Машҳур немис адиби Йоҳанн Волфганг Гёте (1749 — 1832) шоир, драматург ва адабиётшунос, ҳуқуқшунос ва шарқшунос, тарихчи ва файласуф, рассом ва театршунос, биология ва минералогия фанлари бўйича кашфиётлар қилган олим ва давлат арбобидир. У “Фауст”, “Ёш Вертернинг изтироблари”, “Ғарбу Шарқ девони”, “Таврида ифигенияси”, “Рим элегиялари”, “Торквато Тассо”, “Наботот эврилиши”, “Сеҳрли сибизға”, “Ранг ҳақида маълумот” каби асарлар, шунингдек, уч мингдан зиёд шеърлар муаллифидир. Маълумотларга қараганда, адибнинг Веймарда чоп этилган бадиий ва илмий мероси 143 жилддан иборат.
Бу асарлар орасида Гёте 1814 — 1815 йилларда ёзишни бошлаган ва илк бор 1819 йилда, 70 ёшида нашр эттирган “Ғарбу Шарқ девони” алоҳида ўрин тутади. Ўша даврда, Ғарбда ижтимоий-давлат тузуми таназзулга юз тутаётган бир шароитда, ўзи нафас олаётган муҳитда маънавий тиргак бўлгули бирон нарса тополмаган Гёте хаёлан Шарққа “ҳижрат” қилади. Шарқ шеъриятидан илҳом олади ва “Ғарбу Шарқ девони”ни ёзиш билан машғул бўлади. Бу асар ҳам шаклан, ҳам мазмунан Ғарб ва Шарқ адабий анъаналарини ўзида мужассамлаштирган.
Буюк Гёте қадимги Юнонистон, Румо илму фани билан бирга, Шарқ маданияти ва адабиёти ютуқларини ҳам ташналик билан ўзлаштирган ҳамда асарларига шарқона руҳ ва шеърият анъаналарини сингдириб юборган, деб ёзади профессор Нажмиддин Комилов. Гёте наздида Шарқ адабиёти ва шеърияти, Фирдавсий, Шайх Саъдий, Ҳофиз Шерозий, Жалолиддин Румий ижоди — “Хизр чашмаси”. Ундан ҳамиша мусаффо ҳаёт нафаси уфуриб туради. Бу руҳ ва ижод манбаи, севги ва қўшиқ салтанатидир.
Гёте гарчи олис Германияда яшаб ижод этган бўлса ҳам, руҳан Шарқ шоиридир. Унинг асарларидаги маъно ва мазмун, ҳис-туйғу шарқ кишисига хослиги билан ажралиб туради. Шарққа чинакам ихлос қўйган шоирнинг баъзи сатрларини ўқиганда, мусулмон оламига, Шарқ дунёсига улкан меҳри борлигини, ана шу оламни билишга кучли интилишни кўриш мумкин. Унинг таъбирича, жаҳон шеъриятидаги етти юлдузнинг ҳаммаси шарқлик шоирлардир. Шарқ оламидаги ана шу еттита юлдуз қаторида Саъдий, Ҳофиз ва Навоийни тилга олар экан, Гёте: “Мен уларнинг соясига ҳам арзимайман”, дейди.
Гётенинг дунёқараши фақат Ғарб маданияти ва насроний дини билан чегараланиб қолмаган. У жуда кенг миқёсда фикр юритган, Шарқ олами тафаккурини, маънавий дунёсини, инсонийлигини ўзига ниҳоятда чуқур сингдирган буюк мутафаккирдир.
Гётенинг “Ғарбу Шарқ девони” “Ҳижрат” шеъри билан бошланади:
Тахтлар қулаб, не таажжуб,
Хароб Шимол, Мағриб, Жануб.
Шарққа ҳижрат эрур вожиб,
Унда ишқу маю мутриб
Ҳамда Хизр суви бордир,
Боқий умр сенга ёрдир.
(Садриддин Салим Бухорий таржимаси.)
Бу шеърда Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг душманлардан қочиб, Маккадан Мадинага ҳижрат этишига ишорат қилингану, аслида, бу мисралар рамзий маънога эга бўлиб, шоирнинг Шарққа хаёлан “кўчиши”, “ҳижрат қилиши”ни билдиради. Шеърда барча умидлари поймол бўлган шоир ғарбу жануб ва шимолдан Шарқ шеърияти оламига “қочиб кетиш”дан мақсади яшариш, янги ҳаётни бошлаш эканини уқтиради ва бошқаларни ҳам ортидан эргашишга чақиради.
Адабиётшунос олимларнинг “Ғарбу Шарқ девони” Куръони карим ва ҳадиси шарифлар, тасаввуф таълимоти таъсири ҳамда Фирдавсий, Анварий, Низомий, Румий, Ҳофиз Шерозий, Саъдий ва Жомий ғазаллари талқинида яратилгани ҳақидаги фикри асослидир. Гёте Ҳофиз шеъриятига шу қадар берилганки, гўё Ҳофиз унга барча жумбоқларнинг калити бўлиб туюлади. “Ҳикматнома”даги ушбу мисралар бунга яққол далилдир:
Ким Ҳофизни билмасу севмас
Тушунмайди Калдеронни ҳам.
Маълумки, Гёте Шарқ халқлари тиллари ва тарихи, адабиёти ва диний-фалсафий қарашлари, удумлари ва урф-одатлариги ёшлигидан қизиққан. Ғарблик гётешуносларининг фикрича, адиб Қуръон ва ҳадислар тарихи, Муҳаммад пайғамбаримиз таржимаи ҳоллари, шунингдек, Шарқ алломалари ижодини, асосан, инглиз, француз тилларидаги таржималардан ёки шу тиллар орқали қилинган немисча таржималардан ўқиган ва улар бўйича илмий изланишлар олиб борган. Шу маънода, Гётенинг “Девон”ини Шарқ ва Ғарбни боғлаб турувчи адабий кўприк ёки шарқшуносликка кириш, деб баҳолаш мақсадга мувофиқ.
Жаҳон адабиётининг кўплаб дурдоналари қаторида Гётенинг қаламига мансуб асарлар аллақачон жаҳон тилларига қайта-қайта таржима қилиниб, башариятнинг маънавий хазинасига айланиб улгирган. Бу ижодий жараёндан, албатта, ўзбек адабиёти ҳам четда тургани йўқ. Жаҳон адабиётининг сара асарлари — Фирдавсийнинг “Шоҳнома”си, Дантенинг “Илоҳий комедия”си, Гётенинг “Фауст”и, Жованни Боккаччонинг “Декамерон”и, Бальзак асарлари, Шекспир драмаларининг она тилимизга таржима этилиши ўзбек маданиятига қўшилган катта ҳисса бўлиб, халқимиз маънавий мулкига айланди, бизни жаҳон маънавиятига яқинлаштиради.
Хусусан, “Фауст” Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидов томонидан рус тилидан, шунингдек, таржимон ва олим Пошо Али Усмон томонидан немисчадан ўзбек тилига ўгирилган. “Ёш Вертернинг изтироблари” романи эса немис тилидан Янглиш Эгамова таржимасида ўзбек китобхонларига тақдим этилди. Мақсуд Шайхзода, Шукрулло, Муҳаммад Али, Насриддин Муҳаммадиев Гётенинг шеърларини ўзбек тилига таржима қилганлар.
Таниқли шоир ва таржимон Садриддин Салим Бухорий эса Гётенинг “Ғарбу Шарқ девони”ни немис тилидан бевосита ўзбекчага таржима қилиб, шу асар матни ва унга оид илмий тадқиқотларини китоб ҳолида ўқувчиларга туҳфа этиш арафасида.
Айтиш жоизки, Гётенинг “Ғарбу Шарқ девони”нинг нафақат номи, балки мундарижасидан ҳам Шарқ нафас уфуриб турганини асарнинг “Муғаннийнома”, “Ҳофизнома”, “Ишқнома”, “Тафриқнома”, “Ранжнома”, “Ҳикматнома”, “Темурнома”, “Зулайҳонома”, “Соқийнома”, “Масалнома”, “Форсийнома”, “Хулднома” деб номланган ўн икки китоб(боб)дан иборат эканида ҳам яққол кўриш мумкин. Маълумки, Гёте Ҳофиз девонини Фон Хаммер таржимасида мутолаа этиб, азбаройи таъсирланганидан ўзини Шероз булбулининг муриди, деб эълон қилган. У Ҳофиз орқали бутун Шарққа бир умр кўнгил боғлаб, “Ғарбу Шарқ девони”ни битган.
Ҳофиз ғазалиётига сингдирилган ғоя, яъни муҳаббат — бу инсоннинг бутун борлиғини эгаллаб, ўзини унутиш даражасига олиб чиқувчи олий неъмат, деган сўфиёна фалсафани Гёте “Зулайҳонома”да ўзига хос тарзда ривожлантиргани қизиқарли ижодий тажриба бўлганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Маълумотларга қараганда, Юсуф ва Зулайҳо ҳақидаги сюжетнинг етмишдан зиёд адабий талқини туркий тилда ёзилган. Алишер Навоий бу афсонани “Достонлар ичида энг улуғвори”, деб атаган.
Энди бевосита Гётенинг бу борадаги ижодий изланишларига келсак, шоир қаламига мансуб “Зулайҳонома”да машҳур сюжетни қайта гавдалантиришга ҳаракат қилинмайди. Чунки Гёте “Зулайҳонома”да бошқа мақсадни кўзда тутади — унинг диққат марказида Ишқ, Маъшуқа, Шоир, Шеърият туради. Матнда Юсуф исми тилга олинса-да, қаҳрамонларга дахл қилмайди, бу ерда Зулайҳо ва Ҳотамни кўрамиз. Гёте Ҳотам исмини Саъдийнинг “Бўстон” асари ва Ҳофиз ғазалларидан олган бўлса, ажаб эмас. Шарқ адабиётида яхшилик, ҳозиржавоблик, саховат тимсоли бўлмиш бу образ Гётенинг асарида анча ўзгартирилган, яъни у аввало шоир, донишманд, закийдир. Зулайҳо ҳам шарқ достонларидаги Зулайҳо эмас, балки Гётенинг қаҳрамони — шоир Ҳотам “ўзимнинг Зулайҳом”, деб ардоқлайдиган бошқа бир аёлнинг тимсолидир. Ҳотам ва Зулайҳо шеърий мулоқоти ишқ мавзуида бўлиб, унда форс шеъриятига хос тимсоллар ва ифода услуби сақланиб қолгани эътиборга моликдир.
Гётешуносларнинг гувоҳлик беришича, “Зулайҳонома”га кирган шеърлар Марианна фон Виллемер исмли аёлга бағишланган. Ҳотам — Гёте билан Зулайҳо — Марианна ўртасидаги шеърий дуэт уларнинг қалбларини бир-бирига боғловчи нафис инжулар мисолдир. Шоирлик салоҳиятига эга бўлган Марианна Гёте — Ҳотам шеърлари мазмунига мос жавоблар қайтарганки, улар китобхон қалбини ром этади. Аслида Гёте Шарқ поэзиясидаги Юсуф тимсолини кўзда тутган-у, ёши бир жойга бориб қолгани сабабли ўзи учун сахий Ҳотам тимсолини танлаган. Зулайҳо бошида эри бўлатуриб Юсуфни севиб қолгани сингари Марианнага ҳам у эрлик аёл бўлгани учун Зулайҳо исмини танлаган. Ўша пайтда Гёте 65, Марианна эса 30 ёшда бўлишган.
Шундай қилиб, Марианна Виллемер “Ғарбу Шарқ девони”да ижодга илҳомлантирувчи тимсол ва Гётега ҳаммуаллиф сифатида беҳад катта роль ўйнаган. Табиатан ҳиссиётли қалб эгаси, зукко инсон бўлган Гётега ҳамма ҳам бирдек ёқавермаган. У ҳаётда кимларни ёқтириб, севиб қолган ёки дўстлашган бўлса, демак, ўшалар шоир дидига мос келган. Шунингдек, Марианна ҳам шоиртабиатли бўлган, Гёте унда нафосатли, куюнчак, теран ҳис-туйғули, қисқаси, ўз ижодий хаёлотидаги зотни кўра билган. Марианна Ҳофиз ғазалиётига хос оҳангларни худди Гётедек ҳис этиб, унга тенг келадиган шеърий жавоблар қайтара олган.
Кези келганда, Шарқ маданиятида, маиший турмушида тасаввуфнинг ўрни ва роли беқиёс эканини таъкидлаш жоиз. Уни билмасдан туриб, мусулмон Шарқи фалсафаси ва шеъриятини тушуниб ҳам, тушунтириб ҳам бўлмайди. Профессор Бегали Қосимов таъбири билан айтганда, “Тасаввуф мусулмон Шарқининг инсоният келажаги, фозил, оқил, ҳамидахулқ кишилардан таркиб топган юксак жамият ҳақидаги фалсафий-ахлоқий назариялар, илмий-амалий дастурлар мажмуидир”. Тасаввуф, биринчи навбатда, жамият тарбияси ҳақидаги илмдир; тенгликка, ҳурфикрлиликка, адолатга таянган билимдир. Тасаввуф ислом бағрида вояга етган. Айни пайтда, ислом фалсафаси ва ахлоқига янги маъно, янги мазмун бахш этган, уни демократлаштирган.
Гётенинг “Ғарбу Шарқ девони”нинг барча қисмларини бирлаштириб турувчи нарса — бу Шарқ шеъриятига асос бўлган тасаввуфий қарашлардир. “Девон”нинг барча шеърларига “ҳалок бўл ва қайта тирил”, деган сўфиёна ғоя теран сингдирилган. Масалан, “Муғаннийнома” боби якунидаги “Саодатбахш азият” (“Selige Sehnsucht”) шеърида Гёте одатдаги ҳаёт чегарасидан чиқиб, руҳан қайта янгиланиш учун инсон Оллоҳ висолига интилиши керак, деган ғояни илгари суради.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Ёзувчилар уюшмаси фаолиятининг самарадорлигини ошириш, миллий адабиётимизни янада ривожлантириш юзасидан билдирган фикр-мулоҳазаларида ўзбек адабиётининг бугунги куни ва эртанги истиқболи ҳақида сўз борар экан, жумладан, дунё адабиётининг энг яхши намуналарини таржима қилиш, чоп этиш, ўрганиш билан боғлиқ тажрибалар, чет эл ёзувчилари билан алоқаларни янада ривожлантириш масаласига эътиборни кучайтириш зарурлиги алоҳида таъкидланган. Юртбошимиз қайд этганидек, “Ҳолбуки, биз маънавиятимизни юксалтириш, ёшларимизни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида камол топтиришга интилаётган эканмиз, ҳеч қачон ўз қобиғимизга ўралашиб қолмаслигимиз керак”.
Бу йил бутун дунёда буюк шоир ва мутафаккир Йоҳанн Волфганг Гёте таваллудининг 260 йиллиги кенг нишонланмоқда. Шунингдек, жорий йилда “Ғарбу Шарқ девони” илк бор нашр этилганига 190 йил тўлди. Шу маънода, зиёлиларимиз томонидан Гёте ижодига бўлган қизиқиш ва катта эътибор, хусусан, “Ғарбу Шарқ девони” асарини ўзбек тилига таржима қилиш ва унга оид илмий-адабий шарҳлар эълон қилиш борасида амалга оширилаётган изланишлар мамлакатимизда бошқа соҳалар қатори адабиёт соҳасида ҳам халқаро ҳамкорликни кучайтириш, шу жумладан, Ғарб ва Шарқ ўртасида адабий алоқаларни янада ривожлантириш, ўзаро адабий таъсир муаммоларини ўрганиш йўлида муҳим қадам бўлишига ишонамиз.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 31-сонидан олинди.