Одамларнинг ҳам, ҳайвонларнинг ҳам тузли овқатга, озиққа ўчлиги жонли табиатнинг энг ажиб сир-синоатларидандир.
Биз инсон минг йиллар мобайнида тузни қадрлаб келганини ва ундан таом тайёрлашда фойдаланганлигини биламиз. Қадимий Мексикада туз шунчалар зарур маҳсулот ҳисобланганки, ҳар йили гўзал қизлардан бири туз худоси шарафига қурбонлик қилинган. Қамоқхонада ўтирган маҳбусга тузсиз овқат берилганда, у туз етишмаслиги сабабли ақлдан озганлиги ҳақидаги маълумот ҳозирги кунда кўпчиликка маълум.
Организмда айланиб юрувчи суюқлик — бу туз эритмасидир. Танамиз турли йўллар орқали маълум миқдордаги намликни чиқариб туради, шу туфайли организм тузни ҳам йўқотади, бу йўқотишлар қопланиши керак бўлади.
Ер юзида тузнинг захиралари қуйидагича тақсимланган, яъни унинг катта миқдори океан сувида бўлиб, қуруқликдаги захираси нисбатан кўп эмас. Ўсимликлар таркибидаги туз арзимаган миқдорда бўлади. Тупроқдаги тузларни эса ёмғир сувлари ювиб, аввал дарёга, сўнг денгиз ва океанларга элитади.
Қуруқликда яшовчи ҳайвонлар қачонлардир денгиз ҳайвонларидан тарқалган. Улар танасидаги сув ўз аждодлари танасидагининг айнан ўзи ва денгиз сувига ўхшашдир! Ўсимликлар ҳам, тупроқ ҳам уларни етарли миқдордаги туз билан таъминлай олмайди, шу боис улар ҳар қандай тузли озиққа очкўзлик билан ташланади.
Фақат йиртқич ҳайвонлар, яъни бошқа ҳайвонларни тутиб ейдиганлар тузга ортиқча эҳтиёж сезмайди: улар туз билан ўз қурбонлари гўшти эвазига таъминланади. Ўтхўр ҳайвонларнинг аксарияти эса, аксинча, тузни жуда хуш кўради.