Туманлик нима?

Агар китобларда катта спираль, гирдоб ва булут кўринишидаги тасвирларга кўзингиз тушган бўлса, шунга ўхшаш манзарани осмонда ҳам кўраман, деб овора бўлиб юрманг. Аксарият туманликларни телескоп ёрдамисиз кўриб бўлмайди. «Туманлик» сўзининг пайдо бўлишига сабаб мунажжимлар авваллари заиф телескоплар билан осмонни кузатишганда, уларнинг кўзига олисдаги ғуж-ғуж юлдузлар ёки чанг ва газлар туманли доғлар бўлиб кўринган.

Туманлик икки хил бўлади: галактика туманлиги, галактикалардан ташқаридаги туманлик. Галактика туманлигини бизнинг галактикамизда (Сомон Йўли) ҳам кўриш мумкин. Улар чанг ва газдан иборат. Галактикалардан ташқаридаги туманликлар бизнинг галактикамиздан ташқарида жойлашган. Улар, асосан, юлдузлардан иборат.

2 мингга етар-етмас галактика туманликлари бор. Демак, сизу бизга маълум бўлган туманликларнинг аксарияти бизнинг галактикамиздан ташқарида жойлашган. Уларнинг миқдори қанча? Сомон Йўлидан ташқаридаги фазода миллионлаб туманликлар бўлиши мумкин.

Галактикалардан ташқаридаги туманликлар «коинот оролчалари» ёки «галактикалар» деб аталади. Бунинг маъноси шуки, агар кимдир бизнинг галактикамизни ҳам ўша томонлардан кузатса, у ҳам туманликка ўхшаб кўринган бўлур эди.

Галактикалардан ташқаридаги туманликлар турли хил кўринишларга эга. Баъзилари — нотўғри ёки эллипс шаклида. Уларнинг аксарият кўпчилиги спиралсимон туманликлардир. Бизнинг галактикамизга ўхшаш спиралсимон галактикалар кўплаб юлдузлар, катта газ булутлари ва чанг билан тўлган бепоён минтақалардан иборат. Одатда, туманликнинг ядроси бўлади ва ундан спираль шаклидаги шохлар атрофга тарқалади. Андромеда туманлиги Ерга энг яқин, энг бепоён ва энг ёрқин туманликдир. У бизнинг Қуёшга нисбатан 1 500 000 000 марта кўп ёруғлик ажратиб чиқаради!