Дарахтлар яшил ўсимликлардир. Уларнинг ҳам бошқа яшил ўсимликлар сингари илдизи, пояси, япроқлари ва уруғлари бўлади. Дарахтлар яшил ўсимликлар ичида энг кўҳнасидир. АҚШнинг шимоли-ғарбидаги айрим секвойяларнинг ёши 4000 йилдан ошади. Бу дарахтлар Колумб Американи кашф этган даврларда ҳам худди шу кўринишда бўлган.
Дарахтлар яшил ўсимликлар ичида ҳам энг каттасидир. Маълумки, Калифорниядаги улкан секвойялар Ер юзидаги энг буйчан дарахтлардир. Гумбольдт Миллий боғидаги бир дарахт энг баланд ҳисобланади. У Асосчи Дарахти деб аталади, бўйи эса 110 метрдан ошади.
Айрим йирик мутахассислар кўп йиллар аввал Австралиядаги эвкалипт дарахти ҳам Калифорния секвойялари сингари баланд дарахт бўлганини таъкидлашади, аммо улар айни пайтда секвойялардан ўртача 15 метр калтадир. Яна бир секвойя билан бўйлашадиган дарахт Дуглас оққарағайидир. Улар аксариятининг бўйи 91 метрдан ошади.
Илдизлар тупроқдан сув ва минерал моддалар ютиши билан бирга дарахтларни ҳам тик ҳолда тутиб туради. Катта дарахтни тутиб туриш учун кучли илдиз тизими керак бўлади. Сиз дарахтнинг илдизлари ҳам ер остида шохларичалик жой эгаллашини биласизми?
Олимлар дарахтларнинг ёшини улар танасидаги ҳалқалар сони билан ўлчашни ўрганиб олишди. Кўпгина дарахт турлари кўндаланг кесилганда, уларда ҳалқалар борлигини кўриш мумкин. Ҳар йили пўстлоқ остидаги ёғоч қатлами устида янгиси пайдо бўлаверади. Бу қатлам ҳалқа ҳосил қилади.
Дарахт танасидаги ҳар бир ҳалқа унинг ёшидан далолат беради. Янги қатлам ёки ҳалқа қўшилгани сари тана йўғонлашиб бораверади.
Дарахтларнинг нафақат танасига, қолаверса, шохларига ҳам янгидан-янги ҳалқалар қўшилиб бораверади. Шохлар ҳар йили бўйига ўсади. Фақат шохларнинг учи юқорига қараб ўсгани учун ҳам дарахтнинг танаси ҳеч қачон ердан баланд кўтарилмайди.