Чўлпон ва Қодирийнинг ХХ аср бошларида ўзбек замонавий адабиётининг қарор топишидаги буюк хизматлари, ўлмас асарлари ҳақида талайгина китоблар, илмий-тадқиқот ишлари ёзилган ва ёзилажак. Камина ушбу мақолада икки атоқли адиб ижодига хос зоҳирий ва ботиний муштаракликлар, кўзга ташланадиган ва ташланмайдиган ички алоқа, муносабатлар тўғрисида сўз айтишни ният қилдим.
Ҳар икки адиб ижод майдонига ўтган асрнинг 10-йилларида, жадидларнинг адабий муҳити яшнай бошлаган пайтда кириб келишди. Уларнинг илк шеърлари жадидларнинг ғоялари, аниқроғи, адабий-эстетик қарашлари таъсирида ёзилганди. Бунга Чўлпоннинг “Туркистонли қардошларимизга”, Қодирийнинг “Тўй” ва “Аҳволимиз” шеърлари далилдир. Ҳаваскор қаламкаш сифатида ижодини бошлашган бу икки сиймо анча вақтгача ўз услубини, ўз йўлини топиш учун изланишда бўлишди. Чўлпоннинг 1919 йил февралигача турли йўл, усулларда ёзилган шеърлари, Қодирийнинг гоҳ шеър, гоҳ драма, гоҳ ҳикоя жанрига қўл уриши бунинг исботидир. Бундай ижодий изланишлар уларнинг жадидлар адабиётидан маълум даражада тўла қониқмаганлиги билан ҳам боғлиқ эди. Шу боис, Чўлпон адабиёт нима, унинг ижтимоий вазифаси, ўзига хос хусусиятлари нималардан иборат, деган саволларга жавоб излашга уринади. Натижада у “Садои Туркистон” газетасининг 1914 йил 4 июн сонида “Адабиёт надир” деган мақоласини эълон қилади. 16-17 ёшлардаги ўспириннинг бадиий адабиётдек беҳад улкан ва масъулиятли соҳа тўғрисида дадил ва тиниқ фикрлар билдириши, аввало, унинг ўзига бўлган ишончидан, энг муҳими, инсониятнинг бу нодир машғулотига хос хусусиятнинг моҳиятига етишга интилганидан далолатдир. У адабиётнинг асосий вазифасини даставвал миллат тушунчаси билан боғлайди. Бу ўша пайтлари фавқулодда ҳодиса бўлганди. Чўлпон ўзининг эстетик тушунчасидан келиб чиққан ҳолда, “Адабиёт чин маъноси ила ўлган, сўнган, қирилган, ўчган, мажруҳ, ярадор кўнгилга руҳ бермак учун, фақат вужудимизға эмас, қонларимизга қадар сингишган қора балчиқларни тозалайдирғон, ўткур юрак кирларини ювадурғон тоза маърифат суви, хиралашкон ойиналаримизни ёруқ ва равшан қиладирғон, чанг ва туфроғлар тўлган кўзларимизни артуб, тозалайдирғон булоқ суви бўлғонликдан бизға ғоят керакдир”, деган тимсолли фикрни илгари суради. Қодирий эса ўша йиллари адабиёт ҳақида Чўлпондек фикр билдирмаган бўлса-да, мазкур фикрларга қўшилгандек туюлади. Масалан, унинг адабий тахаллусини олайлик. Ҳаммомнинг гўлахларида ўт ёқувчи, йиртиқ-ямоқ кийимлари кул ва кўмирнинг чангига беланган кишиларни “жулқунди (жулғунди)”, дейишган. Абдулла Қодирийнинг “Жулқунбой” тахаллуси мазмунан шу сўз билан боғлиқ. Бу билан ёзувчи миллат аҳлининг юракларини чулғаган “кир”ларни “маънавий ҳаммом”да ювишни, яъни асарлари воситасида тозалашни ният қилган, деб ўйлайсан киши. Ахир, у ўзига камбағал, мискин, хокисор киши маъносини англатувчи сўзни тахаллус қилиб олмоқчи экан, нега ҳаммол, фаррош, хизматкор сингари маъноларни билдирувчи атамаларни эмас, айнан “Жулқунбой”ни олган. Албатта, Абдулла Қодирийдек зукко инсон адабий тахаллусларининг маъносини чуқур мулоҳаза қилган ҳолда танлаган. Унинг “Думбул”, Овсар” каби муваққат тахаллуслари ҳам маълум мақсад асосида олинган.
Шу ўринда битта мисол: у 1924 йил июн ойида “Иштирокиюн” газетаси чиққанига олти йил тўлиши муносабати билан ёзган “Олти йиллик базм” мутойиба асарида мен газетанинг юбилейига бағишланган базмда бир менграв, бир туталчи сифатида қатнашмоқдаман, дейди. Муаллиф ўзини менграв, яъни меровликка солиб, айрим журналист дўстларининг камчиликларини кўрсатиб ўтишни истайди. Худди шунингдек, “туталчи”, яъни сўз ўйини воситасида айрим амалдор, тўраларнинг нуқсонларини ҳажв қилувчиларга ўхшаган ҳолда “машҳур ижодкор”ларнинг асарлари, тийнатларидаги кемтик жиҳатларига ишора қилишини ҳам қистириб ўтган. Демак, у “менграв”, “туталчи” атамаларини ўзига беҳуда нисбат бермаган. Ўртоқлик ҳазили йўсинида ёзилган мазкур асарида шу тарзда талайгина ижодкор ҳамкасбларининг камчилик, нуқсонларини дўстона кўрсатиб ўтган.
Юқорида биз Чўлпон жадидларнинг адабий-эстетик қарашларидан қониқмаган, дедик. У ижодининг дастлабки палласида ижодий усул, йўл излаганини 1925 йили ёзган “Улуғ ҳиндий” сарлавҳали мақоласида баён қилиб: “…кўнгил бошқа нарса – янгилик қидирадир: Боту, Ғайратий, Олтой, Ойбек, Жулқунбойларни ўқиймен, қувонтирадир, холос! Улар менинг учун ёнғон чироқлар бўлса ҳам, менинг эртам учун! Авлоний, Тавалло, Сиддиқий ва Ҳакимзодаларни ўқумаймен, ўқумаймен, мени шу ҳолга солғон ўшалар!..”, дея хитоб этганди. Бу эҳтиросли гапларда жадид адабиёти вакилларининг асосий эътиборни ғояга, фикрга қаратиб, бадиийликка етарли диққат этишмагани ҳақида сўз боради. Айни пайтда, номлари келтирилган беш нафар адиб ижоди ҳали ўзининг тўла инкишофига етмагани ҳақида ҳам фикр мавжуд. Дарҳақиқат, бу мақола ёзилган пайтда Жулқунбой битта драма, талайгина жиддий ва ҳажвий ҳикоялар, фелетонлар ёзган, аммо унга улкан шуҳрат келтирган “Ўтган кунлар” романи босилмаган эди (“Инқилоб” журналида 1922 йили бу асардан парча эълон қилинганди). 1926 йилга келиб роман нашр этилгач, орадан кўп ўтмай, у шўроларнинг жангари танқидчилари томонидан мафкуравий жиҳатдан беаёв танқид остида олинади. Бунинг устига, Чўлпоннинг ўзига ҳам “бадбин зиёлиларнинг шоири, асарларида уларнинг ғоясини ифода қилади”, деган айб қўйилиб, танқид “тош”лари отила бошлади. (Изоҳ: шўро мафкурачиларининг фикрича, маҳаллий миллатчилар /аслида, миллатсеварлар. – Б.Д./ Ўзбекистонда шўро ҳокимияти ўрнига мустақил республика тузишга уринишади. Бунда улар республикадаги маҳаллий ишчилар синфига таяна олишолмайди, негаки, бу ерда пролетариат ривож топмаган, ҳатто, йўқ ҳисоби, деҳқонлар синфи эса, қолоқ, онгсиз. Шу боис, улар маҳаллий зиёлиларгагина таянмоқчи бўладилар, деган “назарий” тушунчадан келиб чиқиб, ХХ асрнинг 20-йилларида зиёлиларни иккига: шўро зиёлилари ва миллатчи зиёлиларга бўлган ҳолда иккинчи гуруҳга қарши ҳужум кампаниясини бошлагандилар. Шу тариқа, Чўлпонни мана шу иккинчи гуруҳ, яъни миллатчи, бадбин зиёлиларнинг мафкурачиси, деган ақидага ёпишиб олишганди). Шу сабабларга кўра, Чўлпон Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар” ёки “Меҳробдан чаён” романларига матбуотда баҳо беролмаган. Қодирий ҳам ана шу танқидлар бошлангач, Чўлпон ҳақида ошкора илиқ гап айтишдан ўзини тийишга мажбур бўлган. Аммо улар учрашганларида бир-бирларига ҳурматларини изҳор қилишгани шубҳасиздир (Абдулла Қодирийнинг машҳур боғида бир қанча ҳамкасблари қатори Чўлпон ҳам кўп бор бўлгани, бу ерда адабиётдан баҳс юритилгани ҳақида талайгина хотираларда эсланади. Бизнингча, ҳар икки адиб ҳам ҳамкасбининг ёзган асарлари ҳақида икки оғиз бўлса-да, фикр билдирмаслиги мумкин эмас).
Чўлпон ҳам, Абдулла Қодирий ҳам жадидлар адабиётидаги етишмаган хусусиятларни тўлдиришга уринганлар. Чўлпоннинг 1918 йили Заки Валидий билан Бошқирдистонга бориб ишлагани маълум. У ердаги мажлисларда, давраларда Чўлпон татар, рус, европалик шоирларнинг ижоди ҳақидаги суҳбатларни жон қулоғи билан тинглаган бўлиши мумкин. Нима бўлгандаям, Бошқирдистондан қайтгач, шоир бутунлай янги усулда, адабиётшуносликка оид китобларда “чўлпонона усул”, деб ном олган йўлда шеърлар ёза бошлайди. Унинг 1919 йили феврал ойида “Иштирокиюн” газетасида эълон қилинган “Гўзал” шеъри шу жиҳатдан унинг биринчи асаридир. Адибнинг 1920 йили ёзилган “Ёрқиной” пиесаси жадидлар драмаси билан “баҳс”, “мусобақа” тариқасида ёзилгандек таассурот қолдиради (пиеса 1926 йили қайта ишланган ва тўлдирилган ҳолда нашр этилган).
Маълумки, жадидлар драмасида ҳам фикр, ғоя биринчи ўринда тургани учун бадиийликка етарлича аҳамият берилмаган. Чўлпон бу камчиликни тўлдирган ҳолда, тўлақонли драма яратиш учун бадиийликни кучайтиришга уринган. Бунинг учун фолклорга мурожаат қиларкан, ундаги романтик унсурдан бадиийликни ошириш йўлида фойдаланишга интилган. Шу тариқа, “Ёрқиной”да ҳиссиётга бой драматик ҳолатлар яратган. Хусусан, тўртинчи пардада бундай ҳолатларга бадиийликни оширувчи муҳим восита сифатида қараган. Албатта, Чўлпоннинг бу йўли унинг дастлабки уриниши эди. Пиесада бадиийликни кучайтиришнинг турли усулларидан фойдаланиш мумкинлигига у жаҳон адабиёти, хусусан, драмалари билан танишгандан сўнггина тўла ишонч ҳосил қилган. Таъкидлаш жоизки, Чўлпон, умуман олганда, жадидлар ғояларига катта ҳурмат билан қараган. Унинг “Кеча ва кундуз” романидаги Шарафиддин Хўжаев образида бу ҳурматнинг ифодасини кўриш мумкин.
Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар” романидаги талайгина фикрлар ҳам жадидлар илгари сурган ғояларга ҳамоҳанглиги сезилиб туради. Жаҳолатга нафрат билан қараш, айрим қавмдошларининг, хусусан, амалдорларнинг халқ турмушини ўйлаш ўрнига моддий манфаатга, кайф-сафога берилиб, ўзаро низолашишларини қоралаш, оилавий муносабатлар, жумладан, қизлар билан йигитларнинг ўзаро муҳаббат асосида турмуш қуришларини мақбул кўриш, орзу-ҳавасни деб ота-оналарнинг фарзандлари бахтига, ҳатто умрларига зомин бўлишларидан огоҳ этиш, эл бошида турган тўраларни инсоф ва адолатга чорлаш каби ғоялар бунинг ўзига хос далили дейиш мумкин. Айни пайтда, Абдулла Қодирий романида бадииятнинг юксак бўлишига алоҳида эътибор берган. У тарихий роман ёзишга қўл ураркан, араб ёзувчиси Жўржи Зайдон ижодига мурожаат қилгани маълум. Зайдон эса романларини европача услубда ёзган. Демак, Қодирий “Ўтган кунлар”ни европа романчилиги тажрибаларидан муайян даражада баҳраманд бўлган ҳолда яратган. Айни замонда, Қодирий ҳам Чўлпон сингари ижодий изланиш жараёнида мумтоз шоирлар достонларига, ҳатто халқ достонларига иқтибос қилган ҳолда бадиийликни ошириш йўлидан ҳам борган. Воқеаларнинг энг нозик нуқталарини сир тутиш, фавқулодда жасоратлар кўрсатиш (Кумушбибининг отаси Ҳамда Отабекни қутқариш мақсадида хон саройига бориши, Ҳомид ва шериклари лаҳм орқали Кумушбибини ўғирламоқчи бўлишганда Отабекнинг Алпомиш сингари яккама-якка жангга кириши кабилар) ва бошқа эпизодлар халқ эртаклари ва достонларига хос услубни ёдга туширади. Демак, ҳар икки адиб ҳам замонавий адабиёт яратиш йўлида халқ оғзаки ижодига хос услуб ва усуллардан ҳам фойдаланишдек муштарак жараённи бошидан кечирганлар.
Икки буюк сиймо Ватаннинг озод, эркин бўлишини ниҳоятда орзу қилганлар. Бу йўлда қўлларидан келган ишни бажаришни ҳаётларининг бош мақсади, деб билишган. Абдулла Қодирий Чўлпоннинг “Тонг сирлари” тўпламига ёзган сўзбошисида шоирнинг “кўз ёшлари”дан бир куни чечаклар униб чиқишини айтиш билан ўзлари орзу қилган куннинг, албатта, келажагига некбинлик билан умид билдирган. Айни пайтда, улардан бирида нима сабабдандир бу улуғ йўлда иккиланиш, сустлик сезилса, иккинчиси буни малол келмайдиган ҳолда “эслатиб қўйишган”, огоҳликка даъват этишган. “Олти йиллик базм”да Абдулла Қодирий Чўлпон ҳақида ўртоқлик ҳазили йўсинида ёзади: “Шоирларимизнинг биринчиси Чўлпон афандидир. Букун қизил гул-у, эрта нафармон гул; ҳали денгизда чўб бўлса, бир оздан кейин дунёни сел олғонда тўпуғиға чиқмайтурған маслакида собит, аҳдида қойим, кўз кўриб қулоқ эшитмаган ажиб бир қаҳрамон. Унинг олти йиллик хизмати ҳам шу йўлда бўлди”. Бу сатрларда Қодирийнинг Чўлпон билан фахрланиши ҳам, унинг баъзан шўролар ҳокимияти воқелигини тан олишга мажбур бўлиб шеърлар ёзишидан, яъни турли рангдаги гулдек товланишидан ранжиши ҳам сезилади. Масалан, “Ҳали денгизда чўб бўлса…” иборасини олайлик. Чўлпоннинг “Сомон парча” сарлавҳали шеъри “Фарғона” газетасининг 1923 йил 29 октябр сонида босилади. Унда шундай сатрлар бор: “Муҳит гирдобида бир сомон парча, бир похол чўпидек оқиб борамен”; “Муҳит кучлик экан, эгдим бўйнимни”; “Мен энди худди бир сомон парчаси…”. Бундай изтиробли туйғулар, шубҳасиз, Чўлпонда дабдурустдан пайдо бўлган эмас. Бу жонсўз изтироблар шоир ўз ҳаётини бағишлаган Ватан озодлиги, эркинлигининг шўролар тобора куч ола борган сари саробдек узоқлашаётганидан юзага келган. Айниқса, 1918 йил февралида Туркистон мухториятининг болшевиклар томонидан маҳв этилиши, 1920 йилнинг сентябр ойида Бокуда ўтган Шарқ халқлари қурултойининг умид қилинган натижани бермагани, 1920 йили ташкил топган Бухоро Халқ Шўролар Жумҳуриятининг “мустақиллиги” қоғоздагина эканлиги, “босмачилик” деб аталган ҳаракатдан сўнгги илинж тарзида нималардир умид қилиниб юрган вақтда, уни тугатиш йўлида шўролар ташкил этган “Дархон” деган газетада Чўлпоннинг ўзи ҳам ишлашга мажбур бўлиши (“Бухоро ахбори” муҳаррирлигидан газетани миллатчилик йўлига солиб юборди, деган айб билан бўшатилгани учун дўстлари шўролар олдида ўзингни сал оқлаб ол, деган маслаҳат билан уни шу газетада ишлашга қисташган) шоир қалбида руҳий буҳронларни кучайтириб, унда бадбинлик (пессимистик) туйғуларни кучайтирган. Мана шундай руҳий ҳолат остида у ўзини муҳит селида оқиб бораётган сомон парчасига ўхшатган сатрларни битади. Бу ҳолдан таажжубга тушган Абдулла Қодирий ҳазиломуз киноя билан шундай ёзганди: “Машҳур шоирларимиздан ўртоқ Ч. Тошкентдан Фарғона боришда худонинг қудрати билан сомон парчаси бўлуб қолғон. Ул бу ишдан жуда кўб фойдалар кўрган: чунончи, Тошкент-Фарғона темир йўли учун тутилатурғон чиқим ҳам ёнға қолғон. У Тошкентдан чиқишдан-ўқ шамолға кўтарилғон. Шамол уни учурганча-учуруб тўғри Андижон шаҳрига элтган, ҳам бу киши шунда бир…. — нинг қошиға илиниб қолғон” (“Муштум” журнали, 1923 йил, 15-сон).
Албатта, ушбу сатрларда ўзига яқин олган кишисига, ҳаммаслак, ҳамфикр одамига айтиладиган оҳангда билдирилган ҳазиломуз пичинг бор. Абдулла Қодирийнинг мақсади ҳаммаслагига, ҳамфикр дўстига далда бериш, уни асл маслагига қайтариш бўлган.
Чўлпон ва Қодирий ҳамкорликда каттароқ, воқеа бўладиган асар ёзишмаган бўлса-да, биргаликда айрим жузъий нарсалар битишган. Чунончи, “Қизил Ўзбекистон” газетасининг 1935 йил 27 май сонида А. Қодирий, Чўлпон, Элбек, Н. Алимуҳамедов, С. Сиддиқлар имзоси остида “Эски китоблар савдосини қўлга олайлик” мақоласи эълон қилинган. Унда эски қўлёзма ва босма китоблар савдосини чайқовчилар қўлига топшириб қўймасдан, уларнинг мутахассислар ва тегишли муасасалар назоратида бўлишини таъминлаш мақсадида махсус букинистик магазинлар ташкил қилиш зарурлиги тўғрисида таклиф киритилган. Таассуфки, бу икки атоқли сиймонинг ижодий ҳамкорлиги шўролар тузуми даврида кенг қулоч ёйиши мумкин бўлмаган.
Абдулла Қодирий ва Чўлпон… Бу икки атоқли адиб Ватанимизнинг мустақиллиги йўлида қаламларини ўткир қурол тарзида тутган ҳолда кураш майдонига кириб, шу йўлда жонларини фидо этишди. Бугун Мустақиллик нашъасини тотиб яшаётган халқимиз бундай истиқлол қаҳрамонларининг номини қалбида абадий сақлаши шубҳасиздир.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 13-сонидан олинди.