Олимлар дунё оддийгина ҳидлар билан эмас, балки ҳид-сигналлар билан тўлалигини аниқлаганлар. Ҳар сонияда ҳавода сон-саноқсиз даъватлар, ваъдалар, эътирозлар, огоҳлантиришлар ҳар томонга тарқалади. Айтиш лозимки, ахборот алмашишнинг кимёвий йўли — қадимийлардан бири, балки ҳатто энг қадимийсидир.
Ҳозирги кунда тирик организмлар ўзига феромонлар — махсус кимёвий моддалар молекулалари тарзида етиб келаётган ҳидларни илк бор қачон пайқаб олганлигини ҳеч ким аниқ айтолмайди. Балки бу ҳаётнинг пайдо бўлиш тонгида, ҳайвонлар жаҳон уммонидан судралиб чиқаётган кундан ҳам кўп минг йиллар олдин содир бўлгандир. Олимлар феромонларни бир ҳужайрали организмларда, сув ўсимликларида, қўзиқоринларда, баланд бўйли ўсимликларда ҳам борлигини аниқлашган.
Алоқанинг кимёвий йўли нафақат энг қадимийси, балки энг универсали ҳамдир. Бу ўзига хос мактуб бўлиб, кўпинча йўлланган манзилидан кўра қайтувчи манзили аниқ бўлади. Агар бу бўлмаса, хизмат итлари жиноятчиларни қандай тутган бўларди? Мана, «кимёвий» почтанинг яна бир фазилати. Товуш — ҳайвон учун шу вақтда содир бўлаётган ҳодисалар тўғрисидаги сигналдир. Кўриш орқали бўлиб ўтган воқеаларнигина билиш мумкин. Демак, фақат ҳид ҳайвонга ҳодисадан кейин ўтган вақтни билдириши мумкин.