимга.
(«Қиз қўшиғи»)

Бир томонда, эрк, мустақиллик учун кетаётган шафқатсиз кураш, иккинчи томонда, очлик-қаҳатлик. Бир томонда, миллат ичида яратилган «синфий кураш», иккинчи ёқда жаҳолат, мутаассиблик. Хуллас, тўрт томон ҳам иҳоталанган. Шоирни бу ҳол ларзага солади. У «қирилиб тугалиш даҳшати»дан ларзага тушади.

Айни пайтда, бу курашларнинг ҳар бири ҳаёт-мамот кураши эди. Бири иккинчиси билан чамбарчас боғланиб кетган эди. Лекин аҳамиятига кўра энг муҳими истиқлол, эрк учун кетаётган кураш эди. Бу улуғ йўл эди. Шоир ўз шеърларидан бирини «Улуғ йўлда» деб номлаган эдики, бежиз эмас:

Йўлимизда чўллар, сувлар, денгизлар,
Босгувчисин таниб бўлмаслик излар.
Шул изларни босиб, денгизлар кечиб,
Буюк амал билан борамиз бизлар.

Юракдаги сақлаб борган амаллар,
Йўллардаги денгизлардан улуғроқ.
Эзилганлар тилак тилар бу йўли
Бурунгидан тўлуғроқ.

Маҳкам қилиб боғланилган камарлар!…
Тезрак!
Қанот!
Қушлар янглиғ учайлик.
Кенг чўллардан, денгизлардан кечайлик
Шарқнинг эски чигалини ечайлик!

Шеърда мақсад у қадар пардаланган эмас. Улуғ йўл — озодлик йўли. Сувлар, денгизлар, чўллар — бу йўддаги қийинчиликлар. Буюк амал — буюк кураш. Юракларда сақланган амалларнинг денгизлардан улуғлиги саботга, қатьиятга ишора. Тилакнинг бурунгидан тўлиқлиги — бу курашнинг олдингиларига ўхшамаганлиги. Камарларнинг маҳкам боғланилиб, шитоб исташ курашнинг шиддатини англатади. Бу курашнинг шиддати ва аҳамияти ҳақида шоир, умуман, тез-тез эслатиб туради. Масалан, «Кураш» (1921) шеърида у ҳақда алоҳида тўхталган эди. Янграётган уруш наъралари, «Ботирларнинг жон сўраган товушлари» «Яқиндаги зўр ку-рашнинг боши» эканлигини маълум қилиб, масала:

Ё бор бўлиш, ё йўқ бўлиш:
– Йўқ яраш!…

шаклида қўйилганлигини таъкидлаган эди.

Шарқнинг эски чигали – кўҳна Туркистон истиклоли. Шоирнинг қатор шеърларида мана шу истиқлол учун кураш манзаралари акс этган. Масалан, 1920 йилда ёзилган «Пўртана» шеърида у денгиз тўфони шаклида берилган. Мантиқли. Тинч, осойишта денгизни чайқатдилар. У туб-тубигача ҳаракатга келди. Гувиллаган қудратли кучга айланди. Ҳам мағрур, ҳам мажнун, ҳам шошқин, гоҳ тушкун. Лекин шу қадар қудратлики, қирғоқлар ундан фарёдга келади, шаҳардек кемалар унга бир «луқма»! У қон истайди. У жон сўрайди. У ҳалокатлардан завқ олади. Аммо у гўзалликка ўч. Унинг маҳбубаси — сув қизи. Сочлари қоп-қора сув қизи. У шу қадар гўзалки, шаҳло кўзлари кийикни кўр қилган, сўзлари булбулни тутқун. Юзлари ойларни ботирди, қуёш булутлар остига қочиб кирди (Денгиз довули пайтидаги қоронғуликка чўмган борлиқни кўз олдингизга келтиринг). Сув маликасини эса, ггўртана оппоқ биллур кўпиклар ичида сақлайди. Дам кўкка ирғитиб, дам кўксига босиб, ўйнайди, гоҳ куддиради, гоҳ суйдиради. Пўртана эса, ундан маст бўлиб, йўлбарсдек бўкиради. Девдек югуриб, сакрайди. Олди-ўнгида ҳеч нарса кўрмай, ҳеч монеъ билмай, олдинга интилади. Барча жонворлар даҳшатда титрайдилар. Балиқлар ўлим кутадилар. Йўқ, бу пўртана эмас, маҳшар, қиёмат! Сув маликасичи? У — Ватан меҳри, юрт муҳаббати. Ундан суюмли, ундан дилбар дунёда яна нима бор?

Шу хаёлларда турганингизда, бирдан шоир рамзларининг устини очиб ташлайди. Юзма-юз, ошкора гапга ўтади:

Бу маҳшар, қиёмат, пўртана.
Тўлқинлар Ҳаммаси йўқсилнинг кўнглида.
Бир дамда дунёни куйдирур вулқонлар
Ожизнинг у ўтлик дилида.

Шеър сўнгида фикр ва образ яна очиқланиб, даъватга кўчади:

Кўп эзган душмандан, паст жондан
Ўчни ол, ўчни ол, ўч ол!

«Тортишув тонги» (1920) да «кўпдан бери қуёш кўрмай захлаб қолган кўнгиллар»га хитобан «чиқар кунлар етгани»ни уқдиради. Шоир истибдод эгаларига қарата қалби тўла қасос туйғуси билан ёзади:

Қайғурингиз: кишанларни ясовчи «усталар»,
Бошқаларни «тубанлар» деб атовчи хўжалар:
Сизнинг учун ёз бошининг қоридек
Эрув кунлар келадир.
Сизнинг учун олбостининг зоридек
Йиғлар кунлар келадир.

Шоир «Виждон эрки» шеърига «Тутқунларга» деб изоҳ берган. «Эзилган», «қийналган йўқсил эллар»га, «бевалар», «бечоралар»га, «кишанларга боғланган» «эрк учун оворалар»га мурожаат этар-кан, золимларга ялинмасликка ундайди. Чунки «бўрилардан омон кутмоқ» «тентакларнинг иши». Зулм олдида ҳамма нарса, эҳти-мол бўйин эгар. Зулм авжга минса, осмон узилиб ерга тушар, лекин золим ҳеч қачон эркин виждонларни забт эта олмайди. Уларгина мағлуб бўлмайдилар. Шу тариқа, у ватандош ва миллатдошларини юксак виждон билан яшашга ундайди. Ўлиш керак бўлса, номус ва виждон билан умрни якунламокликларини орзу қилади.

Эрк йўли — оғир йўл, узоқ йўл. Лекин бу йўлга кирганларнинг ғайрат ва истаги ҳам қудратли, ҳам саботли. Муҳими, бу истак — пок истак. Гап бу халқнинг ўз юртига эгалик қилишдек она сутидай ҳалол ва покиза ҳаққи-ҳуқуқи борасида кетмоқда. Бу ҳуқуқ кеча хаёлга келиб, бугун талаб қилинаётган бир нарса эмас, аждодлардан мерос қолдирилган бурчдир. «Юрт йўли» (1922) шеърида шу ҳақда гап кетарди.

1921 йилда Бухорода ёзилган «Халқ» шеъри шоир фикр-қарашларини аниқлашда бениҳоя муҳим аҳамиятга эга. Муаллиф, биринчидан, халқнинг буюк куч эканлигини яхши англайди. Иккинчидан, ўлканинг озод бўлиб, мустақиллик олишини унинг истаги ҳисоблайди. Учинчидан, ижод аҳлини унинг билан ҳамиша бирга бўлишга, ўзи айтмоқчи, «қучоқ очиб халқ ичига» киришга ундайди:

Халқ денгиздир, халқ тўлқиндир, халқ кучдир,
Халқ исёндир, халқ оловдир, халқ ўчдир…

Халқ қўзғолса, куч йўқдурким, тўхтатсун,
Қувват йўқким, халқ истагин йўқ этсун.

Халқ исёни салтанатни йўқ қилди,
Халқ истади: тожу тахтлар йиқилди.

Халқ истаги озод бўлсун бу ўлка,
Кетсун унинг бошиндаги кўланка.

Бир қўзғалур, бир кўпирар, бир қайнар,
Бир интилур, бир ҳовлиқар, бир ўйнар.

Йўқликни-да, очликнида йўқ этар,
Ўз юртини ҳар нарсага тўқ этар…

Бутун кучни халқ ичидан олайлик,
Қучоқ очиб халқ ичига борайлик.

Кўринганидек, шоир халқнинг буюк қудратини тавсифлаш билангина чекланмаяпти. Бу қудратнинг феъл-сажиясига ҳам ишора қилмоқда. Унинг гоҳ қўзғалиб, кўпириши, гоҳ қайнаб, интилиши, гоҳ ҳовлиқиб ўинаши Пушкиннинг бир маҳаллар 1825 йилги декабристлар қўзғолони муносабати билан ёзилган, денгиз пўртанасига хитоб қилувчи «Алвидо, зўр қудрат, асов ғалаён!» сатрини ёдга солади. Дарҳақиқат, ҳар бир исён, қўзғо-лонда ҳам «асов» бир куч бор. У кутилмаган томонларга бурилиб, «беҳбуд»ни «нобуд» қилмоғи ҳам ҳеч гап эмас. У билан ким ўйнашмоқчи бўлса, ҳалокатга маҳкумдир. Иккинчидан, у, маълум бўлганидек, бошқарувга муҳтож. Шу жиҳатдан, халқ ичига киришда икки маъно бор. Биринчиси, халқдан куч-қудрат олмоқ, у билан бирга бўлмоқ; иккинчидан, уни эзгуликка йўналтирмоқ.

Агар Чўлпон даври воқеларини яхши билсангиз, унинг деярли ҳар бир шеърининг ёзилиш тарихини тиклаб олишингиз мумкин. Заки Валидий у ҳақдаги юқорида номи тилга олинган мақоласида шоирнинг «Улуғ йўлда», «Кураш», «Виждон эрки», «Халқ» шеърларини шу йўналишда таҳлил қилиб, унинг чинакам мил-лий шоир эканлигига диққатни қаратган эди.

Масалан, 1920 йилда ёзган шеърларини олинг. Уларнинг аксарияти бевосита ўша йили 1 – 5 сентябрда Бокуда бўлиб ўтган Шарқ халқлари қурултойи таассуротлари остида ёзилган. Шунда Туркистондан бутун бошли бир поезд борган. Хориждан ҳам ва-киллар келганлар. Кенг миқёсларга чиқиш вакилларимизнинг ўзликларини англашга ёрдам берган. Вакиллар орасида Чўлпон ҳам бор эди. У ўзининг «Қаландар ишқи», «Ёруғ юлдузга» шеърлари остига «Боку,1920 йил» деб қўйган. Биринчисига «эски тартибда» деб изоҳ беради. Бу билан унинг шакли-мазмунига, яъни арузда, анъанавий муҳаббат мавзуида ёзилганлигига ишора қилади. Дарҳақиқат, шеър жанрига кўра ғазал бўлиб, ҳазажи мусаммани солим

(мафоийлун мафоийлун мафоийлун мафоийлун,
мафоийлун мафоийлун мафоийлун мафоийлун

да ёзилган. Унинг матлаъи (биринчи байти) қуйидагича:

Муҳаббатнинг саройи кенг экан, йўлни йўқотдим-ку,
Асрлик тош янглиғ бу хатарли йўлда қотдим-ку.

Мазмун ҳам ишқий. Биргина «асрлик тош», «хатарли йўл» ва унда «қотмоқ» ишқий мазмундан узоқроқдай туюлади. Қолгани — анъанавий. Оҳанг — равон, дард — самимий.

Карашма денгизин кўрдим, на нозлик тўлқини бордир,
Ҳалокат бўлғусин билмай, қулочни катта отдим-ку.

Карашма бировга ёқиш учун қилинадиган нозли, ёқимли хатти-ҳаракатдир. Шоир уни денгизга қиёс қилаяпти. Ёқимли денгиз, муаллиф наздида унинг пўртанали ҳам, осойишта ҳам пайти эмас. Енгил чайқалиб турган ҳолати. Оҳиста чайқалган денгиз кишини ўзига ром этиб, унга тушган кишини ичкариларга олиб кетиб қолганидай маъшуқанинг ҳам ёқимли ҳара-катлари ошиқни сеҳрлаб, охири нима билан туташини айтиб бўлмайдиган ҳолга келтириб қўйган. Шеърда мумтоз адабиётимизга хос бўлган мана шу руҳий ва моддий ҳолатларнинг айни бир матнда жамланиши яққол кўриниб турибди. Айни пайтда, бу ерда алданганлик эътирофи, ҳатто унинг енгил изтироби ҳам бўртиб турибди.

Навбатдаги байтда муқояса бошқа йўналишга кўчирилади:

Ажаб дунё экан бу ишқ дунёси, аё дўстлар,
Бу дунё деб, у дунёни баҳосиз пулга сотдим-ку.

Карашмадан бошланган гап ишққа, ундан эса, бу йўлда энг муқаддас нарсаларни барбод этганлик эътирофига ва унинг ҳам енгил изтиробига келиб боғланмоқда. Ва шеър шу тахлит шоир кечинмаларининг руҳий ва моддий олам воситасидаги эътироф ва изтиробга қурилган муқоясаси асосида давом этади. Кўринганидек, унинг анъанавийлигига, ишқийлигига шубҳа йўқ. Шу билан бирга, у фақат ишқий доирада қолган дейиш ҳам тўғри бўлмайди. Эътироф ва изтироблар деярли ҳамма ўринда адданиш ва пушаймон маъноларини ҳам ташийдики, бу хоҳланг-хоҳламанг, шўроларни билиббилмай этагидан тутган жуда кўп миллатпарвар зиёлиларимизнинг ўша кунлардаги туйғуларига эш эди. Бу ҳолни ғазалнинг пушаймон армон даражасига кўтарилган мақтаъида ҳам очиқ-ойдин кузатиш мумкин:

Муҳаббат осмонида гўзал Чўлпон эдим, дўстлар,
Қуёшнинг нурига тоқат қилолмай, ерга ботдим-ку.

Шубҳа йўқки, «Чўлпон» ва «Қуёш»нинг маънолари бу ерда жуда кенг. У осмон ёритқичлари ва ишқ-муҳаббатдаги мартабадан ҳоким ва маҳкум, ҳукмрон ва тобе сингари ижтимоий-сиёсий рутбаларгача дахлдор.

Иккинчи шеър «Ёруғ юлдузга» деб номланган. Қавс ичида «Ҳазар эсдалиги» деб изоҳ беради. Ҳазар – Каспийнинг қадимги номларидан. Шеър юлдуз билан суҳбат шаклида. Шоир унга секин юрагини очади. Кўҳна тарихнинг гувоҳидан оталарнинг хатосини сўраб, бил-моқчи. «Ёт киши»сиз икковлари суҳбатлашмоқчи. Бу шундай суҳ-батки, бир томондан, ғурурдан дунёга сиғмайди. Иккинчи томондан, хижолатдан турмоққа ер тополмайди. Бу суҳбат ҳам шукуҳли, ҳам дардли суҳбат. Мана, унинг дастлабки банди:

Гўзал юлдуз, нурли юлдуз, тез сўзла,
Оталарнинг тарихдаги хатосин;
Шул хатодан осуғланиб, ёвларнинг
Эл кўксида сурган ишрат сафосин.

У юлдуз тилидан шарафларга бурканган тарихни эшитмакчи. Буюк боболар ҳаётининг «бутун қонлик, шонлик, жонлик ерларини» тингламакчи. «Жонлар бериб, қонлар тўккан эрлар»нинг ҳикоялари «кенг Ҳазарнинг кўм-кўк, юмшоқ сувларини» «ўйнат»ишига, «қўзғат»ишига, «тўлқинлантир»ишига, «ҳовлиқтир»ишига шубҳа қилмайди. Лекин юлдуз жим. Нега у жим? Нега жавоб бермаяпти? Нега кўзи қизариб ёшланди?

Шоир бунинг сабабини билади. У шоирининг кўнглини бузмаслик учун гапирмаяпти. Негаки:

Ўтганларнинг заҳари ҳам бу кунда
Кўнгилларга тегмай ўтар кабидир.
Кечмишларнинг йиғиси ҳам шу кунда
Йўқсил дилни суюнтирар кабидир.

Ҳамма бало истиқлолни йўқотганимизда. Сўнгги хонларнинг «эл ва юртни сақлар учун» «тузуккина чора, тадбир қилмаган»лигида. Шунинг учун ҳам:

Биз, йўқсиллар бошқаларга қул бўлиб,
Чет оёқлар товонида эзилдик,
Ҳар ярамас, ҳар бузуқнинг тагида
Алам тортган, жабр кўрган биз эдик.

Шунинг учун ҳам шоир «эски олам»ни, буюк боболар даврини қўмсайди. Ёруғ юлдузга мурожаат этиб, уни «эски олам»га «олиб бор»ишини, барча сирларни очиб ташлашини, «яширин ётган пардаларни, зулматни» «нури билан» «йиртиб юбор»ишини ил-тижо қилади. «Эски олам» буюк боболар даврини, биринчи нав-батда, Амир Темур замонасини, миллатнинг мустақил, қаддини тик тутиб, бошини баланд кўтариб юрган пайтларини қўмсаш ва унга интилиш эди. Иккинчи томондан, Амир Темур номи кураш тимсоли эди.

Миллат ва Ватан тимсоли шоир шеърларида хилма-хил тарзда намоён бўлади. Масалан, уни гўзал ёр («Гўзал»), ҳатто бинафша («Бинафша») қиёфасида ҳам учратиш мумкин.

Чўлпон шеъриятининг севимли мавзуларидан бири хотин-қизлар озодлигидир. У бу масалани истиқлол учун курашнинг таркибий қисми деб билади. Шоир наздида истибдоднинг энг оғир юки улар зиммасига тушган эди. Биргина мустамлакачилик эмас, ўз ичимиздаги мутаассиблик, жаҳолат азобини кўпроқ улар тортди. Улар тилидан айтилган:

Кулган бошқалардир, йиғлаган менман,
Ўйнаган бошқалар, инграган менман.
Эрк эртакларини эшитган бошқа,
Қуллик қўшиғини тинглаган менман…-

сатрларида жуда катта ҳақиқат бор эди.

Шоир шеърларида Шарқ ва Ғарб муқоясаси кўп учрайди.

«Шарқ» деганда ислом оламини, кўпинча Туркистонни назарда тутади. Айни пайтда, туркий бирликни, ўзликни қўримоқ учун за-рур деб ҳисоблайди. Хусусан, бутун турк дунёси истиқлолини йўқотган бир пайтда ўзлигини сақлаб қола олган Туркия турклари ҳаётини синчиклаб кузатиб боради. Айниқса, Биринчи Жаҳон урушидан кейин оғир аҳволга тушиб қолган ва «Қуртулуш» («Қутулиш») ҳара-катини изга солган камолчиларнинг муваффақиятларига катта умид билан қарайди. Унинг «усмонлича» изоҳи билан Туркия туркчасида ёзилган бир қатор шеърлари шоирнинг бу борадаги фикр-қарашлари тасодифий асосларга қурилмаганини қўрсатади. Буни Чўлпоннинг Тавфиқ Фикрат, Ризо Тавфиқ каби машҳур усмонли шоирлари ҳақидаги мақолалари ҳам тасдиқ этади. Буларгина эмас, у тақдир тақозоси билан Ғарбга силжиб, Туркиядай ватанни қурган қардошларидан оғир қунларида кўмак тилайди. Келиб, она-Туронда истибдодни битиришларини, қариндошларини мустабидлардан қут-қаришларини умид қилади. Тўғри, бу қардошлик ўша давр учун урф бўлган алвон рангга бўялган. Лекин у этник асосларни инкор этмайди, аксинча, унга урғу беради. Мана, у турк зобитларига (дарвоқеъ, зобитлар ҳам «қизил») нима деб мурожаат этади:

Ҳаде, юр, қардош, тоғ дема, тош дема,
Қизил Турон учун мол ва бош дема!
Ҳар бир қадамингда қип-қизил қонларла,
Онанг Турон кутадир улуғ шонларла!
Кўп йилги ҳасратлар, қайғулар кўнглина,
«Кел, қутқар, ўғлим!» деб ёлинур санга.
Бугун умиди сан озод ўғлинда,
Қутқармай, солма қилични қинга!..
(«Юриш марши»)

Ҳақиқатан ҳам юқорида қайд этганимиздек, XX асрнинг бошларига келиб, кўҳна Туроннинг биргина ўғли ўз мустақил-лигини сақлаб, «озод» қолган эди. Шоир шундан умид қилмоқда. Бежизмаски, Туркиядаги «Иттиҳод ва Тараққий» партиясининг собиқ раҳбарларидан бўлган Анвар Пошшо 1920 йилда Туркистонга келиб, ўлкадаги миллий истиклолчилик ҳарака-тини бирлаштиришга уринганида дилдилидан қувонди. 1922 йилда Болжувон тоғларида шаҳид бўлганида қаттиқ куйинди. «Фарёдим дунёнинг борлиғин бузсин, Умиднинг энг сўнгги ипларин узсин», – деган сўнгсиз фарёд билан бошланарди шеър ва унда шундай сатрлар бор эди:

Ғазабдан титраган ёш бир йигитнинг
Тошдин сийнасига ўқлар ўрнашмиш.
Тоғларда эрк учун юрган кийикнинг
Қора кўзларига мотамлар кирмиш.
Дарёлар, тўлқинлар титратган бир эр
Зарбалар қаҳридин йиқилмиш қолмиш.
Қуртулуш юлдузи йўқлиққа кирмиш,
Сенинг сўнг жонингни ёвларинг олмиш…

Шоир саркарда босиб ўтган, қадамида шуҳрат излари қолдирган умр йўлини эслайди: Мармара, Адрна, Чаталча, Бўғоз ичи, Карпат, Тараблус, Салоники… Яна фожиага кайтади. (Қонлар йиғлатти бизни бу хабар.) Ва изтироб билан давом этади:

Тарихнинг рангини кўп қонлар билан
Қорайтган, тўлдирган бироқ Болжувон
Энг сўнгги умидни қонга бўяган,
Оҳ, қандоқ уғурсиз замонлар келган!
Фарёдим дунёни бўғуб ўддурсун,
Қоп-қора бахтимга шайтонлар кулсун!

Заки Валидий Анвар Пошшо ўлими тафсилотларини ёритар экан, Чўлпоннинг ушбу шеърини келтириб, шундай изоҳлаган эди:

Бу марсияни ёзган зот, ўзбекларнинг танилган бир шоиридир; бугун ҳаёт бўлиб, Русия қўли остидаги бир ерда бўлганлигидан исми-шарифи кўрсатилмади.

Тақдир панд берди. Қора кучлар устун келди. Зулумот нурни енгди. Истиқлолни қўлга олиш насиб этмади. Ман-ман деган шоввозлар, миллатнинг эр атанган йигитлари ҳақ ва ҳақиқат йўлида шаҳид кетдилар. Бундай аҳвол билан шоирнинг эркпар-вар юраги қандай чиқиша олади? Миллат шоирининг қадди букилди. Шеърларида куз, қиш манзаралари, боғ-роғларни тўлдирган қарғалар қағиллаши қучайиб борди. 1923 йилдаёқ бир «сомон парчаси» мисоли ўзни «муҳит эрки»га топширди:

Муҳит гирдобида бир сомон парча,
Бир похол чўпидек оқиб бораман.
Ҳар амал, ҳар ишни «ҳақ» деб бораман.
Вазминим қолмади бир узук қилча…
Муҳит кучлик экан, эгдим бўйнимни…
Кўзимда оғир бир «таслим» нури бор…

Шоир кўзларида «таслим» нури бордек кўринса-да, у «денгиз»нинг «чексиз қўйнида» «эркин кўпикларнинг аллақанчаси жимгина борадир». Йўқ, у озодлик орзусидан ҳеч қачон чекинган эмас. Ҳатто 1926 йилда, коммунистик диктатура авж пардасига кўтарилиб, «иноғомовчилик» байроғи остида миллий кадрларни йўқотиш кампаниясини бошлаган бир пайтда «Баҳорни соғиндим, баҳорни…» деб ҳайқириб айтди. Ўлим йўқлигига, ҳаётнинг абадийлигига имон келтирди («Баҳорни соғиндим»).

Лекин барибир давр ўз ишини қилди. Шоирнинг қўлидан қалами тушди. Тўғрироғи, кўнглига қил сиғмади. Ўзи айтмоқчи, «соз»ини «бир неча йил қантар»иб қўйди. Ниҳоят, 1935 йилда «Соз» шеърий тўплами босилди. Шоир яна қўлига созини олганлигини эълон қилди. Кўнглидаги кудуратлар кўтарилиб, «қайнаб ётган шу ҳаёт»дан «илҳом» олажагини ёзди («Яна олдим созимни»). «Миллионларнинг бири каби» ўзининг «қувноқ» ва «шан»лигини, «кечмишларнинг ўлимига қаҳқаҳалар солган»ини эълон қйлди. Шу тариқа, у шўролар ҳаётининг риёкорона шиорларига секин-аста юз бура бошлади. Бунинг натижаси ўлароқ шеърларига содиалистик мафкура кириб келди. Ёлғон, рангсизлик, ясамалик пайдо бўлди…

Чўлпон нодир поэтик истеъдод эгаси эди. Ва бу истеъдод XX аср Русияси майдонга келтирган тоталитар-шовинистик тузумга дуч келди. Бирданига унинг моҳиятини англаб ета олмади. Ҳақ ва ҳақиқат йўлидаги курашлар сифатида қабул қилди. Нималигини идрок этиши билан унга қарши исён кўтарди. Бу исён дастлаб очиқ, ошкор кечди. Сўнг эса, табиийки, пардаланиб борди. Буни ҳисобга олмоқ керак.

Заки Валидий Чўлпонни қозоқ уйғонишининг буюк шоири Мағжон Жумабой (1893-1937) билан қиёслаган эди. Бу бежиз эмас.  Мағжон 1922-1924 йилларда Тошкентда яшаган. Шу давр Туркистон муҳитини яхши билади. Айрим маълумотларга қараганда, ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетида ўқиган. Демак, бу ердаги зиёлилар билан ҳам яқин муносабатда бўлган. Сўнг 1924-1926 йилларда, айни бир пайтда ҳар икки шоир Москвада бўлдилар. Уларнинг бири-бири билан шунчаки таниш эмас, ҳатто яқин бўлганликлари эҳтимоли йўқ эмас. Шоирнинг йирик бир шеърий тўплами («Мағжон Жумабоев ўланлари») 1923 йилда Тошкентда таниқли давлат арбоби Султонбек Хўжанов (1894—1938) сўзбошиси билан чиққан эди. Унинг: «Туркистон эки дунё эсигиғўй, Туркистон эр Турктунг бесигиғўй», деб бошланадиган машҳур шеъри шу ерда битилган, шу тўпламда эълон этилган… Ҳар икки шоир ижодининг ғоя ва образлар тизимида маълум ўхшашликлар борки, буни пайқаш қийин эмас. Валидий муқоясани ҳар икки шоир шеъриятидаги образлар тизимининг ўхшашлиги асосига қуради. Чунончи, ҳар икки шоир ҳам Русия ва Туркистонни бир-бирига зид қўйиб тасвирлайдилар. Мағжон уларни «тун» ва «кун» тимсоллари билан берса, Чўлпон «Ғарб» ва «Шарқ» ёхуд «золим» ва «мазлум» таъбирлари билан ифодалайди. Фарқ – шунда.

Бунга шуни қўшимча қилиш мумкинки, Чўлпон шеърларида табиат манзаралари, фасллар тасвири аксарият шоирнинг руҳ ва кайфиятинигина эмас, қай бир даражада ғоя ва маслагини ҳам ўзида намоён этади. 1921—23 йилларда ёзилган шеърларда табиатга ижтимоий сифатлар бериларди. Манзарага мос замон воқеалари -ҳақсизликларга ишора қилинарди. Бир сўз билан айтганда, табиат ижтимоийлашарди ва булар кўпинча «Шарқ» ва  «Ғарб» муқоясасида бериларди:

Кўм-кўк экан, сарғайдилар япроқлар
Оғриқ, мағлуб, тутқун Шарқнинг юзидек;
Бўронларнинг кўзлариким ўйноқлар
Ғолиб Ғарбнинг қонга тўлган кўзидек.

Қора булут тўдасиким кўкларни
Шарқни ёпган парда янглиғ ёпмишдир;
Куз қўшини оғу тўлиғ ўқларни
Ёз бағрига ҳеч саноқсиз отмишдир.

Бало янглиғ қатор-қатор чизилиб,
Кўк юзидан қарғалар ҳам ўталар;
Шарқдек ичдан яшрингина эзилиб,
Кўп жонлилар сўнгги тинни куталар.

( «Куз»)

Ёки:

Қарғалар боғларда қағлашиб қолдилар,
Билмадим, кимларнинг қисмати узилур?
Ёнғоққа ёпишиб, бир чангал солдилар,
Билмадим, кимларнинг умиди йўқ бўлур.

(«Хазон») каби.

20-йилларнинг ўрталарига келиб, шоир шеърларининг ифода усуллари бир оз ўзгарди. Энди улардаги фикр ва ғоялар илгаригидай очиқ-ошкор эмас, бўртиб кўриниб турмайди. Мана «Куз ёмғири» тасвири:

Тўкилди томчилар…
Япроқнинг юзлари
Томчига ўптириб ҳўлланди,
Чуқурча кўлланди…
Томчини кўпдириб,
Бетида ўйнатди
Чуқурча.
У – жиндек қўлча.
Томчилар –
Кўкларнинг сувлари
Ерларни қамчилар…

Шеър 1926 йилда, шоир тепасида танқид таёқлари синиб турган бир пайтда ёзилган. Уни шунчаки бир манзара доирасида қолдириб бўлмайди. Ўйлаймизки, ундаги ҳар бир тафсидда кайфият, ҳолат, маъно бор.

Чўлпон шеърияти халқчил ғоялари, юксак миллатпарварлик ва ватанпарварлик руҳи билангина эмас, чинакам халқона ифода воситалари билан ҳам ўқувчилар қалбини забт этган, муаллифини тириклигидаёқ мумтоз шоирга айлантирган эди. Уни фақат бизда эмас, четда ҳам севадилар. XX асрнинг 20-йилларида унинг номи Русия туркийлари орасидагина эмас, Туркиядан тортиб, буёғи Миср, Арабистон, уёғи Кошғар, Ҳиндистонгача ёйилган эди.

Чўлпонинг «Кеча ва кундуз» романи

Романдан парча дастлаб 1935 йилда «Совет адабиёти» журналида эълон қилинган эди. 1936 йилда у алоҳида китоб бўлиб босилиб чиқди. Асар, номланишидан маълум бўлганидек, яқин ўтмишни мавзу қилиб олган. Муаллиф халқимиз тарихининг кечаси ва кундузини кўрсатмоқни ният қилган эди. Тарих ва замон муқоясаси XX аср шўро адабиётининг севимли мавзуларидан эди. Айниқса, 30-йилларда бу авжига чиққан эди. Чўлпон 27-йилдаги машъум зарбадан, 30-йилларнинг бошида етилиб келаётган қатагонлар ҳидидан сўнг шўро адабиёти томон юз буриш мажбурияти остида қолди. «Соз» шеърий тўплами бунга далил. Ушбу романнинг сарлавҳаланиши ҳам муаллифнинг мажбурий муросасига кишини ишонтиради. Лекин биз мазкур романнинг биринчи – ўтмиш (кеча) қисмига эгамиз. Унинг иккинчи — шўро замони (кундуз) етиб келган эмас. Тадқиқотчиларнинг фикрига қараганда, у нашриётга топширилган, ҳатто корректураси ҳам чиқиб келган, бироқ тергов жараёнида йўқолган.

«Кеча ва кундуз» мавзу ва йўналишига, муаллифинингунга ёндашишига кўра, айтиш мумкинки, Абдулла Қодирий «Ўттан кунлар»ининг давомидир. Асарда XX аср бошидагй Туркистон ҳаёти, турғунлик ва тутқунлиқда мудраган ўлкадаги уйғониш лавҳалари қаламга олинади. Романнинг бош ғояси, асосан, маиший турмуш манзаралари, анъанавий кундошлик можаролари ва янги даврга хос бўлган хусусиятлар, чунончи, «капиталистик муносабатлар» ва «буржуа ахлоқи» деб аталган, исломий турмуш тарзидан узоқ феъл-одатлар тасвири ёрдамида ифодаланади.

Зеби ва унинг фожиали тақдири асарнинг марказида туради. Зеби – 15 га кирган шахарлик камбағал бир қиз. Ота-онасининг ёлғизи. Кўзга яқин, дуторни сайратади, ашуласи эшитганни маҳ-лиё қилади. Огаси Раззоқ сўфи бадқовоқ, унинг устига ўлтудай тақводор, эшонбобосининг гапидан бир қадам чиқмайдиган, жо-ҳил бир киши. Онаси Курвонбиби — муштипар аёл.

Асар Зебининг баҳор кунларидан бирида дугонаси Салтанат билан қишлоққа ўйнаб келишга кетиши воқеаларидан бошланади. Ойдинкўлдаги Халфа эшоннинг кичик қизлари номини ўртага қўйиб, бир амаллаб, отасидан рухсат олиб, қишлоққа борган Зеби, ўзи билмаган ҳодда, мингбоши Акбаралининг тузоғига тушиб қолади. Акбарали донг таратган амалдорлардан, бадавлат. Лекин хунукликда ҳам, қўполликда ҳам ҳеч ким унинг олдига туша олмайди. На савод бор, на илм. Ҳамма ишни унинг ёрдамчиси Мирёқуб қилади. У савлат, холос. Уч хотини бор. Уларгача хам уйланган — ўлган. Каттасининг оти — Хадича, ўртанчаси — Пошшахон. Кенжаси — Султонхон, 19 ёшда. Ҳамма кундошлар каби мингбошининг катта хотинлари ўзаро иноқ, чунки даврон улардан ўттан, кенжасига боқкан. Улар учун Султонхондан катта душман йўқ. Зебихоннинг бу томонларга келиши кундошлар кўнглидаги қора ниятнинг амалга ошишига имкон беради. Акбаралининг биргина фазилати бор эди, ашулани яхши кўрарди. Хуллас, бир қатор можаролардан сўнг Зебини унга олиб беришга муваффақ бўладилар. Киз тақдирга тан беради. Икки катта кундош шу тариқа ўз нафсониятларини қондирган бўладилар. Бироқ кўп ўтмай, янги дард — мерос дарди бошланади. Мингбошининг ўғли йўқ. Хадичадан кўрган биргина Фазилат деган қизи бор, у – бировнинг омонати. Ёш хотин мингбошини ўзига боғлаб олган, мерос эгаси ҳам шу бўлади. Йўлини қилиш керак. Мана шундай ўйлар Пошшахонга тинчлик бермайди, чунки у ўйнашига давлат билан бориши керак. Ниҳоят, у машъум бир карорга келади. Пайт пойлаб, Зебининг дуо солинган иримсувини тўкиб, ўрнига заҳар солиб қўяди. Бу билан у ҳам Зебидан, ҳам Султонхондан қутулмоқчи эди. Чунки, иш битганида, шубҳа унга эмас, Султонхонга тушарди. Лекин воқеалар оқими бошқача кечди. Чойнак «сув»и Зебига эмас, мингбошига насиб қилди ва бегуноҳ Зеби етти йилга Сибирга сургун қилинади.

Асар Зебилар хонадонининг фожиали якуни билан тугайди. Тақводор ота ўз эшонбобосига исён қилиб, уни ўлдириш даражасигача етади. Бахтсиз она телба бўлиб қолади.

Зеби тақдири билан боғланган персонажлардан бири Ўлмас-жон. У қизларни қишлоққа олиб бориб келган аравакаш, ёш йигит. Икки ёш ўша сафардан буён бир-бирларини унута олмайдилар. Иккалалари ҳам узоқ вақт бир-бирларининг хаёли билан яшайдилар. Зебининг мингбошига майл билдириши ғоят қийин кечади. Бироқ бу сюжет чизиғи узоқ давом этмайди.

Романда муҳим ўринни Мирёқуб чизиғи ташкил қилади Мирёқуб — алоҳида бир тип. У ғоят эпчил, ишбилармон. У аралашмаса, ҳеч бир иш битмайди. Шунинг учун уни «Мирёқуб эпақа» дейдилар. У Акбарали мингбошининг ўнг қўли. У озгина муддат йўқ бўлса, тамом, мингбоши нима қиларини билмай қолади. Аслида, унинг саводи ҳам ҳаминқадар, билими ҳам унчалик зўр эмас. Лекин зийрак, муроса-мадорани ўрнига қўядиган, чинакам корчалон. Фойдасини билади, тантилиги ҳам йўқ эмас, эндигина шаклланиб келаётган янги типдаги мулкдор. Табиатан анча мураккаб. Унинг Мария билан учрашуви фикр-қарашларига таъсир кўрсатади. Йўддан адашган бу жувонга ёрдам беришга қарор қилади. Унинг ҳужжатларини ўзгартириб, фоҳишахонанинг ифлос муҳитидан олиб чиқиб кетади. Москвадаги нўғойлар мачитида мусулмонликка ўтказиб, Биби Марям Ойша қизи номи билан никоҳ ўқитади. Мирёқуб қарашларида чинакам инқилоб ясаган воқеа унинг поездда Шара-фиддин Хўжаев деган киши билан учрашуви бўлади- Шарафиддин Хўжаев Финляндияга бораёттан тошкентлик савдогар, ўзини «жадид» дейди. Бой-бадавлат, дунё кўрган, кўп нарсадан хабардор, тил билади, авлод тарбияси ҳақида гапиради, «миллат» дейди. Илгари Мирёқуб жадидлар ҳақида бошқача фикрда эди, уларни «кофирнинг ашаддийси» деб ўйларди. Тўғрироғи, унга шундай тушунтирган эдилар. Бу тамом бошқа. Эл-юртни ўйлайди, унинг дўсти-душманлари ҳақида сўзлайди. Ҳар бир миллат фарзандининг ўз тилида савод чиқариши лозимлиги, акс ҳолда тарбияга путур етиши, бойларнинг ер-суви, заводчиларнинг заводлари ялангоёқларга олиб берилади, деган гапларни социалистлар чиқаришганини, жадидлар, аксинча, «Бой бўл! Завод сол! Фабрика оч! Беш минглаб, ўн минглаб рабочи ишлат! Миллий саноатни ривожлантир!» дейишларини айтади. Хуллас, тўрт кун унинг ҳаётида ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади. Лекин, мутахассислар тўғри қайд этганларидек, Мирёқуб – Мария сюжет чизиғи охирига етган эмас. Эҳтимол, чиндан ҳам уни «Кундуз»да даюм этгириш мўлжаллангандир. Эҳтимол, жадид талқини масаласи ўртага тушгандир, ҳар ҳолда, бунинг маълум сабаблари бўлиши керак. Лекин бу ўринда бир нарсани алоҳида таъкидлаш керак. 1935 йилда, шўролар тахтн салта-натни тўла эгаллаб, миллий мафкура кдтагонининг ҳал қилиши босқичига қадам қўйган бир пайтда жадид ва жадидчиликка бундай муносабатнинг берилиши фавқулодда жасорат эди.

Романнинг жуда кўп саҳифалари чоризмнинг маънавий-ахлоқий таназзули таҳлилига бағишланган. Унинг вакилй нойибтўра, аслида пихини ёрган, қув киши. Ўзини маҳаллий халққа яқин тутгандек кўрсатади, ўзбек, форс тилларини сувдай билади. Шоир Адо шеърларини эгаларидан яхшироқ тушунтириб бера олади. Нодир китоблар йиғади, маҳаллий зиёлиларимиз ҳам яхши қўринай деб ташиб келтираверадилар. (Бунинг миллатга хиёнат эканлигини Мирёқуб сўнгроқ Шарафиддин Хўжаев билан учрашганидан кейин англаб етади.) Иккинчидан, ҳар нарсага қизишмайди, шошмайди. Аслида уни маҳаллий халқнинг аҳволи заррача қизиқтирмайди. Иложи бўлса, бир-бирига қаираб қўйса-ю, ўзи даврини суриб юраверса. Лекин у давру даврон суришни билади. Маишатдан бўшамайди. Ўйнашлари кўп. Хотин ҳам шунга яраша. Хизматкори Зуннун билан дон олишади. Лекин хотиннинг гагш — гап. Нойиб тўра ундан бир қадам чиқа олмайди. Уни эса, ўйнаши бошқаради. Масалан, Акбарали мингбоши ўлгач, ўрнига Зуннунбой тайинланади. Элликбошидан тортиб амину мингбошигача қуллуқ қилиб истиқ-болига эгиладиган нойиб тўранинг аҳволи — шу.

Биргина нойиб тўранинг эмас. Бу «касаллик» маҳаллий амалдорларга ҳам ўта бошлади. Акбарали мингбошининг хотини Пошшахон Мирёқубни ўйнаш тутган. Султонхон мингбошининг мирзаси Ҳакимжонни йўлдан урган…

Романда давр манзаралари ҳаққоний ва таъсирчан тасвирланган. Жадид — қадим баҳслари, Биринчи Жаҳон уруши ва мардикорлик воқеалари, «Таржимон», «Вақт» газеталари билан боғлиқ маълумотлар, Оренбургдаги машҳур «Ҳусайния» мадрасаси тафсилотлари асар тўқимасига маҳорат билан сингдириб юборилган.

«Кеча ва кундуз» ўзбек романчилиги тараққиётида муҳим воқеа бўлди. У «Ўткан кунлар» бошлаб берган йўлни муваффақият билан давом эттирди. Тарихимизнинг ғоят мураккаб ва масьулиятли бир даврини, миллий уйғониш тарихимиз манзараларини ҳаққоний ёритиб берди. Эсда қоладиган бир қатор образлар яратиб, ўзбек романчилигини янги, юксак погонага олиб чиқди.

Хулоса

Чўлпоннинг ўқувчиларимизга қайтарилиши ҳақиқатнинг тикланишидан ташқари адабиётимизнинг XX асрдаги қадди-бастини кенг кўламда кўриш имконини берди. Хусусан, миллий поэтик тафаккурнинг қайноқ бир булоғини қайта кашф этиш ва ундан баҳраманд бўлиш бахтига эриштирди. Энг муҳими, адабиётимизнинг ҳамиша халқ дарди билан яшаганлигига, энг оғир замонларда у билан ёнма-ён борганлигига бизни ишонтирди. Айни пайтда, шеъриятимизда бир томондан, мумтоз адабиётимизнинг энг яхши анъаналари янги давр масалалари билан боғланган ҳолда муваффақият билан давом эттирилганлиги, иккинчи ёқдан, Ғарб поэзиясининг мукаммал намуналаридан самарали фойдаланилгани маълум бўлди.