Кўзойнакли шоҳилон гарчи Жанубий Хитой, Ҳиндихитой ва Филиппинда яшаса-да, уни Ҳимолай ва Ганг каби Ҳиндистоннинг рамзи ҳисоблашади. Дунёдаги энг катта заҳарли илон (унинг бўйи беш метргача етади) ботқоқзор чакалакларда, тоғларда, чой ва кофе плантацияларида учрайди. У ақлли ва эҳтиёткор бўлиб, фақат қутилиш чоралари қолмаган пайти ҳужум қилади.
Ҳиндистон ҳукумати 1972 йили кўзойнакли шоҳилонни қирғиндан асраб қолиш мақсадида махсус қарор қабул қилди. Мамлакатнинг марказий ва жанубий қисмларида рептилиялар учун махсус қўриқхоналар ташкил этилган.
Ҳиндистонда илонларга сиғиниш русуми бўлмаганда, бу тадбирларнинг ёрдам бериши гумон эди. Ахир айнан етти бошли кўзойнакли шоҳилон Шеш Нага илоҳа Вишнуни муҳофаза қилади ва абадиятнинг афсонавий сут уммони ўртасида йўл кўрсатади. Вишну ибодатхоналарида кўпинча доира ичида, унинг улкан кийимлари соясида турган илон тасвирланади. Илоҳа Шиванинг узун сочларида ҳам унинг магиявий кучи рамзи бўлган илонни кўриш мумкин. Бошқа илоҳалар илонларга қўшилган араваларда кетаётган бўлади.
Ҳиндлар таъкидлашича, илонлар орасида фақат кўзойнакли илон «мусаффолик» ва «муқаддаслик»ка эга, у муқаддас муножотлар — мантраларни тушунади, унинг кўмагида илон хулқини бошқариш мумкин. Улар унинг «донишманд»лиги ва хонадонларга бахт келтиришига ишонадилар. Халқ эртакларида у маҳоражларнинг ертўлалари ва ташландиқ саройларига яширинган бойликларни қўриқлаб турадилар.
Ҳиндлар унинг шарафига махсус байрам нишонлайдилар. Аёллар эрталабданоқ уйлари девори ва остоналарига турли рангдаги илонларнинг расмини чизишади. Ибодатхоналарда гуруч, кокос ва бананлардан назру ниёзлар тайёрлашади ва улар шу ерга олиб келинган тирик илонлар олдига қўйилади. Кўзойнакли илонлар ўрнашадиган чумоли инлари гуллар маржони ва хушбўй пасталар билан безатилади. Морбозлар аввалига илонларни ибодатхона олдидаги сут, асал ва бошқа мазали таомлар қўйилган майдонга келтиришади. Расм-русумлар тугагач, одамлар илонлар «шоу»сини кўриш мақсадида шаҳар майдонига йўл оладилар. Эркаклар бир қўлига илон думи ва бошқасига кўзойнакли илон бошини кўтарадиган таёқча олишади. Кимнинг илони бошини баланд кўтарса, ўша одам ғолиб саналади. Энг «баланд» кўзойнакли илонга ҳам мукофот топширилади. Болалар ҳеч бир таҳликасиз катта-катта питонларни бўйинларига ўрашади. Улар жуда эрта илон овлашга ўргатилади. Байрам пайти илонларга зарар етказилмайди. Яқин вақтларга қадар чироқлар илонлар асабини бузади, деган фикрда расмга олишни тақиқлашган эди. Байрам сўнггида кўзойнакли шоҳилон қаердан тутилган бўлса, ўша ерга қўйиб юборилади.