Фихте Германиянинг Рамменау шаҳрида истиқомат қилувчи камбағал ҳунарманд оиласида дунёга келган. У тасодиф туфайлигина савод чиқариш имкониятига эга бўлган. Мильтиц исмли барон ундаги қобилиятни сезиб, ҳомийлик қилган.
1774 йилда Фихте Шульпфортдаги мактабга боради. Бироқ бахтга қарши шу йили унинг ҳомийси ҳаётдан кўз юмади. Фихте муҳтожлик туфайли ўқишни ташлашга мажбур бўлади ва хонадонларда муаллимлик қила бошлайди. Шу билан бирга Лейпциг, Йен, Виттенберг шаҳрида илоҳиёт ва ҳуқуқдан маърузалар тинглайди.
1790 йилда бир талабага Кант фалсафасидан таълим бериш асносида кутилмаганда ўзининг ҳам фикри тиниқлашиб, қарашлари ўзгаради. Тақдирни қарангки, кўп фурсат ўтмай, Фихте Кант билан учрашиб унга ўзининг «Янгиликнинг атрофлича танқиди» деб номланган илк асарини тақдим этишга муваффақ бўлади. Кант эса кутилмаганда ёш мухлисига хайрихоҳлик кўрсатиб, бу асарни нашр этиш учун тавсиянома беради ҳамда Данцигда хонадон ўқитувчиси бўлиб ишга жойлашишида ёрдам кўрсатади.
Кантнинг тавсияси билан чоп этилган асари Фихтега катта шуҳрат келтиради. 1794 йилда у Йен университетининг профессори бўлади. Бу лавозимга Фихте ўша вақтда Саксон Веймар герцоглигида вазир бўлиб ишлаётган Гётенинг тавсиясига кўра ўтказилган эди. 1798 йилда Фихте ўзини асоссиз равишда ғоявий ўзбошимчаликда айблаганларга норозилик сифатида университетни тарк этади. 1810 йилда у Берлинда янги ташкил этилган Олий мактабнинг биринчи ректори этиб сайланади.
Фихте 1814 йили ичтерлама хасталиги туфайли вафот этди. Унинг қабрига ўрнатилган ёдгорликка инжилдан олинган қуйидаги гўзал сўзлар битилган: «Устозлар само ёритгичи каби ёғду сочаверадилар, эзгулик йўлини кўрсатувчилар юлдузларга ўхшаб мудом ва мангу чарақлаб тураверадилар».
Файласуфнинг ҳаёти ҳақида унинг ўғли Иммануил Герман Фихте ўз хотираларида ёзиб қолдирган.
Фихтенинг тўла асарлари тўплами 8 жилддан иборат бўлиб, ундан қуйидаги асарлар ўрин олган:
«Ахлоқийлик ҳақидаги таълимот тизими» (1794), «Олимнинг вазифалари тўғрисида маърузалар» (1794), «Умумий илми дониш асослари» (1794-1795), «Илми дониш ёки фалсафа деб аталувчи тушунча тўғрисида», «Тилга қобилият ва тилнинг келиб чиқиши тўғрисида» (1795), «Табиий ҳуқуқнинг илми дониш тамойилларига мувофиқ асослари» (1797), «Кенг оммага энг янги фалсафанинг асл моҳияти ҳақидаги қуёш каби ёрқин хабар» (1800), «Ёпиқ савдо давлати» (1800), «Янги фалсафий тамойилларнинг илми дониш нуқтаи назаридан тарихи ва танқиди» (1830).
Фихтенинг қарашлари ўзига хос ва фавқулодда сермаҳсулдир. Унинг фикрича, Аллоҳ яратган олам ичра яна бир олам – инсон олами мавжуд. Уни инсон яратган. Аслини олганда бизни ўраб турган оламда одамлар қўли билан яратилган нарсалар бисёр. Улар замондошларимиз, аждодларимиз маҳсулидир. Биз бу маҳсулларни сўзда ифода этамиз, фикрлар воситасида ўйлаймиз. Аждодлардан мерос қолган муаммоларни муҳокама қиламиз. Улар ном қўйган ва ойдинлаштирган нарсаларни кўрамиз. Улар қолдирган турмуш тарзи асосида яшаймиз. Инсон оёғи етмаган гўшаси йўқ табиатнинг қўйнида кун кечирамиз. Ҳамма нарсанинг тархи бузилган, ҳамма нарсага таъсир ўтказилган, ҳамма нарса ўзгартирилган. Фихте ана шундай хулосалар билан оламни ўрганиш ва англашдаги янгича, дадил ташаббусларга йўл очиб берди.
* * *
Инсон ўзи бурчли бўлган ҳамма ишни бажаришга қодир.
* * *
Ўзимдан ташқаридаги нарсаларни ўзгартиролмаганим учун ўзимдагиларни ўзгартиришга қарор қилдим. Фалсафага, айнан Кант фалсафасига ўзимни урдим.
* * *
Ҳаракат қилмоқ! Ҳаракат қилмоқ! Биз шунинг учун мавжудмиз.
* * *
Ўз-ўзингни идрок эт, атрофингни ўраб турган ҳамма нарсадан нигоҳингни уз ва ботинингга боқ. Бу фалсафанинг ўз шогирдига қўядиган биринчи талабидир. Бунда гап сендан ташқаридаги эмас, балки фақат сендаги нарсалар ҳақида боряпти.
* * *
Ҳар қандай воқелик таъсирчанликдир, ҳамма таъсирчанлик воқеликдир.
* * *
Табиат одамларни эркинлик, яъни фаолият учун яратди.
* * *
Биз билганимиз учун ҳаракат қилмаймиз, балки ҳаракат учун яратилганимиз туфайли биламиз.
* * *
Инсон зотига мансуб одамлар бир-бирларига ўхшамайдилар. Уларнинг ўхшаш томони битта. У ҳам бўлса, барчанинг пировард мақсади – мукаммаллик.
* * *
… Ва мана, вақт оқимида қачонлардир мавжуд бўлган илмнинг синиқ парчалари сузиб юрибди. Сиз уларнинг бебаҳо эканини эшитгансиз. Қурбингиз етганича илм синиқларини бу оқимдан тутиб оласиз-да, қизиқувчиларга кўрсатасиз. Сиз бу бўлакларни синдириб, эзиб ёки бехосдан шаклини бузиб юбормаслик учун ва бешикаст ҳолда авлодларингизга, авлодларингиз эса ўз авлодларига қолдириши учун, улар эса ўз навбатида қизиқувчан наслларга кўрсатиши учун асраб-авайлайсиз. Гоҳо уларни силаб-сийпаб тозалайсиз.
Мен сизнинг ҳузурингизда пайдо бўлдим. Ва сиз лутф кўрсатиб, мени ўзингизга дўст санадингиз. Сиз менга дўстларча ёрдам кўрсатишга уриндингиз. Кўнглингиз мени ром этишни, огоҳлантиришни, маслаҳат беришни тиларди… Сиз аввалига мен баён этган нарсаларни тарих, Кант оқимидаги бўлаклар деб ҳисобладингиз. Ва уларни ўзингиздаги коллекциялар билан таққослашга жазм этдингиз. Бундан ҳеч бир иш чиқмагач, уларни ҳаётий тажриба оқимидаги парчалар деб ҳисобладингиз. Мен не демай, қандай далиллар билан ишонтиришга уринмай ва қанчалар тантанавор таъкидламай, қай йўсинда қаршилик кўрсатмай, барибир, сиз менинг илмий қоидаларимни тажрибавий қоидаларга, мушоҳадаларимни идрок маҳсулига, фалсафамни психологияга тенглаштиришдан воз кечмадингиз…
… Шундай қилиб, сиз коллекциянгиздаги ҳар бири ўзича мавжуд бўлган бўлакларни бир бутун деб ҳисобладингиз. Ҳар бирини алоҳида ҳолда хотирада сақлаш мумкин деб ўйладингиз. Бироқ бу алоҳида парчалар сиз қамраб олган ҳолатда бири иккинчисига тўғри келмас, ёпишмасди. Шунда шовқин кўтардингиз: «Зиддият!» Бундай ҳолат сизда изчил сунъий баён тўғрисида ҳеч қандай тушунчанинг йўқлиги, сизга фақат донолар ҳикматларини жамлашгина маълумлиги туфайли рўй берди.