Олимлар ҳашаротларнинг бир-бири билан ҳид ёрдамида гаплашишини анчадан буён тахмин қилишарди. Бироқ феромонни кашф этиш немис биокимёгари Адольф Бутенандтга насиб этди.
Ўттиз йил олдин у феромон — тўрт миллиграмм оғирликдаги қимматбаҳо ёғли суюқлик ажратиб олишга эришди ва бу модданинг кимёвий таркибини аниқлашга муваффақ бўлди. Бугунги кунда биргина ҳашаротларда юздан ошиқ феромонлар мавжудлиги маълум. Уларнинг таркибида турли кимёвий моддалар бор. Умуман олганда, ҳашаротларнинг ҳид тилини билиши эътиборга лойиқдир. У капалаклар, қўнғизлар, капалакқуртлар, ниначилар, хонқизилар, искабтопарлар, умуртқасизлар синфининг бошқа судралувчи ва қанот қоқувчилар вакиллари ҳатто феромон аралашмаси жуда кам бўлган, бир неча чақирим наридан юборилган кимёвий сигналга сўзсиз итоат этадилар.
Феромонлар анча кучли бўлади. Улар ҳашаротларни ўзига жалб этиши ва қўрқитиши, бир жойга тўпланишга ёки бир-биридан узоқлаштиришга мажбур этиши, шулар баробарида эгаллаб турган жойини қўриқлаши ва овқат топиши, «ўзлариники» ва «бегоналар»ни таниб олиши, авлоддошларининг жинси ва ёшини билиб олишига ёрдам беради.
Ҳашаротлар гаплашадиган ҳид тилини билиш уларнинг хулқ-атворини, стресс (ҳаяжон)ини, ички турлараро зиддиятларини яхшироқ тушуниб олишда қўл келади. Бундай тадқиқотлар фойдали турларини сақлаб қолиш, зарарли турларини чегаралашда ёрдам беради. Масалан, олимлар олма, олхўри ҳамда шарқ капалаги, ғўза қуртининг феромонларини синтез қилишга эришдилар ва уни зарарли ҳашаротларга қарши курашда муваффақиятли қўлламоқдалар.