Сибир ўрмонларини кезганда қуйидаги қизиқарли бир ҳодисага дуч келиниши табиий. Яъни Сибир буғулари бир қарашда ғаройиб иш билан банддай кўринади — улар кичикроқ дарахтлар ва буталар пўстлоғини шохлари билан тилади, сўнгра ўша ерга бошлари ва бўйинлари билан ишқаланади. Гап шундаки, тананинг шу қисмларида жоилашган ёғ ва тер безлари дарахтларда ҳудуд банд этилганлигидан далолат берувчи ўзига хос белгилар қолдириш имконини беради.
Ўзига тегишли жойларни белгилашнинг бошқа усуллари ҳам бор, аммо усулларнинг кимёвийси афзал ҳисобланади. Айтайлик, айни шу буғулар туёқлари билан ерни ўяди, натижада бу ерда бармоқлар орасидаги секрет безларининг ҳиди узоқ муддат сақланиб қолади.
Антилопалар бошқа усулдан фойдаланади — улар ўз «дастхат»ларини буталар ва баланд бўйли ўт-ўланлар учларини тишлаш ва уларга дарҳол кўз олди безларини теккизиш орқали қолдиради. Кемирувчилар қўядиган белгилар жуда қизиқ бўлади. Йирик қумсичқон, одатда, ўзи турган ерни уйиб сигнал уюмларини ҳосил қилади ва уларни қорни билан теккислайди, унда қорин ўрта безлари ажратадиган феромонлар (махсус кимёвий моддалар) жойлашган бўлади. Қуёнлар инга кириш жойини ияк ости, бўрсиқ — дум ости секрети билан белгилайди.
Айрим ҳайвонлар феромонларни ҳатто қурол қилиб олганлар. Масалан, сассиққўзан душманлардан ҳимояланар экан, ўта бадбўй ҳид — ўлат иси деб аталмиш қўланса ҳиднинг кўп миқдордаги жуда аччиқ секретини ишга солади. Ундан ўрдакбурун ҳам қолишмайди, у ҳам кези келганда бадбўй ҳидли қуролидан фойдаланиб, оёқларига жойлашган безларидан заҳарли секрет чиқаради.