Ҳар бир уруғ келгуси ўсимлик солиб қўйилган халтачани эслатади. Уруғнинг таркибида майда янги ўсимлик билан бир қаторда унинг озиқланиши учун зарур бўлган моддалар ҳам бўлади. Агар катта уруғлардан ловияни ўртасидан иккига бўлсангиз, унинг ичида ўсимлик муртаги ва озиқни кўришингиз мумкин. Яна уруғпалла деб аталувчи иккита оқимтир, юпқа паллаларга ҳам кўзингиз тушади. Улар униб чиқаётган муртак учун озуқа вазифасини ўтовчи крахмал билан тўла бўлади. Эътибор бериб тикилсангиз, уруғпаллалар ўртасидаги оқ нишни кўрасиз. У бўлғуси ловия ўсимлигидир. Айрим ўсимликларнинг фақат битта уруғпалласи бўлади.
Айрим ўсимликларнинг муртаги ерга тушиши биланоқ униб чиқади, бошқаларига эса бунинг учун маълум бир давр, ҳатто бир неча ой керак бўлади. Дастлаб уларнинг илдизи пайдо бўлади, сўнгра қулоқ чиқаради.
Олма, помидор сингари шарбати мўл меваларнинг уруғлари ичидан олинмагунча, униб чиқмайди. Чунки бу меваларнинг таркибида уруғлар унишига тўсқинлик қиладиган моддалар бор.
Уруғнинг ичидаги майда ниш муртак ёки эмбрион деб аталади. Унинг юқори қисмидан поя ва барглар ўсиб чиқади. Қуйи қисмидан ҳам нишча бўртади ва ундан кейинчалик илдиз пайдо бўлади.
Уруғлар шароит қулай бўлган тақдирдагина уна бошлайди. Бундай шароит деганда, иссиқлик, етарли даражадаги намлик ва кислород англашилади. Бундай шароитлар мавжуд бўлган тақдирда озуқа моддалар захираси эмбрионни озиҳлантира бошлайди. Эмбрион ўсиб, қобиқни ёриб чиққач, ниҳол ёки майса пайдо бўлади. У ўз навбатида, катталаша бориб, ота-она ўсимликка ўхшаб қолади.