ХХ аср бошларида улуғ юртдошимиз Чўлпон “Адабиёт надир?” деган саволни ўртага ташлаган ва шу номли мақоласида унга баҳолиқудрат жавоб излаган эди. Агар биз диққат билан кузатсак, инсоният онгини танигандан бери ушбу савол у ёки бу тарзда мунтазам қўйилиб келишига гувоҳ бўламиз. Қизиғи шундаки, бу саволга ҳар бир давр ўзича жавоб беради, боз устига, бир даврда яшаётган одамларнинг жавоблари-да бир-биридан жиддий фарқланади. Тугал ва узил-кесил жавоб берилиши мумкин бўлмаган “Адабиёт надир?” саволининг ҳозирги кунда ҳам кун тартибида тургани табиий. Бугунги кунда мазкур савол теграсидаги баҳслар “адабиёт санъатми ёки онг соҳасими?”, “адабиёт ижтимоий бўлиши керакми ёки йўқми?”, “адабиёт оммавий бўлиши керакми ёки элитарми?” каби асосий масалаларни ўз ичига олади.
Биз ўзимиз билишни истаган нарса ҳақида тугал ҳукм чиқаришга мойилмиз, охиригача тугал англаб бўлмайдиган, охиригача муайян таъриф-у қоидалар асосида тушунтириб бўлмайдиган мураккаб ҳодисалар мавжудлигини тан олгимиз келмайди. Ҳолбуки, мавжуд нарса-ҳодисаларнинг аксарияти, жумладан, адабиёт ҳам, ана шундай мураккаб, зиддиятли томонларни ўзида жам этган ҳодиса саналиши керак. Юқорида қўйилган саволлардан биринчисига – “адабиёт санъатми ёки онг соҳасими?” деган масалага тўхталсак, бу нарса анча равшан кўринади.
Кейинги йилларда, шўро даврида ўта яланғоч ижтимоийлашган адабиётга, уни оммани коммунистик руҳда тарбиялаш ва ш.к. мақсадларга бўйсундириш амалиётига акс таъсир тарзида адабиётни “соф санъат” сифатида тушуниш, унда фақат санъат ҳодисасинигина кўриш тамойили кузатилади. Ҳолбуки, адабиётда фақат воситани кўриш қанчалик хато бўлса, унда “соф санъат”нигина кўриш ҳам шунчалик хатодир. “Соф санъат” тарафдорлари адабиётнинг ижтимоий онг соҳаси эканлигини инкор қиладилар, жуда инсоф қилганлари адабиётнинг бу жиҳатига эътиборсизроқ, кўз юмиб қарайдилар. Биз ақл ва ҳисни бир-бирига кўпинча зид қўямиз, ҳолбуки, бу нарса вужудимизда ақл ва ҳиснинг бир пайтда мавжуд бўлишига, иккисининг бирликда инсон руҳиятини ташкил этишига халақит бермайди. Бас, нега энди инсон руҳий фаолиятининг маҳсули бўлган адабиёт уларнинг иккисини ўзида жам қилолмас экан?!
Бу масалани бадиий ижод табиатидан келиб чиқиб тушуниш ва тушунтириш ўнғайроқ кўринади. Адабиётнинг илк намуналари саналадиган асотир(миф)ларни, афсоналарни эсга олайлик. Ахир, “Авесто”даги ривоятлар ёхуд қадим грек ёки миср афсоналари табиатни, инсоннинг пайдо бўлиши, унинг ўлими сирлари ва ш.к. муаммоларни билишга интилиш натижаси эмасми? Албатта, ҳозирги инсоннинг тафаккур даражаси ҳам, адабиёт ва санъатнинг ривожланиш даражаси ҳам кўз илғамас даражада узоқлашди. Лекин бадиий ижодга туртки берадиган бирламчи омил ҳамон билиш эҳтиёжи бўлиб қолди. Тўғри, кейинги даврларда яратилган асарларда доим ҳам ижодкор билишга интилаётгани асотирлардаги каби равшан сезилмаслиги мумкин, лекин унинг яратилишига бевосита мана шу эҳтиёж туртки берган. Дейлик, бир ижодкорни жамиятнинг мавжуд ҳолати ёки ривожланиш тамойилларини билиш (кўпроқ романларда), бошқа бировини ўзни англаш орқали Ҳақни таниш (тасаввуф шеърияти), тағин бирини қалбидаги кечинмаларини (яъни, ўзини) англаш ва шунга ўхшаш умумий номи БИЛИШ аталувчи эҳтиёж ижодга ундайди. Фақат шуниси борки, кейинги даврларда яратилган асарларда билиш эҳтиёжининг равшан сезилмаслиги ижодкор тарафидан англанган нарсанинг асарда бошқача йўсинларда ифодаланиши билан изоҳланиши мумкин. Дейлик, ижодкор ўзи анчадан бери ечолмай келаётган, ўзи англашга интилаётган масаланинг ечимини табиат манзарасида, ҳаётдаги бирон-бир ҳолатда, ҳодиса ва шу кабиларда кўриши, яъни, ўша нарсада ҳикмат кўриши-да мумкин. Ижодкор ўз асарида ўша нарсани (манзара, ҳолат, ҳодиса ва ш.к.) акс эттиришнинг ўзи биланоқ эҳтиёжни қондиради. Қатағон даврида инсоннинг қадрсизлангани, бутун бошли жамиятнинг тоталитар тузум олдидаги ожизлиги-ю кишиларнинг ўзгалар фожиасига томошабин бўлиб тургани ҳақида ўйлаган ва азоб чеккан А.Қаҳҳор “Ўғри”да тасвирланган воқеада, мустабид тузум шароитидаги ижодкор қисматини Ойбек “Наъматак”даги манзарада кўрган бўлса не ажаб?! Айтмоқчиманки, шу асарларни яратиш билан ҳар икки ижодкор руҳиятида пайдо бўлган билиш эҳтиёжи қондирилди. Зеро, ижод онларида ҳар иккиси ҳам ўзини ўйлатган масалани ўзича ҳал қилди, муайян бир тўхтамга келди. Албатта, бу асарларни ҳар биримиз ўзимизча тушунамиз, сабабки, биз улардаги образлар тилини ўзимизча мантиқ тилига кўчирамиз – англаймиз. Бироқ бу нарса асарнинг яратилишига туртки бўлган билиш эҳтиёжининг генетик жиҳатдан ижтимоий характерга эгалигини инкор қилолмайди. Бадиий ижодга туртки берувчи билиш эҳтиёжининг турли сатҳ ва навдаги ижтимоий муносабатлар асосида вужудга келиши бадиий асарнинг, демакки, бадиий адабиётнинг ҳам генетик жиҳатдан ижтимоий характерга эгалигидан далолатдир.
Мисолга олинган ҳар икки асарда ҳам бир нарсанинг моҳияти бошқа нарса орқали англанаётганига шоҳид бўлаётирмиз. Ҳар икки ижодкор ҳам ўзларини ўйлатган муаммоларни англаш учун ҳаётга айнан тақлид қилгани, ҳаётдан нусха кўчиргани йўқ. Зеро, бир нарсанинг моҳиятини иккинчи нарсада кўриш учун ақлнинг ўзи камлик қилади, бунинг учун ижодкорда аввало санъаткорона нигоҳ, санъаткорга хос “қалб кўзи” бўлиши лозим. Руҳнинг алоҳида ва бетакрор ҳолати бўлмиш ижод онларида санъаткорга ўзи излаган моҳият аён бўлади, яъни, билиш эҳтиёжи фақат ижод жараёнидагина қондирилади. Санъаткорнинг ижод онларидаги ҳолати, унинг зўриқиб ишлаётган онги-ю жумбуш урган қалби эса асар матнида муҳрланади. Модомики бадиий ижод билишга қаратилган жараён экан, демак, бадиий адабиёт ҳам онгга алоқадор ҳодиса, фақат бунда билишнинг санъатга хос йўлидан борилади. Бунгача айтилганларга таяниб, адабиёт иккиёқлама ҳодиса, у санъатга ҳам, ижтимоий онгга ҳам бирдек алоқадордир деган хулосага келиш мумкин.
Адабий баҳсларда тез-тез кўтарилиб турган “адабиёт ижтимоий бўлиши керакми ёки йўқми?” масаласи ҳам шўро даври адабий сиёсати таъсирида юзага келди, ўткирлашди. Адабиётнинг ижтимоий эканлигини инкор қилиш маъқул бўлмаганидек, унинг индивидуал-шахсий ҳодиса эканлигини ҳам инкор этиб бўлмайди.
Адабиётшуносликка оид асарларда, дарсликларда “бадиий адабиётнинг предмети – инсон” деб кўрсатилади. Бироқ мазкур фикрни тор тушуниш, уни мутлақлаштириш унчалик тўғри бўлмайди. Чунки адабиёт инсонни алоҳида эмас, балки жамият, табиат билан узвий алоқада ўрганади. Модомики адабиётнинг предмети ҳам, унинг яратувчиси ҳам инсон экан, адабиётнинг ижтимоий бўлмаслиги мумкин эмас. Бироқ яратилиши жиҳатидан, дунёга нуқтаи назар, ўша дунё туфайли пайдо бўлган ҳиссиётлар, фикрлар нуқтаи назаридан том маънода шахсий ҳодисадир.
Маълум бўладики, бадиий асарда ижтимоийлик ва шахсийлик қоришиқ ҳолда зуҳур қилар экан, фақат бу ўринда ижтимоийлик ва шахсийлик нисбати ҳар бир конкрет асарда турлича бўлишини, турлича зуҳур қилишини эътиборда тутиш лозим бўлади. Дейлик, ижтимоийлик даражаси эпик ва лирик асарларда жиддий фарқланади, баъзан лирик асарда ижтимоийликдан асар ҳам йўқдай кўринади. Айримлар, хусусан, “соф санъат” тарафдорлари айни шу ҳолни мутлақлаштирмоқчи бўладилар, шеърият фақат кўнгил иши бўлиши керак деган гаплар эшитилади. Хўш, инсоннинг кўнглидаги туйғулар, изтироб-у қувончлар келиб чиқиши жиҳатидан ижтимоий эмасми? Мисол тариқасида А.Орипов “Баҳор кунларида кузнинг ҳавоси” мисралари билан бошланувчи шеърини олиб кўрайлик. Асарда лирик қаҳрамоннинг муайян бир ҳолати, кайфиятигина қаламга олинган шеър мана бу мисралар билан бошланади: “Баҳор кунларида кузнинг ҳавоси, Танимни жунжитар оқшомги шамол. Нега мунча ғамгин найнинг навоси, Нега қалбим тўла ўкинч ва малол?” Шеърда табиат манзараси тасвирланади ва шу асосда маҳзунлик кайфияти ифодаланади. Бироқ, “баҳор кунларида куз нафасининг эсиш”идан келган маҳзунлик – образ, мана шу ҳолатнинг юзага келиш сабаблари ўзгача бўлиши эҳтимолдан йироқ эмас. Мазкур шеър 1967-йилда яратилган эди. Нечун энди А.Орипов баҳор кунларидаги куз ҳавоси ҳақида гапиради? Гап шундаки, шеър ёзилган пайт 50-йиллар охиридан жамият ҳаётида кузатилган уйғониш, нисбий эркинликнинг 60-йиллар ўрталаридан қайтадан бўғила бошлаган даврига тўғри келади. А.Орипов жамиятнинг бир аъзоси сифатида, эркка ташна ижодкор сифатида бу ҳолдан изтироб чекади, азобланади. Жамиятнинг кўзи очиқ аъзоларини изтиробга солган бу ижтимоий дард шоирнинг шахсий дардига айланган, дарднинг шахсийланиш даражаси шунчаларки, биз шеърни “кўнгил шеърияти” дейишга-да, уни “соф санъат” намунаси сифатида баҳолашга-да мойилмиз.
Яқин йиллардаги ва қисман ҳозирда ҳам баҳсларга сабаб бўлиб турган масалалардан яна бири “адабиёт қандай бўлиши керак?” деган савол теграсида айланади. Мазкур баҳсда томонларнинг бири “адабиёт оммавий бўлиши керак” деган фикрни, иккинчиси, “адабиёт хос кишиларга мўлжалланган бўлиши керак” деган фикрни олдинга сурадилар. Иккинчи томоннинг оммавийликка қарши тургани адабиётнинг жўнлашувидан норозилик билан, биринчи томоннинг хосларгагина мўлжалланган адабиётга қаршилиги бу ҳолда адабиётнинг жамиятдаги аҳамияти сусаяди деб ҳисоблаши билан изоҳланади. Зикр этилган баҳснинг ечими, бизнингча, муросададир. Шу ўринда муросанинг фойдасига айрим фикрларни қайд этиб ўтиш жоиз.
Биринчиси. Ҳаммага аёнки, бадиий адабиётни истеъдодлар яратади. Истеъдод эса оммадан кўра тейранроқ қалб кўзига эгалиги, тафаккур даражасининг ундан юқорироқ экани билан фарқланади. Баски, чинакам истеъдод яратган асарнинг даражаси ҳам оммадан юқорироқ бўлмоғи табиий ва шундай бўлиши керак ҳам. Иккинчи томондан, шу адабий-маданий заминда етишган истеъдоднинг оммадан кўз илғамас даражада узоқлаб кетиши ҳам маҳол, шу боис ҳам “атайин оммага мослаб ёзиш” деган даъво ё ёлғон, ё истеъдодсизликни хаспўшлаш учун баҳонадан бошқа нарса эмас. Демак, баҳсдан чиқадиган биринчи хулосани “бизга чинакам истеъдодлар, истеъдод билан ёзилган асарлар керак” тарзида ифодалаш мумкин.
Иккинчиси. Бадиий асар жуда мураккаб ҳодиса, конкрет асарни ҳамманинг бирдек тушуниши, бирдек суюши ва унга бирдек қиммат бериши мумкин эмас. Бадиий асар тубсиз уммон мисоли, юзасида юрган нари борса мавжлар-у жозиб қудратни кўрар, бироқ унинг тубида олам-олам сир-синоатлар яширин, унинг тубида-да бутун бошли бир ҳаёт кечади. Кимдир бу уммоннинг юзасидагина юради, кимдир саёзроқ, кимдир чуқурроқ шўнғийди, баски, бадиий асар бир пайтнинг ўзида турли тоифаларга – ҳам оммага, ҳам хосларга мўлжалланган бўлади.
Учинчиси. Кишиларда диднинг турлича эканлиги факт, бу ҳол билан фақат муроса қилиш мумкин, холос. Беш қўл баробар эмас, кимдир чуқур руҳий тасвирга бой асарни, кимдир интеллектул жиҳатдан юксак асарни, кимдир кўнгилочар асарни, кимдир детектив, кимдир жангари асарларни суяди. Хоҳласак хоҳламасак, адабиёт майдонида ҳам рақобат бор. Агарки ҳозир енгил-елпи асарларга қизиқиш кучаймоқда экан, бу юксак дидли адабиётнинг айби. Демак, баҳслашиш эмас, жиззакилик қилиш, омманинг дидсизлашаётганидан зорланиш эмас – чинакам адабиётни, бадиияти юксак асарларни яратмоқ керак.
Бадиий адабиёт – инсон фаолиятининг маҳсули. Инсон фаолияти эса кенг ва серқиррадир. Инсон фаолияти бир-бирига бевосита ёки билвосита боғлиқ бўлган “меҳнат фаолияти”, “руҳий фаолият”, “эстетик фаолият” каби жиҳатларни ўз ичига олади. Боз устига, руҳий фаолиятнинг ўзи “ақлий”, “ҳиссий”, “руҳоний” фаолият қирраларини намоён этади. Бадиий адабиёт инсоннинг гўзаллик қонунлари асосидаги ижодий-руҳий фаолияти маҳсулидир. Шундай экан, бадиий адабиётни таърифлашда бирёқламаликка йўл қўйиш, уни фақат ижтимоий онг ёхуд фақат санъат ҳодисаси сифатида тушуниш предметнинг моҳиятини жўнлаштиради, бизни унинг табиатини англашдан узоқлаштиради.
«Ёшлик» журнали, 2020 йил, 7-8-сон