Замбуруғлар бир-бирига мутлақо зид икки фойдали ва емирувчи вазифани адо этади ва инсонга жуда катта наф келтиради.
Замбуруғлар чиқиндиларни чиритади ва уларнинг ҳаддан зиёд тўпланиб қолишига монелик қилади. Улар тупроққа ўсимликлар учун зарур бўлган минерал тузларни ҳам қайтаради. Айрим замбуруғлар дори моддалар ишлаб чиқаришда қўл келади ва инсонга касалликларга қарши курашишда ёрдам беради.
Бошқа замбуруғлар эса ўсимлик ва жониворларни касалликка гирифтор қилади. Инсон доимо уларга қарши курашишга мажбур.
Замбуруғлар нима? Улар ўсимликларнинг бошқаларига қарам бўлган содда туридир. «Содда» деб атаётганимиз сабаби уларнинг на илдизи, на пояси ва на япроқлари йўқлигидир. Улар таркибида хлорофилл йўқлиги учун ҳам бошқа ўсимликларга боқиманда бўлади, яъни бошқа яшил ўсимликлар сингари углерод икки оксиди ва сувдан қанд ишлаб чиқара олмайди. Шунинг учун ҳам уларнинг ҳаёти яшил ўсимликлар ишлаб чиқарадиган озуқа моддаларига боғлиқ. Турли тузилмага эга бўлган кўплаб замбуруғ турлари ҳам бор. Уларнинг айримлари битта ҳужайрадан таркиб топган бўлади. Масалан, бактерия ва ачитқилар бир ҳужайрали замбуруғлардир. Бактерияларнинг ўртача узунлиги 0,005 мм. дир.
Шилимшиқ пўпанакли моғор замбуруғларнинг бошқа бир туридир. Унинг бошқа ўсимликлардан фарқи катта ҳажмдаги яланғоч протоплазмадан таркиб топганидир. Бу протоплазма чириётган ёғоч ёки бошқа бир ҳўл нарса юзасидаги ҳилвираган плёнкага ўхшайди. Бактерия, ачитқи ва пўпанакли моғордан бошқа замбуруғ турлари кўп миқдордаги рангсиз толалардан таркиб топган. Улар «мицелия» ёки замбуруғ танаси деб аталади. Тананинг ўсмалари ўзи ривожланадиган ва озуқа топадиган материалнинг ичига киради. Замбуруғлар ривожланиши ва озиқни ҳазм қилиши учун биринчи навбатда, сув керак. Шунинг учун ҳам улар қуруқ иқлим шароитларида ўса олмайди. Бизнинг қуруқ иқлим шароитимизда эса баҳор пайтлари ёмғир ёғиб ўтиши билан далаларда қўзиқоринлар пайдо бўлади. Қўзиқоринлар замбуруғларнинг бир туридир.
Нон ва нам газмолларни ишдан чиқарадиган моғор турлари ҳам замбуруғлардир. Моғорнинг айрим турларидан пишлоқ тайёрлашда, унга хушбўй ис беришда, дорилар олишда фойдаланилади.
Ейиш мумкин бўлган ва заҳарли замбуруғлар ҳам шу оилага мансуб. Бундай замбуруғларнинг замбуруғ танасидан таркиб топган асосий қисми ер остида кенг тарқалган. Замбуруғнинг ўзи спора ишлаб чиқарадиган замбуруғ танасининг бир қисми, холос. У юзага чиқишидан олдин ер остида тўла шаклланиб олган бўлади.