Ехидна нима?

Ехидна — учратиш мумкин бўлган ғайриоддий ҳайвонлардан биридир. Ехиднанинг тирноқлари узун, тумшуғи найчасимон ва типратикан ёки жайра игнаси ёки найзасини эслатувчи калта, қаттиқ тиканаклар билан қопланган. Аммо энг ғаройиби — бу сут эмизувчи тухум қўяди!

Бундан ташқари, у гарчи сут эмизувчи ҳисоблансада, унда худди қушлардаги каби битта чиқариш тешиги бўлиб, у ҳам тухум қўйишга, ҳам ични бўшатишга хизмат қилади. Шунинг учун ехиднани ва ўрдак-бурунни «қуш-ҳайвонлар» деб аташади.

Ехидна ер кавлайди ҳам ўзининг асосий озиғи бўлган чумолилар ва ҳашаротларни тутиб ейди. Ехидна Австралия ва Янги Гвинеяда яшайди. Унинг тумшуғи чўзиқ ва ингичка, найча шаклида бўлади. Унинг оёқлари калта ва кучли, узун, қайрилган тирноқлари бўлиб, улар ерни ковлашга хизмат қилади. Ехиднанинг тили узун ва ёпишқоқ, ҳашаротларни тутиш учун чўзилиш қобилиятига эга. Янги Гвинеяда яшайдиган ехиднанинг узунлиги 80 сайтиметрга етиши мумкин, унинг Австралиядаги тури эса бир мунча кичикроқ бўлади.

Бола парваришлаш даврида ехидна қорнида орқа томонга очиладиган халтача пайдо бўлади. Тухумни қандай қилиб у ерга тушиб қолишини ҳеч ким аниқ айтиб беролмайди. Ҳар ҳолда ехидна тухум қўяётган вақтда тухум тўғри шу халтачага тушадиган қилиб буралса керак.

У тухумларни бола очгунча кўтариб юради ва болалар халтача торлик қилиб қолгунча унда яшайди. Она овга чиққанда болаларини бирорта уяда ёки пана жойда қолдиради.

Хавф туғилди дегунча ехидна дарҳол турган жойида ерга кўмилади ва душман кўз олдида ўткир игналаргина қолади. Тўлиқ ерга кўмилиши учун ехиднага бир неча дақиқа кифоя.