Одам ва ҳайвонлар танасида қон айланишига уни ҳайдайдиган кучли насос — юрак сабабчи бўлади. Шундай қилиб, организмнинг ҳар бир ҳужайраси ўз ҳаёт фаолияти учун зарур бўлган моддаларни олади. Дарахтнинг ҳар бир қисми ичдан озуқа моддалари эритмаси — ўсимлик шарбати билан ювилиб туради. Аммо ҳеч бир дарахтнинг юраги йўқ. У ҳолда қандай қилиб шарбат дарахт бўйлаб юқорига кўтарилади?
Фан то шу кунгача бу саволга аниқ жавоб бера олгани йўқ. Мавжуд назарияларнинг бирортаси ҳам бу саволга тўла ва аниқ жавоб бера олмаяпти. Шунинг учун олимлар, шарбатнинг дарахт бўйлаб баландликка кўтарилиши бир вақтнинг ўзида амал қиладиган бир нечта кучга боғлиқ, деган фикрни илгари суришмоқда.
Осмос босими назарияси кенг тарқалгандир. Барча тирик организмларда озуқа моддалар эритмаси ҳужайраларга юпқа қобиқ — мембрана орқали ўтади. Бунинг сабаби шуки, мембрананинг турли жойларида эриган моддалар миқдори турличадир, демак, физика қонунларига кўра, моддалар ҳамма жойда тенглашишга ҳаракат қилади. Шундай қилиб, моддаларнинг йиғилиши ҳар хил бўлган сари кўп миқдордаги суюқлик мембрана орқали ўтади.
Ўсимликлар ҳаёти учун зарур бўлган сув ва минерал тузлар тупроқда мавжуддир. Уларнинг таркиби, дарахтларнинг илдизидагига нисбатан зичроқ бўлгани учун осмос босими рўй беради. Ушбу босим эриган тузлари ҳам бўлган намликни дарахт ичига киришга мажбур этади. Шунинг натижасида шарбат илдиз бўйлаб юқорига кўтарила бошлайди ва япроқларгача етиб боради. Минерал тузлар эритмаларни ўтказаётган дарахтлар ҳужайраларида қолади. Ошиқча сув эса япроқлардан буғланиб кетади.
Бу борада бошқа бир фараз ҳам бор. Унга кўра, шарбат, биринчидан, буғланиш, иккинчидан эса, сувнинг «когезияси» натижасида тепага қараб оқади. Бир зарранинг бошқасига ёпишиб қолишига сабаб бўладиган куч когезия деб аталади.
Ушбу назарияга кўра, япроқлардаги сув буғланган пайтда уларнинг ҳужайрасида вакуум ҳосил бўлади ва у тупроқдаги намни тортиб ола бошлайди. Когезия эса тана бўйлаб юқорига кўтарилган сув зарраларини ушлаб туради. Бу ҳол оқимнинг узлуксиз бўлишига ёрдам беради.