Наим Каримов. Туркистон мухториятининг мадҳияси

1917 йил 26—29 ноябрда Қўқонда бўлиб ўтган Умуммусулмонлар қурултойи Туркистон Мухторияти ҳукуматининг ташкил топганини эълон қилган. Узоқ тарихий даврлар мобайнида ижтимоий тарқоқлик ва мустамлакачилик шароитида яшаган, шу туфайли хонавайрон бўлган ўлкада Мухторият ҳукуматининг барпо этилиши тараққийпарвар кишилар томонидан катта қувонч ва шодлик билан кутиб олинган. Туркистон халқларининг тақдири билан куйинган Чўлпон биринчи бўлиб Мухториятни олқишловчи “Озод турк байрами” шеърини ёзган. Мухториятнинг эълон қилинишига бағишланган намойишда эса оташин нутқ сўзлаб, нутқи орасида бадиҳа йўли билан “Оллоҳу акбар” шеърини айтган ва бу шеърнинг ҳар бир сатридан кейин намойиш аҳли “Оллоҳу акбар!” сўзлари билан шоирга жўрлик қилган.

“Озод турк байрами” шеъри варақа шаклида тарқатилиб, Мухториятнинг мадҳияси сифатида халқ орасида ижро этилган. Мазкур варақалардан бири қўқонлик таниқли адабиётшунос Аҳмаджон Мадаминов томонидан топилган ва у бу шеърни илк бор эълон қилиш ҳуқуқини каминага лутфан берган. Шеър “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 1991 йил 20 сентябрь сонида тегишли изоҳ билан эълон қилинган.

Наим Каримов, “ХХ аср адабиёти манзаралари” китобидан

ЧЎЛПОН

ОЗОД ТУРК БАЙРАМИ

Кўз очинг, боқинг ҳар ён!
Қардошлар, қандай замон!
Шодликка тўлди жаҳон!
Фидо бу кунларга жон!

Нақорат:
Туркистонлик — шонимиз, Туронлик — унвонимиз,
Ватан — бизнинг жонимиз, фидо ўлсун қонимиз!

Бизлар темир жонлимиз!
Шавкатлимиз, шонлимиз!
Номусли, виждонлимиз!
Қайнаган турк қонлимиз!

Нақорат

Бўлди кенглик, зўрлик йўқ,
Берилди бизга ҳуқуқ!
Тараққийга йўл очуқ!
Жаҳолатга йўл ёпуқ!

Нақорат

Мухторият олинди,
Ишлар йўлга солинди,
Миллий маршлар чолинди,
Душман ўртансун энди!

Нақорат

Шодлик, хурсандлик чоғлар,
Кетсун юракдан доғлар,
Ватан боғиндан зоғлар!
Селкулласун байроғлар!

Нақорат

Ҳуррият — байроғимиз,
Адолат — ўртоғимиз,
Хурсанд бўлган чоғимиз
Мевалансун боғимиз!

Нақорат

Турк бешиги — Туркистон!
Ери олтун, тоғлари кон!
Болаларн қаҳрамон!
Ватан учун берур жон.

Нақорат

Туркистонлик — шонимиз, туронлик — унвонимиз,
Ватан — бизнинг жонимиз, фидо ўлсун қонимиз!