Ҳидлар тили нима?

Ҳайвонлар ҳидлар тилини билган ҳолда туғиладими ёки уни вақти келиб ўрганадими? Бу масалада биологлар ўртасида якдил фикр йўқ. Тажриба кўрсатишича, масалан, оддий сичқонда феромон хотира ғоят даражада кучли, у оиланинг ўнлаб аъзолари тўғрисидаги ахборотни ёдида қаттиқ тутади.

Шу ўринда қизиқарли бир тафсилот ҳақида тўхталамиз: сичқонлар оёқ панжаларидаги жинсий безлар дактилоскопик (бармоқ изларига қараб аниқланадиган) нақшларни ҳосил қилади. Улардан сичқонлар ҳиди келиб турган из эгасинигина эмас, балки унинг қаёққа йўл олганлигини ҳам бехато аниқлай олади.

Шундай ҳам бўладики, қандайдир муайян безларнинг сигналлари ҳайвонни таниб олишга ёрдам беради. Масалан, қуёнларда секрет, яъни чов безининг таркиби оила аъзоларига: «Бу мен, бошқа ҳеч ким эмас!» — деб айтиб туради. Изюбрлар (Шарқий Сибир буғулари), аксинча, айни бир хилдаги феромонларга эга бўлади, бу уларда оилавий ўхшашликка олиб келади. Демак, феромонлар хусусияти авлоддан авлодга ўтади.

Олимлар бир қопқон ичига каламуш ва сичқонни бир неча соат қўйиб, тажриба ўтказишган. Сўнгра уларни чиқариб юбориб, қопқонни очиқ қолдиришган. Бу қопқонга узоқ муддат бошқа ҳайвонлар кирмаган. Асирлар бу ерда «Эҳтиёт бўл!» сигналига оид ҳидли из қолдиргани эҳтимолдан холи эмас.

Хавотир феромони буғуларда ҳам аниқланган. Буғулар хавфни сезиб, думларини кўтариб қочар экан, «кўзгу» аталмиш оқ доғларини кўрсатганча ўзига хос йўналиш беради. Аммо ўрмонда бу сигналнинг ўзи кифоя қилмайди. Ана шунда феромонлар ёрдамга келади, чунки буғу думининг каттагина қисмини безлар эгаллайди.

Қарши ҳаво оқими кўтарилгани заҳоти думга урилиб, унинг сатҳида секретнинг буғланишини тезлатади ва югуриб келаётган буғу ортида хавотир феромони ёйилиб кетади. Бу модданинг нималиги ҳали аниқланган эмас.

Олимлар унинг формуласини билмайдилар. Безлар секретини ташкил қилувчи компонентлар орасида хавотир феромони жуда кам миқдорда тўпланади.