Полис деб жамият қурилишининг ўзига хос шаклига айтилади. Мазкур давлат шакли Қадимги Юнонистонда бизнинг эрамиздан аввалги 12 асрда пайдо бўлган. Полис эркин фуқароларнинг бирикмасидан иборат бўлган. Унинг таркибига нафақат бирор-бир касб-ҳунар эгалари, балки деҳқонлар ҳам киритилган. Хусусий мулки бўлган ҳар қандай фуқаро Полис аъзоси бўлиш ҳуқуқига эга бўлган.
Дастлабки Полислар деҳқон ва ҳунармандлар яшайдиган қишлоқларда уруғ- аймоқчиликка асосланган бирлашма сифатида пайдо бўлган. Полиснинг барча аъзолари бир ҳуқуқларга эга бўлган, шунинг учун деҳқончилик учун яроқли ер майдонлари уларнинг ўртасида тенгма-тенг тақсимланган.
Полисни оқсоқоллар кенгаши бошқарган, бироқ энг муҳим масалалар Полис аъзоларининг умумий мажлисларида ҳал этилган.
Тахминан эрамиздан аввалги 6 асрлардан бошлаб катта шаҳарлар ҳам полислар деб атала бошланган. Уларда оқсоқоллар кенгаши билан бир қаторда ҳарбий сардорлар — басилейлар ҳам сайланган. Бу сайловларни ўтказиш учун халқ мажлиси махсус майдон — агорга тўпланганлар. Бу ерда нотиқлар учун махсус супалар тайёрлаб қўйилган.
Полисда яшаган, бироқ унинг аъзоси бўлмаган эркин фуқаролардан, махсус солиқлар олиниб, бу маблағлар полисни қўриқлайдиган жангчиларни боқиш ва ҳарбий жиҳатдан таъминлаш учун сарфланган.
Полис кейинчалик, қад ростлайдиган демократик давлат учун амалий негиз вазифасини ўтади.