Алишер Навоий шеъриятида доимо шакл ва мазмун мутаносиблиги бир меъёрда бўлган. Мумтоз шеъриятдаги бундай бениҳоя гўзаллик мукаммаллик, шаклий-маънавий мувозанат фақат Навоий шеъриятига хосдир. Зотан, мумтоз шеъриятда маъно ва шаклнинг мутаносиблиги ҳамда тасвир ва тимсолнинг уйғунлиги муҳим аҳамият касб этади. Шу ўринда айтиш жоизки, тасаввуф шеъриятида “соқий”, “муғбача”, “майпараст”, “қадаҳ” ва “май” каби поэтик тимсол, ирфоний рамзлар гўё тасаввуфнинг тамал тошидек бўлиб қолган. Қолаверса, бундай поэтик тимсоллар кўп маротаба тадқиқот манбаи бўлган. Дарҳақиқат, айрим адабиётшунос олимлар айтганидек, “Биз истаймизми, истамаймизми, навоийшуносликда маълум бир якранглик ва турғунлик кўзга ташланиб турибди. Буни бартараф этиш осон эмас. Бунинг учун биринчи навбатда, Навоий шеъриятининг руҳонияти ва туйғулар оламига қарашни тубдан ўзгартириш лозим; янгича тадқиқ усул ва йўлларини жорий этишга уриниш керак; Навоий шеърларида санъаткорлик билан тасвирланган маъно ва тимсолларнинг зоҳирий қатламлари хусусида баҳс юритиш билан чегараланмасдан, уларнинг ботиний қатламларини очиш лозим” (Навоийнинг ижод олами. Мақолалар тўплами, 2001, 8). Шу маънода, Навоий шеъриятида бадиий ғояни ифодаловчи ҳам рамзий, ҳам тасаввуфий маъно ташувчи шеърий образлар қаторида бодом тимсолини ҳам санаб ўтиш мумкин. Бу айниқса, образли шаклларда ўз ифодасини топган. Зеро, “шеърнинг руҳий ва ғоявий қудрати образда марказлаштирилади. Сўз сеҳри ва маъно қатламлари ҳам образ бағрида яширингандир” Шунга кўра, шоир шеъриятида қўлланган бодом – поэтик образ, ирфоний рамз ҳисобланади:
Қут бир бодому ерим гўшайи меҳроб эди,
Ғорати дин этти ногаҳ бир балолиқ кўзу қош.
Байтда қўлланган “бодом”, “гўшаи меҳроб” – поэтик тимсол, сўфиёна рамз. Бодом – қаноатнинг зайли, поклик. Зотан, тасаввуфнинг туб моҳияти ҳам сабр, қаноат, покликдир. Гўшаи меҳроб – холи жой, меҳроб бурчаги, масжидда имом турадиган энг муқаддас жой. Шунингдек, “гўшаи меҳроб” (ёрнинг қайрилма қоши) мажозий маънода ошиқ кўнгилнинг маскани – пок ишқ, илоҳий муҳаббат.
Навоий шеъриятида бодомнинг “пўсти” ва “мағзи” маъно ва шаклнинг мутаносиблиги ҳамда тасвир ва тимсолнинг уйғунлигини ифодалаган:
Кирди ики жисм бир кафанға,
Йўқ, йўқ, ики руҳ бир баданға.
Бир наъш ила ул ики дилором,
Андоқ эдиким ду дона бодом.
Байтлар маъноси: Ҳар икки хилқат бир кафанга жойланди, йўқ-йўқ, балки икки жон бир баданга кирган эди. У икки дилоромнинг бир тобутда ётиши, худди бир бодом пўсти ичидаги қўшалоқ мағизга ўхшар эди. Яъни шоир бу икки хилқат (Лайли ва Мажнун назарда тутилган)ни бодом мағзига, тобутни эса, шаклан бодомга менгзаётганлиги ёки унинг бодом шаклида эканлигини ўз рамзий чизгиларида санъаткорона ифодалаганлиги ҳам маълум бўлади.
Кўзунг фикри била тан хилватида нотавон кўнглум,
Риёзат айнидиндур кунда бир бодом ила қонеъ.
Байтда ишлатилган “нотавон кўнгул”, “риёзат айни” ва “бодом” – тасаввуфий рамзларга ишора. Нотавон кўнгул – нотинч, бетоқат; бечора кўнгил; доимо ёр васлига муштоқ бўлган кўнгил. Риёзат айни – риёзат назари, ишқ туфайли чекилган риёзат. Бодом – қаноат тимсоли. Бодом нафақат Навоийнинг назмида, балки насрий асарларида ҳам жуда кўп маротаба такрор-такрор риёзат, поклик, ҳалоллик, қаноат каби ирфоний рамзларда қўлланган: “Ва ул (Шайх Алоуддин Хоразмий), бодом мағизларидин манга берур эрди ва мен ер эдим. Ва ул емади, бир мағиздин ўзга ё иккидин ўзга”. Шунингдек, Навоийнинг “Насойим ул-муҳаббат” асарида бир қатор абдол, шайхларнинг комиллик даражалари, риёзатлари бодом тимсолида жуда теран ифодаланган. Юқорида қайд этилганидек, шеърий образда шоирнинг руҳий ва ғоявий қудрати янада ўз аксини топган бўлади. Шу маънода яна бодом тимсоли иштирокидаги айрим байтларга мурожаат этайлик:
Шайху, бир бодому қон ютмоқки, пири дайрнинг
Нуқл ила майдин фано аҳлиға кўп эҳсони бор.
Ушбу байтда ҳам “бодом” “пири дайр”, “нуқл”, “фано аҳли” – шеърий тимсол. Навоий илгари сурган бадиий тафаккурни англаш учун эса, бу тимсолларнинг туб моҳиятига эътиборни қаратиш керак. Бодом – поклик тимсоли. Пири дайр – майхоначи; бутхона бошлиғи. Нуқл – майдан сўнг танаввул қилинадиган газак. Фано аҳли – ўзликдан кечганлар, ҳаёт неъматларидан воз кечганлар, йўқликни ихтиёр қилганлар. Демак, байтда қўлланилган бодом тимсоли – сабр ва нафсни тийиш орқали покликка эришишдир.
Навоий шеъриятида бодом фақат истиора, ўхшатиш каби бадиий тасвир воситаларини ифодалашда ҳам қўлланилган:
Кўз маҳди аро тутуб ул ором,
Зарфу мазруф, мағзу бодом.
Байтнинг маъноси: Бодомнинг ичида мағиз сақланганидай, бу бола ҳам кўз бешигида фароғатда яшарди.
Гаҳеки кўргузасен заҳри чашм тонг эрмас,
Бўлур ул бодомнинг донаси берарди талх.
Маъноси: Гоҳо кишига бодомнинг мағзи аччиқлик қилганидек, сен (ёр, маҳбуба назарда тутилган) ҳам тонг отмасдан ёмон кўз билан қарамоқдасан.
Сутиким, соғибон оғзиға доя,
Ки жисми андин олғай қути моя.
Анга ичмак бўлуб ноком янглиғ,
Мавизу шираи бодом янглиғ.
Байтлар маъноси: Доя унинг жуссасига куч-қувватга тўлсин деб оғзига сут соғарди. У эса касал одам бодом ширасини ёқтирмагани каби сут ичишни истамас эди.
Дарҳақиқат, Навоий шеъриятида поэтик рамзлар ва сўфиёна маънолар билан боғлиқ тушунчаларни ифодалашда қўлланилган бодом сўзи шоир шеъриятининг руҳий-ғоявий қудрати ва ғоявий-бадиий қимматини оширишда муҳим ўрин тутган. Зеро, шоир ўз шеърларида поэтик образ тимсоли сифатида бодом сўзини такрор-такрор қўллаган. Гўё шоир бир комил инсоннинг ўсиб улғайганидан то сўнгги манзилига кузатиб қўйгунга қадар бодом тимсолидан санъаткорона фойдаланган:
Чу қора бодом тобут узра расмидур қадим,
Кўз жанозам сори солким, сенсизин бўлдум қатил.
Бодом тимсоли XVII аср мумтоз шеъриятида ҳам маромига етказилиб қўлланилган. Айниқса, бу ҳол форсигўй шоир Мирзо Бедил шеъриятида яққол намоён бўлади:
Дар чаман ҳам аз газанди чашми бад эмин мабош,
Парда занбурест он жо дидаи бодомро.
Байт таржимаси: Эй инсон, бу – чаманзорлардаги гўзалликларга кўп ҳам ошуфта бўлаверма, ундан кўра, ҳамиша бу чаманлар ортида писиб ётган зараркунандаларнинг ёмон кўзларидан сақланишга ҳаракат қил! Зеро, сенга ҳар вақт бодом қоғотлари ичидаги парда ортида яшириниб ётган арилар нишидан озор етиши муқаррар. Ушбу форсий байт мазмунидан англашиладики, Мирзо Бедил ҳам бодом тимсолида дунёга инсониятни басират кўзи билан қарашга чорламоқда.
Шоир асарларида бодом ўз луғавий маъносида сермой ва лаззатли ёки аччиқ, инсон саломатлиги учун кони фойда бўлган табиатнинг яна бир неъмати сифатида ҳам ишлатилган:
Базм бу навъ ўлди эса нуқли ҳадисин демаким,
Ҳунча била наргисидин шаккару бодом етар.
Бодом сўзи ҳозирги ўзбек адабий тилида асосан, сермой ва лаззатли мағзи учун экиладиган дарахт; шу дарахтнинг меваси (данаги) ҳамда гўзал ёрнинг қовоғини бодомга ўхшатиш каби луғавий, кўчма маъноларда ишлатилади.
Навоий шеъриятида бодом юқорида қайд этилганлардан ташқари яна қуйидаги маъноларда ҳам қўлланган:
1.Ёр (маҳбуба)нинг бодом шаклидаги кўзи:
Кўзларинг бодоми ҳажридин бўлуб жисмим сақим,
Чиқти жоним, эй қора кўз, ҳажринг берди бим.
- Кўз косаси:
Равшан эрур кўзки, тутар ком ила,
Гўшаи меҳроб ики бодом ила.
- Бодом шаклида ясалган муҳр:
Ишқ нақди кисасининг ҳифзиға бодома муҳр,
Гар тилар бўлсанг муносибдур бу чок ўлған юрак.
- Инсон тана аъзоларидан бири, кўз; Юсуф пайғамбарнинг чиройли кўзлари назарда тутилган:
Кўзи оллида, эй бодом, қилдинг ишва даъвосин,
Магар киприкларидиндур нишони жисми афгоринг.
Хуллас, Алишер Навоий шеъриятида бодом тимсолининг ўрни, ирфоний рамзлари ва сўфиёна маъноларини талқин этиш нафақат шоир шеъриятининг ботиний хусусиятларини, балки шоир ижодиётининг диний руҳи, улуҳият асрори ва рубубият илми билан чамбарчас боғлиқлигини ўрганишда ҳам яқиндан ёрдам беради. Зотан, имом Ғаззолий ҳам ўзининг “Иҳёи улум ид дин” асарининг “Таваккул” бобида тавҳиднинг тўрт мартабаси борлигини писта мисолида бундай изоҳлайди: 1. Пистанинг ташқи яшил пўсти; 2. Бу пўстнинг остидаги қаттиқ пўст; 3. Пистанинг ичи; 4. Пистанинг ичидаги ёғ. “Биринчисига қишрул қишр (пўстнинг пўсти), иккинчисига қишр (пўст), учинчисига лубб (мағзи), тўртинчисига луббул лубб (мағизнинг мағзи) дейилади. Зоҳирий олимлар наздидаги тавҳид ё пўсти, ё пўстнинг пўстидир. Орифлар назаридаги тавҳид эса ўз мағзи ёки мағзининг мағзидир: Улуғ орифлар дин руҳи, улуҳият сирри ва рубубият илмидан воқифдирлар”.
Манзар Абдулхайров, филология фанлари номзоди
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2008 йил, 8-сон