1
Ҳирот ва Самарқанд… Самарқанд ва Ҳирот… Булар Алишер Навоийнинг ҳаёти ва фаолияти кечган шунчаки шаҳарларгина эмас, булар унинг оламининг, шу шаҳарлар мансуб бўлган Кўҳна Олам қисмининг ваколатли вакилларидир ҳам. Келинг, мана шу минтақа хусусида фикрлашиб олайлик.
Мана у, ўша минтақа, эрамизгача IV асрда турибди. Ўша вақтларда у Искандар салтанати деб аталарди. Александр эмас, атайлаб Искандар деяпман, чунки бу фотиҳ у мақдунияликдан эронликка, шарти кетиб парти қолган салтанат шоҳининг ўғлидан Аммон Ра ўғлига айланганда шу салтанат бунёдкори бўлганди. Юнонистон, Эрон, Миср мамлакатларининг ҳукмдори айнан шу Искандар, гоҳ даҳшатли саркарда, гоҳ ақлли ва олижаноб давлат арбоби сифатида Кашмир, Ҳиндистон, Хитойни ўзига қўшиб олган ёки яқинлаштирган айнан шу Искандар биринчи бўлиб, ғоятда ёрқин тарзда шуни кўрсатдики, бепоён кенгликлар, ҳозирги ҳисобдан олиб қараганда, Ўрта Осиё, Афғонистон, Шимоли-Ғарбий Ҳиндистон, Эрон, Қофқозорти, Жануби-Ғарбий Осиё ва Шимоли-Шарқий Африканинг Ўрта ер денгизига яқин мамлакатлари — мана шу кенгликлар жуғрофий жиҳатдан Кўҳна Оламнинг Ўрта минтақасинигина эмас, балки Марказий минтақасини ташкил этар эди: сиёсий жиҳатдан қудратли давлат маркази бўлса, маданий жиҳатдан ўша пайтдаги маҳаллий эмас, йўқ, энг муҳим жаҳоний, ҳа, айнан жаҳоний маданият ўчоғи эди. Сиёсий жиҳатдан у фақат ҳукмрон, қудратли ғоя эди, айни чоғда фақатгина ғоя бўлиб ҳам қолганди, холос; лекин маданий-тарихий жиҳатдан — далил эди. Қадимги Миср, Аҳмонийлар Эронининг буюк маданияти — бу эса унинг ортида турган Оссур-Бобилнинг ҳам, Эллинлар оламининг ҳам маданияти демак — воқелик эди. Европа — афроосиё мажмуасининг — яъни, эрамизгача IV асрдан бошлаб уларнинг айнан Кўҳна Оламнинг шу минтақасида юзага кела бошлагани ҳам воқеликдир.
Ниҳоят, мана у, ўша минтақа энди янги эрамизнинг II асрида турибди. У яна Марказга айланган. Ўшанда у Қушон салтанати томонидан бирлаштирилган эди, унинг ҳукмдори Канишка эса бир вақтнинг ўзида Шаона-шао (Шоҳлар шоҳи), Девпутр (Осмон ўғли), Қайсар (Кесар), Маҳорожа ҳам бўлган эди. Сиёсий жиҳатдан бу яна фақат ғоя эди, холос: на хитой хуандилари, на рим цезарлари Қушон ҳукмдорлари қошида бош эгар эдилар. Аммо маданий-тарихий жиҳатдан бу яна катта тарихий аҳамиятга молик ҳодиса. Ушбу минтақанинг бепоён кенгликларида янги маданий мажмуа вужудга келди. Унинг энг яхши ва машҳур намуналари даставвал санъатда ўз ифодасини топди. Биз уни топилган жойига қараб гандҳар санъати, манбаларига қараб эса, юнон-будда санъати деб атаймиз, юнон-ҳинд маданияти деб аташ ундан ҳам тўғрироқ бўлар эди. Аммо бундай кенг атама ҳам унинг барча унсурларини қамраб олиши қийин: унда, мана шу санъатда бу ерга нафақат — Эллин олами ва ҳинд оламидан келиб қолган, балки бу минтақадан ташқарида, Узоқ Ғарб — Римда, Узоқ Шарқ — Хитойда вужудга келган жиҳатлар бор эди. Энг асосийси, булар барчаси ўзининг, туб — энг биринчи, эр. ав. IV асрда яратила бошлаган маданий-тарихий мажмуаларга келиб боғланган. элатчилик жиҳатидан ушбу Ўрта минтақа муайян қиёфага эга бўлмаган, — зеро унда ўша пайтда эронликлар, ҳиндистонликлар, юнонлартга қарамай, — барибир унда маданий жиҳатдан теран ўзига хослик ва асосийси, ўз шахси мавжуд эди.
Қушон салтанати даврида бу минтақа бутун Кўҳна Дунё учун яна Марказий бўлиб қолган эди, бироқ бу гал — ва бошқа пайтларда ҳам алоҳида жиҳатларга эга эди.
Ҳар бир кўпроқ даврнинг ўз замонавийлиги ҳамда ўз келажаги ҳам бўлади. Қушон салтанатида ҳам, ундан ташқарида ҳам, эрамизнинг II-III асрдаги замонавийлик — бу Антиклик (Қадимийлик) ҳисобланади. Тағин қанақа антиклик денг! Шу нарсани унутмайликки, Шарқда бу Кейинги Хитой салтанати, Ғарбда эса — Август — Диоклетан асри эди. Бу эса — шунчаки Антикликкина эмасди, бу — унинг апогейи, энг юқори нуқтаси эди.
Ҳа, юқори чўққиси… Аммо бошқа бир юқори чўққини ҳам эсга олайлик. Самода улуғвор Валгалла бемисл жилва билан чарақлаб кетди. Ердан унга томон нурафшон кўприк — камалак чўзилди. Мана шу кўприкдан тантанали суратда, асъаса билан ана шу Валгал томонга ўзига маъбудлар кетиб борадилар. Оддий асъаса! Энг юқори чўққи! Шундай эмасми? Маълум бўлишича, бу яна Vоrabend “Арафа” ҳам экан. Ундан кейин эса Валгалланинг буюк ёнғини содир бўлди, у билан бирга эса Gotterdammerung, “Маъбудларнинг оқшомлари” ҳам юз кўрсатди… Антикликнинг Порлоқ Валгалласига отилган, ўша Антиклик яратган биринчи машъал айнан шу ерда, Қушон салтанатида ёқилган эди. Ўша Канишка даврида буддавийликнинг Буюк ибодатхонаси ташкил этилганди, уни иккинчи ҳам, учинчи ҳам деб аташди. Бу маскан эса изчил диний таълимотни коинот динига айлантирди: у бутун куч-қудрати билан Маҳайана, “Катта Чарх” ғоясини кўтариб чиқди ва унинг ўзи “дин юриши”ни бошлаб берди, яъни коинот ғоясига зарур жўшқинликни олиб кирди. Икки асрча ўтгандан кейин эса, 325 йилда ўша Марказий минтақада, Кичик Осиёнинг Никейида насронийликнинг биринчи Олам ибодатхонаси бино бўлди, у кенг қамровли дин ақоидларини ишлаб чиқди. Бу ақоидлар аввалига маҳаллий мазҳабни коинот динига, шунинг асосида эса динни миссионерликка айлантирди, яъни ўшандай тутқич бермас жўшқинлик ўз ишини қилди. Яна тўрт асрдан кейин бўлса, VII асрда тағин мана шу минтақада Қуръони Карим бир тизимга солинди ва у исломни башариятнинг ғоя бўйича учинчи — самовий, жўшқинлик бўйича — мубашширлик динига айлантирди.
Булар барчасининг Кўҳна Дунёнинг айнан мана шу минтақасида содир бўлиши на тасодифий эди ва на илоҳий Клионинг ўйини эди.
Зеро, Кўҳна Дунёнинг айнан мана шу минтақасида Искандар давридаёқ инсониятнинг энг буюк ғояларидан бири — универсализм ғояси мустаҳкам қарор топган эди. Модомики шундай экан, у шунчаки Ўрта эмас, балки Кўҳна Дунёнинг Марказий минтақаси деб аталшига муносиб эмасми? Ахир у шу ҳолича учинчи марта Алишер Навоий асри бўлиб қолмадими?
2
Ҳа, у ана шундай, ўз ҳолича бутунлай янгича бўлди, аммо барибир яна жуғрофий жиҳатдан Ўртагина эмас, балки Марказий минтақа бўлиб қолди.
Бунинг биринчи сабаби шундаки, унда яна универсализмга хос буюк руҳ жонланган эди. Боз устига, яна ўша ўзининг икки муқаддас тимсоли: сиёсий ва маданий тимсолларида жонланди. Бу сафар Искандар ва Канишка руҳи Темурда намоён бўлди. Мен гапнинг сирасини айтаяпман: Темурнинг бобокалони бўлган ва Темур унинг йиқилган салтанатини тикламоқчи бўлган Чингизхон эмас, йўқ, Искандар ва Канишка руҳи. Аммо “Герман миллатининг Муқаддас Рим империяси” каби “Чингизийлар салтанати” ҳам Кўҳна Дунёнинг мана шу Марказий минтақасида унинг Антиклиги асрида бутун ёрқинлиги билан юзага келган ва унинг Ўрта асрида алоҳида куч билан юксалган ўша ҳақиқий самовий ғоянинг бор-йўғи маҳаллий ифодаси эди, холос. Буни Темур англаб етганмиди ёки йўқми — айтиш қийин, бироқ мана шу самовий ғоя туғилган жойда вояга етганлиги унинг юксак орзуларида ўз ифодасини топмай қолмас эди.
Хўш, нима бўлди? Яна сиёсий жиҳатдан бу универсализм рўёга айланди, аммо маданий жиҳатдан эса — яна воқелик бўлиб қолди.
Алишер Навоий ўзининг “Хамса”сини тугатганида нима бўлганлигини бир эсга олинг-а. У бу ижод маҳсулини ўз устози ва катта дўсти Абдураҳмон Жомийга кўрсатмоқчи бўлди ва шундай қилиши ҳам керак эди. Устоз қўлёзмани қўлига олди. Унга назар солди ва шунинг ўзи кифоя эди: у қўлини шогирдининг елкасига қўйди. Алишер бундоқ қарасаки, бир ажойиб боғ ичида турибди, бу боғда эса қандайдир басавлат кишилар юрибди. Улардан бири шоирга яқин келди, бу машҳур шоир Ҳасан Деҳлавий эди. У Алишерга бу кишилар сиз билан суҳбатлашмоқ истайдилар, деди. Мана, Алишернинг рўпарасида уч киши турибди: ўртада — Низомий, ўнг томонида — Амир Хусрав, чап томонида эса Жомийнинг ўзи. Бу учаловнинг ортидан Фирдавсий, Унсурий, Носир Хисрав, Анварий, Хоқоний, Саноий, Саъдийлар саф тортган. X-XI асрлар — Фирдавсий асридан тортиб, XV аср — Жомий асригача бўлган машҳур шоирлар зумраси.
Бунинг қандай маъно англатишини ифодалаш керакмикан? Шоир елкасига ким қўлини қўйганини эсдан чиқармайлик: унинг Устози. Ўшанда Устоз шогирд учун керак бўлган ягона ишни қилди: кўринмайдиган нарсани кўринадиган, англаб бўлмайдиган қиррани англанадиган қилиб қўйганди. Жомий ўз шогирдига уни “Хамса”си кимнинг ҳузурига олиб келганини, қандай одамлар даврасига олиб кирганини англатди, яъни у бажарган ижодий ишнинг йўналишини ҳам, маъносини ҳам яққол кўрсатиб берди. Устоз дегани бундан ортиқ тағин нима ҳам қилиб бера оларди? Аммо буюк Устоз бизлар, адабиёт солномачилари учун ҳам ўша ишни адо этди: биз, эҳтимол, у қадар яққол кўринмайдиган нарсани кўришга муваффақ бўлдик, — бу одамлар, бу шоирлар катта бир замонга, улкан бир даврга мансуб эдилар ва бу давр — ўзига хос ва ўзининг даври эди.
Бу қандай давр бўлди? Бу саволга яхшилаб жавоб қидириш учун санаб ўтилган нарсалар сирасига яна бир қанча одамлар исмини қўшамиз, бу инсонлар ҳам XI асрдан XV асргача бўлган мана шу беш асрга мансубдир. Мана ўша исмлар: Рўдакий, Румий, Ҳофиз — буюк шоирлар; ал-Форобий, ал-Беруний, Ибн Сино, Ибн Рушд — олимлар, файласуфлар. Менимча, шу ҳам етарли бўлса керак. Шуни эътибордан соқит қилиш керак эмаски, ал-Форобий ўшанда — ва на фақат ушбу минтақада — Арастунинг энг мўътабар билимдони эди ва у ўрта аср тафаккур хазинаси учун нақадар яқин ва нақадар керак бўлган нарсани қилди — Арастуизмни неоАфлотоунизм билан қўшиб юборди. Ибн Синонинг Авиценна эканлигини унутмайлик, яъни у шу даврда Ғарб учун ҳам тиббиёт фанида энг улуғ шахсдир, бу фан илмий билим тарихи кўрсатганидек, табиатшуносликка кириб келишни англатар эди, ҳарҳолда бу одамни ўрганадиган соҳага кириб келиш бўлганди. Энди, ниҳоят, Ибн Рушдни эсга олайлик — Аверроэс дегани ана шу одам бўлади, аверроизм эса рационалистик тафаккур олови яллиғланиб келаётган биринчи ўчоқ эди. Бу тафаккур фикрлашнинг янги тузилмасини очган, иқтисодиётда, ижтимоий тузумда, сиёсий соҳадаги янги ҳодисаларнинг биз Янги Замон деб аталаётган мажмуаси билан бирлаштирган буюк заколарга: Декартга, Спинозага, Лейбницга олиб келди.
Хўш, Жомий-чи? У — шоир, у — файласуф, у — тилшунос ва адабиётшунос, у — мусиқачи. Шуларнинг барчаси билан биргаликда у — сўфий. Унинг учун билишнинг икки соҳаси мавжуд: борлиқ сирлари ва ижод сирлари. Шу боисдан ҳам унинг битиклари орасида сиршунослик кашфиётлари ва шеърият, панд-насиҳат, мусиқа бўйича рисолалар бор.
Шу етарли эмасмикан? Ибн Рушд ўзининг рацонализми билан, Жомий ўзининг мистицизми билан… Ўрта асрни портлатиб юбориб, Янги Замонга йўл очган энг қудратли кучлар мана шулар эмасмиди? Феодал дунёсининг умумий тарихида биз Ренессанс деб атайдиган шиддатли бурилиш даврини яратган айнан ўша кучлар шулар эмасмиди?
Аммо улар, ўша кучлар нимани портлатган эди? Бу саволга турлича жавоб беришимиз мумкин, бу — даврга қайси томондан туриб ёндошишга боғлиқ. Мен бундай деб жавоб беришни маъқул топардим: мавжудлигини бизга буддавийлик очиб берган алоҳида томондан ёндошиш керак.
Ўрта асрнинг Ренессанс портлаши деб атаган зуҳурлардан биттаси ислоҳ эканини биламиз. Биз буни Ғарбий Европадаги Ренессанс тарихи бўйича биламиз. Биз яна Ғарбий Европа бизга нима кашф этганига қараб биламиз, — бу шаклда ренессанс портлаши Ғарбий Европа ренессансининг марказида эмас, балки унинг чекка-чеккаларида содир бўлди. Кўҳна Италия Антиклигининг рўёбга чиқмаган миллийлик маданий анъаналарида эмас, балки ўзининг катта Антиклиги тажрибаси ва меросига эга бўлмаган ёш мамлакатларида мана шундай туюладики, бу тасодиф эмас, балки муайян қонуниятдир ва ўхшаш тарихий жараёнларда бундай манзарани, ўз-ўзидан маълумки, ўз бўёқлари билан рангин қилиб бўялган манзарани Кўҳна Дунёнинг бошқа чеккасида ҳам — Шарқий Осиёда ҳам кузатиш мумкин, у ерда ҳам ўзининг буюк Антиклигини минг йиллик анъаналари билан рўёбга чиқарган кўҳна мамлакат — Хитой бор эди, унинг ёнгинасида бундай Антиклик тажрибаси ва меросига эга бўлмаган ёш Япония турар эди. Италияда бўлгани каби Хитойда ҳам Ренессанс Илоҳий шаклида намоён бўлмади, Германиядаги каби Японияда эса айнан шундай бўлди. У, табиийки, буддавийлик доирасида амалга оширилди ва уни Дхьяна буддавийлиги ишлаб чиқди — буни ғарб мамлакатларининг махсус адабиётида, одатда, санскритча сўзнинг японча талаффузи билан Дзен буддавийлиги деб атайдилар.
Бу ҳақда Дзен буддавийлиги арбоблари улар нимага қарши бош кўтариб чиққанларини англатиш ва айни вақтда улар нима учун унга қарши бош кўтариб чиқишларини тушунтириш, менинг назаримда, доно сўздан истифода қилиб қолиш учунгина оғиз очган эдим. Будда ақоидларида уч эра ҳақидаги таълимот мавжуд, уларнинг айтишлари бўйича, “Қонун”, яъни таълимот ана шу эралардан ўтиб келади. Биринчи эрани улар “Ҳақиқий Қонун” эраси деб атайдилар: бу — таълимот одамлар қалбида аланга оладиган, уларнинг ҳар бир шиорини, ҳар бир хатти-ҳаракатини илҳомбахш қиладиган вақтдир. Иккинчи эрани улар “Қонунга Монанд” эраси деб атаганлар: бу — ҳамма нарса гўё ўз жойидагидек, ҳатто илгаригидан кўра мустаҳкамроқдек бўлган вақтдир, аммо энди таълимот унинг ҳаётбахш асоси эмас, балки маънавий оламнинг оддий буюми. Биз, Ғарбда гуманистлар ақидапарастлик ва схоластикага қарши кураш олиб борганлар, деймиз. Аслида ҳам ақидапарастлик ва схоластика, улар билан бирга улар, таянч бўлиб хизмат қилган нарса — ортодоксализм, айнан “Қонун” эмас, балки бор-йўғи “Қонунга Монанд” бўлмай нима? Энг даҳшатлиси ҳам шунинг ўзи эмасми? Зеро, “Қонунга Монанд” эраси ортидан муқаррар суратда учинчи — “Қонуннинг Охири” эраси бошланади. Маънавий жараённинг ягона асоси “сатори”ни эълон қилиб, дзенчилар ўз маънавий ислоҳотларини ўтказдилар. Бу — яна ўша японча сўз бўлиб, русчада, менинг назаримда, уни айни ҳолда “постижение” — “англаш” сўзи билан берган маъқул бўлар эди. Бу сўзнинг қулайлиги шундаки, унда “сатори” тушунчасига юклатилган ҳар икки ғоя мавжуд бўлиши мумкин: ақл-идрок билан англаш ғояси ва савқи табиий (интуиция) билан англаш ғояси, қисқача айтганда, улар бир-бири билан чатишиб кетган икки — рационализм ва мистицизм асослари бўлиб, уларни биз Алишер Навоийнинг ренессанс дунёсида учратамиз.
Бироқ унинг устози Жомий, унинг барча сафдошлари — замондошу ўтмишдошларида бўлгани каби, унда ҳам “Қонунга Монанд” ақидалар билан курашда қудратли сафдошлари бор эди. Кимлар улар?
Мана, Жомийнинг достони — яна ўша Искандар ҳақида. Унда муаллиф бўлажак буюк фотиҳнинг устози Арасту ҳақида ҳикоя қилади. Айти¬лишича, Искандар мана шу устози билан Эвклид ва Птоломейни ўрганган. Сўнг ўша достонда қуйидагилар бирма-бир санаб ўтилади: Арастунинг ҳикматлар китоби, Афлотоуннинг ҳикматлар китоби, Суқротнинг ҳикматлар китоби, Гиппо¬кратнинг ҳикматлар китоби, Пифагорнинг ҳикматлар китоби, Искилиноснинг ҳикматлар китоби, Гермес Трисмегистнинг ҳикматлар китоби…
Мана бу эса Низомийнинг достони. Унда яна ўша Искандарнинг мунозараси берилган. “Ер ва Осмоннинг келиб чиқиши” ҳақидаги, яъни борлиқ ҳақидаги мунозара. Мунозарада Арасту, Фалес, Аполлоний, Тианский, Суқрот, Порфирий, Гермес Трисмегист, Афлотоунлар иштирок этадилар.
Мана бу исмлар рўйхати ҳайратомуз даражада тарихий ҳақиқат бўлиб туюлади. Биринчидан — ўзининг аниқлиги билан: Антикликнинг барча исмлари тилга олиб ўтилган ва сўнгра, қарийб уларнинг барчаси у ёки бу даражада Кўҳна Дунёнинг мана шу Ўрта минтақасига боғлиқ. Иккинчидан — улар Уйғониш ҳақида гапирадилар: зеро Суқрот ҳам, Афлотоун ҳам, Арасту ҳам, Пифагор ҳам, ўзларининг уч эралари — ўз “Ҳақиқийлиги”ни, ўз “Монанд”лиги, ўз “Интиҳо”сини яшаб ўтишган. Бирдан улар қайта тирилиб келишган. Албатта, янги, мутлақо ўзига хос қиёфада тирилиб келишган, аммо бошқа замон учун, бошқа одамлар учун, бошқа тафаккур тузилиши учун — яна ҳақиқий, чинакам қиёфада тирилишган. Учинчидан — бу исмларнинг ўзаро бир-бири билан уйғунлашиб кетиши эътиборга молик. Уларда ақидапарастликка оид чекланганликдан ном-нишон ҳам кўринмайди!! Арасту ва Гермес уч карра Буюк, Суқрот ва Аполлоний Тианский… Бошбошдоқликми? Зинҳор! Ниҳоятда бепоён ақл, ҳайратомуз даражада ранго-ранг тафаккурлар, ақл бовар қилмас даражадаги руҳий бойлик! Бу исмларга яна ҳинд мадҳияпарастларини ҳам қўшайлик… Улар ҳақида ҳам ҳали сўзлармиз. Қарабсизки, рўпарамизда ўзининг бутун жилоси билан Ренессанс ял-ял порлаб турибди-да! Дзен-буддавийлик ҳам на Японияда ва на Хитойда дунёга келганини, унинг ибтидоси ҳам Кўҳна Дунёнинг аллақандай узоқ Ўрта минтақасида ётганини ҳисобга оладиган бўлсак, у Марказий деб ном олган маъно шу даврга, ўзининг X-XV асрларига хизмат қилмайдими?
Қадимийликнинг тилга олинган барча буюк одамлари Алишер Навоий асарларида иштирок этадилар ва ҳаракат қиладилар. Алишер бунда ҳам ўзининг ажойиб даври одамидир. Бу даврнинг ренессанслик руҳи буларда ҳам намоён бўлди.
3
Буюк Жомий ўз шогирдига ушбу Ренессансдаги ўрнини кўрсатиб берди, кўрсатганда ҳам жуда аниқ кўрсатди. Унинг нигоҳига биринчилардан бўлиб ташланган ва унинг руҳига ташриф буюрган бу уч одам кимлар эди? Низомий, Амир Хусрав ва Жомий эди. Уларни нима бирлаштириб турарди? Уларнинг ҳар бири ўзининг “Хамса”сини яратган эди. Нима учун Низомий ўртада турибди? Чунки бу ижодий услуб айнан унинг “Хамса”сидан кейин машҳур бўлиб кетди.
Хамса — бешта алоҳида асардан ташкил топган яхлит асар, буни биз, одатда, жўнгина қилиб достон деб атасак, шу давр адабиётининг айрим тадқиқотчилари уни қаҳрамонлик-романтик достон деб атайдилар.
Борди-ю, Ренессанс адабиётига бу тушунчаларнинг улар юзага келгандаги тарихий нуқтаи назаридан аниқ бўлмаган маъносида “реалистик” ва “романтик” деган ифодани эмас, балки рамзий фикрлашнинг икки алоҳида тузилиши маъносидаги ифодани берадиган бўлсак, Ренессанс адабиётида ҳам ўзининг реализми, ҳам ўзининг романтизми бўлганига гувоҳ бўламиз. Аммо Навоий достонлари, шубҳасиз, нима бўлганда ҳам ўзининг бир жиҳати билан Ренессанснинг романтик табиатига мансуб. Реалистик табиат каби бундай табиат шу давр учун бу қадар намунавий бўлганини Кўҳна Дунёнинг бошқа иккала минтақасида ҳам Ренессанс адабиёти манзараси тасдиқлаб туради. Ғарбда Боккачо, Сакетти ва кўплаб бошқаларнинг новеллалари бор, — ва яна Боярдонинг “Ошиқ Роланд”, Ариостонинг “Телба Роланд”, Торквато Тассонинг “Халос бўлган Қуддус”и бор. Шарқда Юан Чжен, Бо Син-цзян ва бошқаларнинг новеллалари бор — ва яна “Пинхуа Саньгочжи” (1321), “Саньгочжи янъи” (1494), “Шуйхучжуань” (1566) бор. Бу хитой асарларини, асосан, уларнинг насрда ёзилгани боисидан романлар деб аташган бўлса керак. Аммо жаҳон адабиёти тажрибаси шундай фикрга олиб келадики, адабий табиати ва ўз тарихий ўрни бўйича бир хил бўлган жанрлар турли воситалар — шеър билан ҳам, наср билан ҳам амалга оширилиши мумкин. Кўп нарса адабий анъаналарга, охир-оқибат, тилнинг ўз имкониятларига боғлиқ бўлади. Шу маънода Японияда қаҳрамонлик-романтик достонлар “Сога моногатари” ва “Гикэйки” (XV) ҳам насрда ёзилган. Улардаги “достонлик” шеърлар билан эмас, балки сўз санъатининг бошқа воситаси ва усуллари — алоҳида рамзийлик, кенг ривожланган қиёфалар, оҳанг, ҳиссий ифода ва ҳ.к.лар билан яратилади.
Алишер Навоийнинг достонлари бизга Ренессанс достонларининг Ўрта аср достонларидан қандай фарқланишини яхшироқ тушунишга ёрдам беради. “Ошиқ Роланд”, “Роланд ҳақида қўшиқ”дан осмон билан ерча фарқ қилади. “Қўшиқ”нинг қаҳрамони — ўша пайтларда ҳақиқий жўмард (рицар)га хос деб ҳисобланган барча хислату фазилатлари билан жўмарддайин бир жўмард, бинобарин, у ўша замон учун “реалистик” тарзда тасвирланган. Буни тушуниш мумкин: Ренессанс асрида жўмардлар бўлмаган эди, борди-ю, уларни ўзларича тасаввур қилганларида ҳам ўзларининг бор тасаввуру хаёлот қудрати билан суратлантирганлар.
Алишер Навоийнинг икки қаҳрамони тимсолини олайлик. Йигит ва қиз қаҳрамонлар. Йигит-паҳлавонлар. Аммо ундаги мана шу паҳлавонлик фазилати қандай тасвирланган? Буни “Фарҳод ва Ширин” достонидаги Фарҳод мисолида кўриб чиқамиз:
Жаҳонда қолмади ул етмаган илм,
Билиб таҳқиқини касб этмаган илм…
Демонким кўнглу поку ҳам кўзи пок,
Тили поку сўзи поку ўзи пок.
Мунингдек тийнати покига лойиқ,
Дуосин айтибон токи халойиқ…
Деди: ҳар ишки қилмиш одамизод,
Тафаккур бирла билмиш одамизод.
Улум ичра манго то бўлди мадҳал,
Топилмас мушкуле мен қилмаган ҳал…
Мана бу эса қаҳрамон қиз Ширин. Ўз-ўзидан аёнки, у — соҳибжамол. Дарвоқе, шуниси қизиқки, достонда ўз фасоҳатларини у ўзи тасвирлаб беради! Тағин қандай ифодаларда денг! Унинг фироқида куйиб юрган Фарҳодга ёзган машҳур мактубидан бир қанча байтларни ўқиб кўрамиз ва шунинг асносида ошиғидан жудо бўлиб уни қанчалик қаттиқ соғинганига ишончи комил бўлган қиз йигит қиёфасини хаёлан шундай тасаввур этади:
Недур аҳволинг, эй зори ғарибим,
Висолим давлатидин бенасибим?…
Фироқ ичра нечукдир жисми зоринг,
Не янглиғ тўлғонур ўт ичра торинг?
Сочим фикрида тунлар айласанг печ,
Қорорурму жаҳонинг тун каби ҳеч?
Қошим меҳробини ёд айлаган дам,
Янги ойдек бўлурму қоматинг хам?
Қилиб ҳолим ғами кўнглунгга кинлар,
Қўнарму ул яранг узра чибинлар?
Юзим ҳажрида тўкса кўзларинг сув,
Қуёш рухсорига боққинг келурму?
Кўруб хору хас ўрнунгда, ниҳоний,
Сочим бирла супурсам эрди они.
Низомий ёки Тассо яратадими, Навоий ёки Ариосто яратадими — дарҳақиқат, таърифу тавсифлардан мана шундай муболағалар, хаёлотнинг жиловлаб бўлмас бебошлиги, қаҳрамонлик-романтик саргузашт, қутқулар жунбушига бу тариқа ошифталик, менинг назаримда, Ренессанс достонларининг асосий аломатларини ташкил этади. Алишер — Ренессанснинг ушбу йўлидаги ваколатли вакилидир. Тағин қаерда денг? Кўҳна Дунёнинг эронликлару турклар ҳам, араблару ҳиндлар ҳам, хитойликлару юнонлар ҳам бўлган Марказий минтақасининг бепоён кенгликларида.
4
Энди бирданига кутилмаган ҳодисани кўринг! Улкан, элатчилик жиҳатидан ранг-баранг оламга қарашли, ҳаққоний равишда шоир-мутафаккир деб аташган мана шу буюк шоир ўзбек шеъриятининг мумтоз шоири, ўзбек адабиётининг асосчиси бўлди. Уни беҳад кенг фазодан суғуриб олиб чиқдилар-да, тангу тор доира ичига киритиб қўйдилар. Асарларининг қаҳрамонлари турфа-турфа: Фарҳод — хитойлик, Шопур — форс, Ширин — армани, Қайс — араб, Искандар — юнон бўлган шундай буюк шоир ўзбек халқининг шоири бўлиб қолди.
Аввалига бу одамни ҳайратга солади ва ҳатто бироз аламини келтиради, бироқ кейин ўйлай бошлайсан, киши. Боз устига, бу эврилишда жаҳон адабиёти тарихининг ҳаддан ташқари муҳим бўлган бир палласи зуҳурини — минтақавий адабиётларнинг миллий адабиётларга тарқаб кетишини, яъни адабий ҳаёт миқёси, характери, шаклининг ижтимоий ҳодиса сифатида ўзгаришини кўра бошлайсан.
Шу ўринда биз энг аввало нима ҳақида ўйлашимиз керак? Алишер Навоий минтақасидаги XV аср — Ренессанс асридир, бу вақтда Ўрта асрлар бу тарихий тушунчанинг айнан ва хос маъносида ўтмишга риҳлат қилган эди. Бинобарин, айнан шу вақтда, Энгельс таърифлаб ўтганидек, “миллий давлатлар” шаклланиш жараёни алоҳида ёрқинлик билан намоён бўлмоғи керак.
Далиллар мана мен деб турибди: Алишер Навоий асрида 1428 йилда ўзбек хонлиги вужудга кела бошлайди, 1501 йилда ўзбеклар Самарқанддан Бобурни ҳайдаб чиқарадилар. Давлат дунёга келади, бундан ҳам муҳимроғи — элатчилик миллатга айлана бошлайди. Фақат айлана бошлайди, холос, — этник жамоамиз, биз “миллат” сўзи билан ифода этадиган ижтимоий интеграция — қўшилув босқичига кейинроқ эришилади. Аммо бу борадаги йўл ўшандаёқ тайин қилиб қўйилганди: ўзбеклар учун у айнан Алишер Навоий асрида бошланганди. Унинг ўзи бу ҳақда гувоҳлик бериб шундай дейди:
Низомий олса Барда бирла Ганжа,
Қадим Рум аҳлиға ҳам қилса ранжа;
Чекиб Хисрав доғи тиғи забонни,
Юриб фатҳ айласа Ҳиндистонни.
Яна Жомий Ажамда урса навбат
Арабда доғи чолса кўси шавкат.
Агар бир қавм, гар юз, йўқса мингдур,
Муайян турк улуси худ менингдур.
Олибмен тахти фармонимда осон.
Черик чекмай Хитодин то Хуросон.
Хуросон демаким, Шерозу Табрез.
Ки қилмишдур найи килким шакаррез.
Кўнгул бермиш сўзумга турк жон ҳам,
Не ёлғиз турк, балким туркмон ҳам…
Яқингинада, ўзимизнинг замонимизда Ўрта Осиёда, бизлар миллий чегараланиш деб атайдиган ўша Ўрта Осиёда “адабий чегараланиш” деб айтиш мумкин бўлган жараён бошланди. Алишер буни пайқаб қолди ва ўз тарихий ўрнини ўзи мутлақо аниқ белгилаб берди: у — турк, ўзбек ўлароқ — алоҳида, ўзининг тили билан айтганда, туркий адабиётга асос солди, биз уни ўзбек адабиёти деб тайин қилиб қўямиз. Бундай тайин қилишимиз мутлақо асослидир: Алишер достонлари тили — туркийча, аммо у туркий тилларнинг кенг оиласи вакили бўлиб, ўз сиймосига эга ва биз уни эски ўзбек тили деб атаймиз. Дарвоқе, халқ учун тил нима дегани? Буни Алишернинг ўзидан сўраб кўрамиз.
Унинг “Хамса”сининг биринчи қисмида, “Ҳайрат ул-аброр” достонида бир қизиқ жой бор — онг, зеҳн ҳақида. “Тонг отиши” — бу зеҳннинг уйғонишидир: бизнинг борлиқ оламимиз унга ўзини намоён қилади. “Тун чўкиши” — зеҳн, онгнинг кенгайишидир: юлдузли осмон унга бутун коинотни очиб беради. “Яна тонг отиши” — бойиган онг кундузги қобиғига қайтиб келади. Аммо онгнинг кундузги жамоли — тил, сўздир. Сўзда эса унинг жони ҳам бор, жисми ҳам бор. Сўзнинг жони — маъноси, мантиғи. Сўзнинг жисми — товушли қобиқ. Алишер Навоий “Хамса”сини она тилисида ёзди. Демак, бу унинг ҳам кундузги, ҳам тунги онгнинг бутун мазмунини ифода эта олиши мумкин бўлган тил эди. Бу унинг ўз халқига ўзини тамомила бахш этганлигини билдирмайдими?
Биз тил умумийлигини ижтимоий интеграциянинг омилларидан бири деб ҳисоблаймиз. Яна бошқа — иқтисодий, ижтимоий, сиёсий онгимиз ҳам бор. Аммо синфий жамиятда шу омиллар ёрдамида эришиладиган умумийлик даражаси ҳар доим нисбийдир, тилда эса у ҳақиқатан ҳам тўлиқ. Алишер Навоий ўз халқига ушбу тил эгасида миллий умумийликнинг зарурий ва чинакам императив туйғусини юзага келтиришининг энг қудратли воситаси бўлиб хизмат қилиш керак бўлган ва хизмат қилган нарсани берди. Навоий ўзбек халқининг миллий шоири бўлишга ҳақли эди. Шоир учун бундан ортиқ шараф бўлиши мумкинми?
5
Энди қаранг: кутилмаганда янги бурилиш, янги ҳодиса — Алишер Навоий бугунги кунда барча халқларнинг шоири бўлиб турибди. У яна катта майдонга кириб келди. Бу майдонни тағин ҳам Ўрта асрники деб айта оламизми? Жуғрофий жиҳатдан Навоий замонидаги чегараларга мос келади, қисман — йўқ. Аммо нима бўлганида ҳам ўзбек халқи шу майдон ва унинг янги сарҳадларига мансуб. Аммо айнан мана шу янги сарҳадларда у, қарангки, яна Ўрта асрга тегишли бўлиб қолади, фақат илгари бўлганидек Кўҳна Дунё доирасидагина эмас, балки Кўҳна ва Янги Дунё доирасида шу ҳол юз беради. Тарихда бир эмас, икки эмас, уч карра содир бўлган маънода уни яна Марказий деб аташ мумкинми? Алишер Навоий — жаҳон маданиятининг умумий ютуғидир. Ўзбек халқи унга ўзининг чинакам қимматбаҳо ҳиссасини қўшди. Бунинг учун биз унга миннатдорона таъзим қилишимиз керак. Бироқ биз ўзимиз бу неъматга қандай муносабатдамиз? Алишер Навоийни ким деб биламиз? Мумтоз дебми? Нима бўпти, бу Алишер учун ғоятда муносиб ва мувофиқ. Аммо бизда “мумтоз” аксар ҳолатда асосан адабий ўқиш китоблари, жаҳон адабиёти кутубхонасидаги “ҳашамдор” нашрлар мазмун-ғояси, сўнгги натижа нуқтаи назаридан “ишончли” диссертациялар манбаи, кўчалар, майдонлар, театрлар, паркларнинг номлари учун сержаранг ашёдир. Булар барчаси ортида ёзувчига, шоирга нисбатан улкан ҳурмат, бизнинг барчамиз учун унинг катта аҳамияти эътирофи ётганини мен тушунаман. Аммо мен унинг биз учун ҳаттоки энг яхши маънода ҳам “мумтоз” бўлиб қолишини сира-сира истамасдим. Уни фақатгина ҳурмат қилишларини, фақатгина ўрганишларини эмас, балки шунчаки ўқишларини хоҳлар эдим. Бизга ҳозир, бизнинг шу топдаги ҳаётимизга керакли шоирдек ўқишларини истар эдим. У, менимча, бизга кўп нарса ҳақида, бизга аниқ кўриниб турган зарурий нарса ҳақида эслата олади. Эслатганда ҳам ўзига яраша теран эслата олади. Дарвоқе, ҳар бир туғма буюк шоир шундай қилади.
Мен Кўҳна Дунёнинг Алишер мансуб бўлган Марказий минтақаси универсализм ватани бўлганини айтган эдим. Универсализм бу умумийлик ҳам, бус-бутунлик ҳамдир. Алишер Навоий бизга ўзининг “Хамса”си билан шу бус-бутунлик ҳақида эслатади.
“Хамса” ўзи нима? Русчада бу сўз “Пятерица” (“Бешлик”) деган маънони англатади. “Бешлик” — бу нимададир тажассум топган “беш” рақами. Буюк роман. Мен у ҳақда ўйлаганимда, кўз ўнгимда турли-туман “бешлик”лар узун-узун саф тортиб ўтаверади. Булар ичида “Беш китоб” ҳам бор — Мусо ва Конфуцийнинг китоблари. Булар ичида моддий табиатнинг қадимги хитой Шу-цзини ва ҳиндларнинг Ведантасидаги беш азалий аносир ҳам бор. Булар ичида кишилик жамиятини бошқариб турувчи беш омил: ҳукмдор ва халқ, яъни давлат ҳокимияти ва бўйсунувчилар; ота ва ўғил, яъни ота-оналар ва фарзандлар; эр ва хотин, яъни эркак ва аёл; ака-укаю опа-сингил, яъни жамиятдаги катта ва кичик авлод; ниҳоят — дўстлар, яъни одамларнинг ўзлари ҳам бор. Булар ичида ташқи беш сезги: кўриш, эшитиш, ҳид билиш, таъм билиш, сезиш; беш туйғу — севинч, ғазаб, хоҳиш, қўрқув, ғам; беш асосий гул, беш ранг ҳам бор. Гўё маданият олами “Бешлик”лар билан тўлиб-тошгандай. Унинг тарихининг барча босқичларида ҳам.
Бунда булар барчаси фақат ибтидоийликдир деб ўйлаш керак эмас. Сунъцзи эрамизгача VI асрдаёқ шундай деганди: “Табиатда гуллар ҳаммаси бўлиб бештагинадир, аммо улардаги ўзгаришларнинг ҳад-ҳисобига етиб бўлмайди; мусиқадаги оҳанглар — бешта; аммо улардаги ўзгаришларнинг сон-саноғи йўқдир”. Йўқ, бу ибтидоийлик эмас. “Беш” сонида хилма-хилликнинг олий ҳолати сифатида бус-бутунлик ғояси мужассам топган. Тағин ҳислар — бешта, аммо уларнинг барчаси биргаликда бир бутунликни — инсон сезгилари тизимини ташкил этади. Ранглар — бешта, аммо улар бир бутунликни ташкил этади — маълум ранг қоришмасини. Достонлар бешта — бу шундай бир бутунликки, уни инсон ҳаёти чақириб олади. Ҳаётнинг айнан мана шу олий бутунлиги ҳақида бизга бу ҳаётда иштирок этувчи кучларнинг барча хилма-хилликлари ва зиддиятлари билан биргаликда ўз “Хамса”си билан далил ва исбот келтириб, Алишер Навоий эслатиб туради. Боз устига олам, жамият ҳаётнинг бизда жуда кўп гапириладиган “атомлашуви” чоғида олий даражадаги бутунлик ҳақида эслатиш ўз вақтида қилинган фойдали ишдир.
Аммо ҳар қандай бутунлик алоҳидаликларнинг бирикувидир. Улар бор нарсалар ва индивидуалдир. Пентатоникада битта товуш қатори бўлади, бироқ унда бешта алоҳида, бир-биридан мутлақо фарқ қиладиган, бутун бир товуш ёки бир ярим товуш миқдоридаги узилишлари бўлган товушлар бор. “Адабий пентатоника”да беш қисм бўлиб, уларнинг ҳар бири ўз оҳанг ва жарангига эга.
Устози Жомий каби Навоий ҳам мутриб бўлганлигини эслайлик, уларнинг асарлари орасида мусиқа бўйича ҳам ишлар бор. Шу боис “Хамса”га мусиқа жиҳатидан ёндашса бўлади. Бундай ҳолда у қаршимизда сўзлар тили билан ифода этилган ҳаёт садоси сифатида акс этади. Аммо шу нарсани ҳам унутмайликки, пентатоника товушлар қатори бешта хилма-хил оҳангда, товушлар оралиғидаги узилишларнинг қандай жойлашувига қараб вужудга келтирилади, ҳар бир оҳанг эса ўзича садо беради. Бири — соф мажор сифатида бўлса, бошқаси — соф минор сифатида; учинчиси — мажорга “яқинлашувчи” бўлса, тўртинчиси — минорга “яқинлашувчи” сифатида янграйди, мажори билан минорини ажратиб бўлмайдиган яна бир оҳанг мавжуд.
Менинг назаримда, Алишер Навоийнинг беш достони айнан ана шундай жаранглайди. Ҳаммаси ҳақида гапириб ўтирмайман, фақат учтаси ҳақида сўзлайман.
Пентатоникада кўзда тутилганидек, биринчи қисм мажор бўлиши керак. Бу — “Ҳайратул-аброр” достони. У ғоят серқирра, бироқ ундаги негиз “мақолот” — “суҳбатлар”дир. Уларни ўқийсан-да, ҳайрон қоласан — қани бу ерда мажор? Ҳукмдорлар, руҳонийлар, умуман, ўша давр ахлоқи қаттиқ танқид қилинади, иллатлар, ёвузликлар фош этилади. Тўғри, бошқа мақолотда оқкўнгил, софдил бўлишга интилувчи, одамлар рўшнолиги ҳақида ўйловчи кишилар шарафланади. Аммо бундай нарсалар ҳақида биз кўп мароталаб мутолаа қилганмиз. Балки Навоийда бу ҳақда бошқаларга қараганда қандайдир яхшироқ, ёрқинроқ айтилгандир, аммо булар барини биз яхши биламиз ва бу бизда ҳеч қанақанги мажор туйғулар келтириб чиқармайди. Бироқ тўсатдан мен ҳамма нарсани ағдар-тўнтар қилиб юборган сўзларга дуч келаман… Мана ўша сўзлар:
Эйки, қавий айлади давлат қўлинг,
Зулм сари тушди ва лекин йўлинг.
Зулминг эрур кундузу фисқинг кеча,
Зулм ила фисқинг неча бўлғай, неча?…
Бу ерда гап нима тўғрисида кетаётгани кундай равшан: ҳукмдорлар халқни талайдилар, кейин эса талаб олган нарсалар базми жамшидларга, айш-ишратларга сарф қилинади. Бундан шу маъно келиб чиқадики, одамлар фақат бировларга эмас, ўзларига-ўзлари зарар етказадилар. Бу аниқликни бир четга қўйиб турайлик, биз учун ғоянинг ўзи муҳим эмас: бировларга зулм қилиш, ўзига-ўзи зулм қилиш одамни лол қолдиради. Бундай улуғ инсоний доноликка тўқнаш келганингда қалбингда мажор жаранглаб кетади.
“Бешлик”нинг бешинчи қисми, анъана бўйича — юқори нуқтадир. Бешинчи қисм — “Садди Искандарий” достони. Яна ўша гап, уни ўқийсану ҳайрон бўласан: қани бу ерда авж нуқта? Достонда Искандар ҳақида сўз кетади. Биз қаршимизда буюк саркардани, даҳо ҳукмдорни, билишга интилувчи инсонни кўрамиз. Бу мажор бўлмай нима? Аммо Навоий бу мажордан нима ясайди? Искандарнинг жони узилаяпти ва у ўлаётиб, атрофдагиларга бундай дейди:
Бошим узра кўп изтироб айламанг,
Жаҳонни азодин хароб айламанг.
Манга наъш ичинда мақом айлангиз,
Демай кеча-кундуз хиром айлангиз…
Вале қилсангиз наъш аро устувор.
Ҳамул лаҳза зинҳор юз зинҳор
Чиқоринг бир илкимни тобутдин,
Ҳамул навъким ришта ёқутдин.
Ки эл солиб ул сори ҳайрат кўзи,
Не ҳайрат кўзи, балки ибрат кўзи:
“Бу панжаки бармоғлари чекди саф,
Жаҳонни жаҳон аҳлидин урди каф.
Кафи ичра олди жаҳон кишварин,
Бару баҳрнинг лаъл ила гавҳарин…
Жаҳондин шал илги мисоли борур,
Нечукким чинор илги ҳоли борур.
Ангаким мададкор бўлғай билик,
Жаҳон шуғлидин бори чеккай илик”.
Бу ерларга еткурди чун шаҳ сўзин,
Туганди сўзи, доғи юмди кўзин.
…Искандар ўлди. Унинг ўлимолди қилган васиятига кўра дафн этиш учун унинг жасадини у яхши кўрган Миср Александриясига олиб кетадилар. Тобутда олиб кетишади. Тобутдан эса ҳовучи очиқ бир қўли чиқариб қўйилади… Бу қўлда ҳеч нарса йўқ. Очиқ ҳовучли осилиб турган бу қўл — ҳайратомуз кучга эга бадиий тимсолдир. Агар Алишер биргина шу тимсолни яратганида ҳам биз барибир қаршимизда даҳо шоир турганини англаган бўлар эдик.
Аммо бу нима учун минор? “Нима” эмас, “ким” учун? Биз учун, албатта… Бу тимсол бизга ҳар қандай шон-шуҳрату бойлик-сарватнинг бир чақага қимматлигини эслатиб тургани учунгина эмас, балки тарих бизга қайта-қайта уқтирган бўлса-да, одам боласи ҳеч нарсани уқмагани ҳам, ўқимагани учун ҳам. Фотиҳлар Искандар Зулқарнайндан кейин ҳам пайдо бўлаверганлар ва уларни ҳеч нарса тўхтатиб қолмаган — на улар одамзот бошига солган беҳисоб кулфату мусибатлар-да, на ўзининг нохуш қисматию истиқболлари-да — ҳеч бири.
Энди охирги гапим — мажори ва минорини ажратиб бўлмайдиган достон. Бу албатта, “Лайли ва Мажнун” достони. Бирдан аланга олган муҳаббат ҳақидаги достон, шу муҳаббатдан телба бўлиш ҳақидаги достон, бир лаҳзанинг ўзида у дунёга риҳлат қилиш ҳақидаги достон. Нима бўпти, бу мавзунинг ўзи ҳам, сюжети ҳам — азалий ва абадий. Буни биз адабиётда кўп марталаб учратганмиз.
Бир кўришда севиб қолиш… Бу ҳол болаликда ҳам содир бўлиши мумкин.
Яъни кўриб они Қайс маҳзун,
Рухсорини қилди каҳрабогун.
Ҳам чеҳраси ранги каҳрабодек,
Ҳам кўнглида қўзғолон сабодек.
Ҳар доим йиқилурға жисми мойил,
Ҳуши доғи лаҳза-лаҳза зойил…
Чун зўр кетурди ишқи бебок,
Аввал қадаҳ олди ҳушини пок.
Бу Қайс. Буниси эса Лайли:
Кўргач ҳам ани нигори зебо,
Ўз кўнглини топди ношикебо.
Нозуклук ила чу қилди мафҳум,
Ким эрканин этти яхши маълум.
Қолмади ҳавосида қарори,
Шавқ ўтиға тушти жони зори.
Муҳаббат деган нарса Ирландия денгизидан сузиб бораётган кемада ҳам аланга олиши мумкин. Ҳаттоки Тверь кўчаси билан айқаш-уйқаш бўлиб кетувчи кимсасиз, эгри-бугри тор кўчада ҳам.
Муҳаббат ҳамма нарса устидан ҳукмронлик қилиши мумкин, қиз ва йигит ишқ савдосига мубтало бўлиб, ақлдан озишлари ҳам ҳеч гап эмас. Олмонча нусхада бундай дейилади.
Мазмуни:
(Тристан! Изольда!
Азиз дўстим!
Сен меникимисан? Яна меникимисан?
Шу гап ростми?
Ишонсам бўладими?
Яна биргамиз
Кел, юрагимга босай!)
Ахир бу Қайс билан Лайлининг висоли бўлмай, нима?
Бундай телбаларнинг қисмати битта: улар ўладилар. Аммо ҳар иккови бир вақтнинг ўзида ўлади. Бу эса — айни кульминация. Муҳаббатнинг ўз кульминацияси ва муҳаббат тақдирининг ўз кульминацияси.
Мен шундай дея оламан: ҳа, Лайли ва Мажнун бир лаҳзанинг ўзида жон беришди. Аммо Тристан ва Изольда бундай эмас. Бир нарсада чиқишолмайман: Тристан ва Изольда ҳам бир лаҳзада жон беришган — қиз “Тристан!” деб қичқирганча қалъа минорасига югуриб кирганида, йигит эса “Изольда!” деб қичқирганча унга томон кўтарилиб келаётганида йигит ҳақиқатан ҳам ўлади, бироқ қиз бу пайтда фақат ҳушидан кетган бўлади, кейин эса ўзига келади-да, муҳаббат ва ўлим ҳақидаги қўшиқни бошидан охиригача куйлайди. Бир нарсада чиқишолмайман: қиз ўша заҳоти ўлади-да, қўшиқни эса… кейин айта бошлайди… улар иккови яна бирга бўлган жойда куйлайди. Мусиқа буни ёрқин тарзда ифода қилиб беради. Изольда Тристанга қарайди-да, қўшиқ айта бошлайди.
Мазмуни:
(Ана у, майин жилмайди
Аста фаттон кўзларини очди.)
Ўлган ҳақида бундай қўшиқ айтмайдилар. Аммо бу сўзлар бутунлай бошқа сўзларга басталанган оҳангда куйланади.
Мазмуни:
(Ҳижрон азобида қийналгандан ўлган афзал,
Абадий, уйғонмай, афсусланмай
Бирга бўлсак-да,
Ягона муҳаббат ила
ном-нишонсиз кетсак.)
Бу ғарбча Лайли ва Мажнунни ўлим узил-кесил бирлаштиради.
“Прасковья Федоровна! Яхшиси, менга айтинг-чи, — астойдил сўради Иван, — сал нарида, бир юз ўн саккизинчи хонада ҳозир нима бўлди?
— Ҳозиргина қўшнингиз жон берди, — шивирлади Прасковья Фёдоровна.
— Шундай бўлишини билардим. Гапимга хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, Прасковья Фёдоровна, ҳозир шаҳарда яна бир одам дунёдан кўз юмди. Мен ҳатто уни биламан, — Иванушка жилмайиб қўйди, — бу — аёл”.
Ҳа, Уста ва Маргарита бир вақтнинг ўзида жон беришган. Шундан кейингина Изольданинг қўшиғи янграйди:
“Қулоқ сол, гунг борлиқ, қулоқ сол ва сукунатдан лаззат ол. Қара, ҳов анави ерда сенга мукофотга беришган абадий уйинг турибди. Мен ҳатто венецияча деразани ва эгилиб турган токни кўраяпман, у ўрмалаб томнинг энг тепасигача чиқиб кетган. Мана сенинг уйинг, мана сенинг абадий уйинг. Сен унда ухлаб ётасан… лабларингда табассум билан ухлаб ётасан… Сенинг уйқунгни мен қўриқлайман”.
Ўлим ва муҳаббат ҳақида гапириш учун шоирлар турли-туман сўзларни топишган.
Алишер Навоий ҳам ўз сўзларини топган:
Ким кирди уй ичра ёри жони,
Йўқ, йўқки, рафиқи жовидони.
Бир-бирига назар кушод топти.
Ҳам бу ва ҳам ул мурод топти.
Жонониға ул фидо қилиб жон,
Бу жон берибон нечукки жонон.
Ул азм этти чу топти йўлдош.
Бу олмади йўлидин анинг бош.
Тристан ва Изольда, Уста ва Маргаританинг ўлими ва муҳаббати ҳақида айтилган ажойиб сўзлар. Бунинг учун Алишер Навоий топиб айтган сўзлар турган-битгани мўъжизадир:
Жононига ул фидо қилиб жон,
Бу жон берибон нечукки жонон.
Алишер Навоийдек шоир бўлганидан суюнамиз! Шундай шоирни бизга инъом этган ўзбек халқига каттадан-катта раҳматлар айтамиз. Биз уни ўрганибгина қолмаймиз, балки ўқиймиз ҳам. Фақат ўқибгина қолмаймиз, улар устида фикр юритамиз. Уни ўзимизники қиламиз! У Ренессанснинг бир Буюк эрасидан бошқа — янада каттароқ тарихий маънога эга Ренессансга кириб келди.
1968 й.
Русчадан Амир Файзулла ва Ортиқбой Абдуллаев таржимаси
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2006 йил, 2-сон