Осмос нима?

Сув қандай қилиб илдиз орқали ўсимлик танасига етиб келади? Қандай қилиб ҳазм бўлган овқат ичакдан қон томирларига келиб тушади? Ваҳоланки, на ўсимликлар илдизида ва на ҳайвонлар ичагида бирорта ҳам тешик йўқ. Бундай жараён «осмос» деб аталади.

Бир идишда икки хил газ бўлса, тезда аралашиб кетади. Суюқликлар ҳам шундай. Масалан, бир томчи сиёҳ бир литр сувга томса, сувнинг ранги бир оз ўзгаради.

Осмос чоғида бирикиш жараёни мембраналар ёки ўсимликлар пўстлоғининг юпқа деворчалари ёки ичак девори орқали рўй беради. Мембраналар бирикиш жараёнини сустлаштиради, аммо тўхтатиб қўймайди. Осмос чоғида тирик организмларнинг мембраналари айрим моддаларни ўтказиши билан бир қаторда бошқаларини ушлаб қолади. Бу қисман моддаларнинг тузилишига боғлиқ. Олимларнинг фикрича, модданинг эриган зарралари мембрананинг молекулалари ўртасидан ўтади.

Эритма зарралари мембранага текканида, уни босади ва «осмос босими» ҳосил бўлади. Эриган модданинг зарралари кўп бўлган томонда осмос босими юқорироқ бўлади ва ҳаракат босим кучли томондан кучсиз томонга йўналади. Аммо ҳаракат ҳар иккала йўналишда ҳам содир бўлади, чунки мембраналар моддаларни ҳар иккала томонга ўтказади. Масалан, танамиздаги қон томир мембраналари моддаларни ҳар иккала томонга ҳам ўтказади. Шундай қилиб, ҳазм бўлган овқат қонга тушади, углерод икки оксиди эса қондан ўпкалар орқали чиқиб кетади.