Туяқушнинг қайси томонига эътибор берманг, барибир унинг қизиқ жиҳатларини топаверасиз. Туяқуш энг катта қуш, аммо учишни билмайди. Майда қанотларидан тез чопаётган пайти ўз мувозанатини сақлашда фойдаланади.
Бу қушнинг боши ва бўйни патлардан холи. Туяқушнинг узун оёқлари иккита бармоқ билан тугайди. Модасининг қанотлари ва оқ думидан ташқари ҳамма жойидаги патлар тўқ пушти тусда. Эркагининг патлари хира ва калтадир.
Бундай қушнинг сайроқи овози бўлмаса керак, деган фикрга борган бўлсангиз ажаб эмас, дарвоқе, унинг овози бор! Йилнинг анча қисмида туяқушлар қаттиқ ва шипиллайдиган овоз чиқаради, жуфтлашиш даврида эса уларнинг янгроқ ўкириги «пайдо бўлади» ва олислардан ҳам эшитилади.
Уч ёки тўртта макиёни қумдан қазилган чуқурчага биргаликда тухум қўяди ва навбатма-навбат босишади, тунда эса улар хўрози билан ўрин алмашади. Қушлар қўядиган тухумлар орасида туяқушнинг тухуми энг йиригидир.
Туяқуш очкўз қуш. Унинг рациони асосан ўсимликлар, мева ва дондан иборат. Овқати яхши ҳазм бўлиши учун туяқуш баъзан каттароқ тошларни, темир парчалари ва бошқа нарсаларни ютиб туради!
Одамлар туяқушларнинг улкан патларига ишқибоз бўлиб парваришлашади. Туяқушнинг бир ёшга етмасдан туриб, патларини юлиб олиш мумкин, юлинганлари ўрнида янгилари ўсиб чиқаверади.