Буржларнинг номи қайдан пайдо бўлган?

Нима учун аждодларимиз ўша юлдузлар туркумини айнан Бузоқ, Бургут, Қовға ёки Орион деб аташган? Буржларнинг турли халқлар тилларидаги номларини ўзаро таққослайдиган бўлсак, саволга жавоб топиш янада мураккаблашади. Қизиғи шундаки, айнан битта юлдузлар туркумини қадимги эллинлар ва Шимолий Америка ҳиндулари мутлақо бир-бирига боғлиқ бўлмаган ҳолда Айиқ деб номлашган.

Турли халқларнинг астрономияга оид билимларини ўрганиб ва ўзаро таққослаб кўраётганда биз осмонга гўё уларнинг кўзи билан қараётгандай буламиз. Ва аста-секин улар қандай ўйлагани, дунёни қандай тасаввур қилгани, қандай кун кечиргани, нимага эътиқод қилгани ва нимани қадрлаганини тушуна бошлаймиз.

Қадимги Миср астрономия ватани ҳисобланади. Қадимги мисрликлар Нилнинг суви тошишини тонг отар пайтидаги энг ёрқин юлдуз — Сириуснинг чиқиши билан боғлашган.

Осмон жисмлари ҳаракатини кузатиш астрономия соҳасидаги билимларга асос бўлди ва календарь тузишга ёрдам берди. Олимларнинг тахминича, илк календарь Қадимги Мисрда бундан 6000 йил муқаддам яратилган. Унда ҳисоб-китоблар ҳозиргидай ҳафталар билан эмас, ўн кунликлар билан юритилган ва йилнинг охирида яна беш кун қўшилган. Мисрликлар календарь тузаётиб, буржларни худолар, ҳайвонлар, нарсалар билан тасвирлашган, юлдузлар эса, бор-йуғи, «астрономик фон (орқа план)» бўлиб хизмат қилган.