Бобомурод Эралиев. Мажозий ишқ талқинлари

Олдинги мақоламизда (“ЎзАС”, 2013 йил 1-феврал сони) Фарҳоднинг Юнон мулкига сафари чоғида тўрт манзилдаги ғов-тўсиқларни енгиб ўтиши ва Суқрот билан учрашиб, ундан мажозий ва ҳақиқий ишқ таълимини олиб, юртига қайтши ҳақида фикр юритгандик. Шу тариқа Фарҳод хоқонлик хазинасида сақланган сирли кўзгу ­тилсимини очишга муваффақ бўлади.

Навоий таърифига кўра, кўзгуда акс этган дашт оддий дашт эмас, балки ишқ дашти. Унда дардли севги кўкатидан бошқа нарса кўринмайди, кўкатлари занглаган ништарни эслатади, наргис гуллари тақво аҳлини маст ва беҳуш айлаш учун шароб пиёласини тутади. Бу даштни ўраб олган тоғлар ўзгача салобат касб этган, улар этагида одамлар ариқ қазиш билан машғул. Бир гуруҳ отлиқ қизлар орасида келаётган Ширинни ва ариқ қазиётган ўз тимсолининг ҳушдан кетганини кўзгуда кўриб турган Фарҳоднинг танига титроқ кириб, беҳол бўлиб ерга йиқилади.

Кўзгу — кўнгил тимсоли эканини айтган эдик. Суқрот таъкидлаганидек, тилсим сири очилганидан кейин Фарҳод мажозий ёр суратини кўради. Аслида, ҳақиқий маҳбубни кўришнинг асло иложи йўқ, унинг мавжудлигини фақат мазҳар ва восита орқали тасаввур этиш имкони бор, холос. Навоий мажозий ишқ талқинида ҳақиқий маҳбубга етишда ошиқ қалби куйиш ва ўртаниш орқали қай тарзда покланишини кўрсатади. Ишқ йўлига тушган ошиқ Фарҳод каби тўрт манзилдаги тўсиқ-ғовларни енгиб ўтиб, кўнгил кўзгусини поклай олсагина мажозий ишқ ошиқни мазҳар ва восита — мажозий ёр висолига етказади.

“Фарҳод ва Ширин” достонида ифодаланган ишқ-муҳаббатни навоийшуносликда узоқ вақт одатий, яъни авом ишқи сифатида талқин ва тавсиф қилиб келинди. Ҳолбуки, Фарҳод ва Ширин севги-муҳаббати изтиробини авом ишқи талаби асосида таҳлил этилса, Фарҳоднинг тўрт манзилда учраган тўсиқ-ғовларни енгиб ўтишининг асар сюжетига олиб кирилгани тушунарсиз бўлади. Шу боис “Фарҳод ва Ширин”, “Лайли ва Мажнун” типидаги достонларнинг ички қатлами ва моҳиятида акс эттирилган мажозий ишқни нафси ҳаводан покланмаган авом севгиси замиридаги ишқ туридан ажратиб олиш қийин кечади. Зеро, Фаридиддин Аттор “Мантиқ ут-тайр” достонида сурат ва маъни аҳли ҳақида сўз юритиб, ҳар иккиси ҳам сўзим шайдоси, аммо маъни аҳли сирларимнинг ҳақиқий эгасидир, хослар ҳам, авом ҳам ундан маънавий лаззат ва ҳузур олади, дея таъкидлайди. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, “Фарҳод ва Ширин” достонидан авом ҳам, хослар ҳам баравар ўзларига керакли маънавий озиқ оладилар. Авом асарнинг зоҳирий томонига аҳамият берган ҳолда завқ ва ҳузур туйса, маъни аҳли унинг ички қатламига жойланган маъно дурларини теради.

Мумтоз шарқ поэтикасига оид “Мифтоҳ ул-улум”, “Талхис” каби китобларда мажоз ҳамда ҳақиқатнинг луғавий, истилоҳий, фиқҳий, урфий ва бошқа маънолари хусусида илмий-назарий шарҳлар берилган. Шуларга асосланиб айтадиган бўлсак, мажоз бир нарсанинг зоҳирий қатламини англатса, ҳақиқат шу мажоз орқали етиб бориладиган ботиний қатлам, яъни асос-мағизни ташкил этади. Узоқ вақт дардни вужудида кўтариб юриши ва дард бағрида унмай турган ишқ чечагининг қобиқни қай тарзда ёриб чиқиш жараёнини Фарҳоднинг Юнон сафари ва ундан кейинги денгиз сафарида бошидан кечирган саргузаштлардан ҳам билиб олса бўлади. Жалолиддин Румий мажоз ва ҳақиқатни тушуниш масаласига шундай изоҳ беради: “Бир данакни қобиқсиз ҳолда эксанг, кўкармас, қобиғи билан экканинг вақтда унади ва улкан дарахтга айланади”. Данак сиртини мажозий қатлам десак, шу қатламдан ўтмай туриб, мағизга етиш иложсиз. Табиат ҳодисасига кўра, муайян ҳарорат туфайли данак устидаги қобиқ бўртиб очилганидан кейингина унинг ичидаги мағиз ниш уради. Ширин суратини кўзгуда кўрган Фарҳод қалбидаги дард худди ҳарорат етган данак ҳолига тушиб, ўзлигини намоён этади. Шу боис Фарҳодда рўй берган бу жараённи кўпчилик тушунмайди: “Муни билмайки, қилғоч ишқ бедод, Бўлур юз ақлу дониш расми барбод”.

Фарҳод танига тушган ишқ чўғини ҳар қанча сир тутишга уринмасин, уни ошкор этмасликнинг иложи йўқлиги уй ичига тушган оловга қиёсланади. Бундай уйдан дуд чиқмаган тақдирда ҳам уй ичи ёниб, охир-оқибат ёрилиши муқаррар. Фарҳоднинг ўз руҳиятида рўй бераётган ўзгаришни ошкор этмасликка ҳаракати эса нақшбандийлик таълимотининг “Дил ба ёру даст бакор” дастуриламали билан боғлиқ эканини алоҳида қайд этиш лозим. Навоий нақш­бандийлик таълимотининг моҳияти, йўл-йўриқ ва қоидаларини ўз ижодида санъаткорона акс эттирган. Навоийшунос олим Ёқубжон Исҳоқов нақшбандийлик таълимотининг пайдо бўлиш тарихига эътиборни қаратиб, яссавийлик тариқатида “зикри алония” асосий ўрин тутса, нақшбандийликда “зикри хуфия” асосий аҳамият касб этиши ва унинг мумтоз адабиётимизга таъсири масаласида ўз илмий хулосаларини беради. Шу маънода айтиш мумкинки, нақшбандийлик ўз даврининг илғор таълимоти сифатида мумтоз адабиётимизда ҳақиқат сир-асрорини мажозий шакл ва бўёқлар воситасида тасвирлашга асос бўлганини алоҳида таъкидлаш лозим. ­Демак, Фарҳоднинг дастлаб ўзи мубтало бўлган ишқни ҳеч кимга билдирмаслиги, шу туфайли қаттиқ изтироб ва дарду ғамга дучор бўлишининг тасвири бевосита нақш­бандийлик қарашларига ҳамоҳанг:

Хираднинг пардасиға қайда ёро,
Ёшурмоқ ишқ ўтин айлаб мадоро.
Қуёшни зарра ёшурмоқ бўлурму,
Ҳубоб ичра тенгиз турмоқ бўлурму?

Хоқон ўғлининг дардига чора илинжида ҳикмат аҳли ва табибларни ҳузурига чорлаганда улар Фарҳоднинг илм йўлида риёзат чекиб қийналгани, тўрт манзилда аждаҳо ва Аҳриман дев билан олишиб толиққани, уни денгиз ўртасида жойлашган сўлим ва баҳаво оролга олиб борилса, дарддан фориғ бўлишини маслаҳат беришади.

Денгиз сафарига отланиш рамзий маънода Фарҳоднинг ишқ оламига қадам қўйишидир. Бу оламда у дуч келадиган хавф-хатар, меҳнат-машаққат ва уларни енгиб ўтишнинг оғир кечиши достонда бадиий ифодаланган. Денгизда кўтарилган хатарнок шамол ҳаким ва табиблар тавсия этган шифо тадбири ишқ дардига даво бўлолмаслигини англатади. Фарҳод ўтирган қайиқ синиб, у бир парча тахта устида зўрға жон сақлаб қолади. Денгизда сузиб бораётган тужжорлар ҳушдан кетган Фарҳодни кемага чиқариб олишади. Кемада Шопур билан дўст тутиниб, дарду ғамини баён этганида мусаввир Ширин суратини чизиб кўрсатади, Арман юртига бошлаб боришга ваъда беради. Бу каби тафсилотлар ишқ йўлида ошиқ ортиқча восита ва чоралардан кўнгил узиши лозимлигига ишорадир. Фарҳод Шопур билан Арман юртига етиб келганида кўзгуда намоён бўлган дашт, тоғ камарида қийналиб ишлаётган тошқазарларни, уларнинг оғир меҳнатида унум йўқлигини кўриб ачинади.

Гуруҳи эрди дарду доғ ичинда,
Ариқ қазмоққа шоғил тоғ ичинда.
Анингдек хорани кесмакда ожиз,
Ки кўрмай кимса андоқ ожиз ҳаргиз.
Икки юз хорабур илгида теша,
Уруб ул теша тош узра ҳамеша.
Ва лекин ўйла қоттиқ эрди хоро,
Ки гар юз теша тегса бемадоро.
Кесилмай бир нахудча тош чоғлиқ.
Нахудча демаким хашхош чоғлиқ.

Тўрт қаср талқинида Фарҳоднинг бунёдкорликда фаол иштирок этиб, бу ишларни нафс очлигидан қутулиш мақсадида амалга оширганини шарҳлаган эдик. Қурилиш тугагач, хоқон билан айланиб, қасрлар ичидаги нозу неъматлар ўзини дарддан халос этолмаслигини тушуниб етган Фарҳод тўрт қасрни ва ундаги лаззат омилларини тарк этишдан бошқа чора топмайди. Ҳавойи нафс истагидан қутулган Фарҳод Арман юртида тоғда ариқ қазиб, сув ўтказиш, ­тошҳовуз барпо этиш ва муҳташам қаср ­бунёд этишни энди нафс очлигидан халос бўлиш мақсадида эмас, балки кўзгуда сурати жилваланган мажозий ёр – Ширин ва унинг хоҳиш-истаги учун амалга оширади. Шу мақсадда Фарҳод “Айнул ҳаёт” булоғидан сувни “Наҳрул ҳаёт” ариғи орқали ”“Баҳрун нажот” ҳовузига етказиб боради. Икки юз тошқазар уч йилда амалга ошира олмаган қазиш ишларини Фарҳоднинг бир кунда тугатиши Меҳинбону ва Ширин эътиборини ўзига тортмай қолмайди. Фарҳод келмасдан олдин Ширин амрига кўра амалга оширилган ишларда ишқ, завқ-шавқ ва иштиёқ йўқлиги боис унум ва самара бўлмайди. Фарҳод келиши билан бу ишлар жадаллашиб, самарали тус олади.

Фарҳоднинг афсонавий қаҳрамонлардек теша ва метинда тоғу тошни қўпориб, чопиб узоққа улоқтириши ва йигитларни қарияга айлантирган оғир меҳнатда тош­қазарлар мушкулини енгил қилиши каби тафсилотлар моҳиятига диққат-эътибор қаратсак, мажозий ишқ ошиққа қувват бағишлаганини англаймиз. Меҳинбону билан Ширин бу ғаройиб инсонни кўришга борганда Фарҳод мажозий маъшуқ – Ширин юзига қарашга сабр-тоқати етмасдан ҳушдан кетади ва уни иззат-икром билан ­қасрга олиб боришади. Бир-икки кунда ўзига келган Фарҳод яна тешасини олиб, ариқ қазиш учун тоққа йўл олади. Фарҳод дилига ёр сиймоси муҳрланганидан кейин қўлини меҳнат билан банд этиши, айтиб ўтганимиздек, “Дил ба ёру даст бакор” дастуриламалининг бадиий ифода ва рамзлар асосида яратилган талқинидир.

Меҳинбону Фарҳодни қасрда ўзгача илтифот кўрсатган ҳолда кутиб олишдан ташқари унга ўз тахтини таклиф қилади. Меҳинбону Фарҳоднинг ҳавойи нафсдан пок ва маъсумлигига ишонч ҳосил қилгандан кейин унга шундай баҳо беради: “Малакдур келган инсон суратида, малаквашлиқ мубарҳан ҳайъатида”. Ширин эса Фарҳоднинг бошидан бир табоқ гавҳар сочиб, унинг меҳнатини муносиб тақдирлайди. Шу маънода ошиқ-маъшуқ учрашуви, Фарҳод, яъни дард Ширин, яъни ҳусн билан ўзаро дуч келиши туфайли бу иккисининг ҳосиласидан ишқ юз очади. Ёр юзига пок назар билан қарай олишга ўзида қувват ҳосил этган ошиқ учун ҳусн мажозий ишқ ўтини авж олдириш воситаси бўлишдан ташқари, унинг руҳини тоблаб, чиниқтиришга хизмат қилади. Мажозий ишқ қалб ва руҳни ҳақиқий ишққа тайёрлашнинг ўзига хос жараёни, унинг омили эса дард ва ҳусн эканини унутмаслик керак. Дард шу ҳусн таъсирида данакдек ўз бағрида ётган ишқ чечагини намоён этади. Шундан биламизки, мажозий ишқ авом ишқи билан ҳақиқий ишқ ўртасидаги ўзига хос қатлам, тақдири азал мажозий ишқ йўлини тутган ошиқ аҳлига синов ва имтиҳонларни ҳозирлаган. Қайси ошиқ бу босқичдан эсон-омон ўта олса, мажозий ишқ ҳосиласи ва самараси сифатида ҳақиқий ишқнинг завқ ва лаззатига етишади. Фар­ҳоднинг ариқ қазиш ишларини тугатиб, тошҳовуз бўйида Ширинга атаб қаср қуриши, у ерда уюштирилган зиёфатда Ширин тутган қадаҳдан маст бўлиш тасвирлари мажозий ишқ завқини туйиши, висол дамлари сархушлиги, ёрга етиш қувончи ва файзидан баҳра олиши рамзий маъно касб этади. Дарвоқе, қасрдаги базмда Меҳинбону, Фарҳод ва Ширин ичган май ва шаробни оддий ичимликдан фарқлаш керак. Тасаввуф истилоҳида май ва шароб маънавий қувват, илоҳий сир-асрордан воқиф бўлиш ва унинг завқ-шавқи каби бир қанча рамзий маънога эга. Бироқ мажозий ишқ шаробида завқ ва лаззат мавжуд бўлса-да, аммо унинг ўткинчи ва муваққат эканига достонда шундай изоҳ берилган:

Икки ҳол ул май ичра ҳосил эрди,
Ким ҳам ҳайвон суйи, ҳам қотил эрди.

Ҳаёт одамзотга ҳар қанча лаззат ва сархушлик ато этмасин, унинг ниҳояси аччиқ экани ҳақиқат. Теранроқ мулоҳаза юритсак, мажозий ишқ одамзотга тириклик ва ўлим майини тоттиради. Навоий бу иккисининг ҳосиласи ўзликдан воз кечиш ва унинг ғамидан қутулиш ташвишини чекиш эканини билдирган ҳолда, ўз қаҳрамони Фарҳод эришган даражани шундай тасвирлайди:

Вужуди нақши кўнглидин йўюлди,
Кўнгил нанги вужудидин қутулди.
Қилиб ўзни халос ўзлук ғамидин,
Не ўзлук, балки йўқлуқ оламидин.

Фарҳод бутун ҳаёти давомида синов-имтиҳон, машаққат ва азоб-уқубатлар эвазига мажозий ишқ чечаги таратган муаттар бўйдан баҳра олди. Аммо бу ишқ чечаги ҳақиқат қуёши қаршисида сўлишга ва ифорини бой беришга маҳкум. Фарҳод ва Ширин етишган висол фироқ ва ҳажрга ўрин бўшатиб бериши даркор. Фарҳод ва Ширинни мажозий ишқ завқи ва лаззати маънан ва руҳан сархуш айлаш баробарида, ҳар иккисини ишқ ўтида тоблади, тарбиялади ва ҳақиқий ишқ олами сари йўл олишга ҳозирлади. Мажозий ишқнинг ҳақиқий ишққа ўрин бўшатиб бериши алоҳида ­босқич ва жараён эканини достоннинг кейинги бобларида кўриш мумкин.

Бобомурод Эралиев,

тадқиқотчи

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 22-сонидан олинди.