Дунёда энг катта илон қайси?

Илонларнинг 2000 дан ошиқ тури бор. Бу жониворлар одамларда ғоят салбий туйғулар уйғотганки, натижада улар ҳақида жуда кўп хато фикрлар юзага келган. Гоҳида улкан, 18—21 метр келадиган қўрқинчлилари ҳам бор деб гапиришади.

Тўғрисини айтганда, илонлар ҳеч қачон бу қадар узун бўлмайди. Энг катта илон шоҳ питонидир, унинг бўйи 10 метрга яқин келади. (Буни ёрқин тасаввур этишингиз учун шу ўринда хонангиз бўйини ўлчаб кўринг!) Улар Малакка ярим оролида, Бирма, Ҳиндихитой ва Филиппин оролларида яшайди.

Жанубий Америка тропикларида яшайдиган анаконда катталиги жиҳатдан иккинчи ўринда туради. Унинг бўйи 7 метр чиқади. Буни ҳеч қачон қисқа, дея олмайсиз. Кейингиси Ҳиндистон ва Малакка ярим оролида кун кечирадиган ҳамда бўйи 6—7 метр келадиган ҳинд питонидир. Африка қоя питонининг бўйи ҳам тахминан шунча келади. Австралия ва Янги Гвинеяда яшайдиган олмос питон 6,5 метргача ўсади.

Ана энди биз баъзи сабабларга кўра, одамлар дунёдаги энг узун илон, деб ҳисоблайдиган илон ҳақида тўхталамиз. Бу — бўғма илон, афсуски унинг бўйи базўр 5 метрга етади. У Мексика жанубида, Марказий ва Жанубий Америкада яшайди.

Шоҳ илонлар оиласидан бўлган кўзойнакли илон 5,5 метргача ўсиши мумкин. Хўш, Қўшма Штатларда яшайдиган илонларнинг энг узуни қайси? Бу, албатта, шарқий олмос шақилдоқ илонидир. Унинг бўйи 2 метр келади. АҚШда яшайдиган бошқа илонларнинг ҳам бўйи нари борса 2 метрга етиши мумкин.

Айтганча, гарчи шоҳ питони илонлар орасида энг узуни бўлгани билан оғир эмас. Анаконда 160 килограмм тош босиши мумкин, бу энг оғир питондан ҳам 45 килограмм кўпдир.

Заҳарли илонлар орасида энг узуни кўзойнакли шоҳ илон бўлса, энг оғири олмос шақилдоқ илондир.