Дилмурод Қуронов. Чўлпон насри поэтикаси

Қуронов, Дилмурод. Чўлпон насри поэтикаси/Масъул муҳ. О.Шарафиддинов, У.Норматов. – Т.: «Шарқ», 2004. – 288 б.

Абдулҳамид Чўлпон ўзбек реалистик прозасининг шаклланиш даврида самарали ижод қилиб, унинг тараққиётига сезиларли улуш қўшган санъаткордир. Адибнинг қутлуғ номи оқланиб, ижодий мероси чин эгаларига қайтарила бошланган дастлабки ўн йиллар мобайнида кўпроқ унинг ғоявий жиҳатларига урғу бериб келинди. Албатта, жамиятимиз ҳаётида туб ўзгаришлар юз бераётган, миллий ўз-ўзини англаш жараёнлари эндигина кенг омма ичига кириб бораётган пайтларда бу хил ёндошув асосли ва зарур эди. Бироқ, маълумки, адабий асарни бадииятга дохил этувчи нарса унда ифодаланган ғоя(мазмун)гина эмас, бу ўринда ўша ғоянинг мувофиқ ва гўзал шаклда ифодаланиши етакчи аҳамият касб этади. Шу боис Чўлпон асарларининг бадиий қийматини, адибнинг миллий бадиий тафаккуримиз тадрижида тутган ўрнини белгилаш учун уларнинг поэтикасини тадқиқ этиш муҳимдир. Зеро, асримиз бошида шаклланган жадид адабиётини мазмунан актуал этган шароит ўткинчидир, эртанги ўқувчи уни ғоявий жиҳатдан эмас, кўпроқ бадиият нуқтаи назаридан баҳолайди, қадрлайди. Шубҳасизки, жадид ижодкорлар яратган асарлар, бадиий савиясидан қатъий назар, ўз даври ижтимоий ҳаётига жиддий таъсир ўтказган, боз устига, уларнинг актуал қатлами истиқлол арафаларидан бошлаб халқимизга яна бир карра хизмат қилди. Бироқ жадид адабиёти аталмиш феномен миллий адабиётимиз тараққиётига қўшган улуш, аввало, унинг бадиият бобидаги изланишлари, миллий бадиий тафаккуримизга тадбиқ этган янгиликлари билан белгиланади. Шу маънода жадид адабиётининг эстетик принциплари, унга хос поэтик усул ва воситаларни ўрганиш орқалигина янги ўзбек адабиётини юзага келтирган омилларни, миллий адабиётимизнинг ХХ асрдаги тараққиёт йўлини ёрқинроқ тасаввур этиш, адабий жараёндаги мураккабликларни тушуниш, ниҳоят, уни объектив илмий ўрганиш ва баҳолаш имконига эга бўламиз. Шунга кўра, асримиз бошидаги адабий жараён хусусиятларини атрофлича чуқур ўрганиш адабиётшунослигимиз олдида турган долзарб муаммолардандир.