Картошка дастлаб қаерда пайдо бўлган?

Картошка деганда кўпчиликнинг кўз олдига Ирдандия келади. Бунинг муайян сабаби бор. Картошка Ирландия тарихида катта роль ўйнаган. Бу мамлакат аҳолисининг ҳаёти юз йиллар муқаддам маълум маънода асосий озиқ-овқат маҳсулоти картошкага боғлиқ бўлган. 1846 йили бутун картошка ҳосили йўқ қилиб ташлангани учун 600 000 киши очликдан қирилиб кетган. Аммо Ирландияда суюкли сабзавот сифатида қадрланган картошканинг асл ватани бошқа жой, яъни Эквадор ва Перудаги баланд тоғликлардир. Ҳатто бугунги кунда ҳам у ерларда ёввойи ҳолда ўсаётган картошкани учратиш мумкин. Испанлар Перуга келишганида, картошкага дуч келишган ва уни ўзлари билан XVI асрнинг бошларида Испанияга олиб қайтишган. У Испаниядан бутун Европага тарқалган ва ҳамма хуш кўриб истеъмол қиладиган сабзавотга айланиб қолди. Айрим кишиларнинг фикрича, испанлар картошкани дастлаб Шимолий Америкага олиб боришган. Аммо у 1719 йили Нью-Хемпшерга Ирландиядан олиб келингани тўғрисида маълумотлар бор.

Картошка итузумгуллилар оиласига мансуб. Картошка йўғонлашган илдиздир. Унинг «кўзчалари» эса ривожланмай қолган куртаклардир.

Бугунги картошка ўзининг Жанубий Америкадаги аждодидан кескин фарқ қилади. Ундаги ўзгаришлар турли ишлов бериш усуллари ёрдамида вужудга келган. Картошка ўстирган ҳар бир киши унинг сифатини ошириш устида тинмай иш олиб боради. Одамлар ҳамиша картошканинг ҳосилдор, касалликларга чидамли, узоқ сақланадиган, ранги таъбга ўтирадиган турларини ишлаб чиқаришга интилиб келган. Шунинг учун ҳам картошканинг энг яхши туганаклари уруғликка танлаб олинган.

Картошка уруғдан эмас, туганаклардаги «кўзчалар» — куртаклардан кўпаяди. Бу куртаклар нишга айланади. Картошканинг оқ ёки бинафшаранг нишлари бўлади. Картошка бутасининг бўйи 30 — 90 см. га етади. Унинг пояси сўлиб қолгач, ҳосилини йиғиштириб олиш мумкин.

Картошка овқатга ишлатилади, ундан крахмал ишлаб чиқариш ва спирт олишда фойдаланилади.