Агар қўлингиздан китоб чиқиб кетса, у ерга тушади! Бунинг сабабчиси ернинг тортиш кучидир. Бу куч барча предметларни Ернинг марказига қараб тортади. Тушиб кетган китобни қайта қўлга олишингиз билан унинг ташқи кўриниши мутлақо ўзгармаганини кўришингиз мумкин. Чунки у — қаттиқ. Агар махсус куч ишлатилмаса, қаттиқ предметлар ўз шаклини сақлаб қолади. Энди китоб эмас, сув тўла стакан қўлингиздан тушиб кетди, деб фараз қилайлик.
Сув тўкилади ва ҳар томонга оқиб кетади. Аслида, суюқлик шаклга эга эмас. У қайси идишга қуйилса, ўша идишнинг шаклига эга бўлади. Ернинг тортиш кучи уни энг қуйи нуқтани эгаллашга мажбур этади. Бир сўз билан айтганда, сув ҳамиша энг қуйи нуқтада жойлашади. Нега дарёлар денгизга қуйилади. Чунки денгизнинг сатҳи нисбатан пастдир. Ҳар бир дарё ўзи қуйилаётган денгизга қараб қиялаб боради.
Албатта, сув ўз ҳолича қияликдан тепага қараб кўтарилиши мумкин эмас, аммо шунга қарамасдан, муҳандислар уни тоғ довонларини ошиб ўтишга мажбур этиши мумкин. Бунинг учун сувни… қувурга қамаш кифоядир. Ҳа, ҳа, кифоядир. Қияликдан пастга энаётган сув қувурдан тоққа кўтарилаётган сув массасини итаради ва минглаб тонна сув тепага қараб оқади. Шу билан биргаликда, сув ўзининг бирламчи баландлигидан юқори кўтарилмайди. Аммо одамнинг қўлидан келмайдиган ишнинг ўзи йўқ. Биз буни исбот ҳам қилиб бердик, тўғри эмасми? Инсон ҳамиша сув оқиб чиқадиган энг баланд нуқтани топа олади ва сув ҳар қандай довондан ошиб ўтиб кетаверади.