Абдусалом Умаров. Истеъдоднинг олмос қирралари

Абдулла Қаҳҳор салкам 40 йил мобайнида таржимон сифатида қалам суриб, ҳажми ва мундарижаси тарафидан ҳам, бадиий қиммати жиҳатидан ҳам ёзувчилик меросидан кам бўлмаган адабий ёдгорлик қолдирди.

Ёзувчи Абдулла Қаҳҳорнинг биринчи асари матбуотда босилганидан (1924) таржимон Абдулла Қаҳҳорнинг дастлабки асари дунё юзини кўргунича орада етти йил ўтди.

1931 йили А.Серафимовичнинг “Темир оқим” романи, Ф.Гладковнинг “Оловли от” қиссаси, 1932 йили Иван Ленинг “Тоғ оралиқлари” романи унинг таржимасида чиқди. 1933 йили эса М.Шагиняннинг “Гидроцент­раль” романи, М.Шолоховнинг “Очилган қўриқ” романидан парча, М.Горькийнинг “Менинг дорилфунунларим” қиссаси, А.Клосснинг “Бизнинг паровоз – илгари бос” номли ҳикоялар тўплами Абдулла Қаҳҳор таржимасида нашр этилди. Булардан ташқари, у ўша йили Максим Горькийнинг қатор адабий-танқидий ва ижтимоий-публицистик мақолаларини таржима қилиб, аввал турли газета ва журналларда, сўнгра алоҳида китоб ҳолида ўзбек ўқувчиларига тақдим этди, Горький ҳақида хотиралар китобини ўзбекчалаштирди, “Темир оқим”ни эса бирмунча қайта ишлаб, янгидан нашр эттирди.

Бу асарлар мутаржим ижодининг дастлабки босқичини ташкил этади. Мазкур таржималарнинг муваффақиятли томонлари ҳам, камчиликлари ҳам бор.

Кейинчалик Абдулла Қаҳҳор ўзининг дастлабки таржималарига қандай муносабатда бўлганлиги тўғрисида ёзувчининг умр йўлдоши Кибриё Қаҳҳорова шундай хотирлайди: “Йигирманчи йилларда Абдулла Қаҳҳор Серафимовичнинг “Темир оқим” романини таржима қилган эканлар. Ўзбекистон Давлат нашриёти бу китобни қайта нашр қилмоқчи бўлиб Абдулла Қаҳҳорга мурожаат этганда: “У йиллари мен рус тилини таталаб ўқиган эдим, шунинг учун бу таржимадан воз кечдим” деб, нашриётга расмий равишда ариза берган эдилар. Нашриёт бу таржимани менга топширди”[1].

Абдулла Қаҳҳор ҳаёт ҳодисаларига тийрак кўз билан қарайдиган, уларнинг моҳиятини теран ҳис қилиб, бадиий ифода этадиган санъаткор бўлиш билан бирга ўзига хос гўзал насрий услуб эгаси сифатида ҳам танилди. Унинг ифодасидаги соддалик, равонлик, айни пайтда, фусункор образлилик таржималарида ҳам намоён бўла бошлади.

Абдулла Қаҳҳор 1936 йилнинг охирларида А.С.Пушкиннинг “Капитан қизи” романини таржима қилиб бўлди. Роман дастлаб “Совет адабиёти” журналининг 1937 йил 2- ва 3-сонларида босилиб чиқди. Шуниси диққатга сазоворки, Абдулла Қаҳҳор таржималари орасида энг кўп чоп этилгани “Капитан қизи”дир. У ярим аср мобайнида ўн бир марта (1937, 1939, 1947, 1949 – икки марта: Пушкин асарлари тўрт томлигида ва алоҳида, 1955, 1968, 1972, 1983, 1986 ва 1988 йилларда) ўзбек тилида дунё юзини кўрди.

Маълумки, таржима Ватан адабиёти ҳодисаси бўлиши учун унинг энг етакчи намуналари билан бўйлаша олиши керак. Бу дегани бошқа халқ ёзувчисининг ўз адабий-лисоний муҳитида яратган асари юксак ғоявий-бадиий қимматга эга бўлиши билан бирга таржимон уни ўз халқининг адабий анъаналарига таянган ҳолда она тили имкониятлари билан аслиятдагидек маромга етказиб воқе қилиши лозимлигини билдиради. Бунинг учун эса бадиий ижод тақозосига кўра таржима устида қайта-қайта ишлаш, унга сайқал бериш, маъно салмоғини ошириб, жозиба сеҳрини кучайтириб бориш талаб қилинади. А.С.Пушкин “Таржимонлар – маърифатнинг чопар отларидир”[2] деганида уларнинг олижаноб мақсад йўлида чекадиган заҳматларига ҳам ишора қилган бўлса ажаб эмас. Шу жиҳатдан Пушкиннинг “Капитан қизи” романи таржимаси ва уни такомиллаштириш борасида мутаржимнинг ижодий изланишларини кузатиш ўринлидир.

Абдулла Қаҳҳорнинг “Капитан қизи” таржимаси устидаги узоқ йиллик изланишлари кузатилганда шундай тасаввур ҳосил бўладики, гўё ўзбек адиби ўз ижодий юксалишининг ҳар бир босқичида маҳорат кучини Пушкин романида бир бор синаб кўрганга ўхшайди.

Шуни таъкидлаш керакки, таржимани мукаммаллаштириш мақсадида уни қайтадан қўлга олиш, оригинал ижоддаги асарни қайта ишлашдан фарқ қилади. Таржимавий ижод психологиясини ўрганган мутахассислар бу хилдаги “қайтиш”га таржима жараёнининг давоми сифатида қарайдилар.

А.Қаҳҳор таржимасининг биринчи журнал вариантидаёқ аслиятни сўзма-сўз ўгиришдан қочиш, сўз ва иборалар замиридаги образни қайта тиклашга интилиш аниқ сезилади. Унда муваффақиятли таржима қилинган кўпгина ўринлар борки, улар романнинг энг сўнгги нашригача ҳам ҳеч бир таҳрирга эҳтиёж сездирмасдан яшаб келмоқда. Мисол тариқасида айрим парчаларга мурожаат қиламиз.

Гринёв капитаннинг қизи Машага кўнгил қўйиб қолгач, юрак кечинмаларини шеърга солиб, Швабринга ўқиб беради. Аввал Машага совчи қўйиб, рад жавобини олган Швабриннинг бундан ғаши келади ва мақтов ўрнига пичинг қилади: “А кто эта Маша перед которой изъясняешься в нежной страсти и в любовной напасти?”[3]. Романнинг Абдулла Қаҳҳор таржимасидаги барча нашрларда ҳам қуйидаги – аслига муқобил, бадиий баркамол жумлани ўқиймиз: “Бу қадар нозик эҳтирос арз этиб, муҳаббатпеша бўлганинг Маша ким ўзи?”

Бошқа бир жойда Гринёв қўзғолончиларнинг оқсоқоллари орасида казакча кийиниб олган Швабринга кўзи тушиб, “ҳайрон-ҳайрон қолдим” дейди. Бу – “к неописанному моему изумлению”нинг таржимаси. Асл нусхада ҳайратнинг тасвирга сиғмаслиги айтилса, ўзбекчада унинг нақадар чексизлиги шундоқ билиниб турибди.

Умуман олганда Абдулла Қаҳҳорнинг мазкур асар таржимасига киритган тузатишларини уларнинг характерига қараб қуйидагича тасниф қилиш мумкин: а) аслиятдаги маъно нотўғри тушунилиб, таржима қилинган ўринларни тузатиш; б) аслиятда тасвирланаётган вазият мантиғи, персонажлар табиати тақозосига мувофиқ тузатишлар (услубий изланишлар); в) вақт ўтиши билан айрим сўз ва атамаларнинг қўлланиш соҳаси торайганлиги сабабли киритилган тузатишлар; г) таржимани матн остидаги изоҳлар билан бойитиш, тушириб қолдирилган ўринларни тиклаш.

Романнинг ўзбекча журнал вариантидан сўнг китоб бўлиб босилган дастлабки нусхасидаёқ (1939) тузатиш ва тўлдиришлар ўз ўрнини ола бошлади.

“Капитан қизи” романига “Береги честь смолоду” мақоли эпиграф қилиб олинган. Аслида бу “Береги платье снову, а честь смолоду” деган рус мақолининг бир бўлаги бўлиб, асарнинг биринчи бобида Гринёвнинг отаси тилидан айтилади. Таржиманинг журнал вариантида гарчи эпиграф келтирилмаган бўлса-да (пайти келганда айтиш керакки, журнал вариантида бошқа бобларга тегишли эпиграфлар ҳам ўгирилмаган), матнда у, “Кийимни янгилигидан, номусни ёшликдан эҳтиёт қил” (43) деб тўғри берилган. Кейинги барча нашрларда ҳам мақол матн ичида ана шу ҳолда сақланади. Бироқ 1939 йил нашрида нима учундир эпиграф “Ёшлигингдан номусингни сақла” қабилида келтирилган. У 1947 йилги нашрда ҳам айнан шундай учрайди. Фақат 1949 йилги ва ундан кейинги нашрларда мақолдаги мантиқий урғу ўз ўрнини топди: “Номусингни ёшликдан эҳтиёт қил”.

Баъзан оригиналдаги биргина сўзни нотўғри таржима қилиш оқибатида асарнинг ғоявий-мазмунига, ёзувчи ниятига жиддий путур етказиш мумкин. “Капитан қизи” таржимасида шундай ҳол кузатилади. Пугачев Белогор қалъасини ишғол қилгач, ўз тарафига ўтмаган офицерларни бир-бир оса бошлайди. Навбат Гринёвга келганда уни дор тагига судраб бораётганлар беихтиёр “Не бось, не бось” дейишади. “Ажаб эмас”, “эҳтимол” маъносида айтилган бу сўз 1937 ва 1939 йилларда “қўрқма, қўрқма” деб берилган. Кўриниб турибдики, таржимон “не бось”ни “не бойся” (шевада – “не бойсь”) сўзи билан чалкаштирган. Натижада воқеалар мантиғига номувофиқ вазият вужудга келган. Тўғри, “қўрқма” дейиш ҳам далда, лекин тайин қатлга ҳукм этилган душманига қарата бу сўзни айтиш ноўриндир. Аслида эса бу сўз душманининг кўнглини кўтариш учун эмас, балки ёшгина йигитнинг жувонмарг бўлаётган умрига ачинаётган оқкўнгил, самимий кишиларнинг юракларидан отилиб чиққан хитобдир. Ахир улар одам ўлдиришни касб қилиб олган жаллодлар эмас, зулм ва истибдод жондан ўтиб, қаҳр-ғазаб отига минган оддий жабрдийда кишилар эди. Романнинг 1955 йилги нашрида у “балки афв этиларсан” тарзида ўгирилган. Бунда гарчи кескин психологик вазият манзараси бор шиддати, ҳаяжони билан акс этмаган бўлса-да, ҳар ҳолда аслиятда айтилмоқчи бўлган маъно тикланган.

“Капитан қизи”нинг ўзбекча таржимаси 1939 йилдан бошлаб хийла мукаммал изоҳлар билан нашр этилди. Бу эса китобхонларнинг асар воқеаларини тўлароқ тушунишларига ёрдам берди. Муҳими шундаки, таржимон ана шу изоҳларни ҳам, роман бобларига қўйилган эпиграфлару матн ичида учрайдиган шеър ва қўшиқларнинг ҳам тобора сайқалланишига, асл нусхадагидай бадиий функцияни бажаришига алоҳида эътибор берган. Мисол учун, Гринёвнинг Машага атаб ёзган шеъри ўзбекчада бир-биридан тамоман фарқ қилувчи учта вариантга эга (1937, 1939 ва 1955).

Хуллас, “Капитан қизи” таржимасида эришилган ижодий ютуқлар Абдулла Қаҳҳор таржимонлик фаолиятида бурилиш даври бошланганлигидан далолат берди. Н.В.Гоголнинг “Уйланиш” комедияси таржимаси (1937) эса буни узил-кесил исботлади. У фақат мутаржим Абдулла Қаҳҳор ижодида эмас, балки 30-йилларнинг охирига келиб ўзбек таржимачилиги қўлга киритган ютуқлар – Пушкиннинг “Евгений Онегин”и (Ойбек), “Борис Годунов”и (Чўлпон), “Кавказ асири” (Ҳамид Олимжон), “Боғчасарой фонтани” (Усмон Носир), Лермонтовнинг “Демон”и (Усмон Носир), В.Шекспирнинг “Отелло”си (Ғафур Ғулом) билан бир қаторда ўзбек адабиётида реалистик таржима методи қарор топганлигини кўрсатувчи асарлардан бўлганлиги учун ҳам аҳамиятлидир.

“Мен биринчи сабоқни Гоголдан олган эдим”, – дея эътироф этади Абдулла Қаҳҳор. Бу сабоқ насрий асарлар мутолаасидан олинган эди. Гарчи, адибнинг ўзи таъкидлаганидай, Гоголь образлари унинг зеҳнида умрбод қолиб кетган бўлса-да, таржимон сифатида у рус классигининг насрий асарларига қўл урмади, фақат икки буюк комедияси – “Уйланиш” ва “Ревизор”ни ўгириш билан чекланди, холос.

Таржимон ижодий биографиясида “Капитан қизи” ва “Уйланиш” асарлари янги босқични бошлаб берганлигини тасдиқловчи яна бир далил бор. Бу ҳам бўлса адибнинг ўз таржималарига муносабатидир. Адабиёт ва ижод масаласида қаттиққўллик ва ҳалоллик билан ном қозонган Абдулла Қаҳҳор ана шу асарлардан олдинги таржималарини кейинчалик қайта нашр эттирмаган. Фақат бир мистисно – 1936 йили ўгирилган “Каштанка” 1940, 1944, 1947 йилларда А.П.Чехов ҳикоялари тўпламларига киритилган бўлса-да, 1954 йилдан у ҳам Холида Аҳророва таржимасида чиқа бошлади.

А.П.Чеховнинг Абдулла Қаҳҳор таржимасида чиққан биринчи асари “Каштанка” ҳикоясидир. 1940 йили “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” журналининг 1-сонида “Чиқди” (101-бет), 3-сонида эса “Ой тутилиши” ҳикоялари Абдулла Қаҳҳор таржимасида босилди.

1944 йили Ўзбекистон Давлат нашриёти Чехов вафотининг 40 йиллиги муносабати билан унинг ҳикоялар тўпламини ўзбек тилида нашр этди. 14 та ҳикояни ўз ичига олган бу тўплам Абдулла Қаҳҳор таҳрири остида ва унинг мухтасар сўзбошиси билан босиб чиқарилди, бироқ китобда таржимонлар номлари келтирилмаган. Шу ҳикояларни таржимонлар имзоси билан 1947 йилда босилган матнга солиштириб, улардан “Ниқоб”, “Ёвуз ниятли киши”, “Лозим чоралар”, “Семиз ва ориқ”, “Каштанка”, “Унтер Пришибеев”, “Хамелеон”, “Чиқди”, “Чиновникнинг ўлими”, “Сарлавҳасиз”, “Ой тутилиши” ҳикояларининг мутаржими Абдулла Қаҳҳор эканлигини аниқладик.

Чехов танланган ҳикояларининг бу нашрига ҳам Абдулла Қаҳҳор муҳаррирлик қилган бўлиб, унда жами 47 ҳикоя тўпланган, ҳар бир ҳикоя сарлавҳасининг тагида русча номи қавс ичида берилган. Бу китобга Абдулла Қаҳҳор таржимаси билан юқоридагилардан ташқари яна “Гриша”, “Таниш эркак” ҳикоялари ҳам киритилган.

Абдулла Қаҳҳорнинг Чеховдан таржималари тарихига назар солинса шу нарса аён бўладики, биринчидан, ўзбек адиби рус классигининг адабий-эстетик меросини пухта ўрганиб, ўзлаштиргач, иккинчидан, ўзбек бадиий насрининг ютуқларидан саналган, эндиликда эса жаҳон новеллистикаси намуналарига бўйдош деб тан олинаётган ажойиб ҳикоялари дунёга келгандан кейингина Чехов асарлари таржимасига чинакамига киришган (30-йилларнинг ўрталарида қилган таржималаридан ё кейинчалик воз кечган ёки мутлақо бошқатдан таржима қилган). Бу эса таржималарнинг муваффақияти учун бош омил бўлган.

Нафсиламрини айтганда, турли миллат сўз санъаткорлари орасида рўй берадиган адабий-эстетик таъсирни фақатгина таржимага боғлаб қўймаслик керак. “Бирон ёзувчининг таъсирини ўз ижодида ҳис қилиш учун “таъсирланувчи” адиб унинг асарларини муқаррар таржима қилган бўлиши шарт эмас. Бошқача айтганда, таржима қила туриб таъсирланмаслик мумкин эмас, аммо таъсирланиб туриб – таржима қилмаслик мумкин”[4].

Абдулла Қаҳҳор 1960 йили “Устод” номли мақоласида шундай ёзган эди: “Мен қўлимга қалам олиб рус адибларидан мадад сўраган вақтларимда буларнинг кўпига эргашганман, лекин услубда менга ҳеч ким домла Чеховчалик таъсир кўрсатган эмас. Агар мен услубда бирон даража камолотга эришган бўлсам, унинг учун, шубҳасиз, устод Антон Павловичга қуллуқ қиламан”.

Абдулла Қаҳҳорнинг уруш йилларида адиб ва публицист сифатидаги ижодининг бош йўналиши фронт ва фронт орти воқелигини ёритишга қаратилган бўлса, мутаржимлик фаолиятида ҳам ҳарбий мавзу етакчи ўрин тутади. Яна шуниси борки, мутаржим ҳарбий тематикадаги бадиий асарлар таржимаси билангина чекланиб қолмайди. Унинг таржималари орасида турли жанрларга мансуб китобларни учратамиз. Хусусан, академик Е.Тарленинг “Березина ва буюк армиянинг ҳалокати” асари (ўзбек тилида 1942 йили босилиб чиққан) рус қўшинларининг Наполеон қўшинлари устидан эришган ғалабасини ҳикоя қилувчи тарихий ҳужжатли қисса бўлса, А.Е.Ильченконинг “Қалб хотираси” (1943) китоби муаллифнинг ўзбек делегацияси таркибида Ғарбий фронтга бориши ва жанггоҳларда кўрган-кечирганларига бағишлаб, кучли пафос билан ёзилган сафар очеркларидан иборатдир. 1944 йили А.Қаҳҳор таржимасида чиққан бошқа бир китоб – “Барҳаёт кишилар” душманга қарши яширин иш олиб борган қаҳрамон йигит-қизлар уюшмаси “Ёш гвардия”га бағишланган турли публицистик материаллар мажмуасидир.

Иккинчи жаҳон уруши даврида таржима қилинган бадиий асарлар сирасига Аркадий Гайдарнинг “Темур ва унинг командаси” (1942), Николай Виртанинг “Шимолий фронт” (1942), Ванда Васильевскаянинг “Камалак” (1944) қиссалари, Борис Горбатовнинг “Алексей Куликов – жангчи” ҳикояси (1943), Лев Шапиронинг “Учинчи ўғил” (1943) киноқиссаси ҳам киради.

Асарлари Абдулла Қаҳҳор томонидан ўзбекчага ўгирилган мазкур муаллифлардан кўпчилиги ўша пайтда Тошкентда яшаганлигини ва таржимон билан улар ўртасида муайян ижодий ҳамкорлик ўрнатилганлигини ҳам назарда тутсак, бу фактнинг адабий алоқаларимиз тарихида ўзига яраша ўрни борлиги аён бўлади.

Абдулла Қаҳҳор рус ёзувчилари ижодий маҳоратларини ўрганишга астойдил киришган даврларини (30-йилларнинг ўрталари) эслаб, ўз таржимаи ҳолида “Чеховдан кейин Толстой билан жиддий шуғулландим”[5] деб ёзган эди. Қизиғи шундаки, ўзбек адибининг таржимон сифатида бу ёзувчилар ижодига мурожаат этишида ҳам шу тартиб сақланган. Агар Чеховдан қилинган таржималари асосан 30-йилларнинг иккинчи ва 40-йилларнинг биринчи ярмига тўғри келса, Л.Н.Толстойнинг “Уруш ва тинчлик” эпопеяси таржимасига урушдан кейинги даврда киришган.

Биз адибнинг рафиқаси ва мазкур эпопеянинг ҳамтаржимони Кибриё Қаҳҳорова билан 1985 йил 2 июлда учрашиб, “Уруш ва тинчлик” романини таржима қилишга туртки бўлган омиллар ҳақида сўраганимизда, у киши мазкур роман таржимаси нашриёт режасига киритилиб, Абдулла Қаҳҳор билан нашриёт ўртасида шартнома тузилганидан кейин асарни ўгиришга тутингани тўғрисида гапирган эдилар. Эҳтимол, бу таржима учун сабаб бўлган хусусий ҳоллардан биридир. Бизнингча, бундан кўра чуқурроқ ва салмоқлироқ омилларнинг мавжудлигини ҳам инкор этиб бўлмайди.

Маълумки, таржима ҳам ижодкор учун ўз “гапини айтиш”, ўтмиш ва бугундаги воқеа ва ҳодисаларга ўз муносабатини билдириш воситаларидан бири бўлиб келган. Қайта яратиш санъатининг бу ажиб хусусияти ҳақида мутаржимларнинг ўзлари такрор-такрор гувоҳлик беришган. Хусусан, рус таржимони Дмитрий Ковалев ёқут шоири С.Данилов шеърларини таржима қиларкан: “Сен қаламкаш дўстинг асарида қимматли, эзгу нарсаларни кашф этганинг учун таржима қиласан. Фақат шундагина ижодий қониқиш пайдо бўлади, ўзинг ҳар бир таржимадан кейин тўлишиб, бойиб борасан”[6] деган бўлса, арман шоири Л.Севан ўз фаолияти ҳақида гапириб: “Таржима қилмасдан туролмайман. Акс ҳолда менинг оламим ифодаланган шеърни кўчириб оламан, адабий ўғирлик билан шуғулланган бўламан”[7], – дейди.

Шунинг учун ҳам адиб-таржимоннинг бирор асар таржимасига қўл уриши мазкур адибнинг дунёқараши, ижодий режаси, қолаверса, у мансуб бўлган адабиёт тараққиётининг муайян босқичидаги эстетик эҳтиёж билан боғлиқ объектив ҳодиса эканлигини ҳисобга олиш зарур.

Уруш ва адабиёт масаласини тадқиқ қилган таниқли адабиётшунос П.М.Топер ёзади: “Ҳар сафар урушлардан кейин жаҳон санъатида, худди кометанинг думи сингари, узундан-узоқ из қолади”[8].

Дарҳақиқат, “Уруш ва тинчлик” роман-эпопеясининг яратилиши ва унинг ўзбек тилига таржима қилиниши тарихига қиёсан назар солинганда бу икки адабий ҳодисада муайян ўхшашлик борлигини илғаш қийин эмас.

Рус адабиётшунослиги ва танқидчилигида “Уруш ва тинчлик” роман-эпопеясининг яратилиши, муаллифнинг ижодий режаси ҳақида озмунча ёзилмаган. Булардан, бизнингча, М.Б.Храпченко[9], Э.Е.Зайденшнур[10], Г.Краснов[11] сингари олимларнинг фикрлари ҳақиқатга яқинроқдир. Улар “Уруш ва тинчлик”нинг ёзилишига туртки берган нарса ёзувчининг уруш, тинчлик, инсон тақдири, тарихда халқ оммасининг роли, инсон ҳаётининг маъноси, ватанпарварлик туйғуси каби қатор масалаларни тафаккур кўзгусидан ўтказиши ва чуқур англаб етиши, шунингдек, адиб Кавказ юришларида, Қрим урушидаги Севастополь мудофаасида ва ҳ.к. олган таассуротлари, ҳаётий тажрибаси натижасида вужудга келган ижодий эҳтиёждир, деган тезисни олға сурадилар. Ўз навбатида улар “Уруш ва тинчлик” муаллифининг қўлига қалам тутқазган омил икки дворянлар хонадони – Болконскийлар ва Ростовлар авлодининг ўзига хос оилавий тарихини ёритувчи тарихий-маиший роман ёзиш истагидир дегувчи тадқиқотчилар[12] даъволарини инкор этадилар.

Зотан, Лев Толстой уруш даҳшатини, унинг халқлар бошига соладиган офатларини, у туфайли туғиладиган ғам-аламларни кўриб, унинг моҳиятини чуқур идрок этган ва ҳис қилган. Шу билан бирга, ёзувчи уруш ҳар бир одамнинг аслан ким эканлигини яққол кўрсатувчи ўзига хос кўзгу, ватанпарварлик, эрк ва адолат туйғулари бўртиб намоён бўладиган ва бу туйғуларга янги конкрет мазмун берадиган манба эканлигини, уруш халқ ва ватан тақдирини ҳал этадиган ҳодисалиги сабабли бу тушунчаларнинг узвий маъно касб этишининг гувоҳи бўлган. Булар ундан – теран фалсафий даҳога эга бўлган санъаткордан ўзига хос ечимини талаб этган муаммолар эди. Бу эса ёзувчини Россиянинг тарихий тақдиридаги улкан синов йилларига – 1812 йилги Ватан уруши воқеаларига мурожаат этишга, уни бадиий таҳлил қилишга ундади.

Абдулла Қаҳҳор халқ дилига қулоқ солган санъаткор бўлганлиги учун Иккинчи жаҳон уруши билан боғлиқ воқеалар унинг қалбида ўз акс-садосини берганлиги турган гап. Ҳатто уруш ҳақидаги дастлабки хабарлар унинг тасаввурига эпик бадиий образлар билан узвий равишда кириб келган. “1941 йилда немис босқинчилари Украина тупроғига бостириб кирган куни, – деб ёзган эди адиб, – назаримда, Тарас Бульба бақириб, сўкиниб, хиёнаткор ўғлини ўз қўли билан ўлдириб, икки ёндан иягигача осилиб тушган мўйлови хиёл титраган ҳолда, қўлига қурол олиб душманга қарши чиқиб кетаётгандай бўлди”[13].

Ғалаба кунида эса жисмоний ва маънавий зўриқишдан халос бўлган киши сингари оғир тин олиб, босиқлик билан дейди: “Тўрт йил интизор кутганимиз кун туғди. Минг бало ва офатлар булути остида ҳам кўзимиздан йўқолмаган ғалаба қуёши чиқди”[14].

Демак, донишманд ёзувчи онгида, шуурида халқ тақдири, унинг тарихий ўтмиши, ҳозирги куни, машаққатлари-ю қайғу-аламлари, ғалабалари-ю зафар сурури – ҳамма-ҳаммаси ажиб бир диалектик бирлик касб этган. Адиб урушнинг бутун даҳшатини, тинчликнинг бутун фараҳини бошидан кечирибгина қолмасдан, юрагидан ҳис қилиб, тафаккур кучи билан англаб етган, теран моҳиятини чақиб кўрган. Бу таассурот: уруш ва тинчлик масаласининг инсон ҳаётида улкан бурилишлар ясай оладиган, халқлар, элатлар, ғоялар, динлар – барчасига таъсир ўтказа оладиган кардинал масала эканлигини чуқур идрок этиш ёзувчида ана шу масалага муносабат билдириш эҳтиёжини юзага келтирган бўлса ажаб эмас.

“Ҳаётимнинг энг қулай шарт-шароитлар мавжуд бўлган яхши даврида тўрт йил мобайнида муттасил меҳнат қилиб яратганим асарни (“Уруш ва тинчлик”ни – А.У.) чоп этарканман, мен уни ёзаётиб, туйган завқдан ҳеч бўлмаса бирор улушини китобхонлар ҳам олишини истардим”[15], – деб ёзган эди Толстойнинг ўзи.

Ўткир зеҳнли китобхон Абдулла Қаҳҳор муаллиф истагини ҳис қила олган, бу эса роман-эпопея таржимасига тутиниш учун муҳим туртки берган.

Тўғри, Абдулла Қаҳҳор ижодида фронт ва фронт орқасидаги воқеаларга бағишланган асарлар кам эмас. Лекин буларнинг барчаси “уруш, тинчлик – инсон” масаласини бадиий тадқиқ этишдаги ёрқин манзаралар, чизгилар бўлса-да, бу масалани кенг эпик кўламда таҳлил қилиш имкониятига эга эмас эди. Бизнингча, мана шу ҳол уни Л.Н.Толстой ижодига мурожаат этишга – “Уруш ва тинчлик” таржимаси орқали кўнглидаги “дардлари”ни тўкиб солишга ундаган.

Абдулла Қаҳҳор таржимонлик меросининг асосий қисмини, аввал айтганимиздек, рус адабиёти асарлари ташкил этади. Ўрта Осиё халқлари адабиётидан унинг икки таржимаси маълум: биринчиси тожик ёзувчиси Фотеҳ Ниёзийнинг “Вафо” романидан парча (“Шарқ юлдузи”, 1950 йил, № 1, 127-134-бетлар), иккинчиси – қорақалпоқ ёзувчиси Тўлепберген Қаипбергеновнинг “Совуқ бир томчи” қиссаси (1965).

Абдулла Қаҳҳорнинг таржимонлик фаолияти араб эртаклари – “Минг бир кеча” туркумига кирувчи “Бир соатлик халифа” китоби билан якунланади. Адиб бу асарни рус тилидан ўгирган ва унга “Таржимондан” деган махсус сўзбоши ёзган. Сўзбошида “1965 йил август” деб кўрсатилишига қараганда, таржима ҳам шу вақтларда тамомланган бўлса керак. Бироқ китоб 1967 йили босмадан чиққан.

Абдулла Қаҳҳор таржимонлик фаолиятининг яна бир соҳаси борки, бу – кинофильмлар дубляжидир. Таржимашунослигимизда умуман дубляж санъати ҳали назарий таҳлил этилмагани сингари, Абдулла Қаҳҳорнинг бу борадаги хизматлари ҳам ўрганилмаган ва ўз тадқиқотчисини кутаётган соҳадир.

Абдулла Қаҳҳор таржимонлик биографиясига ҳатто йўл-йўлакай бир назар ташлаш ҳам унинг оддийдан мураккабга, қуйидан юқорига қараб ўсиб борганлигини аниқ кўрсатади. Бу юксалиш фақат бадиий маҳоратнинг чархланиши бобидагина эмас, ўқиш-ўрганиш бобида ҳам сезилади.

Маълумки, Абдулла Қаҳҳор 30-йилларнинг бошида “рус тилини таталаб ўқиган”лигини тан олган.[16] 1950-йилларнинг охирида “Синчалак”ни русчага таржима қилиш юзасидан у билан ижодий мулоқотда бўлган Константин Симоновнинг қуйидаги эътирофи эса бутунлай бошқача тасаввур беради: “Қаҳҳор рус тилини жуда яхши биларди ва ўзбекча текстга муқобил келадиган русча ифодаларни топишда ўта зукко ва ҳозиржавоб эди”[17].

Абдулла Қаҳҳорнинг таржимонлик фаолиятида кўзга яққол ташланиб турадиган хусусиятларидан бири шуки, унинг мутаржим сифатидаги маҳорати чархланиб боришига кўра икки муҳим босқичга бўлинади: а) лисоний ва адабий малака орттириш босқичи. У тахминан 20-йилларнинг охиридан 1936-1937 йилларгача бўлган даврни ўз ичига олади. Бу давр таржималари учун муваффақиятли чиққан ўринлар билан бирга луғавий хатоларнинг учраб туриши, аслият маъносини чуқур тушуниб етмаслик, муаллиф услубини ҳамма вақт ҳам ҳис қила бермаслик, аслият матнидаги грамматик қурилиш таъсиридан қутулолмаслик каби қусурлар хос эди; б) маҳорат босқичи, яъни 1937 йиллардан кейинги давр. Бу “Капитан қизи” ва “Уйланиш” асарларининг таржимаси билан бошланади. Шуни таъкидлаш керакки, мутаржим ижодидаги бу босқичнинг содир бўлиши ўзининг объектив ва субъектив асосларига эга.

Аввало шу даврга келиб Абдулла Қаҳҳор ёзувчи сифатида жиддий муваффақиятларни қўлга киритди. “Сароб” романини, жаҳон новеллистикаси фондидан жой олган бир қатор ҳикояларини яратди. Ўша пайтдаёқ Саидғани Валиев ёзган эди: “Абдулла Қаҳҳор ҳикояларининг тилини ёзувчининг ютуқларидан бири деб ҳисоблаш керак. Уни тил жиҳатидан олдинги ёзувчиларимиздан бири, деб атасак мумкин. А.Қаҳҳор… мумкин қадар қисқа ҳикояларини халқнинг образли сўзлари, ўхшатишлари билан безайди”[18].

Абдулла Қаҳҳорнинг оригинал ва таржима ижоди ҳар доим ўзаро узвий алоқада бўлиб келган.

Муҳими шундаки, Абдулла Қаҳҳор таржималарида аслият услубини акс эттириш ҳеч маҳал мутаржим ижодий шахсиятининг йўқолиши ҳисобига бўлмаган. Аксинча, теран миллий бадиий тафаккур тарзи ва услубий анъаналарига таянган санъаткор қалами билан қайта тикланган асарлар адабиётимизда ўз муносиб ўрнини топа олди. Натижада ёзувчи Абдулла Қаҳҳорнинг ўзбек адабиётида насрий услублар равнақига қўшган ҳиссаси таржимон Абдулла Қаҳҳор улуши билан янада бойиди.

Абдусалом Умаров,

филология фанлари доктори, профессор

“Жаҳон адабиёти, 2014 йил, 9-сон

[1] Қаҳҳорова К. Чорак аср ҳамнафас (“Ёшлик”, 1985, № 7, 59-бет). Бу ерда таржиманинг йили нотўғри кўрсатилган (А.У.).

[2] Пушкин А.С. Полн.собр.соч. в 10 ти томах. Т.7. – М., 1958, стр. 515.

[3] Пушкин А.С. Капитанская дочка. Изд.второе, дополн. – Л., 1985, с. 24 (Бошқа мисоллар ҳам шу нашрдан олиниб, қавс ичида бети кўрсатилади – А.У.)

[4] Саломов Ғ. Таржима назариясига кириш. –Тошкент, 1978. –133-бет.

[5] “Ўзбек тили ва адабиёти масалалари” журнали, 1960, № 4, 8-бет.

[6] Иқтибос Н.Комиловнинг “Қайта яратиш санъати” мақоласидан олинган. Қ.: Адабиёт ва санъат. – Т., Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти, 1988, 44-бет.

[7] Шу манба, 45-бет.

[8] Топер П.М. Ради жизни на земле. Литература и война. Традиции решения. Герои. Изд-во третье, дополнительное. – М., Сов.писатель, 1985, стр.3.

[9] Храпченко М.Б. Лев Толстой как художник. Изд. четвертое. – М., Художественная литература. 1978, с.77-81.

[10] Зайденшнур Э.Е. “Война и мир” Л.Н.Толстого. Создание великой книги. – М.: Книга. 1966. с.5-11. Она же. История написания и печатания “Войны и мира”. В т.16. Полн.собр.соч.Л.Н.Толстого, (юбилейное изд.). с.19-144.

[11] Краснов Г. Герой и народ. О романе Льва Толстого “Война и мир”. – М.: Советский писатель. 1964, с.6-42.

[12] Бу ҳақда қаранг: Э.Е.Зайденшнур. “Война и мир” Л.Н.Толстого. Создание великой книги. С.5-7 и 391.

[13] Абдулла Қаҳҳор. Асарлар. Т.6. 268-бет.

[14] Абдулла Қаҳҳор. Асарлар. Т.6. 472-бет.

[15] Толстой Л.Н. Полн. Собр.соч. (юбилейное изд.) Т.13, с.56.

[16] Қаранг: Қаҳҳорова К. Чорак аср ҳамнафас. 24-бет.

[17] Дружба народов. 1970, № 6, стр.130.

[18] Валиев С. Абдулла Қаҳҳор тўғрисида. Совет адабиёти. –1935, № 5, 51-бет .