Оқ кўнгил вазир

Подшоҳнинг ҳеч кимга ўхшамайдиган хушфеъл, юраги кенг ва жўмард вазири бор эди. Тили билан дили бир бўлганидан ҳеч кимни ғийбат қилмас, нима гапи бўлса, одамнинг юзига қараб айтаверарди. Бир куни подшоҳга унинг бир қилиғи ёқмади. Гъазабга минган шоҳ, жуда қаттиқ қизишиб, вазирнинг мол-мулкини мусодара қилиб юборди. Ва ўзини зиндонга ташлашларини буюрди. Аммо, халқ орасидан ҳурматга сазовор бўлган вазирга ҳеч кимнинг қўпол гапиришга ҳадди сиғмади.
Бир куни қўшни давлат ҳукмдорларидан вазирга мактуб келди. Унда шундай ёзилган эди:
–Подшоҳингиз сиздек буюк шахснинг қадрига ета олмади; адолатсизлик
қилди. Аллоҳ охирини хайрли қилсин. Агар кўнглингиз биз томонга мойил бўлса, сиз учун ҳамма нарсага тайёрмиз. Мамлакатимнинг барча амалдорлари сизни кўрмоқликдан беҳад бахтиёр бўлур. Ҳаммамиз жавобингизни кутмоқдамиз.
Вазир мактубни олиб ўқиркан, бўлажак таҳликалардан чекинди. Қоғоз орқасига қисқа жавоб ёзди. Подшоҳ одамлари бу воқеадан хабар топиб, дарҳол ҳукмдорни огоҳлантирдилар. Султонга:
–Вазирингиз қўшни мамлакатлар билан тил бириктириб мактуб
ёзишмоқда, – дейишди.
Бу гапни эшитиб, шоҳнинг баттар ғазаби ортди. Зудлик билан ишнинг кўриб чиқилишини буюрди. Хатни олиб келган одамни тутиб шоҳнинг ҳузурига олиб келдилар…
Мактубда шундай ёзилган эди:
“Мендек ғарибнинг хизматлари сизни қаноатлантира олмайди. Мендай бечорага бу таклифни қабул қилиш ярамайди. Чунки мен шу мамлакат тузини еб, шу ҳукмдоримнинг берган неъмати ила кўтарилдим. Инсон, озгина англашилмовчилик учун ўз валинеъматига вафосизлик қила олмайди. Зеро, “Доимо сенга яхшилик қилган кишидан бир бор ситам етса, кечиримли бўл, уни яхши кўр!” деганлар…”
Вазирнинг жавобини эшитиб, подшоҳ ҳушига келди. Дарҳол уни зиндондан чиқартириб олди; қайтадан вазирлик мақомини бериб, унга бир қанча эҳсонлар тортиқ қилди. Вазиридан узр сўраб:
–Хато қилдим. Гуноҳинг йўқ эди, ғазабга келиб сени ранжитдим, – деди.
–Подшоҳим! – деди вазир. – Қулингиз бу ишда сиздан асло ранжигани йўқ. Чунки сизнинг ҳеч бир гуноҳингизни кўрмаяпти. Балки, Аллоҳнинг иродаси ўлароқ, бу ишнинг сиздан келиши тағин яхши бўлди. Чунки, қулингизда берган неъматларингиз бор. Мен эса, бу неъматларни ташимоқдаман.
Ўша кундан кейин, вазир билан подшоҳ орасидаги ишонч янада ортди; ўлкани янада яхши бошқара бошладилан.

Ҳикмат
Тўғрининг ёрдамчиси Аллоҳдир. Ишларида тўғриликдан айрилмаган кишига буюк Аллоҳ ҳар замон ёрдам қилади.

“Гулистон”дан
Кавсар Шодиева таржимаси