Осмонга боққанимизда, биз юлдузларни бир-биридан унчалик фарқлай олмаймиз. Фақат айримлари каттароқ ва бошқаларига нисбатан ёрқинроқ кўринади, холос. Аслида эса улар бир-биридан кескин фарқ қилади, улар ўртасидаги тафовут ниҳоятда каттадир.
Агар юлдузларни спектрларига кўра гуруҳларга ажратадиган бўлсак, кўкдан тортиб қизилгача бўлган юлдузлар қатори вужудга келади.
Кўк юлдузлар энг иссиқ ва ёрқиндир. Улар юзасидаги температура Цельсий шкаласи буйича 400 000 даражани ташкил этади. Қуёш юзасидаги температура эса Цельсий шкаласи бўйича, тахминан, 6000 даражадир. Энг совуқ юлдузлар қизил тусда бўлади. Уларнинг температураси — Цельсий шкаласи бўйича 2500 даража атрофида, уларнинг ёруғлиги кўк, оқ ёки сариқ юлдузларники сингари ёрқин эмас. Шунингдек, кўплаб бутунлай ўзига хос юлдузлар ҳам бор: улар сирасига қора ўпқон деб аталмиш нейрон юлдузларни ва ҳок. киритиш мумкин. Қора ўпқонлар мутлақо ўзидан ёруғлик чиқармайди.
Юлдузларни ёрқинлигига қараб бир-биридан ажратиш учун қадимги юнон олими Гиппарх муомалага киритган юлдуз катталиги деган тушунча бор. Айнан ёрқин нур таратувчи юлдузлар бир хил катталикка мансубдир. Биринчи катталикдаги юлдузлар энг ёрқин юлдузлар ҳисобланади. Улар иккинчи катталикдаги юлдузлардан 2,5 баробар, иккинчи катталикдаги юлдузлар эса учинчи катталикдаги юлдузлардан 2,5 баробар ёрқинроқдир ва ҳ.к. Оддий кўз билан 1—6 катталикдаги юлдузларни кўриш мумкин, лекин уларнинг миқдори юлдузларнинг жами миқдори билан таққослаганда, жуда оздир. Шуни ҳам унутмаслик керакки, юлдуз катталиги ёки кўз илғайдиган юлдуз катталиги уларнинг ёрқинлигини ҳам, ҳақиқий ўлчамларини ҳам билдирмайди, аксинча, уларни Ердан кузатаётган одам кўз ўнгидаги ёрқинликни англатади, холос.