Сув нима?

Олимлар бошқа сайёралардан ҳаёт излаганда, аввало, у ерда сув борми, деган саволга жавоб излашади. Биз сувсиз ҳаёт бўлмаслигини яхши биламиз.

Сув ҳидсиз, таъмсиз, рангсиз суюқликдир. У барча мавжудотлар таркибида, тупроқда ва ҳавода бўлади.

Тирик организмлар фақат сувда эриган озуқани истеъмол қилишади. Тирик ҳужайралар, асосан, сувдан таркиб топган. Сув таркибига нималар киради? У икки газнинг: ўта енгил водороднинг ва нисбатан оғир, фаол газ бўлмиш кислороднинг оддий бирикмасидир.

Водороднинг кислородда ёниши натижасида сув ҳосил бўлади. Аммо сувнинг характеристикаси уни ташкил этувчи элементларникига мутлақо ўхшамайди. Унинг ўзига хос хусусиятлари бор.

Сув ҳам бошқа кўплаб моддалар каби уч хил ҳолатда мавжуд бўлади: суюқ (одатдаги шакли), «муз» деб аталадиган қаттиқ ва «сув буғлари» дейиладиган газсимон ҳолатлари. Сувнинг ҳолати унинг температурасига боғлиқ.

Цельсий шкаласи бўйича 0 даражада сув суюқ ҳолатдан қаттиқ ҳолатга ўта ёки музлай бошлайди. Цельсий шкаласи бўйича 100 даражада у суюқ ҳолатдан газсимон ҳолатга ўта бошлайди. Бундай кўриниш ҳолатидан кўринмас ҳолатга ўтиш «буғланиш» деб аталади.

Агар иссиқ уйга бир бўлак муз олиб кирилса, у эрий бошлайди. Мабодо, уй анча иссиқ бўлса, муздан ҳосил бўлган сув халқобчаси йўқолиб кетади, яъни сув буғларига айланади. Сув совиганда, ҳажми кенгаяди.

Булоқлар атмосфера ёғинларидан сув олади. Ёмғир суви ер остига сизиб ўтади ва қирлар ёнбағри ёки тоғ этакларидан сизиб чиқа бошлайди.

Ер ости сувлари ҳам бор: улардан катта-катта бассейнлар ҳосил бўлади. Булоқлар шунга ўхшаш резервуарлардан сув тўкилиб турадиган тешикларга ўхшайди. Сувнинг таркиби у ўз йўлида дуч келадиган жинсларга боғлиқ. Булоқларнинг икки тури бор: минерал булоқлар ва термал (иссиқ) булоқлар. Иссиқ булоқларда, одатда, температура 20 даражадан баланд бўлади. Айрим дарёларнинг тубига сув сизади. Бир жойга тўпланган сув яна юзага оқиб чиқади. Бундай булоқлар карст булоқлар деб аталади.

Сув табиатда ҳеч қачон соф ҳолда учрамайди. Унинг таркибида эриган минерал тузлар, газлар, микроорганизмлар зарралари бўлади. Сув айланиб юради. Қуёш уни буғлантириб, денгизлар ва океанлардан ҳавога олиб чиқади. Сув буғлари булут бўлиб йиғилади ва ёмғир, туман, қор ёки шудринг ҳолида ерга, сувликларга қайта ёғади.