“Галактикалик бола” “Сеҳрли қалпоқча”ни енгадими?

Ёхуд нега болалар адабиётида илмий-фантастик асарлар кам ёзилмоқда?

Саъдулло Қуроновнинг “Галактикада бир кун” асарига нима учун қизиқиб қолганимни биласизми? Чунки тинимсиз галактика ҳақидаги ҳикоялар айтадиган ўғлим Элшодбекнинг астрономия, физика, кимё борасидаги саволларига жавоб излашдан чарчаган эдим. Шу китобни қўлига тутқазган кунимдан бошлаб ўғлимнинг чеҳраси анчагина очилиб қолди. Китобга дастхат ёздириб олаётганимизда Саъдулло Қуронов: “Опа, ўғлингизни нега сизлаб гапирасиз, водийлик бўлганингиз учунми?” – деб сўраб қолди. “Фарзандинг сен жавобини билмайдиган саволларни бераверганидан кейин хижолат бўлиб сизлаб юборар экансан-да…” – дедим. Ҳа, бугунги кун боласининг меҳрини қозониш осон эмас. Хўш, унда ёзувчи коинотсевар бўлиб бораётган ХХI асрнинг зукко болалари эътиборини қандай қилиб ўз асарига жалб эта олди? “Ушбу саволга жавоб топишни истасангиз, китоб тақдимотига келинглар”, – деди Саъдулло Қуронов.

Шундай қилиб… Белгиланган куни “Галактикада бир кун” номли илмий-фантастик асар тақдимотида иштирок этиш учун Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига ўғлим Элшодбек билан ошиқиб бордик. Яхшиям борганимиз, таниқли олимлар, шоирлар ва ёзувчиларнинг болалар адабиёти борасидаги эътиборга молик мулоҳазаларини тингладик. Ва таассуротларимизни саралаб газетхонлар эътиборига ҳавола этишга аҳд қилдик.

Вақтдан ўзиб яшайдиган ёзувчи

– Саъдулло Қуронов энг ёш синчиларимиздан, энг ёш фан докторларимиздан деб фахрланиб юрар эдим, – дейди адабиётшунос олим Қозоқбой Йўлдошев. – Вақтдан ўзиб яшайдиган бу йигит нафақат илмий салоҳияти, балки бадиий салоҳияти билан ҳам мени ҳайратга солди. Фақат ўзимизнинг қобиғимиз билан чегараланиб қолмай ўзбек адабий ҳодисаларига жаҳоний кўз билан қарайдиган яхши тадқиқотчи десам, менга қўнғироқ қилиб, илмий-фантастик асар ёздим, деб қолди… Тўғрисини айтиш керак, кейинги йилларда болалар насри оқсаб қолди. Биз ҳалиям Ўзбекистон халқ ёзувчиси Худойберди Тўхтабоевнинг дарёсида сузиб юрибмиз. Ҳолбуки, бу устоз ёзувчимиз 60 йилдан бери ижод қилмоқда. Энди биз янги босқичга кўтарилишимиз керак эмасми? Боз устига ўзбек миллатининг қизиқиш доираси кўпинча “ошқозоннинг истаклари”, яъни гастрономик қизиқишлар билан чегараланиб қолмоқда. “Галактикада бир кун” деб номланган илмий-фантастик асарни ўқиб чиққач, билдимки, миллатимизга маърифий дард илашиб, ва ниҳоят, дунёни танимоқ ташвишига тушибди. Саъдулло Қуронов бу асари орқали менинг кўз ўнгимда шунчаки илмий-фантастикага қизиққан ижодкор эмас, балки қўли келишиб қолган иқтидорли ёзувчи сифатида намоён бўлди. Аҳмаднинг туши, тушдаги ўзаро олишувлар тасвирининг реаллиги, 2036 йилда ҳам онанинг она сифатида, отанинг ота сифатида ўз ўрнида бўлиши, бола кўплаб муаммоларини отасига эмас, онасига айтиши каби ҳолатлар асарнинг ўзимизнинг миллий руҳда битилганидан дарак беради.

Тасвир чуқурлашиб боргани сайин ёзувчи одамзот ривожланиши натижасида ўзини ўзи ҳалок қилмасмикан, одамзот юксаляпман деб тубанликка кетиб қолмаяптимикан, деган умумбашарий, кўпчиликни ўйлантирадиган масалаларни ҳам билинтирмай, сездирмай, яланғочлантирмай китобхонга айтиб кета олган. Айтиш мумкинки, Саъдулло Қуронов Ҳожиакбар Шайховдан кейин тамомила тўхтаб қолган болалар адабиётининг илмий-фантастик асарлар карвонини жилдира олган. Шунинг учун ёзувчини чин дилдан қутлайман.

Камчиликларга келсак, асарнинг тилига сал ишлов бериш мумкин эди. Мен ёзувчининг ўзига ҳам тилни индивидуаллаштириш, яъни бошқа сайёрадаги пакана одамларнинг бир-биридан тили орқали фарқланиши кераклигини айтган эдим. Ҳамонки қўлга қалам олганидан кейин ижодкор ҳар бир тасвир, воқеа ишончли ва китобхонга қизиқарли бўлишини таъминлашга интилиши зарур. Кейинги асарларида ёзувчи бу каби мулоҳазаларимизни эътиборга олади, деган умиддаман.

“Академнашр” да туғилган қаҳрамонлар

“Академнашр” нашриёти бош муҳаррири, таниқли ношир Санжар Назар сўзларига кўра, “Галактикада бир кун” асари тасодифан яратилган. “Жажжи академик” журналининг бош муҳаррири Саъдулла Қуронов журналнинг янги нашрини босмахонага топшириш жараёнида бир саҳифа муаллифи ишга келмай қолганлигидан ташвишга тушади. Ва бу саҳафани унинг ўзи тўлдиришга аҳд қилиб, кичик бир илмий-фантастик ҳикоя ёзади. Бўлим мудири Феруза Назарова бу ҳикоя яхши ёзилганлигини, иложи бўлса, уни қиссага айлантирса болажонлар учун қизиқарли бир асар дунёга келишини айтиб, бош муҳаррирни ижод қилишга ундайди.

– Асарни ўқиётган чоғимда сочлари жингалак митти Санжар Назар қизғониб, рашк қилиб турганини сездим, – дейди Санжар Назар. – Ўзи болалигимдан фантастик асарларга ўчман. Биринчи марта Тихон Семушкин деган ёзувчининг “Тоққа қочган Алитет” деган асарини ўқиб, ярим илмий, ярим бадиий асар билан тўқнаш келганимни эслайман. “Севан бўйларида” деган китобни ҳам зўр қизиқиш билан мутолаа қилганман. Шуни айтиб ўтишим лозимки, бугунги ёш китобхон биздан кўра анча бахтли. Чунки улар истаган китобларни топиш бугун жуда осонлашган. Қолаверса, “Галактикада бир кун” каби илмий-фантастик асарлар ёзилаётгани ҳам улар учун ниҳоятда фойдали деб ўйлайман. Бу асар соф илмий маълумотлар билан бойитилганлиги сабабли ўқувчи бу китобни мутолаа қилгач, битта қўшимча фанни ўзлаштирган ўқувчи даражасига кўтарилади.

Ноширни мен гулчига ўхшатаман. Бадиий тафаккурнинг энг муносибларини узиб китобхонларга тақдим этиш бахти менга насиб этганидан фахрланаман. Биз барчамиз ҳамкорликда эътиборимизни ва асосий кучимизни болалар маънавиятини ривожлантиришга қаратишимиз керак. Бундан кейин ҳам энг яхши бадиий асарларни қамишдан бел боғлаб чоп этишда давом этамиз.

Аҳмаднинг коинотга сафаридан сўнг…

– Ҳаёт ва хаёл – булар болалар учун ёзилган асарларда қизиқарли сюжет, равон нутқ, бадиий восита орқали уйғунлашсагина ўқувчиларда завқ уйғота олади, – дейди болалар шоираси Кавсар Турдиева. – Агар бу фаолият фантастик асар ёзишга қаратилган бўлса, унда ёзувчидан анча билим ва маҳорат талаб қилинади. Асарнинг бош қаҳрамони Аҳмад ёш ихтирочилар танловига ўзининг сайёралараро учувчи кема чизмасини тақдим этади. Ушбу танловда томошабинлар орасида кўзойнак таққан пакана одам бор эди. У Салмир сайёрасидан келган Марго эди. Коинот қароқчиларининг қабиҳ ишлари туфайли сўниб бораётган салмирликлар сайёрасини жонлантириш учун Аҳмад ва Марго “Кўккезар” кемасини қуришади. Бу кема замондан замонга кўчиб ўта оладиган кемадир. Улар қароқчилар генерали Обма га қаршилик кўрсатишади.

Ўсмир Аҳмад ҳаёти тушдан тушгача бўлган воқеаларни қамраб олган ҳолда бу давр ичида бутун бир сайёрани жонлантиради. Эзгуликнинг ғалаба қозонишига эришади, дўстлик ва бирлик қанчалик катта куч эканлигига ўқувчиларни ишонтиради. Асар давомида кашфиётчи, ақлли, билимли боланинг бошидан кечирган саргузашти ҳар қанақа ҳолатда ҳам инсон ўз олдига қўйган эзгу мақсади йўлидан қайтмасликка ўргатади.

Асарда болаларга таниш бўлган маиший ҳаёт кўринишлари мўъжизавий ҳолатлар уйғунлашади. Аҳмад Маргони ойиси пиширган пирог билан сийлайди. Ўзи билан фазога ёнғоқ ва туршаклар олиб келади. Дўстлари билан табиий маҳсулотларни ресторанга ўтказишади. Вақт туйнугидан ўтган Марго Исаак Ньютоннинг қарилик ва ёшлик даврини кўрса, Аҳмад Луврдан ўғирланган Мона Лиза портретини ўз эгаларига топширмоқчи бўлади. Аҳмаддаги тиришқоқлик, билимдонлик, ватанпарварлик ва бошқа гўзал инсоний фазилатлар уни китобхон учун қадрли қаҳрамонга айлантиради. Китобхон энди юртдоши бўлган қаҳрамон тақдирига бепарво қарай олмайди. Аҳмаднинг Мирзо Улуғбек- нинг “Зижи Кўрагоний” асарини мукаммал билиши, у ҳақда тўлқинланиб гапириши ўқувчини ҳаяжонга солади. Асар давомида Аҳмаднинг билимдонлиги турли вазиятлардан осон чиқишларида асқотади. Ва бу ҳолат Марго ва Дройтнинг ҳайратига сабабчи бўлади. Жумладан, Аҳмаднинг “Кўккезар” чизмасидан ва ихтиросидан Марс қолдиқларини текшириб Марсда кристалл бор йўқлигини аниқлаш мукинлигини аниқлашади. Хуллас, қиссадаги барча воқеликлар илмий асослар ёрдамида жуда ишонрали тарзда тасвирланган. Саъдулло Қуронов ўз асари орқали бугуги кун ёшлари, жамият ва коинот учун учун ниҳоятда қизиқарли, долзарб масалаларни ўқувчилар ҳукмига тақдим этади. Гарчи бу асар фантастик бўлса-да, давр руҳини ниҳоятда ёрқин акс эттирган.

Билими зўр мингни йиқар…

– Аввало болажонларни бу ажойиб асар билан табриклайман, – дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси болалар ва ўсмирлар адабиёти кенгаши аъзоси, шоир Дилшод Ражаб. – Айни замонамиз болаларида илмий-фантастик асарларга бўлган эҳтиёж ниҳоятда кучли эди. Ана шу эҳтиёжни, бўшлиқни тўлдиришга арзийдиган ёруғ бир китоб дунёга келганидан хурсандман. Устоз адибларимиздан бири: “Болалар адабиёти олтин пиллапоядир”, – дея кўп таъкидлар эди. Шу ўринда айтиш мумкинки, Саъдулло Қуроновнинг бу асари илмга, адабиётга ташна болакайларни Галактикага олиб чиқадиган пиллапоя бўлибди.

Худойберди Тўхабоев яратган Ҳошимжон образи орқали болалар агар билим бўлмаса инсонга сеҳрли қалпоқча ҳам ёрдам беролмаслигини англаб етишган. Саъдулло Қуронов яратган Аҳмад образи эса ёш китобхонга илму маърифатга интилган инсон ҳар қандай вазиятларда ҳам йўл топа олишини кўратиб беради. Демак, ота-боболаримиз таъкидлаганларидек, билаги зўр бирни йиқар, билими зўр мингни… Мен ёзувчига бир қаҳрамони айтганидек, қўлларингиз орқага қайрилмасин, қаламингиз бундан-да ўткир бўлсин, дея тилак билдираман.

“Эгизаклар парадокси” ёки аччиқ хулоса

Бугун биз катталар кези келса, оддийгина телефон функцияларини тушуна олмай 6 яшар ўғлимиздан ёрдам сўраймиз. Замоннинг қанчалар ўзгариб, техник жиҳатдан юксалиб бораётганидан ҳайратланиб қўямиз. Ҳа, замон ҳар соҳада янгиликни, юксалишни талаб қилмоқда. Шукрким, болалар адабиётида ана шу талабларга жавоб берадиган бадиий асарларимиз ҳам яратила бошлади. Менинг бу мулоҳазаларимни мийиғида кулиб эшитаётган ўғлим: “Аяжон, “Галактикада бир кун” асарида вақтнинг нисбийлиги ҳақида тушунтирилган бир парадокс бор. Ҳасан Ҳусандан 10 дақиқа олдин туғилган, холос. Ҳусан илмга қизиққани учун олим бўлиб ерда қолади. Ҳасан коинотга қизиққани учун фазогир бўлади. У коинот бўйлаб олис сафарга чиқиб, ёруғлик тезлигида учади. Ўн йилдан сўнг ерга қайтиб келганида ғалати ҳолат рўй беради. Яъни бу пайтда Ҳусаннинг ёши 40 да, Ҳасанники эса 30 да бўлади. Буни олимлар “Эгизаклар парадокси” дейишади. Агар катталар тезроқ бизнинг “галактикамиз”ни, илм-фан ривожини биз билан бирга англаб боришмаса, яъни бугунгидай асарлар тезроқ ёзилмаса, сизу биз ҳам “Эгизаклар парадокси” га ўхшаб бир-биримиздан фарқли одамларга айланиб қоламиз”, – деди.

Менимча, бундан ортиқ аччиқ ва тўғри хулоса бўлмаса керак бугунги мулоҳазаларимиз учун. Нима дедингиз, азиз мухлис!

Мухтасар Тожимаматова

Оила ва жамият газетасининг 2019 йил 13 ноябр сони