Қизиғи шундаки, ўсимликларнинг ҳам озуқа ишлаб чиқарадиган «фабрикаси» бор. Яшил барглар ана шундай «фабрика»дир.
Олма ва шафтоли мевалари ширинлигини ҳаммамиз яхши биламиз. Демак, уларнинг таркибида қанд моддаси бор. Аммо у қаердан пайдо бўлади? Уларни шафтоли ва олма дарахтларининг япроқлари ишлаб чиқаради. Улар бунинг учун зарур маҳсулотларни тупроқ ва ҳаводан олади.
Шундай компонентлардан бири бўлмиш карбонат ангидрид, газини япроқлар ҳаводан ютиб олади. Намликни эса дарахт илдизлари тупроқдан олади. Бу икки модда ўсимликларга қанд ишлаб чиқариш учун етарлидир. Шуни ҳам қайд этиш керакки, япроқларда озуқа Қуёш нурлари таъсирида синтезланади.
Айрим ўсимликларнинг эса ширин мевалари ёки шарбати бўлмайди. Аммо бу, уларнинг япроқлари қанд ишлаб чиқармайди, деган гап эмас. Бундай ўсимликларда ишлаб чиқарилган қанд зудлик билан таъмсиз крахмал ёки оқсилга айланиб кетади.
Албатта, ўсимликларнинг озиқ-овқат «фабрикаси»га ҳам машиналар керак бўлади. Япроқларда машина вазифасини яшил таначалар хлоропластлар ўтайди. Улар таркибида яшил модда — хлорофилл мўл бўлгани учун ҳам яшил рангда кўринади. Қуёш нури «машиналар»ни ҳаракатга келтирадиган қувват вазифасини ўтайди.
Умуман олганда, озуқа ишлаб чиқариш жараёни қуйидагича кечади: ўсимликларнинг илдизи тупроқдаги намни сўриб олади; сув ундан ўтиб пояга, поядан ўтиб шохларга, шохлардан ўтиб эса япроқлардаги томирларга тушади; сўнгра у томирдан ҳар томонга оқиб, ҳужайраларга тушади ва хлоропластларга етиб боради.
Япроқларга сув билан биргаликда илгари ўсимликларнинг ўзи ишлаб чиқарган, аммо озуқа моддалари тўпланадиган жой — илдизлар, мевалар ва уруғларга тушмаган озуқа ҳам етиб келади.
Япроқлар бир вақтнинг ўзида таркибида карбонат ангидрид гази бўлган ҳавони ютади. Газ ва сув ўртасида Қуёш нурининг таъсирида кимёвий реакция юзага келади ҳамда крахмал ёки қанд ҳосил булади. Сўнгра ҳосил бўлган озуқа моддалари томирлар бўйлаб бутун ўсимлик танасига тарқалади.
Бундан ташқари, ўсимликлар озуқа ишлаб чиқариш жараёнида ютилган кераксиз моддалар ва ажралиб чиққан маҳсулотлардан қутулиши ҳам керак бўлади. Шунинг учун ҳавонинг фойдаланилмай қолган катта қисми фотосинтез жараёнида кислород билан бойиган ҳолда япроқнинг остки қисмида жойлашган ҳужайралар ўртасидаги кичик тешикча — оғизчадан атмосферага ажралиб чиқади.