Насимхон Раҳмонов. Бертельс – навоийшунос

Евгений Эдуардович Бертельс (1890-1957)

Бу воқеага 30 йиллар бўлди.
Бир куни – устоз Азизхон Қаюмов билан Қўлёзмалар институтдан чиқиб, Ўрда томон яёв йўл олдик. Домла билан Фанлар Академиясидаги бир йиғилишга боришимиз керак эди. Суҳбат асносида Азизхон ака:
– Бартольд билан Бертельснинг ҳамма асарларини бирламчи манба сифатида қабул қилсак бўлаверади, – деб қолдилар. Мен бироз таажжубландим. Манбашуносликда бирламчи манба деган тушунча қўлёзманинг ўзидир. Ҳатто унинг жорий алифбога табдилини ҳам бирламчи манба сифатида қабул қилиб бўлмайди. Хаёлимдан: “Устоз билмаган ёки чала билган нарсалари тўғрисида гапирмайдилар”, деган фикр ўтди-ю, шу гапи хотирамга михланиб қолди. Йиғилишдан кейин уйга қайтдиму Бартольд асарларининг бешинчи жилдини варақлашга тушдим. Бартольднинг бу жилди туркология ва мўғулшуносликка оид тадқиқотларга бағишланган, бу соҳалар эса менинг “нон”им эди. Гап икки буюк олим ҳақида кетгани учун Евгений Эдуардович Бертельснинг “Тасаввуф ва тасаввуф адабиёти” (Суфизм и суфийская литература) китобини ҳам ўқишга тутиндим.
Илгари икки буюк олим китобларини ўзим учун, ўзимга зарурларни билиб олиш учун ўқиган бўлсам, энди устознинг менга йўлда айтган гапи қанчалик ҳақ эканини англаш учун ўқиётган эдим. Бартольднинг “Ўрта Осиё тарихига оид ўн икки маъруза”сини ва Бертельснинг тасаввуф ҳақидаги китобини яна бир бор кўздан кечирганимдан кейин, устоз юз карра ҳақ эканига амин бўлдим.
Е.Э.Бертельснинг ўзбек халқига садоқати, ҳурмат-эҳтироми Алишер Навоий ижодига бўлган муносабатида яққол намоён бўлади. Олим далилларга, айнан бирламчи манбаларга таяниб холис ёндашувни мезон қилиб олди. ХХ асрнинг биринчи чорагида аксарият Европа ва рус шарқшунослари Навоий ижоди билан машғул бўлган, унинг ижоди ҳақида ҳеч бўлмаганда бир мақола ёзган. Уларнинг кўпчилиги Навоий ижодига бир ёқлама қараб, форс адабиётининг тақлидчиси, вакили, ўзбек адабиётига бирон янгилик қўшмаган, деб айюҳаннос солганларида, Е.Э.Бертельс “Навоий ва Аттор” китобида “Лисон ут-тайр”ни “Мантиқ ут-тайр”га қиёслаб, Навоийнинг буюк шоир, даҳо ижодкор эканини кўрсатиб берди. “Навоий ва Жомий” китобига сўзбоши ёзган Эргаш Рус­тамов Бертельснинг илмий фаолияти билан жуда яхши таниш садоқатли шогирд сифатида бундай дейди: “Лисон ут-тайр”ни кўздан кечириш бизнинг кўз олдимизда улкан санъаткорни, оригинал асар яратишга қодир сўз устасини, санъаткорлик инъоми билан бирга, билими ва қизиқиш доираси ниҳоятда улкан тафаккур эгасини, буюк донишмандни, биз учун янада қимматлироғи – атрофдаги одамларга нисбатан қалби севгига лиммо-лим тўла, шу севги туфайли инсонларнинг камчиликларини кечириб юборадиган катта қалб эгасини намоён қилади”.
Бертельснинг Навоийга бўлган муҳаббати фақат “Лисон ут-тайр” ҳақидаги мулоҳазалари билан чекланган эмас. Навоийни Аттор билан қиёслагани сабаби ҳар иккала шоир дунёқарашининг ўхшашлиги билан белгиланади. Бертельснинг “Навои и Аттар” китоби филология фанлари доктори Ибодулла Мирзаев томонидан ўзбек тилига таржима қилинганини ҳам шу ўринда айтиб ўтиш лозим.
Бертельсга фалон асари шуҳрат келтирди деб айтишдан кўра, у ҳамма китобларида ҳам асосий урғуни Навоийга қаратди деб айтсак, ҳақиқатга яқин бўлади. Хусусан, форсийзабон буюк ижодкорлар – Низомий, Аттор, Жомий ҳақида сўз юритганда, албатта, уларга ҳамдам ва ҳамқадам Навоий ҳам ёдда туради. Жумладан, “Форс-тожик адабиёти тарихидан” китобида “Навоийнинг “Хамса”си билан шуғулланаётган одам Низомийнинг “Хамса”сини билмаса, қандай аҳволга тушиб қолган бўларди” дея Низомийни ҳам, Навоийни ҳам буюк шахсиятлар сифатида бир қаторга қўйиш мумкин эканига ишора қилади. Бертельснинг бу позицияси, бир томондан, форсийзабон шоирларни юзага чиқаришгина эмас, балки ўшандай буюк шоирлар қаторида Навоий ҳам ўз мустаҳкам позициясига эга эканини далиллар эди. Бертельс бу мақсадига эришди. Айниқса, Навоий дунёқарашининг Низомий, Аттор ва Жомий дунёқараши билан муштараклиги ҳам Бертельснинг чуқур изланганига, Шарқ фалсафий тафаккурини сабот билан ўрганганига далилдир. Унинг “Тасаввуф ва тасаввуф адабиёти” номли китоби ана шу изланишлар маҳсулидир.
Бертельснинг Навоийга бўлган муҳаббати унинг шоир ижоди туб моҳиятига киришига замин бўлди.
Бертельс Алишер Навоий ижоди билан бир қаторда, туркийзабон шоир­лардан Фузулий ва Махтумқули ижодини ҳам форс адабиёти билан қиёслаб, мазкур ижодкорлар ўз заминидан узилмаган, халқидан ва она тилидан узоқлашмаган оригинал шоирлар эканини далиллади, уларнинг ижодини холис баҳолади. Уларнинг бадиий маҳоратини изчил ёрита борди.
Бертельс Навоий билан Атторни ёнма-ён, ҳамфикр салафлар сифатида талқин қилар экан, ҳар иккисининг буюклигини уларнинг дунёқарашидаги умумийлик ва узвийликда деб қаради. “Навоий ва Аттор” асарининг умумий мундарижаси ана шу асосга қурилган. Қолаверса, Навоий кўп ўринларда Аттордан устун эканлигини ҳам Бертельс яширмайди.
Бертельс Навоий ижодини ўрганишга киришар экан, бу соҳада ўзбек навоийшунослари Ғафур Ғулом, Ойбек, Ҳоди Зарипов, Ғулом Каримов ва бошқа қатор олимларнинг унга берган ёрдамларини мамнуният билан тилга олади.
Е.Э.Бертельснинг Шарқ мумтоз адабиётининг катта билимдонлигию, ижодкорларга хос қобилияти илмий асарлари бадиий асар сингари ёзишига ва китобхонларни ўзига жалб қилишига сабаб бўлди. Жумладан, Бертельснинг Навоийга бўлган муҳаббати, буюк шоир ижодига самимий ёндашуви “Навоий ва Жомий” асарининг оммабоп шаклда ва мазмунда ёритилишига сабаб бўлди. Асардаги воқеалар тасвири ва баён усули худди халқ қиссаларини эслатади. Бу усул Бертельс домланинг Шарқ ва ўзбек адабиётининг барча жанрлари билан мукаммал ва изчил танишганидан далолат беради. “Навоий ва Жомий” асарининг дебочасиданоқ бирданига Навоий ижодига ўтиб кетмайди, балки даҳо шоир ижодини русийзабон аҳоли ҳам ўзбек ўқувчиси ҳам, зерикмасдан ўқиши учун эссе жанрига хос баён усулини олиб киради. Жумладан, мазкур китобнинг бошланиши “Темурийлар” деб номланган.
Темур тўсатдан вафот этди. Салтанат ҳукмронлиги Темурнинг набираси Муҳаммад Султонга ўтиши керак эди. Аммо у аллақачон оламни тарк этган. Шу боис тахтнинг қонуний меросхўри унинг ёшгина ўғли Пир Муҳаммад Жаҳонгир эди. Аммо лашкар Халил султонни ҳукмдор деб эълон қилди. Халил султон Темурнинг ғазабига йўлиққан. Чунки у Темур вафотидан бир неча ой илгари оддий табақадан бўлган гўзал Шод Мулк хонимга уйланган эди. Халил султон темурийлар анъанасига зид иш тутди, зотан, у Темур ижозатисиз оддий оила, қизига уйланди.
Пир Муҳаммад хон бўлади, аммо салтанатни Халил султон бошқаради деган келишув бўлди. Темур салтанати ана шу воқеа билан таназзулга юз тута бошлаганини Е.Э.Бертельс биргина воқеа орқали кўрсатади. Халил султон Шоҳрух томонидан мағлуб қилинди ва Андижонга сургун этилди, унинг Шод Мулк хонимдан айрилиб, ҳижрон азобида шеърлар битгани маълум. Бертельс домла Халил султоннинг Шод Мулк хонимдан айрилиқда яшаган пайтдаги изтиробларини Навоийнинг “Мажолис ун-нафоис”идан бир байтга боғлайди. Навоий, бошқа бир қатор темурий шаҳзодалар сингари, Халил султонни ҳам истеъдодли шоир ва соҳиби девон сифатида баҳолайди. Мана Андижонга Шоҳрух томонидан бадарға қилинган Халил султоннинг Самарқандда қолган севгилиси Шод Мулк хонимга бағишлаган ўша байти:

Эй турки пари пайкарим, тарки жафо қил,
Коми дилимиз, лаъли равонбахш раво қил.

Ҳирот ва Самарқандга оид воқеаларда ҳам Бертельс эссе жанрига оид тасвир усулини давом эттиради. Мана шу тасвир усули билан Навоийни тушунишга йўл оча боради.
Е.Э.Бертельс мазкур асарида фойдаланган манбаларни кўздан кечирсак, у асосан қўлёзма асарларга таянганини кўрамиз. У туркий ва форс тилларидаги олтмишга яқин қўлёзма манбага таянгани маълум бўлади. Қўлёзмаларнинг аксарияти Ўзбекистон Фанлар Академиясининг Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида сақланаётган манбалардир. Зотан, қўлёзма манбаларсиз бирон ижодкор ҳақида, айниқса, Навоий ҳақида тўлақонли сўз юритиб бўлмайди. Мана уларнинг айримлари: “Хамса”нинг ЎзФА Шарқшунослик институтда 5018 инвентарь рақами остида сақланаётган “қўлёзмаси, “Хамсатул-мутахаййирин”нинг 2242 инвентарь рақами остида сақланаётган қўлёзмаси, “Чаҳор девон”нинг 677 инвентарь рақами остида сақланаётган қўлёзмаси, “Маҳбуб ул-қулуб”нинг 1948 йили А.Н.Кононов тайёрлаб чоп эттирган факсимиле нусхаси, француз олими Катрмернинг “Муҳокамат ул-луғатайн”ни 1841 йили Парижда тайёрлаб чоп эттирган нусхаси, Низомий Ганжавийнинг “Мақомот” асари қўлёзмаси ҳамда бу асарнинг Е.Э.Бертельснинг ўзи қўлёзмадан таржима қилиб чоп эттирган “Иқболнома”, “Искандарнома”, “Махзан ул-асрор” каби асарлари ва Носируддин Тусий, Саккокий девонининг, Хисрав Деҳлавий “Хамса”сининг қўлёзмаси ва бошқа кўплаб литографиялар, Европада катта шарқшунослар амалга оширган танқидий матнлардир. Мана шу манбаларнинг ўзиёқ Е.Э.Бертельс Навоий ижодини тадқиқ этишга катта масъулият билан ёндашгани ва жиддий тайёргарлик кўрганини далиллайди. Унинг Навоий ижодига масъулият билан, чуқур илмий таҳлил асосида ёндашганини китобининг ҳар саҳифасида кўриш мумкин. Жумладан, “Мажолис ун-нафоис” ҳақида тўхталар экан, китобхонга қизиқарли бўлган, айни пайтда илмий ҳақиқатдан узоқлашмаган далилларга эътибор беради. Айниқса, бу тазкирадаги шоирларни саккиз гуруҳга бўлгани эътиборни тортади:
1. Навоий ёшлик чоғида умри охирлаб қолган, Навоий шахсан кўрмаган шоирлар. Бу давр XV асрнинг ўрталарига тўғри келади. Бундай шоирлар 42 нафарни ташкил қилади.
2. Навоий ёшлик чоғида учрашган, аммо 1491–1492 йилларда оламдан ўтиб кетган шоирлар. Улар 84 нафарни ташкил қилади.
3. Навоий бевосита учрашган ва дўстлашган шоирлар. Улар 105 нафар.
4. Яхши шеърлар ёзадиган, аммо етук ҳисобланмаган шоирлар. Улар 46 нафарни ташкил қилади.
5. Баъзан шеър ҳам ёзиб турадиган Хуросон ва бошқа вилоятлар амалдорлари. Улар 14 нафарни ташкил қилади.
6. Хуросон ташқарисидаги шоирлар. Улар 28 нафар.
7. Шоирлик иқтидори бор темурийлар. Улар 16 нафар.
8. Султон Ҳусайн шеърияти. Навоий унинг 336 та шеъри ҳақида сўз юритади.
Юқоридаги шоирларга Навоий берган таърифдан маълум бўладики, “Мажолис”даги тўқсон фоиз шоир форс тилида шеърлар битгани ёки туркий ва форсийда баравар ижод қилгани Бертельснинг диққат марказида туради.
У Навоийнинг “Муҳокамат ул-луғатайн” асарига тўхталар экан, туркий тил мавқеининг пасайишига форс тилининг ҳукмрон тил бўлганини эмас, шаҳар ва қишлоқ аҳолисининг интеллектуал салоҳиятидаги фарқларни сабаб қилиб кўрсатади. Бертельснинг кузатишича, албатта, адабиёт, хусусан, шеъриятга асосан шаҳар аҳолиси ошно бўлган. Навоий келтирган ҳар хил – темурий шаҳзодалар, турли тоифадаги амалдорлар асосан шаҳар аҳлига мансуб. Бундан келиб чиқадики, форс шеърияти асосан ёзма шаклда ривож топган. Туркий тил эса халқ оғзаки ижодида ўз аксини топган. “Форс шеъриятини яратиш учунгина эмас, балки тушуниш учун ҳам ҳар доим саводхонлик, қолаверса, билим зарур бўлган. Форс тилини мукаммал билмай туриб бу тилдаги шеъриятни тушуниш душвор эди. Қишлоқ эса асрлар давомида саводсиз қолиб келган ва шу боисдан адабий ҳаётда иштирок эта олмас эди. Аммо бу дегани – қишлоқ аҳолиси бадиий сўздан маҳрум эди дегани эмас. Бой халқ ижоди бор эди: афсоналар, лирик, маиший ва сатирик қўшиқлар, эртаклар кенг тарқалганди. Деҳқонлар нутқини мақоллар, маталлар безаганига асло шубҳа йўқ. Афсуски, бу бойликлар ёзиб олинмаган. Шу сабаб у ҳақида бугунгача етиб келган намуналарга асосланиб ҳукм чиқара оламиз, холос”.
Бертельснинг мазкур хулосалари “Муҳокамат ул-луғатайн”га шу вақтгача давом этиб келаётган форсий ва туркий тиллар ўртасидаги кураш талқини сифатидагина эмас, балки Навоий яшаган даврдаги туркий тил манбалари – халқ оғзаки ижоди бойлиги тадқиқи сифатида ҳам қараш лозимлигини таъкидлайди. Айни пайтда Бертельснинг талқини анча мантиқли экани кўринади.
Бертельс Навоий баҳонасида темурийлар салтанати шеъриятининг улуғ вакиллари – Лутфий, Атоий, Саккокийнинг туркий тилдаги наз­миёти ва бу ижодкорлар қўлёзмаларига ҳам эътибор қаратади. Унинг асосий мақсади туркий адабиётда Навоийгача бўлган даврда шеърий жанрларнинг ривожланиш тамойилларини ва унинг салафлари туркий тилнинг бойлиги ҳақида Навоий сингари махсус асар ёзмаган бўлсалар ҳам, ўзларининг ижодида туркий тил гўзаллиги ва бойлигини намойиш қилганларини кўрсатади. Масалан, Султон Ҳусайн Бойқаронинг туркий шеърият ва туркий тил равнақи йўлидаги фаолиятини ёритар экан, бир далилни уқтиради. Ўша даврда ёзилган “Мажолис ул-ушшоқ” (Ошиқлар мажлиси) асарининг Ҳусайн Бойқарога нисбат берилиши ўринли эмас, Хондамирнинг айтишича, бу асарнинг муаллифи Камол Ҳусайн Газургоҳий деган ижодкор. Фақат Ҳусайн Бойқаронинг истаги ва кўрсатмаси билан ёзилган. Бертельс ана шу фикрини ўртага ташлаб, форс тилидаги бу асар муқобилида Ҳусайн Бойқаронинг эски ўзбек тилидаги адабиёт равнақи учун тинмай курашгани унинг асосий хизматидир, дея баҳо беради.
Бертельс домла туркий тилнинг бойлигини ва Ҳусайн Бойқаронинг бу тилга муҳаббатини намойиш қилар экан, туркий тилнинг бойлиги ва гўзаллигини айнан Ўрта Осиё ва Хуросондаги туркий тилда сўзлашувчи аскарлар нутқига, Султон Ҳусайннинг улар билан мулоқотига боғлайди. Ҳусайн Бойқаронинг адабий диди ниҳоятда юксак эди. Бертельс бутун умри тинимсиз жангу жадалларда ўтган, ҳам Хуросон, ҳам туркий тил ҳимоячиси бўлган султон Ҳусайннинг интеллектуал салоҳиятини китобхон кўз ўнгида ёрқин намоён қилади. Ҳарбий юришлар пайтида Султон Ҳусайн дейди олим, қароргоҳда вақтинча истиқомат қилиб турган ўз аскарлари билан доим мулоқотда бўлган, улардан халқ қўшиқларини, қаҳрамонлик достонларидан парчаларни эшитган бўлиши мумкин. Бертельснинг бу мулоҳазалари анча мантиқли.
Демак, Ҳусайн Бойқаронинг маънавий камолотида, бир томондан, Алишер Навоийнинг хизматлари, иккинчи томондан, бой туркий нутқ, учинчидан, Хуросон ва Мовароуннаҳрда истиқомат қилувчи туркий халқларнинг қадимги халқ оғзаки ижоди роли катта бўлган. Айни пайтда, Навоийнинг айтишича, Султон Ҳусайн туркий тилда ижод қилувчи шоирларни доим рағбатлантирган. Бертельс бундай нуқтаи назарга келишида фақат ўз қарашларига таяниб қолмади, балки бевосита Алишер Навоийнинг қарашларига, Ҳусайн Бойқаро билан шеърият бобидаги мулоқотларига таянди. Бертельснинг Навоийга бўлган муҳаббати Лутфий, Саккокий, Ҳусайн Бойқаро ва бошқа кўплаб ижодкорларнинг ҳали англаб етилмаган қирраларини очишга хизмат қилди.
Бертельснинг асосий эътибори Навоийга қаратилгани боис буюк шоир ижодининг ҳамма қирраларини очишга ҳаракат қилди. Жумладан, унинг асарларини ўз даврида форсийзабон зиёли қавми тушуна олиши учун илк луғатлар – Толеъ Имон Ҳеравийнинг “Бадоиъ ал-луғат”и тузилгани ҳақида хабар берар экан, бу луғат Навоий ҳаётлиги даврида яратилгани, ҳатто эски ўзбек тилида сўзлаша олган Абдураҳмон Жомий ҳам луғатдан фойдалангани эҳтимолдан холи эмас. Жомий эски ўзбек тилида мулоқот қила олгани ҳақида Навоийнинг ўзи ҳам айтган.
Бертельснинг навоийшунослик фаолиятида, биринчи навбатда, улуғ шоирнинг ижодий фаолияти, ундан кейин таржимаи ҳоли ва ижтимоий-сиёсий фаолияти туради. Бертельс Навоийга оид қайси соҳага тўхталмасин, буюк шоир Навоийни кашф қилади. Шоирнинг ҳаёти аввало шеърият – адабиёт билан боғланганини ҳар ўринда кўрсатиб боради.
Шу ўринда айтиш керакки, Навоийнинг Самарқанддаги ҳаётига доир маълумотлар бир-бирига зид. Аксарият манбаларда Навоий Самарқандда моддий муҳтожликда яшагани ҳақида сўз кетса, айрим манбаларда Самарқандда Аҳмад Ҳожибек ҳокимлиги даврида амир лавозимида бўлган эди, деб қайд этилади. Бертельс домла Навоийнинг Самарқанддаги ҳаётига тўхталиб, унинг ҳаёти енгил кечмаган, деган хулосани “Мажолис”даги бир воқеа кўрсатиб беради.
Алишерга бир куни сув зарур бўлиб қолди. Қиш пайти эди, унинг ҳужрасидаги сув музлаб қолганди. Иссиқ сув учун ҳаммомга бориш керак. Аммо ҳаммомчига тўлайдиган пули йўқ. Алишер ошланган теридан қилинган жуздонини сотмоқчи бўлди, аммо жуздонга харидор топилмади. Моддий муҳтожлик Алишернинг ижодга, илмга бўлган муҳаббатини асло сусайтира олмади.
Мана шу кичкина далил ҳам кўрсатиб турибдики, Бертельс Навоийнинг ҳаётига оид деталларни ҳам, асосан, шоирнинг ўз асарларидан излайди. Шубҳасиз, келтирилган воқеалар ривоятнамо бўлса ҳам, китобхонга таъсир этади. Навоий ёш бўлишига қарамасдан, Самарқанд адабий муҳитига катта таъсир ўтказган. Мана, бунга бир мисол.
Алишер Самарқанднинг барча шоирлари ва олимлари билан доимо суҳбатда бўлар эди. Ёш шоирнинг шеърият бобидаги маҳорати камол топиб бораверди. Самарқандда эътироф этилган шоирларнинг ижоддаги ютуқларини эътироф этиш билан бирга, нуқсонларидан ҳам кўз юммасди. Мавлоно Риёзий деган шоир ўз ғазаллари билан Самарқандда анча шуҳрат топган эди. Бунинг натижасида у жуда мағрурланиб кетган ва танқидга тоқат қилолмайдиган бўлиб қолганди. Бир куни Навоий Риёзийнинг:

Ситораест дури гўши он ҳилолабрў,
Зи рўи ҳусн ба хуршед мезанад паҳлу.

(Ул ҳилол қошлининг қулоғидаги инжу бир юлдуздир,
Ҳусн юзасидан қуёшга ёндашиб туради)

– мисралари орасида -ки боғловчиси зарур, шунда байт мазмуни тушунарли бўлади, дея қуйидагича таҳрир қилиб беради:

Зи рўи ҳусн дури гўши он ҳилолабрў
Ситораестки, бо моҳ мезанад паҳлу.

(Ҳусн юзасидан ул ҳилол қошлининг қулоғидаги инжу шундай бир юлдуздирки, ой билан ёндашиб туради).
Мавлоно Риёзий Навоийнинг бу таҳриридан қаттиқ хафа бўлди, дўстлари Навоийнинг таҳририни маъқуллаган бўлсалар ҳам, барибир, қулоқ солмади.
Бертельс фақат шу воқеани қайд этиш билан чекланиб қолмайди, балки Ризоийнинг мазкур байтли ғазалини таржимон Шоҳ Муҳаммад Қазвиний тўлиқ ҳолда келтиргани ҳақида ҳам маълумот беради. Шу биргина далилдан ҳам кўринадики, Бертельс Навоийнинг шахсиятини янада тўлиқроқ очиш, ҳали илм аҳли яхши тасаввурга эга бўлмаган қирраларини, хусусан, закийлигини намойиш қилиш учун фақат Навоийнинг ўз асарлари қўлёзмалари билан чекланиб қолмади, бошқа бирламчи манбаларга ҳам мурожаат этди. Бертельснинг бу заҳматкашлиги натижасида Навоийнинг ички олами ҳам, ташқи олами ҳам тўлақонли юзага чиқди.
Бертельс Навоийнинг “Лисон ут-тайр” ва Атторнинг “Мантиқ ут-тайр” асарларини муқояса қилиб, бутун диққат-эътиборини Навоийнинг асари оригинал, Атторнинг асари таржимаси эмаслигини далиллашга қаратди. Бертельс домла Аттор ва Навоийнинг достонларидаги ҳикоятлар муқоясасига оид келтирган статистик маълумоти ҳам ҳар иккаласи бир-биридан тамомила фарқли, мустақил асарлар эканини кўрсатади. Унинг ҳисоб-китобларига кўра, Навоий 63 та ҳикоятни “Лисон ут-тайр”га киритган. (Ҳикоятларнинг умумий миқдори Атторникидан оз). Навоий киритган ҳикоятлардан 12 таси Аттор достонидаги ҳикоятлардир, қолган 51 ҳикоят тамомила янгидир. Албатта, ҳикоятларнинг саксон фоизи Навоийнинг оригинал ижодидир деб қараш керак. Қолаверса, форсча ва туркийча достоннинг умумий жиҳатлари жуда оз. Қушлар Ҳудҳудга саволлар беради ва Ҳудҳуд жавоб беради. Бертельс Ҳудҳуд билан қушлар ўртасидаги йигирма иккита саволни ва Ҳудҳуднинг жавобини таҳлил қилади. Савол ва жавоблар Навоий ва Атторда аксарият ҳолларда бир-бирига мос келишини Бертельс айтади. Бу савол-жавоблар пайтида келтирилган ҳикоятларнинг манбаига ҳам алоҳида эътибор беради. Аттордаги кўп ҳикоятларни Навоий ўз асарида алмаштирганини, ҳикоятларнинг характери ҳам ўзгарганини Бертельс ёритиб беради. Қайси бир ҳикоят Аттор асаридаги ҳикоятнинг айнан таржимаси эканини, қайси бир ҳикоятни Навоий Атторнинг “Тазкират ул-авлиё”сидан олганини, қайси бир ҳикоят Атторда йўғ-у, Навоий бутунлай бошқа манбага таянганини таҳлил қилиб боради. Шунингдек, Навоий танлаган ҳикоятлар маълум бир мақсадга йўналтирилган, яъни тасаввуф йўлига кирган дунёвий одамлар ҳақидаги ҳикоятларда ўша одамлар қиёфаси чизилган бўлса, яна бирида риёкор инсонларнинг тубан қиёфаси акс эттирилган.
Жумладан, Ҳудҳуднинг Тўтига берган жавобини далиллаш учун келтирган ҳикоятига эътибор берайлик.
Бир ғофил одам бозор томон қадам қўйди. Унинг бутун вужуди ярамас нафсига қарам эди. У эгнига Хизрникига ўхшаш яшил чакмон ташлаб олган эди. Бу либоси унинг бир ҳийласи эди.
У бозор ичида кета туриб, дўконларда турли неъматларнинг беҳисоб эканлигини кўрди-ю, ўзини тутиб тура олмади. Бузуқ нафси эгри йўлга бошлаб, ҳар хил кўйга сола бошлади. У моҳирлик билан ўзини гадо сифатида кўрсатиб, халқ орасида ўзи ҳақида ҳар хил сўзларни айта кетди. У гоҳо ўзининг камолотга эришгани ҳақида, гоҳо кароматсоҳиб эканидан афсона сўзларди, гоҳида эса ўзини ақлдан озган киши сифатида кўрсатар эди. Хуллас, шу хил афсун ва макру ҳийла билан одамлардан егулик ва бирон танга ундириб олар эди. Шу тарзда у ўзини ва ўзгаларни алдаб, шум нафси буюрган нарсаларни териб юрар эди. Еган банги ҳар лаҳза уни юз хил бузуқ хаёлларга етаклар, кўнглига ҳар хил бўлмағур фикрларни солар эди.
Ногаҳон унинг олдига кўп мамлакатларни кезиб ўтган жаҳонгашта бир соҳибдил комил киши келди. Ҳийлагар одам уни кўрган заҳотиёқ ўзининг ёмон ҳолатидан хижолатда қолди. У киши деди:
– Пирнинг олдида қўлга киритган нарсаларингни кўрсат. Қани кўрайлик-чи , қандай бахтга эришибсан!
Бояги бадбахт киши пирга тўрвасини очиб кўрсатди. Унинг ичи заҳар-заққумлар билан тўла эди. У ўзи йиққан нарсаларнинг бари нажосат ва ифлосликлар билан тўла эканини кўргач, бундан жисмига ўт тушиб, кўнгли ўртанди. Пир унга ердан бир ҳовуч тупроқ ва тош олиб бериб: “Уларга қара” деди. У қараса қўлидаги тупроқ эмас олтин, тошлар эса лаъл ва қимматбаҳо дурларга айланган эди. Ноқис киши бу ҳолатни кўрган заҳотиёқ комил пир унинг олдидан ғойиб бўлди. У халқ ўртасида шармандаи шармисорликдан хижолатда қолди.
Аммо шуни ҳам эътироф этиш керакки, Бертельснинг исломий тасаввуфга қараши ва талқинлари анча кенг. Шубҳасиз, бу ҳолат Навоийнинг “Лисон ут-тайр” ва Атторнинг “Мантиқ ут-тайр” достонлари муносабати билан келиб чиққан. Жумладан, у Аттор китобидаги ҳикоятларда буддавийлик ва монийлик оқими фалсафасини кўради ва бундай мазмундаги ҳикоятлар манбалари халқ оғзаки ижодида эканини таъкидлайди. Эски ишонч-эътиқодлар яширин тарзда ислом ғалабасидан кейин ҳам давом этди, деб ёзади. Айни пайтда Бертельс ёзадики, бу масала ниҳоятда мураккаб ва бу ўринда чуқурлашиш ўринли эмас (Навои и Джами… 416-417-б.). Бертельс “Лисон ут-тайр” достонидаги ҳикоятларнинг умумий мундарижаси ва мазмуни ҳақида тўхталганда эса, турли-туман материаллар ва манбалар – Қуръон сюжетлари, ҳадислар, шайхлар ҳаёти, араб насрий асарлари, форс шеърияти намуналаридан фойдаланганини ва буларнинг ҳаммаси билан Навоий жуда яхши таниш бўлганини далиллайди. Биз 2002 йили буддавийлик ва монийлик матнлари асосида мазкур оқимларнинг Шарқдаги роли, ақидалари ҳақида махсус китоб ёзган эдик (Насимхон Раҳмонов. Руҳиятдаги нур муроди. Абдулла Қодирий номидаги Халқ мероси нашриёти.) Албатта, устоз Бертельс таъкидлаганидай, бу масала ниҳоятда мураккаб. Бу масалаларга келгусида бағрикенглик чуқур мулоҳаза билан илмий ёндашув керак бўлади.

Насимхон Раҳмонов,
филология фанлари доктори, профессор

«Жаҳон адабиёти» журнали, 2020 йил 2-сон