Ҳам ерда, ҳам сувда яшовчилар нима?

Ҳам ерда, ҳам сувда яшовчиларнинг яна бир номи амфибиялардир. Бу сўз юнончада «икки ҳаётда ҳам яшайдиганлар» маъносини беради. Ҳам ерда, ҳам сувда яшовчилар ҳаётининг аввалини сувда, кейин қуруқликда ўтказадилар.

Ҳам ерда, ҳам сувда яшовчиларнинг уч гуруҳи мавжуд: улар қурбақалар, саламандрлар ва чувалчанглардир. Тритон (калтакесаксимон жонивор)ларнинг кўп тури саламандрларга мансуб. Чувалчанглар уяларда яшайдиган махлуқ. Уларнинг на думи, на оёғи бор, кўзи эса кўрмайди.

Ҳам ерда, ҳам сувда яшовчиларнинг 1040 дан зиёд тури бор. Уларнинг ҳаммасининг бўйи бир метрга етмайди, фақатгина Японияда яшайдиган саламандрнинг бўйи 1,5 метр чиқади.

Қурбақалар анча тез ҳаракат қилса-да, ҳам ерда, ҳам сувда яшовчилар на кучи, на ҳаракати билан ажралиб туради. Хилватда яшашга мойиллик ва кўзга ташланмайдиган ранг уларнинг ҳимоя воситасидир. Бундан ташқари, ҳам ерда, ҳам сувда яшовчиларнинг деярли барчаси тери безларидан заҳарли модда ажратиб чиқаради ва бу ўзларини душманларидан муҳофаза этишга хизмат қилади.

Ҳам ерда, ҳам сувда яшовчилар вояга етгач, аксариятида ўпка пайдо бўлади, аммо улар териси ёрдамида ҳам нафас оладилар. Ҳам ерда, ҳам сувда яшовчилар об-ҳавоси иссиқ ва мўътадил бўлган жойларда яшайди. Одатда, улар шўр сувларда ҳаёт кечирмайди.

Гарчи ҳам ерда, ҳам сувда яшовчиларнинг вояга етганлари қуруқликда яшаса-да, урчиш даврида сувга қайтади. Улар шу ерга тухум қўяди ва дунёга келган янги авлод итбалиқ мисоли, асосан ўсимликлар билан озиқланиб, шу ерда ҳаётининг бошлангич қисмини ўтказади.

Ҳам ерда, ҳам сувда яшовчиларнинг айримлари ўз тухумларини анча ғалати тарзда қўриқлайди. Бразилия қишлоқларида яшайдиган қурбақанинг модаси тухум қўйиш учун лойдан уя ясайди, айни вақтда эркаги вақ-вақ қилиб ўтиради. Суринам чўлбақаси тухумини елкасида сақлайди. Ҳам ерда, ҳам сувда яшовчиларнинг айримлари сувда ҳеч бир муҳофазасиз, одатда, юзлаб уруғ қўяди ва уларни бир чизиққа улаб чиқади ёки бир жойга уюб, устини ёпишқоқ модда билан суртиб қўяди. Оз уруғ ташлайдиганлари ўз насли ҳақида қайғуради.