Баҳодир Қобул. Ой ёғдусидаги қорли чўққи

Дўстим, ўз фикрига эга, гапниям аччиқ-чучугини жой-жойига қўядиган ёзув­чи укаларимиздан бирининг, «Ака, сиз Илҳом Ҳасанов билан кўп бўлгансиз, ҳаётлари ҳақида жур­налга бир нарса ёзиб берсангиз, яхши бўларди, устоз мақомида бўлган…» деган таклифидан ер ё­рилмади кириб кетсанг. Айниқса, охирги жумласи. Машо­йихларимиз айтган матал мазмуни хаёлда айланади: «Сенга бир ҳарф ўргатган кишининг ҳаққини минг тилло билан ҳам адо этолмассан».
Кундан кунга узоқлашиб бораётган тала­балик даврининг бошида, 1983 йилнинг кеч кузида Самарқанд­да Илҳом ака Ҳасанов билан танишганман. Вилоят газетаси бўлмиш «Зарафшон» таҳририяти остонасида. Кечагидек эсимда. Илҳом аканинг курсдоши, ўша вақтлар газетанинг масъул котиби ўринбосари лавозимида ишлаган Ҳамза Шукуров бизларни таништирган. Мен ўн саккизга ўтган талаба ва газетада мусаҳҳиҳ ёрдамчиси бўлиб ишлардим. Ҳикояларим, мақолаларим вилоят, республика матбуоти юзини кўра бошлаганди.
Мен Ҳамза аканинг отаси уйида яшардим. Эрталаб ишга бирга келиб, ярим кечаси, гоҳида тонгга яқин ишдан қайтардик. Газетчилик. У вақтлар вилоят газетаси бир ҳафтада беш маротаба чиқарди. Кунлар­нинг бирида эрталаб ишга келиб, машинадан тушган ҳам эдикки узун бўйли, қотмадан келган, кашмири нимаси биландир қишлоғимиз одамларига ўхшаб кетадиган Илҳом ака қўлида бир даста қоғоз билан яқин келди. Улар саломлашдилар. Биз – икки нотаниш ҳам саломлашган бўлдик. Шундан кейин Ҳамза ака бизларни таништирдилар.
– Илҳом Ҳасанов, ёзувчи, факультетимизда ўқитувчи…
Мени Ҳамза Шукуровга амакилари, устоз Нуриддин Шукуров топширгандилар. Илҳом ака Нуриддин Шукуровнинг ишонган шогирди эди. Илҳом ака одамлар кўнглидан ўтган нарсаларни сезишларини, баъзи нарсаларни бошқалардан олдинроқ илғашларини, кўпчиликдан биринчи бўлиб фикр билдиришларини, билдиргандаям, энг тўғри фикрни билдиришларини, бирор ишга одамлардан аввал ҳаракат қилишларини, амалга киришишларини, одамлар у киши ўйлаган нарсаларни орадан анча вақт ўтиб шу фикрга келишларини кейинчалик англаганман.
Олдинроқ ҳис этиш… Истеъдод дегани балки шудир. Фозиллик ҳам шу бўлса керак, эҳтимол. Олимлигу одамийлик десаям бўлар, балки… Адолатсизлик олдидаги, адолатсизликка учраган ва адолат муҳокама этилаётган йиғилишлардаги ҳолатларини, жон куйдиришларини тасвирлаш учун, аввало, одам ўша табиатга сазовор бўлиши лозим. Илҳом ака менинг кўз ўнгимда ҳар бир ҳаракати билан зулматларни бир қарашда чекинишга мажбур қиладиган қиличдай бўлиб қолаверади.
Илк учрашганимизда Илҳом ака қўлидаги қоғозларни Ҳамза акага тутқазиб, «биз бугундан бошлаб бундай кўришамиз», деб қулоч­ларини очган ва биз бошқатдан кўришганмиз. Минг йиллик ака-укалардек, дўстлардек.
Биринчи айтган гаплари: «Мен сизни кундузгида ўқишингиз учун қўлимдан келганини қилганман. Лекин, билдимки, қўлимдан ҳеч нарса келмас экан. Ўқишга киролмай қолишингизни айбдорларидан бири менман. Кириш имтиҳондаги иншони ўқиганман. Факультетни битириб чиққанларниям кўпи, аниқ айтаман, бундай ёзолмайди. Сизни олтин медаль билан мактабни битирганингиз ва ўқишга киришингиз ҳақида биров бировга илтимос қилмаганлиги бир-иккитани қаттиқ шоширган эди. Иншони эса бемалол эссе деб газетага берса бўлади…».
Иншо эркин мавзуда, – Ватан ҳақида, Ўзбекистон ҳақида эди…
Ўшанда Илҳом ака йигирма тўртнинг устида эдилар. Бир оёқ газетада, ишхонада, бир оёқ факультет, ўқиш жойида ўтган ажойиб даврнинг энг эсда қолар дамлари шамолининг эпкини, одамларнинг нигоҳи, меҳри ҳали-ҳануз кишига энтикишлар ҳадя этади.
Илҳом ака бошқача одам эди. Юриш-туришиям, гапу сўзиям.
Университетнинг ўзбек ва тожик филологияси факультети қошида ташкил этилган «Шалола» адабий тўгараги­нинг ўзи бир университет эди. Биз бу ерда адабиётга оид эшит­маган гапларимизни эшитар, ўқимаган нарсаларимиз билан танишар эдик. Адабиёт, дунё адабиёти, туркий адабиёт дегани нима эканлигини шу машғулотларида тушунгандай бўлганмиз. «Девони луғотит турк»ни шу даврада биринчи марта ушлаб кўрганмиз. Университетда ҳар бир ўқитувчи ўзининг соҳаси, фани бўйича дарс ўтиб, савол-жавоб қилса, бу ерда ундай эмасди. Биз «Шалола»да бир-биримизнинг ёзганларимиз билан танишиш, таҳлил қилиш, фикр билдириш билан бирга адабиёт нима эканлигини англай бошлаганмиз. Илҳом ака таъбири билан айтганда, «адабиётда қалбдан кўра бўғиз кўпроқ иштирок этиши» адабий, ижодий эмас, бошқа жараён эканлигини англаганмиз. Аристотелнинг «Афлотун – менинг қимматли дўстим, лекин ҳақиқат ундан қимматлироқдир» деган сўзларини дафтарларимизга ўшанда кўчирганмиз. Кўча-кўйда, ишхонаю ўқишхоналарда эшитмаган ту­шунчалармиз: «ялпи бахтсизлик шароити», «Ўқувчини ёлғонлар кўмагида эзгуликка йўллаб бўлмайди», «Ҳақиқатни битта-иккита одамнинг орзу-истакларига мослаб турланмаслик, тусламаслик керак», «Счастливой детство» деган ёзувли шапкани кийган билан болалик бахтли бўлиб қолмайди» деган тушунчаларни Илҳом аканинг оғзидан эшитганимизда не бир хаёлларга борганимиз ҳали эсдан чиқмаган.
Шунингдек, тўгарак аъзоларига адабий асарнинг алифболари – сюжет қурилишидан тортиб, портрет тасвирларигача, бадиий воситаларидан тортиб моноголу диологларни ўрнида беришгача, фикр оқими, матности оқими, фикр тўлқинининг узлуксизлиги, сўзнинг иссиқ-совуғи, тафти, нафаси, ранги, ҳиди бўлишиниям кўрга ҳассадек қилиб ўргатишга жаҳд қилган Илҳом Ҳасанов эди. Илҳом аканинг бир кўзи ҳамиша соатда бўларди. Соатга тез-тез қарарди. Ҳар бир дақиқалари ҳисобда эканлигини билардик. Университет ёшлар иттифиқонинг етакчиси эди.
Илҳоми Ҳасанов ўзбек тилини ўта яхши биларди, ўзбек тилини ҳурмат қиларди дейиш, албатта, жуда эриш туюлади. Илҳом ака тилимиз учун бор-йўғини беришга тайёрлардан бири эди. Мен гувоҳман. Ота тилимизга давлат тили мақоми берилгандан кейинги чеҳраларидаги улуғворлик масрурлиги билан бир қаторда елкага, зиммага жуда катта юк тушганлигини, бу юкни кўта­риш ҳаммагаям эмаслигини ҳис этиш масъулиятини кўрганман.
Худо меҳрибон бўлиб давлат идораларида она тилида иш юритиш бошланиши билан журналистларга эътибор кучайган эди. Республика матбуотида «Шарққа шарқоналик ярашади» туркум мақолаларим босилиб, улар мулоҳаза учун Самарқанд вилоят ижроқўмига юборилган экан. Ўша вақтлар ёзма матбуотда чоп этилган мақолалар мутасадди ташкилотларга мулоҳаза учун юбориларди. Ўша мақолаларда Самарқанд вилояти, шаҳрида жой номларининг ғарибона шамойили кўрсатилган, шарқона номлар ярашишига умид билдирилганди. Қонун қабул қилингандан бир ой ўтар-ўтмай вилояти ижроия қўмитасида «Давлат тили ҳақидаги қонунини амалга ошириш комиссияси» ҳамда «Жой номларини ўрганиш, топонимик комиссия» фаолиятини йўлга қўйиш ишлари бошланган, вилоят ижроқўмининг раиси Тошбўри Қиличев юқорида қайд этилган мақолалар билан танишиб, муаллифни чақиришни устоз журналист Абдурайим Убайдуллаевга топширганлар. Устоз вилоят ижроия қўмитасида масъул лавозимда ишлардилар. Биз биргаликда ижроқўм раиси олдига кирдик ва орадан ўн дақиқа ўтмай, мақолаларда кўрсатилган барча таклифларни амалга оширишни икковимизга юкладилар. Менга юқорида қайд этилган ҳар икки комиссия ишини ташкил этиш ва таркибини шакллантириш ҳақида ижроқўм қарори лойиҳасини киритиш тайинланди. Мен комиссияларнинг масъул котиб бўлдим. Бу мутлақо янги ва жудаям масъулиятли вазифа эди.
1990 йилнинг 27 октябрида Давлат тили қабул қилинганлигининг 1 йиллигини муносиб ўтказиш комиссия иш режасига киритилганди. Ўша вақтлар Регистон майдонининг ёнида, Улуғбек мадрасасининг орқасида сўлим ва гўзал «Шоирлар боғи» бўларди. Бирор минг киши сиғадиган амфитеатри билан. Ижодий учрашувлар маскани эди у жой. Она тилга давлат тили мақоми қайтишининг 1 йиллиги байрами Отамаконнинг ана шумасканида нишонланган. Мазкур байрам сценарийсини ёзганлардан бири Илҳом Ҳасанов эди. Қўлёзмалар менда. Байрамдаги турли чиқишлар, саҳна кўринишлари иштирокчиларини тайёрлаш билан боғлиқ барча-барча ташвишни Илҳом Ҳасанов ўз зиммасига олган эди.
Она тили байрамининг икки йиллиги шодиёналарини кўриш насиб этмади.
Илҳом Ҳасан бизга, ёшларга Маҳмуд Кошғарий, Юсуф Хос Ҳожиб, Лутфий, Огаҳий, Алишер Навоиий, Бобур ва бошқа кўплаб аждодларимизни яқиндани, та­ништирганлари, хаёлларига эш, дардлари билан ҳамдард бўлишлари, уларни юқтиргани билан ҳам қадрлидирлар.
Нуриддин Шукуров бошчилигида, тарихчи олим Амриддин Бердимуродов ва Илҳом Ҳасанов ташкилотчилигида Соҳибқирон туғилган кун саҳар мардонда оталар қабр­ларини зиёрат қилишни ўрганганларимизни қайд этмаслик ҳақиқатга тик қарай олмасликдан бошқа нарса эмас.
Илҳом Ҳасаннинг ёзувчи, драматург, адабиётчи олим ва моҳир таржимон эканлиги ҳақида бу мавзуда гапиришга ҳаққи борлар гапирса ярашади.
Илҳом ака билан охирги учрашувимиз Самарқанддан Тошкентга бир иш билан йўлга чиққанимда бўлган. У киши ҳам Тошкентга келаётган эканлар. Ўша даврнинг қизил рангли «Икарус»ида биринчи қаторда гаплашиб келганмиз. Қизиқ. Ўша гурунг ҳам бошдан оёқ адабиёт, адабий жараён ҳақида, ижодий ишларимиз ҳақида бўлган. Қандай китоблар ўқи­ётгани, ижодлари ҳақида билдириш билан бирга менинг нималар билан банд эканлигимини сўраганлар. Мен Орол мавзусида материаллар йиғаётганим, «Мукофатга сув» деган бир нарса ёзаётганимни, асар тузилиши, муаммаоси, ечими, қаҳрамонлари орқали табиат ва инсон дардини ўзимизча уйғунлаштирган ҳолда Орол дарду ҳасратини айтиб бергандим. Илҳом ака «мендаям Орол дардига бағишланган бир нарса туғилмоқда, лекин Орол ҳақида ёзиш учун у ерга бориб, бир-икки кун бўлсаям яшаб, кўз билан кўриб, ҳавосини олиб ёзсак яхши бўларди» дегандилар. Кейин, орадан анча йиллар ўтиб, Орол денгиз ўрнидаги туз саҳроларида юриб, яшаб, ишлаб, нонини еб, нафақат Орол ҳақида ёзиш, балки ўрганишдан олдин кўришни, эшитишни, илғашни ўрганиш кераклиги англаганман.
Илҳом Ҳасанов таржимасидаги Димитрий Николаевич Логофетнинг «Бухоро тоғлари ва текисликларида» асарини ўқишнинг ўзиёқ адибнинг, таржимоннинг кимлигини кўз ўнгингизда бор бўйи билан кўрсатади. Таржимага асар танлаш дидининг не чоғли муҳим эканини пешонанинг устига чироқдай осиб қўяди. Юртимизнинг қадим табиати таровати бетакрорлигидан, нафасидан, урф-одатларимиз тозалигидан, тилимиз куч-қудратидан туйиниб суюнинг, куйининг. Таржимонлик санъатининг ажойиб намунасидан баҳраманд бўлишингизни илиндим. Кўп гап ҳамиша юк.
«Мусулмон олами ноқонуний туғилишни ҳатто билмайди ва тан олмайди, табиат қонунлари асосида туғилган ҳамма вақт қонуний туғилган ҳисобланади ва шунинг учун ота-боболарининг номини олишади. Биз европаликлар ҳам осиёликларнинг бу тажрибасини ўрганиб, ўзлаштиришимиз керак ва бу ўринда шуни эслаш жоизки, Шарқ ўз боласини ўлдиришни асло билмайди. Европача асослардаги фоҳишабозлик мусулмон давлатларида яқинда пайдо бўлган, у ҳам бўлса, Шарқда европаликларнинг мусулмон давлатларини босиб олиши­нинг оқибатдир.
Наҳотки буларнинг бари биз ўйлагандан бошқача бўлса?
Ҳа, ўзингиз тасаффур қилинг, мусулмон ўзига хотинни сотиб олади, бу худди бизда аёл эрни сотиб олгани ва унга сеп келганига ўхшайди. Демак, бизда аёл ҳақ тўлайди, мусулмонларда эса – эр…
Қаршимизда Денов водий­си ўзининг қуюқ ўсимликлар олами, оппоқ бақувват танли асрий чинорлари билан намоён бўлди… Якка ва гуруҳ-гуруҳ бўлиб ўсган баланд чинорлар бошида турналар ин қурган.
Ой ўзининг кумуш нурлари билан теварак атрофни ёритган. Толиққан отлар қўним топишларини сезиб, қадамларини тез­латадилар. Қорли чўққилар ой ёруғида ялтираб товланади. Фақат зулмат ичида қолган уфқнинг бир чеккасигина маъюс қорайиб турарди. Сезилар-сезилмас милтираётган юлдузлар ой ёруғини янада кучайтираётгандек туюларди. Тун мусаффо, ҳам салқин эди. Сой ва ариқлардаги сувнинг шилдираши тун қушларининг чуғурлашларига қўшилиб кетаётганди. Туя карвонлари қўнғироғининг ҳазин жиринглаши бу яхлит оҳангни янада таъсирлироқ қилаётганди.
Гўё улкан бир ибодатхонада чироқларнинг милтилла­ган шуълалари остида вазмин ва тантанавор маросим ўтказилаётгандек туюларди.
Худди бизнинг ибодатхонада эканлигимизни таъкидлагандек, тун сукунатида узоқ-яқинга азоннинг сеҳрли оҳанги таралади:
«Ла илаҳа иллаллоҳ – Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқдир!!!»
Минорага чиқиб олган одам буни кўтаринки сўзлар билан уқтириб, ҳаммани намозга, ана шу гўзал оламни яратган ва уни бошқараётган Тангрига тоат-ибодат қилишга чақирарди.
Элчихонанинг ёпиқ айвонидаги оловнинг енгил шуъласи кенг ҳовлини ғира-шира ёритди. Айвонга чирмашган узумнинг кўк барглари биз тунайдиган жойга алоҳида бир гўзаллик бахш этади».
Машойихлар бекорга хотиранинг уйғонганлиги гўзалдир, демаган кўринади, чоғи.

«Ёшлик» журнали, 2019 йил, 5-сон