Илк рептилиялар қачон пайдо бўлган?

Илк рептилиялар Ер устида 300 000 000 йил бурун сайру саёҳат қилиб юрган. Ўша замонларда қуруқликда яшовчи ҳайвонлар орасида энг каттаси амфибия бўлган. Аммо улар тухумини сувга қўйган.

Илк рептилиялар амфибияларга ўхшаб кетса-да, тухумини қуруқликка қўйган. Уларнинг насллари ўпка ва оёққа эга бўлган, ҳаводан нафас олган. Улар ўрмонлар захликларида тентираб юрган ва ҳашаротларни тутиб еган.

Кейинроқ рептилиялар жуссали ва кучли бўла борган. Улар сиртдан калтакесак ва тошбақаларга ўхшаган. Шунингдек, калта думли, йўғон оёқли ва боши катта рептилиялар ҳам яшаган.

Калтакесакка ўхшайдиган, аммо орқа оёқларида юра оладиган илк рептилия турларидан бири ўз авлодлари учун жуда эътиборли иш қилган.

Мана шу махлуқлардан рептилияларнинг янги бир тури урчиди. Уларнинг айримларида қанот бор эди. Бошқалари пат чиқарди ва иссиққон бўлди. Рептилияларнинг айрим турларидан тимсоҳ ва илк динозаврлар урчиди.

Бир вақтлар рептилиялар Ерда яшовчи асосий ҳайвонлардан эди. Миллионлаб йиллар орасида рептилияларнинг анчагина қадимий турлари қирилиб кетди. Бунинг қандай юз берганини исбот этувчи турли назариялар юради. Асосий сабаб, айни ҳайвонларнинг яшашига Ерда муҳит ва иқлимнинг ўзгариб кетиши имкон бермаган, деб кўрсатилмоқда. Ботқоқликлар қуриб қолган, рептилиялар эса қуруқликда яшай олмаган. Уларнинг озуқаси ҳам тамом бўлган. Иқлим иссиқ ёздан совуқ қишга алмашинадиган мавсумийлик касб этган. Кўпгина рептилиялар бундай ўзгаришларга мослаша олмаган ва натижада қирилиб кетган.