Целлюлоза нима?

Ўсимликлар ва жониворларнинг юмшоқ жойларида целлюлоза бўлади. Айнан целлюлоза ўсимликларни қайишқоқ қилади.

Амалда барча яшил ўсимликлар ўз эҳтиёжлари учун целлюлоза ишлаб чиқаради. Унинг таркиби ҳам, қандники сингари углерод, водород ва кислороддан иборат. Ушбу элементлар ҳаво ва сувда мавжуд. Қанд ўсимликларнинг япроғида ҳосил бўлади ва шарбатда эриб, бутун танага тарқалади. Қанднинг аксарияти ўсимликнинг ўсишига ёрдам бериш ва тикланиш ишларига сарф бўлади, қолгани эса целлюлозага айланади. Ўсимлик уни янги ҳужайраларга қобиқ ясашга ишлатади.

Целлюлоза сунъий йўл билан ҳосил қилиш мумкин бўлмаган табиий маҳсулотлар сирасига киради. Аммо биз уни турли соҳаларда ишлатамиз. Инсон ўсимликларни кесиб ва қуритиб целлюлоза олади. Масалан, ёввойи пахта табиий целлюлозанинг энг тоза кўринишларидан биридир. Инсон ундан ўзига кийим-кечак тайёрлашда фойдаланади.

Целлюлоза инсон тановул қиладиган салат, сельдерей (кашничсимон ошкўк), шунингдек, кепак маҳсулотлари таркибига ҳам киради. Инсон организми целлюлозани ҳазм қила олмайди, аммо у парҳез сақловчилар учун «дағал емиш» сифатида фойдалидир. Айрим ҳайвонлар, жумладан, қўй, туялар ошқозонида целлюлозани ҳазм қилишга ёрдам берадиган бактериялар мавжуд.

Целлюлоза қимматбаҳо хом ашёдир. Инсон ундан турли буюмлар олади. Таркибининг 99,8% целлюлозадан иборат бўлган пахта инсон целлюлоза толасидан нималар олиши мумкинлигига ёрқин мисолдир. Агар пахта азот ва олтингугурт кислоталари билан қайта ишланса, ундан портловчи модда — пироксилин олиш мумкин.

Целлюлозани кимёвий йўл билан қайта ишлаш натижасида бошқа хил буюмлар ҳам тайёрласа бўлади. Улардан фотоплёнка учун зарур материал, лакларга қўшимча, газмол ишлаб чиқариш учун вискоза толаси, целлофан ва бошқа пластик ашёлар олиш мумкин. Қоғоз ишлаб чиқаришда ҳам целлюлозадан фойдаланилади.