Спартанча тарбия нима?

Эрамиздан аввалги саккизинчи асрда Юнонистон шаҳарларидан бири — Спартада жангари дорийлар қабиласи яшаган. Уларни, истиқомат жойлари номидан келиб чиқиб, спарталиклар деб ҳам аташган. Улар қўшни ҳудудларга босқинлар қилиб, у ерларда яшайдиган қабилаларни қул қилишарди. Кўплаб ҳарбий юришлар дорийлар — спарталиклардан катта куч ва чидамлилик талаб қиларди. Ўшанда Спартада болаларни жисмоний тарбиялашнинг алоҳида тизими юзага келди.

Спарталик барча ўғил ва ўомир болалар ёшига кўра отрядларга бўлинган. Бу отрядларда болалар тарбияси жуда қаттиқ бўлган. Бунда ягона мақсад — барча спарталик болаларни кучли ҳамда жисмоний жиҳатдан чиниққан қилиб тарбиялаш мақсади қўйилганди. Зотан, бу талаб ўғил болаларга ҳам, қиз болаларга ҳам бирдек қўйиларди. Чунки келажакда шу қизлар соғлом она бўлмоғи лозим эди.

Қадимги юнон тарихчиси Плутарх ўғил болаларни тарбиялаш тизимини қуйидагича тасвирлайди: «Уларнинг саводи фақат зарур даражадагина чиқариларди, қолган ишларда эса тарбия сўзсиз бўйсуниш, ҳар қандай муҳтожликка матонат билан чидаш ҳамда рақибдан устун келишга қаратиларди. Ёши катта бўлган сайин талаб кескинлашиб борарди: ўғил болаларни сочи қисқа қилиб олинарди, улар яланг оёқ югуришарди, яланғоч ўйнашга ўргатиларди. Ўн икки ёшдаёқ улар хитон киймай юришар, бир йилда бир марта устки кўйлак олишарди. Ҳаммом ва баданга хушбўй моддалар суртиш улар учун ёт эди — спарталик болалар бу неъматдан бир йилда бор-йўғи бир неча кун баҳраманд бўлишарди. Отрядларда, биргаликда ухлашар, бунинг учун Эврот соҳилида қўл билан синдирилган қамиш поясидан ўзлари тўшак тайёрлашарди».

Болалар жисмоний тайёргарлик сабоқларини нечоғли ўзлаштирганликларини аниқлаш мақсадида, Спартада махсус байрамлар уюштириларди. Бу байрамларда улар ўзлари қўлга киритган ютуқларни намойиш этиб, ҳақиқий эронлик даражасига етишганини, катта ёшли жангчилар сафига киришлари мумкинлигини исботлашлари даркор эди.

Байрамлар Орфиядаги қадимий унумдорлик маъбудаси Артемида ибодатхонасида ўтказиларди. Маъбуда шарафига уюштирилган бу байрамларда йигитларнинг бир гуруҳи бошқа гуруҳ қўриқлаётган пишлоқни олиб қочиши лозим эди. Ким шу ишни бажаролса, ғолиб деб эълон қилинарди.

Шундан кейинги даврларда маъбуда Артемида шарафига уюштирилган байрамларда йигитлар анча оғир синовларга бардош бериб, ирода ва матонатларини намойиш этишга мажбур бўлганлар. Уларни қамчи билан савалашарди. Савалаш вақтида бирон марта ҳам инграмаган йигитлар синовдан ўтган ҳисобланарди.