Авваллари китоб ҳиди, ифори ҳақида негадир ўйламас эканман. Мана, замон ўзгарди, энди тақчиллик йўқ, хоҳлаган китобингни топа оласан, нашриёт ва босмахоналар сон-саноқсиз, гуриллаб ишлаб ётибди. Бу китобларни ўқиш тугул санаб ҳам улгуриш қийин. Шундай бўлгани тузук, албатта. Боз устига кутубхоналар ҳам замонавийлашиб, зарур адабиётларнинг электрон шаклини компьютерга солишяпти. Бу ҳам алоҳида қулайлик.
Лекин одамлардаги китобга бўлган меҳр, ҳис-туйғулар йўқолиб боряпти. Афсус, минг афсус! Мактабдалик чоғимизда тўрт-беш чоғли китобсеварлар мактаб кутубхонасидаги ўзбекча китобларнинг деярли ҳаммасини ўқиб чиқишга улгурган эдик. Бу ўзига хос мусобақа эди. Китобнинг охиридаги варақлардан бирига «Бу китобни 19… йил, фалон числода Фалончиев ўқиб чиқди», деб ёзиб ҳам қўярдик. У ўқиган бўлса нега мен ўқимас эканман, деб бошқа бир ўқувчи уни уйига олиб кетар ва кутубхоначи опанинг дакки-дашномию ёзғиришига қарамай у ҳам китобга «мана!» дея ўз «муҳрини» босиб қўярди. Кейин бу ҳақда жўраларига мақтаниб гапириб ҳам юрарди. Болалик эҳтироси китобдаги воқеаларнинг қизиқ-қизиқ эмаслигини ўлчаш орқали баҳолашни тақозо этарди. Лекин, шундай бўлса-да, у ўқиларди-да. Китоблар ҳилвираб, титилиб кетарди, елимлардик, бир-икки саҳифаси йиртилса ўқитувчи, синф раҳбари ўқувчини мулзам қилиб дакки берарди.
Эсингиздами, у пайтда китоб дегани ҳозирдай 1000-3000 эмас, керак бўлса, юз минг нусхада босиларди. Китоб муаллифлари эса авлиёдай эъзозланарди. Ҳозир китоб кам нусхада босилади ва жуда қиммат. Лекин, энг ачинарлиси — қадрсиз!
Бурунги замонда боболаримиз навоийхонлик, бедилхонлик, фузулийхонлик, машрабхонлик қилишар экан.
Бурунгининг «ҳадяси қўй билан қўзи, эндигининг ҳадяси бир куйик кулча» деганларидек шу кеча-кундузда адабиёт фани чуқур ўргатиладиган Миллий Университет ёхуд Низомий номидаги Педагогика Университетида навоийхонлик кечаси ўтказиб кўринг-чи, неча киши ҳазрат ғазалларини ёд билар экан? Аммо, айтиб қўяй: ўзларининг шеърлари жамланган китобни тақдим этувчи талабалар албатта топилади. Ҳатто кўп! Айтиш ўнғайсиз бўлса ҳам, адабиётнинг ҳозирги «мода»си – шу. Билим, ўрганиш, ёдлаш билан ишимиз бўлмай қолди.
Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш зарур.
Бу – бор гап. Аммо истеъдодсизларнинг йўлини тўсишга кучимиз етмаяпти. Нашриётларимиз 200-300 дона бўлса ҳам ёш болага «мана, китобинг чиқди, ялтироқ муқовада, суратингни ҳам бердик, кўрдингми–рангли», дея эркалатиб жўнатиб юборишмоқда. Чунки нашрётга унинг истеъдоди эмас, пули муҳим. Ахир нашрёт мустақил, пул топиш керак, ҳой, нима қиляпсан, деб қўлидан ушлагувчи йўқ.
Биз мустақиллик йилларида давлат, ҳукумат, хусусан муҳтарам Президентимизнинг миллий адабиётимизни юксалтириш тўғрисидаги сиёсатини кўриб, билиб, ва табиийки, бу ғамхўрликлар ичида яшаб юрибмиз. Юзлаб, эҳтимол минглаб бизга сир тутилган, қоронғу бурчакларда сақланиб келган диний адабиётлар чоп этилди. Мумтоз адабиётимизнинг неча вакиллари, қатағон қурбонлари юзага чиқди. «Истиқлол фидоийлари эди», деб биз уларни ардоқлаяпмиз. Таассуфки, уларнинг асарларини ўқимаяпмиз.
Болаликда тоғамнинг шахсий кутубхонасидаги эртак, достон китобларни олиб кетиб ўқир, сўнг у кишининг қистови билан қайтариб олиб келар эдим. Бўлмаса уришар эди. Бари бир «Лайли ва Мажнун», «Фарҳод ва Ширин» достонларини қайтиб бермаганман. Адашмасам, 1958 йили нашрдан чиққан. Рассом шунақа чиройли рангли расмлар ишлаганки, беихтиёр уларга қараб Лайли, Ширинни тасаввур қиласиз, қараб тўймайсиз.
Албатта, у пайтда ҳозиргидай ахборот оқими кўп эмасди. Китобнинг ҳам тури кўп бўлмаган. Бу – аниқ. Лекин у китобларни севмай бўлмасди. Ҳидламай бўлмасди. Ичидаги Лайлини Мажнунга ўхшаб севмаслик ҳам мумкин эмасди. Китоб шунга мажбур қиларди. Ажабо!
Ўша достонларнинг бугунги нашри энг мукаммал, аввал тушириб қолдирилган ҳамд, саловат, наът, муножотлар тўлиқ киритилган. Лекин ёшларимиз уни ўқияптими, Навоийга қизиқяптими ёки фақат у ҳақидаги қисқа-калта информациялар билан чекланиб қоляптими – гап шунда!
Биз ўзимизга ва фарзандларимизга мумтоз адабиётимизнинг энг сара намуналарини чоп этиб, кўз-кўз қилдик.
Энди уларга меҳр кўрсатишни, меҳр билан ўқишни ҳам ўргатишимиз зарур. Ҳа, жуда зарур!
«Ёшлик» журнали, 2009, № 5