Бутун Коинот бўйлаб сочилиб кетган юлдузлар ғуж-ғуж тўпланган ерлар галактика деб аталади. Бизнинг Қуёш эса Сомон Йўли галактикасидаги юлдуздир. Ушбу галактикада ҳам миллиардлаб юлдузлар бор. Ёруғлик галактикамизнинг бир бурчидан иккинчи бир бурчига етиб бориши учун, тахминан, юз минг йил керак бўлади. (ёруғлик бир йилда 9 500 000 000 000 километр масофани босиб ўтади!)
Мунажжимлар телескоплар ёрдамида бизнинг галактикамиздан бошқа яна миллионлаб галактикалар борлигини аниқлашган. Бизга маълум галактикаларнинг 3 тури маълум. Сомон Йўли каби спираль кўринишига эга бўлган галактикалар спиралсимон галактикалар деб аталади. Уларнинг энг яқини, тахминан, Ердан икки миллион ёруғлик йили узоқликда жойлашган. Бу Андромеда буржидаги катта спиралсимон галактикадир. Кузатиладиган энг ёрқин галактикаларнинг 17 фоизга яқинини эллипссимон галактикалар ташкил этади (эллипс чўзинчоқ айланадир, яъни тухумга ўхшайди). Бундай галактикалар, асосан, юлдузлардан ташкил топгандир. Уларда газ ва чанглар оз миқдорда бўлиши ёки, умуман, бўлмаслиги ҳам мумкин. Баъзи галактикалар нотўғри галактикалар деб аталади, чунки уларнинг муайян шакли йўқ. Бундай галактикалар юлдузлардан, чанг ва газлардан ташкил топгандир. Сомон Йўлига энг яқин икки галактика нотўғри галактикалар туркумига мансуб.
Шу билан бир қаторда, бир нечта кичик галактикалар ҳам мавжуд, улар «миттивойлар» деб аталади. Улардан энг кичикларининг ўлчами бир неча юз ёруғлик йилига тенг бўлиб, бир неча минг юлдузлардан ташкил топган.
Коинотда катта галактикаларга нисбатан «миттивойлар» кўп бўлиши эҳтимолдан холи эмас.
Галактикалар бир-биридан юз минглаб ёруғлик йили узоқда жойлашган. Улар, одатда, гуруҳ-гуруҳ ёки кластерлар ҳолида мавжуддир. Гуруҳ ёки кластерлар бир неча ўндан тортиб кўп минг галактикалардан иборат.
Кузатиш мумкин бўлган энг узоқ кластерлар бизнинг Сомон Йўли галактикамиздан триллионлаб ёруглик йили олисда жойлашган.
Ердан шу даражада узоқ галактикалар борки, уларгача бўлган масофани тасаввур қилишнинг ўзи ниҳоятда қийин. Шунинг учун ҳам: «Коинотда нечта галактика бор?» деган савол жумбоқлигича қолаверади.