Спора нима?

Гуллайдиган ўсимлик уруғидан кўпаяди. Гули бўлмаган ўсимликлар спорадан кўпаяди.

Споралар бир ҳужайрали организмлардир. Уларни оддий кўз билан кўриб бўлмайди, фақат микроскоп ёрдамида кўриш мумкин. Споралар атрофимиздаги ҳавода ҳам мавжуд. Агар овқатнинг усти ёпилмай қолса, уни моғор босиб кетади ва биз унинг қаердан пайдо бўлишини биламиз. Спораларнинг ҳавода мавжуд айрим турлари овқатга тушиб, ўса бошлайди.

Замбуруғлар, қирққулоқлар ва йўсинлар споралар ёрдамида кўпаяди. Денгиз сувўтларини ҳам споралар ҳосил қилади.

Ўсимликларнинг споралари спорангий (спорадон) — улар ривожланадиган ҳужайра халтасида кўпаяди. Замбуруғнинг спорадони қалпоғи остидаги қобиқ қатлами ичида бўлади. Йўсинларнинг споралари поя тепасидаги шиллиқ ўсимтада урчийди.

Споралар етилгач, сочилиб кетади. Шамол уларни узоқ-узоқларга олиб кетади. Сув ўсимликлари споралари эса сувда сузиб, ҳар тарафга тарқайди. Уларнинг майда думчаси — киприкчалари бор. Улар зооспоралар деб аталади ва етилгач, ўсимликдан нарига оқиб кетади. Маълум бир вақт ўтиши билан тўхтайди ва думчасини йўқотади. Шунда ундан янги ўсимлик ўса бошлайди.

Айрим споралар ҳужайраларга бўлиниш йўли билан кўпаяди. Улар ҳужайра ичидаги ўсмада ривожланади. Ўсма ҳужайра ойнаси устида катталашиб боради ва ундан янги ўсимлик ўсиб чиқади. Бу жинссиз кўпайиш деб аталади, чунки бу ерда кўпайиш учун эркак ва урғочи ҳужайраларга бўлиниш талаб этилмайди.

Бошқа спораларнинг эркак ва урғочи ҳужайралари бор. Янги ўсимлик пайдо бўлиши учун эркак ва урғочи ҳужайралар бирикиши ва бир-бирини уруғлантириши керак. Айрим ўсимликларда авлодлар ҳам алмашиб туради: бир авлодда бир жинсли ҳужайралар, кейинги авлодда эса икки жинсли ҳужайралар бўлади.