Улар ўртасида ҳеч қандай фарқ йўқ. Фан тилида «қурбақасалла» деган замбуруғ тури йўқ. Одамлар заҳарли замбуруғларни қурбақасаллалар деб атайди. Ботаниклар учун бу атама ҳеч бир илмий қимматга эга эмас. Улар учун ейишли ёки биз қурбақасалла деб атайдиган заҳарли замбуруғлар ўртасида ҳеч қандай фарқ йўқ.
Замбуруғлар тўғрисидаги тасаввурларнинг аксарияти янглишдир. Заҳарли замбуруғ турлари жуда оз. Аммо улар еган кишини ўлдиради. Шунинг учун ҳам замбуруғни, заҳарли ёки заҳарсиз эканини тўла билиб олмагунча, емай турган маъқул.
Одамлар замбуруғларнинг заҳарлилигини ҳамиша ҳам тўғри аниқлай олмайди. Масалан, соябонга ўхшаш замбуруғларнинг барчаси заҳарли деган қараш унчалик тўғри эмас. Мабодо, пиширилаётган замбуруғларни қўзғаб турган кумуш қошиқ қорайиб қолса, бу ўша замбуруғларнинг заҳарли эканини билдирмайди. Бундай қараш ҳам нотўғри.
Пушти пластинкали замбуруғлар ейишли, деган янглиш фикр ҳам бор. Унинг пайдо бўлишига сабаб бўлган ҳол икки хил ейишли замбуруғ турининг қалпоғи остида пушти пластинка мавжудлигидир, энг заҳарли замбуруғларнинг эса оқ пластинкаси бор. Аммо бу тафовут унчалик кўзга ташланиб турмайди. Бундан ташқари, кўпгина ейишли замбуруғларнинг пластинкалари пушти рангда ҳам эмас. Англияда заҳарли замбуруғларнинг «ўлик қалпоқ» деб аталадиган биргина тури бор. Замбуруғ дастлаб ерга кўмилган тухумга ўхшайди, сўнгра қора марказли ва оқ оёқли зайтунсимон ёки кўкимтир-сарғиш қалпоқчага айланади.
Заҳарли замбуруғлар уни еган кишини муҳаррар ўлдиради. Император Нерон бир гуруҳ меҳмонларни замбуруғлар билан заҳарлаб ўлдиргани тўғрисида ривоят бор. Замбуруғ еб заҳарланмасликнинг энг яхши йўли уларни магазиндан сотиб олишдир.
Замбуруғлар ва моғор бир оилага мансуб. Ушбу гуруҳга мансуб бошқа ўсимликлар каби уларда яшил модда йўқ. Бундай моддага эга бўлмаган ўсимликлар ўзига озуқа ишлаб чиқара олмайди. Улар хлорофиллга эга бўлган бошқа бир ўсимлик ёнида ўсади ва тўлалигича унга қарам бўлади. Замбуруғлар ўта нозик ўсимликдир. Улар, асосан, сувдан таркиб топган бўлади, шунинг учун қуруқ шамол ва жазирама офтобга бардош бера олмайди.