Европаликлар Уйғониш давридан бошлаб, беш юз йил мобайнида Қадимги Юнонистон тарихини «инсониятнинг олтин асри», деб атаб келмоқдалар. Чиндан ҳам, антик маданиятда ҳозирги замон кишиларини ҳам ром этаётган кўплаб жозибали жиҳатлар бор. Булар — жамиятнинг оқилона тузилганлиги, инсон ва табиат уйғунлиги, кучли диний ҳиссиётдир.
Юнонлар ғоят диндор бўлишган. Уларда худолар кўп сонли бўлиб, бу худоларга, мисрликлардан фарқли ўлароқ, инсоний хусусиятлар бахш этилганди. Бу худолар мағрур ва ҳасадгўй, садоқатли ва дўстпарвар бўлишган. Бир сўз билан айтганда, улар ўзларини ўйлаб топган одамларга ўхшаш бўлишган. Юнонлар илмий билимларни ғоят қадрлашган, бу ҳолат ҳатто уларнинг авлодларини ҳам ҳайратга солган. Юнонлар, айниқса, астрономия билан қаттиқ қизиқишган.
Энг машҳур юнон олимларидан бири Архимед бўлган. У жисмларнинг сузиш қонунини кашф этди ва бу қонун кейинчалик унинг номи билан «Архимед қонуни» деб юритила бошлаган. Пифагор (шарқда — Фисоғурс) энг йирик математик, ёки ўша давр тили билан айтганда, геометр бўлганди.
Эрамиздан аввалги бутун бешинчи аср давомида юнонлар орасида билимга чинакам интилиш мавжуд бўлган. Геометрия ва перспектива қонунларидан ибодатхоналар қурилишида фойдаланилган. Шунинг учун ҳам кейинчалик яшаб ўтган меъморлар уларнинг ишларини классик, яъни намунали иш деб эътироф этишган.
Қадимги ёзувчилар — Эсхил, Софокл ва Еврипидларнинг ҳам асарлари машҳурдир. Улар ўз пьесалари билан шуҳрат топишган. Буюк юнонлар орасида тарихчи Геродот ҳам бор эди. Авлодлар унга «тарих фанининг отаси» деб ном беришган.
Қадимги юнон файласуфи Суқрот (Сократ) инсониятга ўз-ўзини англаб етишни тавсия этганди. Унинг тадқиқотларини шогирди Афлотун (Платон) давом эттирган. Арасту (Аристотел) ҳам қадимги даврнинг Буюк файласуфи бўлган.